ADOLAT 24

АДОЛАТ – БИЛИМДА

Халқимизда “Билаги кучли бирни енгса, билими кучли мингни енгади”, деган кўҳна нақл бор. Ўз пайтида буюк Амир Темур “Куч – адолатда” шиорига қатъий амал қилганлиги ҳам бежиз эмас. Демак, куч ҳам адолатда, ҳам билимда.

Зеро, адолат инсонларнинг ҳаёти билан ҳам бевосита, ҳам билвосита боғланганлиги боис унга бўлган эҳтиёжни ҳар қадамда, ҳар лаҳзада учратамиз. 

Маълумки, адолат амалдаги қонунлар ижросида ўз ифодасини топади. Шу жараённинг ўзи ҳам мазкур тушунчанинг айнан билимга боғлиқ­лигини намоён этади. Яъни, ҳаётга татбиқ этилган ҳуқуқий меъёрлар ижроси мазкур вазифага бевосита жавобгар бўлган масъуллар, мутахассислар, ходимларнинг заковати, тафаккури, маънавияти ва қолаверса, ахлоқига боғлиқ.

Ҳаммамиз кўриб, шоҳид бўлиб турибмиз, кейинги беш-олти йил мобайнида мамлакатимизда иқдисодий, ижтимоий ва сиёсий соҳаларда катта суръат билан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Айни пайтда мазкур ислоҳотлар айрим соҳаларда биз кутган даражадаги юксак натижаларни бермаётгани ҳам бор гап. Бунга эса фуқароларимизнинг сиёсий онги етарли даражада шаклланмаганлиги, бўлаётган ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси ҳаммада ҳам уйғонмаётгани сабаб бўлмоқда. Шу сабабли ҳам, бизнингча, юртдошларимизда фаоллик эҳтиёжини тарбиялаш учун ташвиқот-тарғибот ишларини “хўжакўрсин” учун эмас, доимий ва узлуксиз олиб бориш зарур. Айниқса, келажагимиз бўлган ёшлар орасида бундай тадбирларни кўпроқ ва хўпроқ ўтказиш мақсадга мувофиқ. Бу борада донишманд аждодларимизнинг, улуғ мутафаккирларнинг бебаҳо ўгитлари, панд-насиҳатлари, йўл-йўриқларидан, улар қолдирган бебаҳо мерос – китоблардан фойдаланиш ҳам ўз самарасини беради, албатта. Жумладан, бундан қарийб ўн аср бурун яшаб ўтган улуғ ватандошимиз Юсуф Хос Ҳожибнинг қатор асарларида бугунги кунимиз учун ҳам долзарб бўлган ҳикматларга дуч келамиз. 

Юсуф Хос Ҳожиб ўлмас “Қутадғу билиг” асарида шундай дейди: “Адолатли сиёсат юритувчи раҳбарнинг ўзи аввало билимдон ва тўғри сўзли бўлиши, ёлғон сўзламаслиги керак. Ёлғон сўзлаган раҳбарга халқ ишонмайди ва унга нисбатан беҳурмат бўлади, керак бўлса юртни ташлаб кетади, охир-оқибат бу эл баракоти учади”.

Мутафаккир Юсуф Хос Ҳожиб адолатли давлат бошини худди қуёшга ўхшаш хислатларга эга бўлиши керак, деб ҳисоблайди ва шу сабабдан ўзининг шоҳ асарида давлат боши, яъни шоҳни “Кунтуғди” деб атаркан, унинг адолат тимсоли сифатидаги таърифини келтиради: “Кунтуғди исмли шоҳ… доно ва адолатли эканлиги билан донг таратган эди. Унинг ҳиммати ва муруввати чек-чегара билмас эди. Шоҳ мамлакатни обод этиш, раиятининг эса шод-хуррам яшаши истаги билан ёнарди. Унинг шуҳрати бутун оламга ёйилган эди. Ишларини олийжаноблик ва саховат билан юргизганидан мамлакатда фаровонлик ва осойишталик ҳукм сурар эди. Шоҳ мамлакатдаги барча донишманд­ларни ўз атрофига тўплаб, маслаҳатлашиб иш юритар, уларни эзгулик ишларига жалб этар эди.

Жам этди оламнинг сараларини,

Билимдон, одамнинг сараларини…”

Муаллиф шоҳнинг салтанатни бошқариш хусусидаги мулоҳазаларини келтириб ўтади: “Қуёш ҳеч кимни яхши-ёмонга ажратмайди, ҳаммага бир хилда нур сочаверади, аммо ўзи камаймайди. Мен ҳам унга ўхшайман, ҳаммага бирдайман, яъни менинг олдимда ҳамма бирдай мавқега эга. Мен учун қариндош-уруғ ёки таниш-билиш деган гап бўлмайди. Ҳаммага бирдай одил сиёсат нуқтаи назаридан ёндашаман. Тўғри бўлса мақтовини, айбдор бўлса жазосини олади. Ўғлимми, яқинларимми ёки чақмоқ каби ўткинчи меҳмон бўлсин, адолат борасида улар мен учун бир хилдир. Мен учун мезон ва асос – адолат. Мана шу бошлиқларнинг иш услуби бўлиши керак, яъни ҳаммага бирдай муносабатда бўлиш, одиллик билан ҳукм чиқариш ва уни тўғри ижро этиш. Бош­лиқ элига адолат кўрсатса, барча тилак ва орзуларга етади”. 

