ADOLAT 24

КОМИЛ АВЛИЁЛАР ПИРИ

Дунёда шундай буюк шахс­лар борки, уларнинг инсониятга қолдирган мероси ҳақида ҳар қанча гапирсангиз камлик қилади. Ана шундайлардан бири Саййид Аҳмад ибн мавлоно Жалолиддин Косонийдир. Аъзамлик мақомига эришган бу юртдошимиз 1461-62 йилда ҳозирги Наманган вилоятининг Косонсой туманида таваллуд топган. Ва бу улуғ зот шажара бўйича жанобимиз Расули Акрам Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи вассалламга қадар етиб боради. Айни замонда Косонсойда истиқомат қилиб келаётган кишилар орасида шажара бўйича Маҳдуми Аъзамга бориб тақаладиган бир нечта оилалар ҳаёт кечирмоқда.

Тарих зарварақларида баён этилган манбаларда қайд этилишича, хожагоний тариқатининг давомчиси бўлган маърифат пешвоси Махдуми Аъзам Косонийнинг олтмишта комил шогирдлари бўлган. Улар орасида давлат ҳукмдорлари, олимлар, шоирлар ҳам кўпчиликни ташкил этган. Шунинг учун Махдуми Аъзам жанобларига олтмиш нафар авлиёни етиштирган муршид, деб таърифу тавсиф берилган. 

Ислом оламида Аъзамлик даражасига етишган уч нафар шахс эътироф этилади. Улардан биринчиси Имоми Аъзам, иккинчиси Ғавсул Аъзам ва учинчиси Махдуми Аъзам ҳазратларидир. Имоми Аъзамга буюк имом, Ғавсул Аъзамга буюк ҳимоячи ва ниҳоят Маҳдуми Аъзамга буюк маҳдум мақоми берилган. Маҳдум сўзи арабча бўлиб, пири устозларга (хизматга чорловчи, ёлловчи жаноб) деган маънода берилган унвон бўлган. 

Тарихий манбаларда келтирилишича, буюк Хожа Аҳрори Валий олдиндан башорат қилиб Махдуми Аъзам ҳазратларига нисбатан: «Бул туфроқдан бир марднинг бўйи келмоқдаким, унинг номи Хожа Аҳмад бўлиб, соҳиби каромат турур ва нору бори бисёр азиму буз­руг бўлғуси» деб таъриф берган эканлар. Шунингдек, Хожа Аҳмад ўткир зеҳни туфайли ёшлигидаёқ Қуръонни мукаммал ёдлаган, илоҳиёт илмини (устоз­лари Мир Сайд Аҳмаддан) чуқур ўзлаштирган эди. Бундай улкан қобилият эгасига таҳсин айтган устозлари: «Тез бўлким, сенинг борлиғ баракотингдин олам мунаввар бўлғуси», деб ҳаёт сари олға ундаганлар. Мавлоно Муҳаммад Қозийдан замонавий илмлар қаторида, жумладан фиқҳ илмида ҳам Маҳдуми Аъзам тенгсиз олим бўлиб етишади. Илми ботин ва зоҳирда ҳам олий даража олади. 

Кармат соҳиби мақомига эришган Маҳдуми Аъзам Косонийнинг эътироф этишича, унга ҳар сирру асрор аён бўлиб қулоғига қандайдир товушлар, нидолар эшитилар экан. Турли манбаларда қайд этилишича, Махдуми Аъзам ҳазратлари ноёб қобилиятлари орқали табиатга таъсир этиб, ёмғир ёғдириш, уни тўхтатиш, жўшқин дарёнинг шаштини қайтариш, жониворларни ўзига ром этиш каби хислатларга ҳам эга бўлганлар.

Устози Муҳаммад Қози вафотидан сўнг (1516 йил), Нақшбандия тариқатининг барча мовароуннаҳрлик шайхлари Маҳдуми Аъзамни тариқат пешвоси сифатида эътироф этишди. Шу тариқа Махдуми Аъзамнинг шуҳрати бутун Мовароуннаҳр ва унинг атрофидаги мамлакатларга ёйилди.

Жонибек Султон фармонига биноан Маҳдуми Аъзамга Самарқанд шаҳри шимолидаги Миёнқол мавзесидан мулк ажратиб берилади. Ҳазрат бу ерни обод қилиб, ўн туп тол ва мевали дарахтлар экиб, боғ барпо этадилар. Шундан бу жойнинг номи Даҳбед (ўнта тол) деб аталади. Кейинчалик бу ерга буюк зотнинг қариндош ва ихлосмандлари кўчиб келиб, Даҳбед қишлоғига асос солишади. 

Профессор Б. Тўраевнинг ёзишича, бутун Мовароуннаҳр ва Хуросонда, ҳатто Ҳиндис­тонда ҳам Махдуми Аъзамни “пиримиз” деб эъзозловчилар кўплаб топилади. Буюк шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам Маҳдуми Аъзамни ўзига пир деб билган ва ҳар икки шахс орасида устоз-шогирдлик муносабатлари ўрнатилган. 

