ADOLAT 24

Журналистнинг рафиқаси бўлиш ҳам жасорат

Ўзбек журналистикасида ўзига хос мактаб яратган, ўтган аср 80-90-йиллар матбуотининг етакчи газетаси – “Ёш ленинчи” (“Туркистон”, ҳозирги “Ёшлар овози”)нинг жасоратли муҳаррири, Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган журналист Жаббор Раззоқовнинг севимли рафиқаси, 8 фарзанднинг онаси, 23 невара, 2 нафар чеваранинг бувиси, Юнусобод туманидаги “Ўзбекистон мустақиллиги” маҳалласининг ибратли хонадони соҳибаси, эл ҳурматидаги оила бекаси Уллибиби Жуманазарова билан суҳбатимиз икки нафар соҳир қалб эгаларининг умр йўллари, ҳаёт фалсафаси ва тажрибаси, ички кечинмалари ҳақида бўлди.

– Уллибиби опа, ҳаёт жуда гўзал, яшаш завқли, аммо умр қисқа. Шу бетакрор умрни афсус-надоматсиз, файзли яшаш эса инсоннинг ўзига боғлиқ. Тўғрими?

– Албатта, мамлакатимизнинг энг қадимий қалъаларидан бири – Ҳазорасп қалъа­­си, яъни афсонавий “Минг отлиқлар” диёрида, ота-онам бағрида эркаланиб юрганим кечагидай кўз олдимда гавдаланади. Умр кўз очиб-юмгунча ўтиб кетгандай гўё. Аммо унда қанча кечмиш ва хотиралар бор. Бир зумда ёшимиз 70 дан ошиб кетибди…

Отам Жуманазар Эгамназаров Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси бўлиб, кўнчилик, мўйначилик билан шуғулланар, ишнинг кўзини биладиган тадбиркор эдилар. Кавказга мўйна етказиб берар, ҳам давлатимиз, ҳам оиламиз иқтисоди учун меҳнат қилардилар… Онам Ойхон момо мехрибон, камгап, мунисгина оддий ўзбек аёли эдилар. Отам шундай тадбиркор эдилар-ки, қоракўл мўйналари билан узоқ элга бориб савдо қилар, келганида уйимиз гўёки тўй бўлиб кетар эди. Маҳалламиздаги каттаю кичик ҳаммага совғалар, кийим-кечаклар олиб келар, ош дамлаб, 40-50 килограммлик балиқ пишириб, ёшу қари маҳалладошларимизни меҳмон қилар эдилар. Ажаб замонлар эди, машина олсанг, қўша-қўша гилам соладиган бўлсанг ишинг терговга ошарди. Шундай бўлгач отам фақат маҳалла аҳлини едириб-ичириб, кийин­тириб, дуосини олардилар.

17 ёшимда отамнинг “Қизилравот”, ҳозирги “Ўғизравот” қишлоғидаги яқин дўстининг ўғли билан турмуш қурдик. Турмуш ўртоғим тўнғич ўғил бўлганлари учунми ёки урф шундаймиди – икки-уч кун тўй қилишган. Курашчилар Грузия, Озарбайжонлардан келишган, қўчқор уриштириш, полвонлар беллашуви бўлган. Тўйимиздан икки-уч кун олдин 30-40 қўни-қўшниникига қўноқлар учун ҳўкизлар сўйилиб, гўштлари ва бошқа масаллиқлар тарқатилиб, меҳмонларга ҳурмат тариқасида, жой тайёрланиб қўйилган. Бутун туманнинг ҳар томонидан отли-пиёда меҳмонлар тўй томоша қилишга келишган. Ўша пайтдаги урфга кўра, 4-5 гектарлик катта дала майдонида тўйимиз бўлган. Ашулачилар кенг даврани айланиб, жонли овозда қўшиқ айтишган. У пайтларда электр токи бўлмаганлиги учун тун бўйи тўй майдонига керосинлампалар ва шамлар ёқилган.

Раҳматли қайинотам колхозда омбор мудири бўлиб ишлар, қайнонам Тўхтажон момо уй бекаси бўлиб, ўшанда 12 фарзанди бор эди. Мен эса шуларнинг энг каттаси Жаббор ака билан турмуш қурган эдим. У пайтлар турмуш ўртогим Тошкент давлат университетининг журналистика факультетининг кечки бўлимида 2-курсида ўқир, “Ёш ленинчи” газетасида ишлар эдилар. 

