Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Унда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Молия ва Энергетика вазирликлари, “Ўзтрансгаз” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ҳамда тегишли ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди.
Анжуманда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари Бобур Абдиназаров қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш омиллари ҳақида тўхталар экан, унда ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш меъёрлари ҳар жиҳатдан ўрганилганлиги, таҳлил қилинганлиги ва бу жараёнда халқаро тажрибалар ҳам инобатга олинганлигига эътибор қаратди.
Бобур Абдиназаров таъкидлашича, мамлакатимизда ёқилғи-энергетика ресурсларига талаб йилдан-йилга ошиб бормоқда. Хусусан, охирги беш йилда аҳолига етказиб берилган электр энергияси 11 миллиард киловатт соатдан 16 миллиард киловатт соатгача, табиий газ ҳажми эса 10 миллиард метр кубдан 13 миллиард метр кубга ошмоқда.
– Энергия таъминотидаги узилишлар, кўрсатиладиган хизматлар сифатининг пастлиги, соҳа корхоналарининг молиявий ҳолати барқарор эмаслиги сабабли юзага келаётган энергия ресурсларига бўлган қўшимча талабни таъминлаш учун янги қувватларини барпо этиш, хусусий инвестицияларни кенг жалб этиш учун энергия ресурслари бозорини босқичма-босқич ислоҳ қилишни талаб этмоқда. Шу сабабли, Молия, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш ҳамда Энергетика вазирликлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қарор лойиҳасини ишлаб чиқишда, биринчи навбатда, аҳолининг кам таъминланган қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш асосий мезон қилиб олинди. Халқаро тажриба асосида аҳолининг кам таъминланган ва паст даромадли қатлами манфаатларидан келиб чиқиб, ижтимоий ҳимоя самарадорлигини ошириш учун “ижтимоий норма” тизими бутун республика бўйича амалга киритилиши белгиланмоқда, – деди Б.Абдиназаров.
Тадбирда қайд этилганидек, республикада электр энергияси истеъмол қилувчи жами 7,3 миллион абонент мавжуд. Уларнинг 80 фоизи ойига ўртача 200 киловатт соатгача электр энергиясини истеъмол қилади. Бироқ мазкур хонадонларнинг ҳиссасига аҳоли истеъмол қиладиган жами электр энергиясининг бор-йўғи 31 фоизи тўғри келади. Табиий газ истеъмол қилувчи жами 4 миллион абонент мавжуд. Ушбу хонадонларнинг 85 фоизи, яъни 3,4 миллионта абонент ойига ўртача 500 метр кубгача табиий газ истеъмол қилади. Уларнинг ҳиссасига аҳоли жами истеъмолининг бор-йўғи 35 фоизини ташкил этади.
Тошкент, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги абонентларнинг электр энергияси ва табиий газ истеъмоли таҳлилига кўра, ушбу ҳудудларда йилнинг иситиш талаб этилмайдиган даврида эски қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 86 фоиз, янги қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 65 фоиз ҳамда ҳовлиларда яшовчи 57 фоиз абонентлар ойига ўртача 250 киловатт соатгача электр энергияси истеъмол қилган. Иситиш мавсумида эса эски қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 78 фоиз, янги қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 77 фоиз ҳамда ҳовлиларда яшовчи 44 фоиз абонентлар ойига ўртача 250 киловатт соатгача электр энергияси истеъмол қилган. Табиий газ истеъмоли таҳлили бўйича ҳам юқоридаги ҳудудлар абонентлари йилнинг иситиш талаб этилмайдиган даврида ойига ўртача 200 метр кубгача, иситиш мавсумида ойига ўртача 700 метр кубгача табиий газ истеъмол қилгани маълум бўлди.
– Шу тариқа, ижтимоий норма миқдори электр энергияси истеъмоли бўйича 250 киловатт соатгача, табиий газ бўйича мавсумийлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб, апрель-сентябрь ойлари учун 200 метр кубгача ва октябрь-март ойлари учун 700 метр кубгача миқдорида ўрнатилмоқда. Мазкур қарор лойиҳаси билан 2022 йил 1 июлдан бошлаб, электр энергияси бўйича аҳоли учун 1 киловатт соат электр энергияси истеъмоли ойига 250 киловатт соатгача 325 сўм, 250 киловатт соатдан юқори ҳар 1 киловатт соат учун 650 сўм белгиланди. Шунингдек, 1 киловатт соат электр энергияси Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун 800 сўм ҳамда қолган юридик шахслар учун 600 сўмни ташкил этади. Табиий газ бўйича аҳоли учун 1 метр куб табиий газ истеъмоли ойига иситиш мавсумида 700 метр кубгача 410 сўм, 700 метр кубдан юқори ҳар 1 метр куб учун 1 200 сўм, иситиш мавсумидан ташқари даврда 200 метр кубгача 410 сўм, 200 метр кубдан юқори ҳар 1 метр куб учун 1200 сўм нарх белгиланган. Ўз навбатида, 1 метр куб табиий газ Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун 1300 сўм, автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари учун 1200 сўм, иссиқлик электр станциялари учун 1000 сўм ҳамда қолган юридик шахслар учун 1150 сўмни ташкил этади. Суюлтирилган газ эса аҳоли учун 1600 сўм миқдорида белгиланмоқда, деб кўрсатилган қарор лойиҳасида, – деди Б.Абдиназаров.