ADOLAT 24

ЎҚИТУВЧИНИ ҚАЧОНГАЧА АЙБЛАЙМИЗ? Устозлар ўқувчиларни ўқитсинми, тарбияласинми ёки кўчага чиқиб назорат қилсинми?!

Мактабларда бўлиб ўтадиган сўнгги қўнғироқ куни халқ таълими тизими, маҳалла фаоллари, ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари, жамоатчиликнинг бутун диққат-эътибори ўқувчи йигит-қизларга қаратилган бўлади. Ҳамма сергак, ҳамма ҳушёр! 

Бироқ, орадан маълум бир муддат ўтгандан сўнг, кўз ости кўкарган, пешонаси ғурра бўлган, бурни қонаган болаларга кўзингиз тушади, сабабини сўраб-суриштирсангиз, муж­мал жавобларни эшитасиз. Кўнглингиз хижил тортади. Ишқилиб, шу куннинг охири бахайр бўлсин, дейсиз ичингизда. Лекин ўчакишгандай мобил тармоқлари жонланиб, «Даҳшат!» рукни остида «Фалон мактабнинг фалон синфи ўқувчиси отасининг машинасини сўроқсиз бошқариб, фалон мактаб ўқувчисининг ҳаётига зомин бўлди», «Фалон мактаб ўқитувчиси фалон синф ўқувчисини уриб, қўлини синдириб қўйди», «Фалон мактабнинг фалон ўқувчилари устозларини калтаклашди», «Фалон мактабнинг фалон ўқувчиси устози юзига сув сепиб юборди…» каби бир-биридан хунук хабарлар тарқала бошлайди. Зум ўтмай, ранг-қути ўчган ота ёки она мактаб остонасида дарғазаб ҳолда пайдо бўлиб, директорга ёки ўқитувчига дағдаға қила бошлайди. Юқори поғонада турганлар: «Сенинг кўзинг қаерда эди? Назоратни кучайтирмагансан, бепарво бўлгансан!» деган иддаолар билан мактаб жамоасини, ҳуқуқни қимоя қилувчи идора вакилини, маҳалла ва ҳокимиятнинг жавобгар шахс­ларини айблаб, уларга нисбатан жазо, жарима чораларини қўллашга тушади, баъзилари ҳаттоки ишидан айрилади. Кўнгилхиралик, диққатбозликлар бошланади. Асаблар зўриқади. Тарқатилган хабарларга нисбатан кимлардир салбий ва кимлардир, ҳатто, ижобий фикрларини ҳам билдира бошлайди. 

Хўш, бундай кўнгилсиз воқеаларнинг келиб чиқишининг асл айбдори ким? Нима учун айнан ўсмир йигит-қизларимиз ҳаддиларини билмаяптилар? Нима учун ота-оналар ҳамма ёмонликнинг сабабини бировлардан қидиришади? Ахир ҳар ким ўз фарзанди учун жавобгар эмасми? Расмий маълумотларга қараганда, айнан мактабларда битирув кечаси ўтказилган куни мамлакат бўйи­­ча 47 та ҳолатда вояга етмаганлар томонидан транспорт воситалари бош­қарилганлиги аниқланган. Булар қўлга тушганлари. Тушмаганлари қанча? Суриштурувлардан сўнг болаларга машина бошқаришга рухсат берган шахс «меҳрибон» онаси ёки «ҳотамтой» акаси бўлиб чиқди. Лекин айбдорлар бир четда қолиб, мактаб жамоаси муҳокама қилинди. Бировнинг боласини ўз боласидан азиз кўриб таълим, тарбия беришга жидду жаҳд қилган устоз­­да нима гуноҳ? Устоз болаларни ўқитсинми, тарбияласинми ёки кўчага чиқиб назорат қилсинми? 

Маориф соҳасидаги энг оғриқли нуқталардан бири тарбия бўлиб қолди, – дейди Косонсой туман халқ таълими бўлимига қарашли 42-умумий ўрта таълим мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Содиқжон Умрзоқов. – Айрим ота-оналар фарзандлари тарбиясига, билим олишига, ҳунар эгаллашига мутлақо бефарқ бўлиб қолган. Бирор марта болам мактабда қандай ўқияпти, интизоми қандай, деб келмаган ота ёки она бир кор-ҳол юз берса, мактаб­­га бос­тириб келиб, фарзандининг олдида устозни ҳақорат қилади. Бу ҳолдан устоз ранжимайди, деб ўйлайсизми? Албатта, ранжийди. Шу ўринда устозга дахлдор бир ҳикоя­­га тўхталаман: Улуғбек Мирзо бобосининг тиззасида яйраб ўтирган чоғида саройга бир киши ташриф буюради. Уни кўрган заҳоти бобоси ўрнидан даст туриб, ўша кишининг ҳузурига ошиқади. Улуғбек Мирзо ерга йиқилади. Маълум бўлишича, бобоси қарши олган шахс унинг устози, пири бўлган экан. Устозга буюк шоҳ ва султонлар эҳтиром кўрсатган бўлса-ю, бугуннинг оддий фуқаролари уларни назар-писанд қилмаса, бу қандоқ замон бўлди?!

Аёнки, ҳар бир шахс ўзининг ижобий хис­латини ёки салбий иллатини фарзандининг хулқ-одобида кўради. Бетартиблик, бетгачопарлик, ахлоқсизлик ва уришқоқлик иллати юқумли «касаллик» эмас, ирсий касалликдир. Шундай экан, аввало, бундай «касаллик» аломатлари кўринган болаларнинг ота-оналари устида «даволаш»-профилактика муолажаларини олиб бориш керакка ўхшайди.