– 11 нафар кайинукаю қайинсингилли хонадонга келин бўлиш, у оилага кўникиб кетиш осон бўлмагандир?

– Мен хушомад ёки ёлғон гапиришни ёмон кўраман, ҳар қандай ҳолатда ҳам ёлғон гапиролмайман. Шунинг учун тўғрисини айтаман: бошим айланиб қолган – у томонимга қарасам ҳам бола, бу томонимга қарасам ҳам бола, яна вижир-вижир қизлар. Қизиғи, оилада мен ва акам бўлиб, кичик синглим мактабни тугатаётганимда туғилганди. Энди кичик оиладан 14 киши яшайдиган катта хонадонга тушган ёш келиннинг аҳволини кўз олдингизга келтиринг: миям ғовлаб, бошқа мамлакатга тушиб қолгандай ҳис этганман ўзимни.

– Сизнинг уларни кўриб бошингиз айланиб қолган бўлса, шунча фарзандни дунёга келтириб, боққан ота-онага ҳайкал қўйса арзийди.

– Ҳали шошманг. Мен келин бўлиб тушгач, қайнонам яна 3 нафар фарзанд туққанларига нима дейсиз! Қайнонам ҳам, қайнотам ҳам оилада ёлғиз фарзанд бўлишган, аммо Яратган уларга 15 нафар фарзанд ато этди: 12 қиз, 3 ўғил. 

– Хоразмда кексалар ёлғиз фарзандни дуо қилиб: “Ўзи бир бўлса ҳам шохоси минг бўлсин”, дейишади. Ушбу тилакнинг ижобати шу бўлса керак-да!

– Ҳа, шундай бўлса керак. Шунча боланинг ҳаммасини оқ ювиб, оқ тараб, камолга етказишнинг ўзи бўладими? Деярли ҳар куни тандир-тандир нон ёпиб, 3 маҳал қозон-қозон овқат пиширардик. Бунинг устига қайнотам меҳмондўст эмасмилар – уйимиздан одам аримасди. Қандай бағрикенг одамлар билан яшаган эканман, дейман. Тўйдан кейин турмуш ўртоғим қайнонамнинг тарбиясини олишим учун яна бир йил муддатга мени – янги келинни Хоразмга ташлаб, ўзлари ишини ва ўқишини давом эттириш учун Тошкентга кетганлар. Ёшлар қанчалик бир-биримизга талпинсак ҳам қайнонамнинг амрлари вожиб эди. Қандай чиройли урф-одатларимиз бор экан-а… Шу бир йил ичида мустақил оила тебратишга тайёр бўлиб, Тошкентга келганман. Шунгаям 55 йил бўлибди, вақтнинг ўтишини қаранг…

– Тошкентга келганингизда иқтисодий муаммолар қийнаб, устоз билан хафалашган паллаларингиз бўлмаганми?

– Бу масалада бизда ҳеч қандай муаммо бўлмаган. Чунки ўша пайтда у киши кечки бўлимда ўқиш билан бирга “Ёш ленинчи” газетасида ҳам мухбир, ҳам фотомухбир бўлиб ишлар эдилар. Газета ҳафтада 5 кун чоп этилар эди. Битта расм учун 5 сўм, бир мақола учун 10 сўм гонорар олар эдилар. Турмуш ўртоғим журналист учун қалам ҳаққи сутнинг қаймоғидек қадрли ва ширин, чунки унга уйқусиз тунлар, билим ва манглай тери эвазига эришилади, бу осонмас, деб кўп такрорлардилар. У киши шундай шижоат ва меҳр билан ишлардилар-ки, фақатгина журналистика учун яратилгандай эдилар. Ойлик маошлари ҳам 100 сўм атрофида бўлар, ҳолбуки, 15-20 сўм маб­лағ билан бир оила бир ой тўкис яшаса бўларди. Бирозгина вақт ижарада яшаганмиз, кейин ёш оила сифатида бизни уй билан таъминлашган. Бу орада мен ҳам Тошкент давлат университети филология факельтетининг сиртқи бўлимига ўқишга кирдим…

– Журналистнинг аёли бўлиш машаққатми ёки бахт?

