ADOLAT 24

Кўп асрлик адабий ришталарни боғлаб турган халқ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси делегацияси Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассам­б­леясининг учинчи конференциясида қатнашиш учун Озарбайжон Респуб­ликасига расмий ташрифини амалга оширди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Рес­публикасининг парламент аъзолари дастлаб Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев қабулида бўлди. Ушбу учрашувда Озарбайжон давлат раҳбари мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларни, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада мус­таҳкамлаш зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси раиси Соҳиба хоним Гафарова Ўзбекистон парламенти делегациясини самимий эҳтиром билан кутиб олиб, ўз сўзида сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий, демократик янгиланиш­лар ва парламентаризмни ривожлантириш соҳаларидаги ислоҳотларни, шунингдек, халқаро миқёсдаги ташаббусларни юқори баҳоларкан, икки қардош давлат парламентлараро муносабатларни фаоллаштириш, муайян соҳаларда тажриба алмашиш муҳимлигини қайд этиб ўтди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон ҳамда Озарбайжон халқлари маданияти ва санъатининг тарихан шаклланиши ва тараққий этишида муштарак жиҳатлар кўп. Жумладан, Озарбайжонда академик ва миллий мусиқа соҳасини ўқитиш иккита олий таълим муассасаси – Боку мусиқа академияси ҳамда Озарбайжон давлат консерваториясида олиб борилади. Таълим соҳасининг санъат йўналишида юзага келган ушбу беқиёс тажриба Ўзбекистонда ҳам ўз ифодасини топган бўлиб, бу йўналиш­лардаги таълим Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳамда Ю.Ражабий номидаги миллий мусиқа институтида олиб борилмоқда.

Озарбайжон ва ўзбек халқларини кўп асрлик адабий ришталар боғлаб туради. Буюк Низомий Ганжавийнинг асарлари ўрта асрлардан бошлаб ўзбек тилига таржима қилинган. Жумладан, XIV асрнинг биринчи ярмида Қутбиддин Хоразмий озар адибининг “Хис­рав ва Ширин” асарини ўзбек тилига ўгирган. Низомийнинг беш достонидан илҳомланган буюк Алишер Навоий ўзининг ўлмас “Хамса”сини яратди. Ҳайдар Хоразмий XV асрда Низомийнинг “Махзай ул асрор” асарини, XIX асрда эса Огаҳий унинг “Ҳафт пайкар” асарини ўзбек тилига ўгирган.

Озарбайжон халқининг яна бир забардаст аллома-шоири Фузулий озарбайжон адабиёти билан бир қаторда Шарқ адабиётининг буюк намоёндалари, хусусан, туркий забон шоирлар Лутфий, Атоий, Навоий ижодини зўр қизиқиш билан ўрганган. Эътиборлиси шундаки, Фузулийнинг адабий мероси, хусусан, унинг “Лайли ва Мажнун” дос­тони XVII асрдан бошлаб Туркистон мадрасаларида махсус дарс­лик сифатида таълим тизими режаларига киритилган. Фузулий ўзбек халқининг севимли шоирларидан бири бўлиб, юртимизда анъанага айланган “Навоийхонлик”, “Бедилхонлик” билан бир қаторда “Фузулийхонлик” адабий ғазалхонлик-мушоираларида шоир асарлари ёддан ўқилган.

Бухоро шашмақомининг энг сара асарлари Фузулий ҳамда Насимий ғазалларига басталанган. Шунга кўра, Шарқнинг буюк шеърий бўстони ижодкорларининг адабий мероси ўзбек халқининг маданий-маънавий тафаккур оламидан муқим жой эгаллаган. 

Озарбайжон элининг ардоқли фарзанди Мақсуд Шайхзоданинг номи ҳам миллий маданиятимиз силсиласининг фахр-ифтихор рамзидир. Унинг “Мирзо Улуғбек” достони, “Жалолиддин Мангуберди” драмаси ва бошқа кўплаб асарлари ўзбек адабиёти олтин фондининг дурдоналаридан саналади. 

Мамлакатларимизнинг маданий алоқалари беназир тарихий ижодкор намоёндаларнинг ҳамкорлиги билан чамбарчас боғлиқ. Хусусан, мусиқа илми назариясининг асосчиларидан бири бўлган Абдулқодир Мароғий (1340-1435) ўзининг ижодий ҳамда илмий (мусиқашунослик) фаолиятини Амир Темур, Шоҳруҳ Мирзо, Халил Султон Мирзо саройида олиб борган. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Ўзбекистон мусиқа жамоатчилиги Озарбайжон композиторлик санъати намоёндалари У.Гаджибеков, К.Караев, Ф.Амиров сингари забардаст ижодкорлар нафақат миллий, балки умумшарқ мусиқасининг тараққий этишида муҳим ўрин тутганлигини холисона эътироф этиб келмоқда.

Ўтган асрнинг 70-йилларида Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги Опера ва балет академик катта теат­рида “Севги афсонаси” балети саҳналаштирилди. Ушбу асар буюк ўзбек давлат арбоби ва адиби Шароф Рашидов ҳамда Озарбайжон композиторлик мактабинининг ёрқин намоёндаси Ориф Меликов томонидан яратилган бўлиб, кўзга кўринган хориж саҳналарида намойиш этилган, бугунги кунгача ҳам Алишер Навоий номидаги катта театрда муваффақият билан қўйилмоқда.

