ADOLAT 24

Таҳрирсиз хат: СУБСИДИЯ ҚЎША-ҚЎША МАШИНАСИ БОРЛАР УЧУНМИ?

Ассалому алайкум, ҳурматли таҳририят аъзолари! Мен “Адолат” газетаси ўз номига муносиблигига ишонаман. Унда ёрилаётган мақолалар, фуқароларнинг миннатдорчиликларини ўқиб қувонаман. Мен каби қийинчиликларга учраб, дардини кимга айтишни билмай юрган инсонларнинг муаммоси ҳал бўлганини билиб, хурсанд бўлмай бўладими? Мен ҳам шундайларнинг бириман. Масъул идораларга бош уравериб, умидсизликка учрайвериб, зада бўлиб кетганим учун охирги илинж сифатида “Адолат”дан адолат излаб мурожаат қилаяпман.

  Биз Музроб Ўринов билан турмуш қуриб, икки фарзандли бўлдик. Бу орада муносабатларимиз салбий томонга ўзгарди ва 2017 йилнинг 18 ноябрида турмуш ўртоғим мени ва икки нафар боламизни ташлаб, уйдан чиқиб кетди. Орадан 5 йил вақт ўтди… Мен болаларим билан 1 хонали уйда яшайман. Тўғри, икки нафар боламнинг ҳар бири учун 115 минг сўмдан алимент пули оламан. Аммо менинг аҳволимни ёлғиз боши билан фарзанд ўстираётганлар жуда яхши тушунишади. Бу маблағ ҳатто бир ойлик нонимизнинг пулини ҳам қопламайди. Шундай бўлса-да амал-тақал қилиб кун кечираяпмиз. Белимда қувватим, билагимда кучим, ишлашга эҳтиёжим бор. Аммо қани ўша иш? Аллоҳ берган бу ҳаётда фарзандларим ва ўзимнинг яшашим учун чорасизликдан моддий ёрдам сўраб, бир неча бор МФЙ раиси А.Очиловга мурожаат қилдим. Аммо у мени на иш билан таъминлашга, на субсидия олишимга, на тадбиркорлик қилишимга кўмаклашди, ҳаттоки “Аёллар дафтари”га ҳам рўйхатга олмади. Сабабини сўрасам, уни ҳам айтмайди. Майли эди сабабларини айтса, йўл-йўриқ кўрсатса ёки сен ёрдамга муҳтож эмассан, дея олса… Буни айта олмаслиги аниқ. Кексалар тўқлик нима дедирмас, йўқлик нима едирмас, деб тўғри айтишар экан. 

  Кейинги пайтларда субсидия ҳақида кўп гапиришаяпти, кўпчилик бу имкониятдан фойдаланаётганини кўриб, эшитиб, менда ҳам илинж пайдо бўлди: кам фоизли кредит олсам, тикувчилик билан тадбиркорликни бошласам, оиламга, болаларимга ҳам, одамларга ҳам фойдам тегар, деган мақсадда Қарши шаҳридаги “Микрокредитбанк”ка бордим. Бирон натижа чиқмагач, “Қишлоққурилишбанк”, “Агробанк”, “Халқ банки”га бордим, бораяпман. Тўғрироғи, 4-5 йилдирки, ушбу банкларга қатнайвериб, адолат борлигига ишончим қолмади. Уларнинг ҳаммасининг жавоби бир хил: “Бирон жойда ишламасангиз кредит берилмайди!” Бу жавобни юз бора эшитгандирман. Ҳар гал тўтиқўшдай такрорланадиган шу бир хил жавобни эшитганимда юрагимни турли саволлар кемиради: ахир ўзимга ва ўзим каби ишсизларга иш ўрни яратиш учун кавушимни тўздириб банк остонасига қатнаяпман-ку! Ишим, ойлигим, болаларимнинг қорнини тўйғазиш, уларнинг кундалик эҳтиёжларни қоплаш учун қўлимда пулим бўлганида кредит сўраб келармидим?! Президентимиз томонидан кам таъминланган, ночор, ишсиз уйда ўтирган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қанча қарор ва фармонлар чиқарилган ва чиқарилаяпти-ку! Хотин-қизларнинг тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун субсидияли кредитлар беришаяпти-ку! Бу қарорлар бизнинг маҳалламизга, Қарши шаҳри ва туманимизга қачон етиб келади? Нима учун банклар бу қарор ва фармонларнинг ижросини таъминлашмайди? Буни ким назорат қилади? Биз каби ночор оилалар бекалари банк эшигидан ноумид қайтарилгани билан қўша-қўша машинаси, данғиллама уй-жойлари бор қариндош-уруғлари, ошна-оғайнилари, таниш-билишлари кўз олдимизда хоҳлаганча кредит олишаяпти-ку! Бу етимларнинг ҳаққи ёки коррупция эмасми? Шундай обрўли, мустақил Ўзбекистонда буларнинг мушугини “пишт” дейдиганлар борми?

  Рад жавобини олишимни билсам-да, икки қоракўзимнинг қорнини тўйғазиш учун қора қозонимни қайнатишим кераклигини ўйлаб, зарур ҳужжатларни тайёрлайман, ичимда кичик бўлсада умид учқуни ёнади ва яна “Дўстлик”маҳалламизнинг раиси ҳузурига отланаман, аммо у ҳар галгидек яна мени умидсиз қайтаради… Бўғзимга нимадир тиқилади, кўзларимга аччиқ ёш тўлади, тилимга шу мақол келади: “ Қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор…”

 Охирги умидларимни тўплаб, “Адолат”нинг адолатидан умидвор бўлиб, сизларга минг илтижо билан мактуб йўллаяпман, илтимос, менга ёрдам беринг, болаларим учун…

Сарвиноз ТЎХТАЕВА,

Қашқадарё вилояти, Қарши тумани,

 “Дўстлик” маҳалласи, Мустақиллик кўчаси,

 34-уй, 17-хонадон.

Tegishli xabarlar

Кўчат экиш хўжакўрсингами ёки фотоҳисобот учун?

admin

Оқибатни фазилатга айлантирган олим

admin

БУ ЙИЛ ИҚТИСОДИЁТИМИЗДА ҲАЁТИЙ УЙҒОНИШ ВА ЮКСАЛИШ ЙИЛИ БЎЛАДИ

admin