– Турмуш ўртоғим: “Журналистнинг аёли бўлиш чинакамига жасорат!” деб кўп гапирадилар. Балки ҳақдирлар. У кишининг ҳаётидан биламанки, журналист бир кундаги мавжуд 24 соат давомида, ҳатто уйқусида ҳам ўйлаб, ижод ташвишида бўлади. Баъзи пайтлари шундай бўлардики, икки-уч кунлаб редакцияда ётиб қолиб ишлардилар. Чунки у вақтларда Москва вақти билан ишлашган. Москвадаги тадбирнинг матни 3-4 соатдан кейин Тошкентга етиб келар, жамоа билан уни кутиб ўтиришар эди. Бунинг устига ҳарфлар бирма-бир терилар, ҳозиргидек компьютер қаёқда, дейсиз. Мақолани тайёрлаб, уни ёзиш бир меҳнат бўлса, уни темир ҳарфларда териш бир машаққат бўлган. Журналистнинг аёли ҳам салкам журналист бўлиб қоларкан. Уйга келганларида ҳам фик­ру хаёллари ёзилажак мақолада, нашр қилинажак газетанинг янги сонида бўларди. Журналистика бош­­қа касблардаги каби ишини ишхонасига ташлаб келадиган касб эмас. Бу касб эгаларининг қаерда юрса ҳам, турса ҳам, ҳатто уйқусида ҳам ҳаловати бўлмайди – фик­ру хаёли ижод билан банд бўлади. Шундай бўлгач, оила масъ­улиятини бутунлай зиммангга олишга мажбур бўласан. Шу билан бирга, дилинг­­ни тушунадиган, қалбингга озор етказмайдиган, халқ хизматидаги, эл назаридаги инсоннинг рафиқаси бўлиш бахт, албатта. 

– Ўзбек журналистикасида Жаббор Раззоқовнинг номи нафақат фахр, балки меҳр билан тилга олинади. Бунга эришишнинг ўзи бўлмагандир, бу фидоийлик талаб этади. Шундай эмасми?

– Албатта, бусиз илож йўқ. У киши мени икки болам билан ўз уйларига қолдириб, Москвага, ўша пайтдаги Олий комсомол мактабининг Ёшлар матбуоти бўлимига 2 йиллик ўқишга кетганлар. У пайтда бу ҳукуматнинг жуда катта ишончи ҳисобланарди. У даргоҳни дунё журналистикаси қозони дейиш мумкин эди. Рус журналистикаси таж­рибаси, дунё журналистикаси ҳақида бой билимга эга бўлиб қайтишган. Кейинчалик шу асосда “Ёш ленинчи” газетасининг янги моделини яратишган. Ўша пайтда респуб­ликадаги энг истеъдодли ёшларни жамлаб, ёшлар матбуотини дунё миқёсидаги энг илғорлар қаторига, яъни “Комсомольская правда” газетасидан кейинги ўринга олиб чиқишган. Шу тажриба соҳа ривожига ҳисса қўшишларида дастуриламал бўлган. Ҳозирги кунда ҳам халқимиз ўша тажрибанинг, фидоийликнинг маънавий меваларидан тотишмоқда. Бугунги куннинг энг илғор, нуфузли марказий нашрлари бош муҳаррирлари Аҳмаджон Мелибоев, Қулмон Очилов, Ислом Ҳамро, Норқобил Жалил, Аҳрор Аҳмедов, Сирожиддин Рауфлар ўша пайтда газетада меҳнат қилиб, тобланишган, тажриба орттиришган. Бу жамоадагиларнинг ҳар бири менга ҳам жигар, ака-ука, опа-сингил каби яқин бўлиб қолишган. Мен улар билан ишламасам ҳам, шу жамоа қувончу ташвиши ичида яшардим.

– Худди қадрдонлардек деярли бутун жамоани бир-бир эсга олаяпсиз. Қойил қолмай илож йўқ.

– Қандай унутиш мумкин, ахир улар ҳамиша хонадонимизга келиб-кетиб туришади. Ўтган ҳафта ҳам бир гуруҳ шогирдлари устоз зиёратига келишди. У киши шогирдларига худди ўша йиллардагидек қозонда ош дамлаб бердилар. Устознинг қувончини кўрсангиз… Сўз билан таърифлаб бўлмайди.