Юсуф Хос Ҳожиб бундан минг йил олдин айт­ган ҳикматлар бугунги кунда ҳам ўз қимматини йўқотмаганлиги аниқ. 

Муаллиф шоҳ асарида элга бош бўлиш жуда оғир ва масъулиятли иш эканлигигини алоҳида таъкидлаб ўтаркан, раҳбар, албатта, эзгулик зийнатлари билан безалган бўлиши шарт, дей­ди. Юсуф Хос Ҳожибнинг фикрича, адолатга таянган тузум бузилмайди. Раҳбарларнинг асосий вазифаси халқни одилона бошқариш, қонун устуворлигини таъминлашдан иборат. Қайси раҳбар ҳушёр бўлиб, адолатли сиёсат юрғазса, элини яшнатади. Ўз элига адолатли бўлган раҳбарлар тинч яшайди. Элнинг бузилиши асосан зўравонлик ва ғофиллик таъсиридандир.

Элга бош бўлайин десанг то абад,

Одил бўл, элингни асрагин фақат.

Агар “Қутадғу билиг”да келтирилган кўпдан-кўп панд-насиҳатлар, ҳикматларни бир мулоҳаза қилиб кўрсак, ҳаммасида бугунги кунимизнинг айрим ташвишлари, муаммолари ва уларни ҳал қилиш йўл-йўриқлари кўрсатилганлигидан ҳайратга тушамиз. Табиийки, бундай бебаҳо асар бизга замондош катта-кичик раҳбарларга бирдай тегишли бўлиб, улар фаолиятида асқотиши турган гап. 

Назаримда, Юсуф Хос Ҳожибнинг асрлар қаъридан ўтиб келаётган бебаҳо асари “Қутадғу билиг” ҳар бир раҳбар ходимнинг иш столида туриши зарур бўлган қўлланмадир. Токи раҳбарлар вақти-вақти билан китобни варақлаб, ўзларини қийнаб келаётган кундалик саволларга жавоб топсинлар. Ана шунда бундай етакчиларнинг фаолиятда хатолик ва янглишишлар учрамайди, халқ олдида юзлари ёруғ бўлади.

Ушбу мақолани ёзишимга бир сабаб туртки бўлди. Нафақат бутун турк дунёсида, балки бош­­қа элларда ҳам “Қутадғу билиг” муаллифига улкан эҳтиром ва иззат-икромлар кўрсатилиб, унинг таваллуд йили кенг нишонлаб келинмоқда. Бироқ биз бу борада мақтанолмаймиз. 2019 йили улуғ Юсуф Хос Ҳожиб таваллудига 1000 йил тўлди. Камина бу борада тегишли идораларга мазкур санани нишонлаш юзасидан ўз таклифларим билан мактублар йўлладим. Лекин аввалига режа яхши тузилмаган дейишди, сўнг ҳаётимизда пандемия деган бало пайдо бўлгач, бу масалани яна қўзғаш ортиқчадек туюлди. 

Ҳаммамиз жуда яхши биламиз, муҳтарам Президентимиз буюк аждодларимизнинг асарларини ўрганиш ва уларни ёшларга етказиш муҳим аҳамиятга эгалигини бот-бот такрорлаб, таъкидлаб турадилар. Шундай экан, фик­римча, эзгуликнинг кечи бўлмас деганларидек, буюк мутафаккир Юсуф Хос Ҳожибнинг ўн асрлик таваллуди байрами кенг жамоатчилик, айниқса, ёшлар иштирокида тантанали ўтказилса жуда гўзал иш бўлар эди. Яна бир таклифим шуки, агар имкони бўлса, бу айёмни халқаро илмий-ама­лий конференция тарзида ташкил қилиб, хориждаги Юсуф Хос Ҳожиб тадқиқотчилари ҳам таклиф этилса, маърузалар сараланиб, тўплам сифатида нашр қилинса ва мактаблар, олий ўқув юртлари, кутубхоналарга тарқатилса.

2022 йил Ўзбекистонда «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили». Мана шундай мўътабар йилда буюк ватандошимиз Юсуф Хос Ҳожиб бобомизни чин дилдан қадрлаб, таваллуд санасини нишонлаш кўп мақбул иш бўларди. Зеро, “Қутадғу билиг” моҳиятан тўлалигича Инсон қадри, улуғворлиги, Инсон қад­рини улуғ деб билган жамиятнинг эзгу тутумлари ҳақидаги фавқулодда бебаҳо асардир. 

Абдулжан БАРАЕВ,

техника фанлари доктори, профессор

Tegishli xabarlar

Буни умр дерлар, шодлик, қайғули…

admin

Шароф БОШБЕКОВ “Темир хотин”нинг тарихи…

admin

Мутасаддиларнинг кўзи қаерда? Ноқонуний қурилиш ишлари ёхуд ёпиқ эшиклар ҳақида сўз

admin