ADOLAT 24

СУБСИДИЯ БОР, аммо УЙ ЙЎҚ… Субсидия олиш учун ойлик маош 4 млн. сўмдан ошмаслиги керак, ойлик кредит тўлови эса 5 млн. сўмдан кам эмас…

Куни кеча яқин танишим Асрорбек субсидия масаласида маслаҳат сўради. Маълум бўлишича, унга 490 миллион сўм субсидия ажратилган экан. 

— Аввалига жуда хурсанд бўлгандим, — дейди Асрорбек Муллабоев. — Узоқ йиллик муаммо — уй масаласи ҳал бўлишидан кўнг­лим хотиржам тортганди. Аммо чучварани хом санаган эканман. Орадан бир ой ўтса ҳамки, шу суммага мос уй топа олмаяпман. Борлари эса жуда қиммат нархда. Айни пайтда таклиф этилаётган уйларнинг нархи билан солиштириб кўрганимда тижорат банкидан ипотека кредитига сотилаётган уйлар нисбатан арзонга тушаркан.  

Мавзу бўйича маълумотлар билан танишиш асносида чиндан ҳам субсидияга Тошкент шаҳридан уй топиш имконсиз юмушга айланиб улгурганига гувоҳ бўлдик. Масалан, Қурилиш вазирлиги маълумотига кўра, 2021 йилнинг ўзида уч минг нафардан зиёд субсидия олган тошкентлик фуқаролар уй тополмай сарсон бўлишган. Хўш, бу масаланинг ечими борми?

Юқоридаги саволга жавоб беришдан аввал яна бир бор субсидия ҳақида қисқа тўхталиб ўтишни лозим топдик. 

Субсидия ипотека кредити бўйи­­ча фоизларни қоплаш учун берилади. Бунда қишлоқ жойларда – биринчи 5 йил давомида ипотека кредити бўйича фоиз тўловлари билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун – 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига; шаҳарларда (шу жумладан, Тошкент шаҳрида ҳам) – дастлабки бадалнинг бир қисмини тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун уй-жой ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида; Тошкент шаҳрида биринчи беш йил давомида кредит бўйича фоизларни қоплаш учун – 12 фоизлик пунктдан ошган қисмига; Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарларида 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади.

Ҳар бир ҳудудда қуриладиган уй-жойлар сонидан келиб чиқиб, йил давомида ажратиладиган субсидия­лар миқдори ҳақида Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ҳамда тегишли ҳокимликлар томонидан оммавий ахборот воситаларида маълумот берилади. Демак, шунга асосан хулоса қилсак, субсидия ҳудуддаги ажратилган уйлар сонидан келиб чиқиб тақсимланади. Табиий савол туғилади. У ҳолда нега уч минг нафардан ортиқ фуқаро субсидияга уй топа олмаган? Ёки уларга субсидия ажратилганда шу йўналишда уй зарурати ҳисобга олинмаганми? Афсуски, бу каби ҳолат бугун ҳам давом этмоқда. 

Қурилиш вазири ўринбосари Нас­рулло Бобоевнинг маълум қилишича, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 11 мартдаги «Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига асосан, Тошкент шаҳрида 7 мингта уй-жой қурилиши ва буни аҳолига субсидия асосида ажратилиши белгиланган. Мазкур уй-жойлар қурилиши учун ажратилган ерлар аукционга жойлаштирилган. Аммо бу ерлар ўз тадбиркорларини топмаган. Демак, фуқаролар ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолда қўлларидаги имкониятдан фойдалана олишмаган. 

Биламизки, субсидиянинг амал қилиш муддати бор. Хўш, у ҳолда 2021 йилда масъул ижрочилар айби билан имтиёздан фойдалана олмаган мижозларнинг субсидия амал қилиш муддати чўзиб берилганми? Йўқ, аксарият фуқаролар “куйиб” қолишган. Аламлиси, қоида бўйича энди улар қайта бу имкониятдан фойдалана олишмайди. Чунки субсидия бир оилага фақат бир марта берилади. 

Вазир ўринбосарининг айтишича, жорий йилда Янгиҳаёт туманидан тадбиркорларга соддалаштирилган тартибда ерлар ажратилади. Сотиладиган ерлар аукцион савдоларига жойлаштирилган, аукцион савдолари якунланган. У ерда 24 та 16 қаватли уй-жойлар қурилади. Жараён раҳбарият томонидан алоҳида назоратга олинган. 2022 йилда ипотека дастури асосида умумий 50 мингта хонадон барпо этилса, шундан 22 мингдан ортиқ хонадон субсидия бўйича берилиши режалаштирилган.