Халқимизнинг атоқли ёзувчиси Ўткир Ҳошимов «Дафтар ҳошиясидаги битиклар»ида фарзандларига шундай ўгитларни ёзиб қолдирган экан: «Учрашувларда бир саволни кўп беришади: «Ўзингиз учун энг қимматли асар қайси?» Кўпинча ярим ҳазил, ярим чин қилиб жавоб қиламан: «Менинг энг қимматли иккита «асарим» бор: бири – ўғлим, бири – қизим!» Сенлар менга Худо берган энг бебаҳо бойликсан… Шу боис, диққат билан эшит!

Бир нарсани орзу қиламан.

Бу дунёда мен қилган яхши ишлардан битта кўпроқ яхшилик қилсанг…

Бу дунёда мен қилган хатолардан ақалли битта камроқ хато қилсанг…» 

Ўткир Ҳошимовнинг бу ўгитларидан ҳар бир киши ўзига тегишли хулоса чиқариб олиши керак бўлади. 

Ҳар бир мукаммалликда бир қусур бор деганларидек, ҳар биримизда, гарчи ўзимизни шайтондан йироқ, фариштага яқин ҳисобласак ҳам, бир қусуримиз бор, албатта. Бўлиб ўтаётган кўнгилсизликларнинг сабабчиси ўзимиз, бегона эмас. Ким бўлишимиздан қатъи назар, фарзандларимизни тийиб олишимиз, тартибга чақиришимиз, одамларни, қонунларни ҳурмат қилишга ўргатишимиз даркор. 

Ярим тунда кўчадан қўш-қўш машиналарнинг зўриққан, чийиллаган, катта тезликда ҳаракатланаётган овозлари эшитилади. Асаб­­га тегадиган сирена товушлари безовта қилади. Бу эркатойлар бегона эмас, қўшнимизнинг, қариндошимизнинг фарзанди. Уларга шикаст етса, ҳамманинг юраги ачишади. Тун ярмидан оғганда уйига кириб келган боласига қаерда юрибсан, нима қилиб юрибсан, демайдиган ота-онага қандай баҳо бериш мумкин? Уларнинг зиё­фатини еб, кўриб-кўрмасликка оладиган «дўст»ларга-чи? 

Ҳаётда учраётган салбий ҳодисалардан одамлар кўз юмиб ўтмоқда. Лекин ҳаётимизга кириб келган кузатув жиҳозлари ҳаммасини кўриб туради, ёзиб олади, ошкор этади. Имкони бўлса, ана шу мўъжизадан кенгроқ ва кўпроқ фойдалансак, маъқул бўлади. У одам танламайди, таниш-билишчилик қилмайди, пора олмайди. Борини рўй-рост кўрсатиб беради. 

Бир судья ишини ўзгартириб, ўқитувчилик касбига ўтиб кетибди. Танишлари ундан нега бундай қилганини сўрашганида, у шундай жавоб қилибди: «Мен ишини кўриб чиққан судланувчиларга разм солсам, уларнинг аксарияти ё ўқимаган ёки тўғри қарашга эга бўлмаган одамлар эканлигига гувоҳ бўлдим ва новдалар билан шуғулланиш ўрнига, илдизни тўғрилашимиз керак, деган хулосага келдим. Саводсизлик қанча кам бўлса, жиноят ҳам шунча камаяди. Жамиятнинг ривожи учун сифатли таълимнинг ўрни беқиёсдир…», деган экан. Бу гапнинг остида улкан ҳақиқат ётибди.

Ривоятда айтилишича, бир киши ҳакимлардан бирининг ҳузурига келиб: “Ҳазрат, менинг бир ўғлим ва бир қизим бор. Ҳар иккисини ўқитишга қурбим етмайди, қайси бирини ўқитай?” деб сўрабди. Шунда у зот: “Қизингни ўқит, чунки у келажакда фарзанд тарбия қилади. Агар ўғлингни ўқитсанг, бир кишини ўқитган бўласан, қизинг­­ни ўқитсанг, бутун бир жамиятни ўқитган бўласан”, деб жавоб берган экан.

Ҳа, ҳаёт йўллари пасту баландликлардан иборат. Бир томонда тараққиётнинг юксак чўққиларидан равон бораётган бўлсак, бошқа томонда ўйдим-чуқур йўллар тинкамизни қуритиб, минган уловимизни тезда шалдироқ аравага айлантириб қўймоқда. Бир томонда эҳтиромга сазовор бўлган йигит-қизларимиз жаҳон айвонида қаддини ғоз тутиб турган бўлса, бир томонда қўлидан бир иш келмайдиган йигит-қизларимиз бировнинг қош-қовоғига қараб турибдилар. 

Хулоса ўрнида Халқ шоири Усмон Азимнинг «Умр» шеъридан бир парчасини ҳукмингизга ҳавола қилишни зарур деб билдим:

Қўлингдан етаклаб боради ҳаёт.

Бу меҳр – ота-онанг.

Бу – бешик. 

Қўл-оёғинг бойлоқ бўлса ҳам, 

Терватсалар ухлаб қоласан.

Остонадан нарида кўча.

Бу оппоқ бино – мактаб.

Бу жойда тартиб: 

ҳамма қатори кел, ҳамма қатори кет, 

ҳамма қатори кийин, 

ҳамма ёдлаган шеърни ёдлагин, 

ҳамма ечган масалани еч…

Муҳиддин ОМАД,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси

Tegishli xabarlar

Ҳудудлардан хабарлар

admin

Ҳуқуқий ёрдамнинг амалий натижалари

admin

Ўтган йилги фаолият сарҳисоб қилиниб, бу йилги режалар белгилаб олинди

admin