Заҳириддин Муҳаммад Бо­бурнинг ўз пирларига бўлган муносабати ҳақида “Бобурнома” асарида атрофлича тўхталиб ўтган. Ривоятларга мурожаат қиладиган бўлсак, Ҳиндистонда Бобур Мирзога қарши икки юз минг кишилик лашкар бостириб келган пайтда тоат-ибо­дат қилиб, Аллоҳдан нажот сўралганда бундан огоҳ бўлган Махдуми Аъзам ғайриоддий қобилияти билан душманни заиф қилиб қўйган. Фурсатдан фойдаланган Бобур босқинчиларни қириб ташлаб, ғалабага эришган. Шундан сўнг шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур пири Махдуми Аъзамга кўп инъом-эҳсонлар билан биргаликда унга атаб ёзилган рубоийларини ҳам юборган:

Нафс ҳавосини дебон ҳар қайдаким юргандамиз,

Дилда доим изтироб дил олдида шармандамиз.

Бир назар бул хастадил мухлисларингга ташлаким,

Хожагини қўйган эрдик, Хожагига бандамиз.

Яна бир ривоятда айтилишича, Бухоронинг Фароҳидан Самарқандга йўл олган пайтларида қаршиларидан бир гуруҳ мироблар чиқишади. Улардан ҳол сўрасалар, мироб эканликларини айтиб, хон топшириғига биноан сув суриш­лари кераклиги, лекин қурғоқчилик сабабидан бунга илож топа олмаганлик­ларини айтишади. Ҳазрат табассум билан ҳақиқий мироб ўзлари эканлик­ларини билдириб: «Иншооллоҳ сизларга сув юборгаймиз», деб йўлга равона бўладилар. Самарқандга етиб келгунларига қадар тунда ёмғир ёғиб, кунда қуёш чарақлаб туради. Ва ариқларда сув тўлиб оқади, экинлар яшнаб, ҳосил мўл бўлади.

Мавлоно Махдуми Аъзам ноёб қобилиятлари билан дардманларга шифо ҳам ато этганлар. Подшоҳ Абдулазизхон оғир дардга гирифтор бўлиб, ҳеч кимни танимай қолади. Чоралар фойда бермагач, ҳазратга мурожаат қилинади. Ҳазрат хон олдига келиб, бошини кўтариб, кўзларига боқиб туриб: «Мени танидингми?» дей­дилар. Ўз ҳолига келган хон: «Сиз менинг пирим ва Маҳдумимсиз!» дей­ди. Ҳазрат унга: «Шуни асло ёдингдан чиқарма. Агар мени унутсанг, яна ўша дардга гирифтор бўласан!» дейдилар.

Яна бир ривоятда қайд этилишича, ҳазрат кўча бўйлаб кетиб турсалар, йўлларидан онасига тихирлик қилиб турган болани кўрадилар. «Боланг нима истайди?» дейдилар онасига. Онаси: «Дарахт шохида қўниб турган қушни», дейди. Ҳазрат: «Қўйнини очсин», дейдилар. Бола қўйнини очса, қушча пир этиб, учиб келиб болакайнинг қўйнига киради. 

Ана шундай буюклик даражасига эришган каромат соҳиби Махдуми Аъзам ўзларига хонлар, беклар ва бош­қалар томонидан қилинган нарзу ниёзларни ободончилик ишларига, масжид ва хонақоҳ, карвонсаройлар, ҳаммомлар қурилиши ва уларни таъмирлаш ишларига сарф этганлар. Тарихий ҳикоятларда ёзилишича, ХVI асрда қурилган деярли барча масжиду хонақоҳлар Махдуми Аъзамнинг маблағлари ҳисобига қад ростлаган. Бундан ташқари, улкан илм соҳиби ўзидан адабиётга, тарихга, илоҳиёт илмига тааллуқли қирқдан зиёд рисолалар битиб қолдирган. Ҳазрат келажак авлодларга қарата хитоб қилиб: «Ўзингиздан яхши хотира қолдиринг! Яхши хотира, бу – фарзанддир!» деганлар. 

Балоғат ёшидаёқ илмнинг чўққиси сари интилган Махдуми Аъзам Косоний-Даҳбедий ҳаёти ҳаммамиз учун ибратдир. Маҳдуми Аъзам ҳазратлари таваллуд топган маҳалла айни пайт­­да буюк зотнинг номлари билан аталади. Маҳалланинг сой ёқасидаги хушманзара ҳудудида эса Махдуми Аъзам мажмуаси қад ростлаган бўлиб, Даҳбеддан олиб келинган тупроқлари солинган рамзий қабрлари барпо этилган. Музейда ҳазрат ҳаёти ва ижодий меъроси акс эттирилган алоҳида кўргазма мавжуд. Ҳар йили мамлакатимиз ва хориждан келган юзлаб сайёҳлар Косонсойга ташриф буюрганларида зоти муҳтарамнинг оталари Саид Жалолиддин Косоний ва боболари Саид Бурҳониддин қабрларини ҳам зиёрат қилиб, уларнинг руҳи-покларига дуолар қилишади. 

Ҳа, ҳар қанча фахрлансак арзийдиган, табаррук умрининг энг қимматли дамларини илмга бағишлаган улуғ аллома, каромат соҳиби, пиру комил бўлган бобокалонимиз Махдуми Аъзам Косоний ҳазратлари 1542 йили, муҳаррам ойининг 21-санасида Даҳбедда вафот этганлар. Аллома вафотидан сўнг оёқлари остига у кишига мурид тушиб, ўзларига пир деб билган бир неча ҳукмдорлар дафн этилган. 

  Муҳаммадхон АКРАМОВ,

туман тарих музейи директори,

  Муҳиддин ОМАД,

фахрий журналист

Tegishli xabarlar

Ҳидоят УСМОНОВА: “Президентимиз мени танир экан”

admin

Халқ ишончини қозониш осон эмас

admin

“Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимовнинг партия X Қурултойидаги маърузаси

admin