ADOLAT 24

ҚАҲРАМОН ОТА-БОБОЛАРИМИЗ ЖАСОРАТИ ВА   ХОТИРАСИГА ЮКСАК ҲУРМАТ-ЭҲТИРОМ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ғалаба боғига ташриф буюрди.

Ҳарбий оркестр ижросида “Хотирлаш куйи” янгради. Давлатимиз раҳбари “Матонат мадҳияси” ёдгорлик мажмуасига гулчамбар қўйди.

Бу мажмуа Иккинчи жаҳон урушида беш ўғлидан айрилган Зулфия ая Зокирова, унинг садоқатли келинлари ва етим қолган набиралари хотирасига бағишлаб барпо этилган. У халқимизнинг урушдаги йўқотишлари, тинчлик учун кураши тимсоли сифатида боғ марказидан ўрин олган. Шу маънода “Матонат мадҳияси” урушда ўз боласидан, ўз ёридан жудо бўлган барча оналар, барча аёллар шарафига ўрнатилган муаззам обидадир.

Боғда Қуролли Кучлар тизимига кирувчи вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам жам бўлди. Президентимиз улар билан суҳбатда халқимизга табрикларини йўллади.

– Бугун ушбу Ғалаба боғида туриб, муҳтарам фахрийларимизни, бутун халқимизни қутлуғ айём билан чин қалбимдан табриклайман. Бундай дамларда қаҳрамон ота-боболаримиз хотирасини ёдга олиб, уларнинг жасорати олдида таъзим қиламиз. Уларнинг тинчлик ва озодликка бағишлаган серқирра ҳаёт йўли келгуси авлодлар учун ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган буюк меросдир, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари бу маскан уруш оқибатларини, тинчлик қадрини ёдга солишини таъкидлади.

– Бугун дунё таҳликали бўлиб бораяпти. Ҳар дақиқа синовли бўлаяпти. Бу бизга ҳам таъсир қиладими? Албатта таъсир қилади. Лекин халқимиз ҳаётига шу таъсирни камайтириш бўйича чоралар кўряпмиз. Меҳнатимиз билан, бирдамлигимиз билан, Худо хоҳласа, бу синовлардан ҳам ўтамиз, – деди Президент.

Вазирлик ва идоралар, жамоатчилик вакиллари ҳам мажмуа пойига гуллар қўйди.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олди.

Аввал Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида истиқомат қилаётган Аббос ота Аппанов хонадонига борилди.

Аббос ота 1924 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1942 йил февралда Смоленск шаҳрига урушга бориб, кейинчалик Беларусь, Польша, Германияда бўлган шиддатли жангларда иштирок этган. 1946 йилда юртимизга қайтган Аббос ота узоқ йиллар Ачаобод маҳалласидаги умумтаълим мактабида немис ва инглиз тили фанидан сабоқ берган, бошланғич синфлар учун “Немис тили” дарслигини ҳам ёзган.

Бу инсоннинг тинчлик йўлидаги хизматлари муносиб баҳоланиб, кўплаб давлат мукофотлари билан тақдирланган.

– Сизларни кўриб, яқиндан гаплашай, ҳол-аҳвол сўраб, сиҳат-саломатлик тилай деб ўзим келдим. Аввало, сизни, сиз орқали барча уруш қатнашчиларини, халқимизни байрам билан табриклайман. Ҳамиша соғ-саломат бўлиб, дуогўйимиз бўлиб, ёшларимизга намуна бўлиб юришларингизни тилайман, – деди Шавкат Мирзиёев.

– Аллоҳнинг инояти, давлатимизнинг ғамхўрлиги ва меҳрибончилигидан мана шундай ёшларга етиб юрибмиз. Сизга ҳам Аллоҳдан мадад, халқимиз манфаати йўлидаги ишларингизга барака тилайман. Ҳурмат учун раҳмат, – дея миннатдорлик билдирди Аббос ота.

– Сизлар бу ҳурматга сазоворсизлар, – деди Президент. – Кексаларни эъзозлаш улуғ қадриятимиз. Биз буни давом эттираяпмиз. Ёшларимиз ҳам билсин, бундан ўрнак олсин.

Пиру бадавлат бобонинг фарзандлари ҳам нафақада. Бугун 21 нафар набира, 55 нафар эвара ва 7 нафар чевара билан умргузаронлик қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Яшнобод туманида яшаётган Фёдор Федин хонадонида ҳам бўлди.

Фёдор Семёнович 1927 йилда Россиянинг Мордовия ўлкасида туғилган. 1944 йилда армияга чақирилиб, урушда алоқачи ва инструктор вазифасини бажарган. Минск шаҳри яқинидаги жангларда иштирок этган. Уруш тугаганидан сўнг бир неча йил Хитойда хизмат қилган. 1949 йилда Тошкент шаҳрига келиб, авиация заводида ишлаган. Кўплаб меҳнат мукофотларини қўлга киритган. Турмуш ўртоғи билан бирга икки қизни тарбиялаб, вояга етказган.