Ҳозир 2022 йилнинг 1 ярми якунланмоқда. Лекин ўша уйлар қани? Нега ҳамон фуқаролар субсидия­­га уй топа олмаяпти? Белгиланганидек, нима учун оммавий ахборот воситаларида бу ҳақда маълумотлар очиқ ва шаффоф ёритилмаяпти? Уй-жойга муҳтож фуқаролар ҳамон сарсон бўлаётганини мутахасислар қандай изоҳлайди? 

Тўғри, ҳолат бўйича ўрганиш олиб борганимизда, бирламчи бозордан субсидияга сотилиши кўрсатилган уйлар ҳам борлигини кузатдик. Аммо уларнинг нархи билан қизиққанимизда, бу шунчаки борми-бор қабилида қилинган амалиётга ўхшаб туюлди. Масалан, шу кунларда атиги тўрт ёки бешта пудратчи қурилиш ташкилоти ўз уйларидан субсидияга ҳам сотишни таклиф қилмоқда.

Улардан бири “Golden House” бўлиб, компания томонидан қурилаётган “Ассалом, ҳаво” кўп қаватли тураржой комплексидан субсидияга 54 квадрат метрли квартира сотувга қўйилган. Ўзини Миразиз дея таништирган мутахассиснинг айтишича, бу уйларнинг субсидияга белгиланган нархи 560 миллион сўмдан ортиб кетар экан. 

Демак, 490 миллион сўм субсидия олган фуқаро яна 70 миллион сўмни ўз ҳисобидан қўшиши лозим бўляпти. Қолаверса, кредит фоизи ойига 5 миллион сўмни ташкил этмоқда. Буни 1,5 миллионини 5 йил давомида давлат қоплаб берса, 6-йилдан фуқаронинг ўзи ҳар ойга 5 миллион сўмдан тўлашига тўғри келади. Инсоф билан айтинг-чи, субсидияга уй олган одам ойига 5 миллион сўм тўлай оладими? Субсидияга уй ажратилганда ва фоизлар белгиланганда фуқароларнинг тўлов қобилияти нега ҳисобга олинмаган? 

Энг қизиғи, тураржой комплексидаги 3 хонали, худди шу квадрат метр ҳажмдаги уйларни 486 764 316 сўмдан сотиб олиш мумкин экан. Яна ипотека кредитига ҳам харид қилса бўларкану субсидияга йўқ. Бу субсидия олганларга нисбатан адолатсизлик эмасми? Кишини ўйлантирадиган томони, нима учун пудратчи қурувчи ташкилотлар субсидияга уй сотишдан қочишади? Бу қадар ишончсизлик сабаби нимада? 

Кейинги манзилимиз “Сағбон” кўп қаватли тураржой мажмуаси бўлиб, бу ерда 3 хонали уйларга нарх белгилашда масъуллар субсидия олган фуқаролар устидан очиқчасига кулишган. Яъни сотиладиган уйларнинг энг кичик ҳажмдагиси 92 квад­рат метр этиб белгиланган ҳолда ҳар квадрат метри 9 миллион 469 минг сўмдан нархланган. Ҳисоб-китоб­­га кўра, уйнинг умумий баҳоси 871 148 000 сўмни ташкил этмоқда. Аслида эҳтиёжманд, уй-жойга муҳтож киши максимал сумма(490 миллион)да субсидия олган тақдирда ҳам яна 400 миллион сўмга яқин мабағ қўшишига сиз ишонасизми? Бунинг ўрнига шу миқдорда маблағи бўлган мижоз иккиламчи бозордан ҳам ўзига ёққан уйни сотиб олса бўлаверади-ку?!

“Зарқайнар” тураржой мажмуасидаги 60 квадратли уйларнинг баҳоси ҳам субсидияга 718 530 000 сўм бўлса, нақд пулга бундан арзонга сотиб олиш мумкин экан. 

Субсидия олиш учун белгиланган ойлик маош суммаси билан танишиш жараёнида яна бир қизиқ парадоксга дуч келдик. Яъни Тошкент шаҳрида 10 баллик тизимда энг юқори балл олиш учун номзоднинг ойлик маоши максимал 4 075 998 сўм этиб белгиланган. Агар айни кунда бу шаклдаги сотувга қўйилган уйлар нархи ва фоиз суммасини ҳисобга олсак, субсидия олган фуқаронинг квартира харид қилиши ушалмас орзулигича қолаверади. 

Хайрулло АБДУРАҲМОНОВ

(“Маҳалла” газетасининг 21 май сонидан олинди)

Tegishli xabarlar

Ҳамжиҳатлик — эзгу мақсадлар ифодаси

admin

Жамоатчилик назорати: Оромгоҳлар учун китоб керак эмасми?

admin

Ижтимоий давлат — инсон ҳуқуқ ва манфаатлари кўзгуси

admin