– Сиз аёл сифатида турмуш ўртоғингиздан оилага вақт ажратишни, фарзандлар даврасида кўпроқ бўлишни, болаларнинг тарбияси, муаммолари билан шуғулланишни талаб қилмаганмисиз?

– Талаб қилганимда у киши курьер, яъни хат ташувчиликдан бош муҳаррирлик даражасигача кўтарилмасдилар, эҳтимол. Бугунги республикамиз журналистикасида муносиб ўрин эгаллаган, обрўли, юзлаб шогирдларнинг, энг кўзга кўринган матбуот нашрлари раҳбарларининг устози бўла олмаган бўлардилар. Балки ўртамиёна журналист бўлиб яшаб ўтаверар эдилар. Болаларнинг на боғча, на мактабдаги муаммолари, на касали-соғлиги, на тартиб-интизоми… биронтасини у кишининг зиммасига юклашга ҳаракат қилмаганман. Ҳаттоки, баъзи фарзандларим туғилганида ҳам хизмат сафарида бўлганлар. Ёлғиз ўзим туғруқхонага бориб, боламни бағримга босиб келган паллаларим ҳам бўлган. Кетма-кет 8 фарзанд – 6 ўғил ва 2 қизлик бўлдик. Ҳаммасининг синф мажлисими, бошқа масалами – ўзим шуғулланганман.

– Уллибиби опа, Жаббор ака ҳар доим катта жамоада ишлаганлар, уйда кам бўлганлар. Уларнинг эрта кетиб, кеч келишларидан шубҳага бориб, рашк қилгандирсиз?

– Эрини севган аёл зоти борки, рашк қилмайман, деса ишонманг. Яна ёстиқдоши катта бир газетанинг раҳбари бўлса, ҳар куни қанчадан-қанча шоиралар, санъаткорлар билан учрашса. Лекин, менимча, рашкнинг ҳам меъёри бўлиши керак. Бизда ўша меъёр бор эди. Бунинг устига бир этак боладан ортиб, турмуш ўртоғимнинг хиёнати ҳақида хаёл суришга вақтим ҳам бўлмас эди. У киши ҳозир ҳам аёллар учун яхши суҳбатдош… Аммо унинг учун хиёнат деган тушунча бегоналигига ишонаман.

– Бугунги кунда, ҳамма фарзандларингиз оилали, ўзларидан тинган, уларнинг одоб-ахлоқи, тарбияси, сизларга бўлган ҳурмат-у муҳаббатини кўрган-билганлар борки, ҳаваси келади. Бунинг сири нимада? 

– Ота-она боласига сўз билан тарбия бериши қийин, унинг ўзи тарбия ва ибратдир. Ҳанузгача улар биз учун ёш бола гўё. Фарзандларимизнинг отаси ёнимиздаги бошқа болаларимиз қатори олисда – оиласи билан Дубайда истиқомат қилаётган ўғлимиз Жавлон, хизмат тақозоси билан Туркияда яшаб, ишлаётган ўғлимиз Ойбек ва уларнинг оиласи – келинлар, неваралар билан эрта тонгда бир марта, кечки пайт бир марта, албатта, онлайн кўришиб, гаплашишни канда қилмайдилар. Мен она бўлсам ҳам хотиржамман, чунки масъулиятли, ғамхўр, меҳрибон оталари бор… Ишонасизми, хорижда яшаётган икки нафар ўғилларимнинг хонадонидан ўзбек нони, Хоразм патири, ўзимизнинг таъми беқиёс гўштимиз ва “Лазер” гуручимиз, сариқ сабзимиз аримайди. Уларнинг хонадонлари аслида таъминланган оила бўлишига қарамай, отаси самолёт орқали она юртимизнинг озиқ-овқат маҳсулотларини узлуксиз етказиб турадилар. Ҳатто Хоразмнинг узоққа етиб бориши қийин бўлган машҳур “гурвак” қовунини ҳам юборишига нима дейсиз? Юрт тафтини, ота-она меҳрини, соғинчини ҳис қилиб туришсин, шунда невараларнинг ҳам Ватанга меҳри баланд бўлади, дейдилар. 

– Таҳсил олган соҳангизда фаолият юритганмисиз?