Президентимиз ушбу фахрийларнинг саломатлиги, яшаш шароитларини сўради. Бугунги тинчликка қўшган ҳиссаси, кўп йиллик самарали фаолияти учун уларга миннатдорлик билдирди.

Давлатимиз раҳбари Мирзо Улуғбек туманида яшовчи Акмал ота Акромовни ҳам зиёрат қилди.

Акмал ота 1924 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1941 йилда мактабни тамомлаб, машинасозлик заводида ишлаган. 1942 йилдан урушда қатнашиб, қаттиқ ярадор бўлган.

Юртимизга қайтгач, савдо, озиқ-овқат саноати соҳаларида меҳнат қилган. Нафақа ёшида Тошкент шаҳар Уруш ва меҳнат фахрийлари жамияти раиси, “Нуроний” жамғармасининг шаҳар бўлими раҳбари лавозимларида фаолият юритган.

– Урушда қатнашиб, қаҳрамонлик кўрсатиб, урушдан кейин давлатимизга жуда кўп хизмат қилиб, фарзандларни, невараларни тарбиялаб, мана шундай мўътабар ёшга етганингиз жуда катта бахт-камол. Сизларнинг ҳаётингиз, ҳар бир гапингиз бизга мактаб. Илоҳим, соғлиғингиз мустаҳкам, умрингиз янада узоқ бўлсин. Ёшларимизга сизларнинг йўлингизни, умрингизни берсин, – деди Шавкат Мирзиёев.

Акмал ота ҳам барча уруш фахрийлари номидан давлатимиз раҳбарини табриклади.

Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида барпо этилган “Уч авлод боғи”ни бориб кўрди.

Маҳаллалардаги маънавий муҳитни яхшилаш, ёшларни эзгу ишларга ундашда нуронийларнинг катта ҳаёт тажрибаси муҳим. Шу мақсадда маҳаллаларда, таълим муассасаларида кекса ва ўрта авлод вакиллари ҳамда ёшлар иштирокида “Уч авлод учрашувлари” ўтказилмоқда.

Ушбу янги боғ ҳам шу мақсадга хизмат қилади. Илгари бу жой қаровсиз, йўллари нотекис эди. Энди Алимкент кўчаси таъмирланиб, атрофи ободонлаштирилди. Дарахт ва гуллар экилди, иссиқхона ва ишкомлар барпо этилди. Ўриндиқлар, пиёда ва велосипед йўлаклари аҳолининг ҳордиқ чиқариши учун қулай шароит яратди.

Шу ерда нуронийлар, маҳалла фаоллари билан мулоқот бўлди. Улар эл-юрт фидойиларининг хотираси улуғланиб, кексаларга алоҳида ҳурмат кўрсатилаётганини таъкидлашди.

Бугунги кунда юртимизда 3 миллиондан ортиқ нуронийлар бор. Улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, соғлиғига эътибор қаратилмоқда. 28 мингга яқин нуронийлар санаторийларда соғломлаштирилди, 450 минг нафари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Барча ҳудудларда Нуронийлар кенгашлари ва маҳаллаларда кексалар ишлари бўйича маслаҳатчи лавозимлари ташкил қилинди. “Фахрий мураббий” ордени таъсис этилди. 3 минг 500 нафардан зиёд юртдошларимиз “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

– Шундай замон келаяптики, маҳалла ҳақиқий куч бўлаяпти. Масала ҳал бўлаётганини халқимиз сезаяпти. Ҳамма жойга нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшлар бўйича вакил қўйдик. Энди маҳалла раисининг “учта устуни” бор, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз фармонига мувофиқ байрам арафасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 15 миллион сўмдан бир марталик пул мукофоти ва совғалар топширилди. Туман ва шаҳар ҳокимлари фронт ортида меҳнат қилган 10 минг нафар фахрийлар билан шахсан учрашиб, ҳолидан хабар олди.

Юртимиздаги бундай аҳиллик ва тинчликка шукр қилиб, уни авайлаш, нуронийлар ўз намунаси ва сўзи билан бунга ҳисса қўшиши кераклиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари шу ердаги “Юксалиш” бошқарув сервис компанияси фаолияти билан ҳам танишди. У еттита маҳалладаги 106 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатади. Ҳисоб-китобларда биллинг тизими йўлга қўйилган. Компания биносида ва кўп қаватли уйларнинг ертўласида маиший хизматлар ташкил этилган.

Шу ерда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбат бўлиб ўтди.

ЎзА 

Tegishli xabarlar

Мен қанд миқдорини текширтирдим.  СИЗ-ЧИ? 

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ  МИРЗИЁЕВНИНГ ИҚТИСОДИЙ ҲАМКОРЛИК ТАШКИЛОТИНИНГ ЎН ОЛТИНЧИ САММИТИДАГИ НУТҚИ

admin

Туркий дунё цивилизацияси: ҳамкорлик йўли

admin