Икки халқ ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар бугунги кунда фаол равишда давом этмоқда. Сўнгги йилларда бўлиб ўтаётган халқаро анжуманларда ўзбек ҳамда озарбайжон санъати вакилларининг қатнашуви кенг қамровли равишда намоён бўлмоқда. Хусусан, Ўзбекистондаги “Шарқ тароналари”, Халқаро мақом анжумани, Озарбайжондаги “Харибулбул” халқаро фестивали ва бошқа кўплаб йирик нуфузли мусиқий кўрик­лар халқларимиз ўртасидаги бой таж­рибани айирбошлашни амалга оширишга хизмат қилади.

Бу йил Жаъфар Жабборли номидаги Озарбайжон давлат драма теат­рининг 140-мавсуми таниқли ўзбек адиби Қўчқор Норқобилнинг “Беш бева ва бир бошлиқ” мусиқали комедияси билан очилди. Мазкур пьеса ҳар икки давлатнинг мустақиллик йиллари тарихида Озарбайжон саҳнасига олиб чиқилган илк ўзбек асари бўлди.

Озарбайжон халқининг ўзбек элига кўрсатган ҳурмат-эҳтиромининг ёрқин ифодаси сифатида икки халқ қадрлайдиган ижод аҳли ҳақидаги фикр-мулоҳазалари, атоқли адиблар билан суҳбатлари жой эгаллаган Бобохон Шарифнинг “Адолат йўлини ёритган адабиёт” китобини, Озарбайжон тилида ёзилган тадқиқотини келтириш жоиз. 

2022 йил 16 май куни буюк Алишер Навоийнинг 580 йиллиги муносабати билан Озарбайжоннинг Боку шаҳрида Навоий асарларининг озарбайжон тилига ўгирилган китоблари тақдимоти бўлиб ўтди. Боку давлат университети “Туркология” кафедраси мудири, Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси фахрий аъзоси, филология фанлари доктори, профессор Рамиз Асқар томонидан озар тилига ўгирилган асарлар Халқаро Турк маданияти ва мероси жамғармаси томонидан юқори савияда чоп этилди.

Ёш авлодни халқларимизнинг энг гўзал адабий-бадиий дурдоналари мисолида тарбиялаш мақсадида Термиз давлат университетида Озарбайжон шоираси Хуршидбону Нотавон маркази очилди. Ушбу марказ Озарбайжон Рес­публикаси Миллий Мажлиси Маданият масалалари қўмитасининг бевосита қўллаб-қувватлаши орқали амалга оширилган бўлиб, икки давлат адабий алоқаларининг янада ривожланиб бораётганидан далолат беради.

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеясининг учинчи конференцияси доирасида Қорабоғнинг Шуша шаҳрига амалга оширилган саёҳат бир умрлик хотира бўлиб қолди. Қорабоғнинг тарихи, маданияти, гўзал ва бетакрор табиати ҳар бир инсоннинг қалбини тўлқинлантириб юборди. Ушбу ўлканинг қадимдан сақланиб, ўзининг кучли таъсирини ўтказиб келаётган заковати ниҳоятда муқаддас салоҳиятга эга эканлигига яна бир бор гувоҳ бўлдик. Зеро, шоира Нотавон, Мулла Паноҳ Воқиф, хонанда Булбул Мамедов ва Озарбайжон элининг бош­­қа кўплаб атоқли санъат намоёндалари айнан Қорабоғда туғилиб ўсган бўлиб, ушбу ўлканинг таълим-тарбиясини олиб, ўз санъатида юксак чўққиларга эришдилар ва жаҳон маданияти тарихида ўз номларини қолдирдилар.

Бизни мамнун этган ҳол шу бўлдики, бугунги кунда Қорабоғ ўлкасида тинчлик ҳукм сурмоқда. Қурувчи-муҳандислар, йўлсозлар ва қурувчи усталар ушбу гўзал ўлкани янада тартибга келтириш мақсадида тинимсиз ишламоқдалар. Халқаро туркий маданият ташкилоти — ТУРКСОЙ томонидан 2023 йилда Шуша “Туркий дунё маданияти пойтахти” деб эълон қилингани ушбу ўзига хос ўлканинг янада обод бўлишига амалий омил бўлиши шубҳасиз, албатта. Бунинг натижасида, бу ўлкага адиблар, олимлар, санъаткорлар, сайёҳлар оқими тобора ошмоқда. Шуша аввалгидек тарихий-маданий мавқеини янада ростламоқда.

Икки мамлакат маданияти ва санъати соҳасидаги маданий-маънавий мерос ва бугунги ижодкорларнинг асарлари энг ардоқли хазина бўлиб, биз унинг чашмасидан кўп асрлар давомида баҳамжиҳатликда манфаат кўриб келмоқдамиз. Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришда халқ мусиқаси назарияси, муғом ва мақомларнинг ижро талқини, адабий алоқаларнинг барча йўналишлари бўйича олиб борилаётган амаллар, фан ва таълим соҳаларидаги ўзаро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси делегациясининг Озарбайжон Республикасига амалга оширган дўстона ташрифи икки қардош давлатлар ўртасида кенг қамровли сиёсий-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Tegishli xabarlar

Фуқаролар манфаатини ҳимояловчи қонун қабул қилинади

admin

АЛИМЕНТ ТЎЛАМАЙ ЮРГАН… ОНА

admin

Таъмирлаш ишлари қонуний бажарилганми?

admin