– Ўқиб юрган пайтларимда “Қизилравот”даги мактабда бироз вақт ишлаганман. Аммо кейинчалик 8 фарзандимнинг ҳар бирининг ораси бир ёш бўлгач, ишлаш тугул ҳатто 3-курсни тугатгач, ўқишим ҳам қолиб кетган.  

– Кейинчалик олий таълимни давом эттирмаганингиз учун афсусланмаганмисиз?  

– Ҳар ҳолда ҳозир афсусланмайман. Фарзандларим тарбиясини орзуларимдан устун қўйганман. Турмуш ўртоғимнинг иш фаолиятини кўриб, билиб, хабардор бўлиб турардим. Республиканинг барча ҳудудларида “Туркистон” кунлари” ўтказиларди. Муштарийлар билан учрашиб, юзма-юз мулоқотлар катта байрамларга айланиб кетарди. Бундан ташқари, одамларни қийнаётган камчиликларни бартараф қилишарди. Газетанинг “Бевосита мулоқот” номли лойи­ҳаси бор эди. Унга одамлардан халталар тўлиб хатлар келганини айтишарди, ҳар ҳафтада бир марта республиканинг етакчи вазирлари, бош прокурори таҳририятга келиб, 2 соат давомида мурожаатчиларнинг хат орқали ва телефон орқали мурожаатларига жавоб берар экан. Газета орқали минглаб одамларга ёрдам беришарди. У пайтларда газета редакторлари ниҳоятда обрўли инсон ҳисобланган. Шу сабабли вазирлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилишарди. Ҳатто ўша вақтдаги соғлиқни сақлаш вазири редакция­­га келиб, икки соат ичида вилоятлардан 200 нафар беморни касалхоналарга жойлаштиришганини ҳалигача эслашади. Турмуш ўртоғим ҳам ходимларининг ҳар бирининг оиласи, иқтисоди билан мунтазам қизиқиб борардилар. Бирон ёрдам кераклигини билсалар, албатта, ёрдамини аямас эдилар. Шундай ижодий фаолиятга халақит бериш мумкинмиди? Аксинча, мен буларни кўриб хурсанд бўлардим, фахр ҳиссини туярдим. Дарҳақиқат, бугун фарзандларимнинг ҳаммаси олий маълумотли. Отабек ношир, Ойбек дипломат, Олимжон шифокор, Улуғбек тадбиркор, Жавлон ва Нурислом менежер, Феруза дефектолог, Наргиза 4 фарзанд тарбияси билан машғул. Уларнинг ҳаётда ўз йўлларини топиб, меҳнат қилиб, ҳурмат қозонаётганларидан қувонаман.

– Бугун фарзандлар, неваралар, келин-куёвлар кўпайишиб, 40 нафардан ошиб қолишибди. Тошкентдек шаҳри азимда, тўғрироғи, зиёлилар орасида бундай болажон оила кам. Улардан ортиб, бегоналарга меҳр кўрсатишга имкон топасиз. Устозни, сизни таниганимиздан бери гувоҳи бўламизки, хонадонингизда меҳмон аримайди. Ҳеч ким келмаса, қўни-қўшнини чақириб оласиз. Ҳаттоки, музқаймоқ, қатиқ сотиб келадиган инсонларни ҳам чақириб, меҳмон қилиб жўнатасиз. Бунчалик меҳмондўстлик сизга кимдан ўтган?

– Нафақат мен, турмуш ўртоғим ҳам менмонни яхши кўрадилар. Ҳар иккаламизнинг ҳам оталаримиз шундай меҳмондўст, қўли очиқ инсон эдилар. Бизнинг ўхшаш томонимиз ҳам шу. Ёз бўлса совутгичда сув, чой совутиб, жазирама иссиқда Бўстонлиқ туманидан келиб, сут, қатиқ сотадиганларга бераман, бирга овқатланамиз. Музқаймоқ сотиб келишади, кўпроқ харид қилиб, ортиқчасини қўни-қўшниларга, болаларга тарқатаман. Шуларга бир-икки сўм бўлсин, тезроқ оиласи бағрига боришсин, дейман. Баъзида бировлар бу қилиғимдан кулишади, тенгингизмас, дейишади. Ҳамма инсон бир. Ҳаммани Аллоҳ яратган, инсоннинг ўзига қолса, нималар қилмайди. Менга кўпроқ хокисор, оддий, меҳнаткаш одамлар ёқади, улар билан суҳбатлашиб тўймайман. Улар хурсанд бўлса мен ҳам қувонаман.

– Уйингизда ҳамиша музхонада тугилган чучвара, бошқа ярим тайёр таомлар бўлади. Нега?

– Ҳаёт одамни тарбиялайди, эҳтиёткорликка ўргатади. Бир гал турмуш ўртоғим кутилмаганда, огоҳлантирмасдан обрўли, таниқли кишилар – бир гала дўстларини бош­лаб келиб қолса, денг! Болаларим кичкина, тўрт томонга чопаман, уйда меҳмон кутадиган харажат йўқ. Ўшандай пайтда эпли бўлсанг меҳмонга йўғингни билдирмайсан, бўлмаса қийин. Ишқилиб меҳмонларга сир бой бермасдан, кўнгилларини олиб жўнатганмиз. Шу воқеа менга бир умр сабоқ бўлди, бу кишининг характерини билиб, ҳамиша меҳмоннинг ғамини еб қўядиган бўлганман. Бунинг устига болаларим кўп бўлгач, улар учун ҳам таом тайёр бўлиши керак. 

– Хоразмда Раззоқовлар сулоласини кўпчилик танийди. 15 фарзанднинг тўнғичи бўлгач, албатта, ука-сингилларининг масъулияти кўпроқ ака зиммасига тушади. Устоз бу вазифани қандай адо қилаяптилар?

– Оилада фарзандлар кам бўлса уларнинг тарбиясини ҳамиша назоратда сақлаш керак бўларкан. Чунки кўчада кўрганини қилиши эҳтимолдан холи бўлмайди. Аммо, фарзандлар кўпчилик бўлса, улар бир-бирини тарбиялар ва бир-биридан ўрнак олишар экан. Бу борада мен ўз тажрибамга ва қайинука, қайинсингилларимга қараб шундай хулосага келганман. Турмуш ўртоғим барча ука ва сингилларининг Тошкентдаги олийгоҳларда таҳсил олишига сабабчи бўлди. Кўпчилиги асосан ўқитувчи, журналист… Уйимизда туриб ўқигач, қизлар менинг тарбиямни, ўғиллар акасининг тарбиясини олишди. Ҳаммаси ҳаётда ўрнини топиб кетишди. Бугун қишлоқдаги Раззоқовлар сулоласи 200 нафардан ошиқ. Турмуш ўртоғим ҳаммасига меҳрибон, кунда, кун­ора бир-бирлари билан қўнғироқлашиб, ҳол-аҳволини билиб туришади. Акаларини соғиниб, йўқлаб туришади, масофа узоқ бўлса ҳам нималарнидир илиниб бериб юборишади, соғиниб кўришга келишади. Отадан кўрганини фарзандларим ҳам давом эттиришаяпти, қариндошлик ришталарини мустаҳкам боғлашган. 

– Кўп йиллар мамлакатимизнинг нуфузли оммавий матбуот нашрлари – “Туркистон”, “Тонг юлдузи”, “Ўзбекис­тон матбуоти”, “Кўзгу” каби газета ва журналларга Бош муҳаррирлик, “Ўзбекистон”, “Меҳнат”, “Ижод дунёси” каби нашриётларга раҳбарлик қилиб, истиқлол равнақи учун ўз ҳиссасини қўшган устоз бугун меҳнат фахрийси. Кексалик гаштини сураётган устознинг кун тартиби қандай, дея савол берсам ноқулай бўлмасмикан?

– Аксинча, жуда ўринли савол. Авваламбор у киши нафақат журналист сифатида, балки қайноқ меҳнат жабҳасида хизмат қилган бўлсалар ҳам назм ва насрдан ҳам узоқлашмаганлар. “Жасорат мандати”, “Марварид томчилар”, “Умр бир қўшиқ”, “Ватан қадри”, “Чин юрак сўзлари”, “Бир инсон ибрати” каби китоблари нашр қилинган. Ҳозир ҳам тинч ўтирмайдилар. 75 ёшга кираётган бўлсалар ҳам ижоддан, фаол ҳаётдан бир зум ҳам узоқлашмаганлар: ўғлимиз Отабекнинг “Истиқлол” хусусий нашриётида жамоатчилик асосида Бош муҳаррир, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги фахрий журналистлар кенгаши раиси сифатида фаолият юритади. Ҳар йили қанчадан-қанча китоблар нашр қилинишига бош-қош бўладилар, ёш журналистларга сабоқ бўладиган тадбирлар уюштирадилар. Бир сўз билан айтганда, у киши ҳамон қайноқ меҳнат қучоғидалар. “Ҳали шеърим тугагани йўқ” сарлавҳали шеърларида:

Йўқ, шеъримга нуқта қўймайман, 

Ҳали шеърим тугагани йўқ.

Қалбим уммон, дарёдай жўшқин,

Она ерим меҳрига тўлиқ.

Йўқ, шеъримга нуқта қўймайман… – дея ёзганларидек, ҳамон у кишининг юраги муҳаббатга, вужуди шижоатга тўла.

– 55 йил, яъни ярим асрдан кўпроқ устоз Жаббор Раззоқов билан бирга яшагансиз, илоҳим яна узоқ йиллар бирга-бирга умргузаронлик қилиш насиб қилсин. Шогирдлари у кишини тиниб-тинчимас, адолатпарвар, шу билан бирга жуда камтар инсон сифатида қадрлашади. Ҳамма ҳам бундай эътирофга эга бўлиши мушкул. Демоқчиман-ки, ҳамиша табассум билан юрадиган, шогирдларининг иззат-ҳурматини қадр­лайдиган, жим бўлиб кетганни ўзи йўқлайдиган бу инсоннинг оиладаги асл қиёфаси қандай? У кишини бир неча сўз билан қандай таърифлайсиз?

– Касбининг фидоийси, меҳнат фаолияти давомида газетани маданий мафкура сифатида қадрлаб, кимлардир бир-бировга тош отадиган воситага айланишига йўл қўймаслик учун курашган, умр бўйи ҳар куни эрталаб нонушта қилмаслиги мумкин, аммо кундалик газета журнални ўқийдиган, юртини жонидан ортиқ севадиган, оилапарвар, меҳрибон ва қўлидан келганича муҳтож инсонларга ёрдам қўлини чўзиб, мушкулини осон қилиб кетаверадиган ва қилган яхшилигини унутиб юборадиган инсон. Умрим давомида шогирдлари, қўни-қўшниларимиз, маҳалла-кўй, қўйинг-ки, у кишини таниган бор-ки, миннатдор бўлиб яхшиликларини санашганининг гувоҳи бўламан. Тамадан йироқ, тоза юракли, сочидан оёғининг учигача яхшилик, эзгуликка йўғрилган одам. 

Бу хонадонни яхши билганим учун ҳам уни гўёки ердаги жаннатга, оиладаги каттаю кичикни эса беғубор фаришталарга менгзагим келади. Улар билан суҳбатлашган одам муҳаббат ҳиссини туяди, эзгулик, яхшиликдан баҳра олиб, ҳаёт бетакрор ва гўзаллигини чуқурроқ англайди. Ташна қалб меҳрга қониб, завққа тўлиб яшаш иштиёқи ортади. 

Хонадонидан одам аримайдиган, барчани ўз жигаридек бағрини очиб кутиб оладиган, ширин таомию ширин сўзини ҳеч кимдан дариғ тутмайдиган ушбу фариштали хонадондан, оқибатли инсонлардан узоқлашар эканман, ўз уйимни, яқинларимни соғингандай – ҳамиша суянса бўладиган бу улуғ инсонларни яна соғина бошлайман. Ҳаётда шундай одамлар бўладики, у ёнингда турса ҳам соғинаверасан. Бу гўзал жуфтлик шундайлардан. Улар гўёки ердаги қуёшга ўхшайдилар. Иссиқ тафтлари билан барчага бирдек меҳр улашаверадилар. 

“Adolat” мухбири Саодат МАТЁҚУБ қизи суҳбатлашди.

Tegishli xabarlar

ДЕПУТАТ – ЭЛ КЎМАКДОШИ

admin

Ота, сизга из бўлгим келди…

admin

Тошкент шаҳрида реновациянинг мустаҳкам қонунчилик асослари бўлмагунча унинг асосида янги қурилишларни амалга оширмаслик тарафдоримиз

admin