ADOLAT 24

Барқарор ривожланиш йўлида

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни енгиллаштириш ва рағбатлантириш мақсадида соҳага оид қатор тартиботлар танқидий қайта кўриб чиқилиб, эскирган, замон талабига жавоб бермайдиган бюрократик тўсиқ ва ғовлар бекор қилинди. Кўрилган чоралар натижасида республикада ишбилармонлик муҳити яхшиланди, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати ва экспорти ҳажмларини ошириш, уларнинг халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқарилишини таъминлаш ҳамда мавжуд синов ва калибр­лаш лабораторияларини модернизация қилиш, шунингдек, аҳолига сифатли ва хавфсиз маҳсулот етказиб бериш бўйича улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 июндаги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги негизида Ўзбекистон Рес­публикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ташкил этилиб, ҳар бир вилоят ҳокимлигининг инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Шу билан бир қаторда, Ўзбекис­тон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг “Республика синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонасини 2020 йил 1 январдан “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” давлат корхонасига (“UzTest” давлат муассасаси) айлантирилганлиги мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириб, соҳага хусусий инвестицияларни кенг жалб этиш ва маҳаллий маҳсулотларни халқаро стандартларга мувофиқ баҳолаш орқали савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш имкониятини яратди.

Шунингдек, “UzTest” давлат муассасаси ва унинг 16 та ҳудудий филиаллари ташкил этилиши мурожаатлар қисқа ва аниқ фурсатларда кўриб чиқилиши учун замин яратди. Қолаверса, марказда соҳада маънан эскирган синов лабораторияларидан воз кечган ҳолда юртимизда ишлаб чиқарилаётган ва олиб кирилаётган маҳсулотларни халқаро ташкилотларнинг стандартлари, талаб ва меъёрларига мувофиқ юқори технологиялар асосида тўлиқ синовларини ўтказиш мақсадида замонавий синов лабораториялари ташкил этилди.

Жумладан, “UzTest” давлат муассассаси ва унинг Андижон, Бухоро, Навоий, Наманган, Қашқадарё, Самарқанд ҳамда Хоразм филиаллари қошидаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини синаш лабораторияларига қиймати 8,0 миллион евро бўлган 336 дона замонавий ускуналар харид қилинди. Шу билан бирга, металл маҳсулотлари синовларини тўлиқ ўтказишни таъминлаш ва лаборатория­ларни модернизация қилиш учун 1,7 миллион евро ҳисобига металл маҳсулотларининг техник рег­ламент ва халқаро талаб­ларга мувофиқлик синовларини тўлиқ ўтказиш имконияти пайдо бўлди. 

Бундан ташқари, Тошкент вилоятининг Пискент туманида умумий қиймати 3,8 миллион еврога тенг техник воситаларнинг электромагнит мослашувчанлигини баҳолаш лаборатория­­си ишга туширилиб, техник регламент ва халқаро талабларга мувофиқ синовларни ўтказиш йўлга қўйилди.

“UzTest” ва унинг ҳудудий филиаллари синов лабораторияларига 2012-2017 йилларда синов соҳасида лабораторияларни модернизация қилиш учун жами 2,3 миллиард сўм маблағ сарфланган бўлса, ислоҳотлар натижасида 2017-2021 йилларда мавжуд маънан эскирган 40 фоиз ускуналар ўрнига қиймати 29,4 миллиард сўм бўлган 553 дона замонавий синов ускуналар, 34 та ёрдамчи воситалар, 300 турдаги ким­ёвий реактив ва стандарт намуналар харид қилиниб, синов лабораторияларда мингдан зиёд янги халқаро ISO, IEC, UNECE, EN, CODEX STAN стандарт талаблари бўйича синов услублари жорий этилди. Жорий йилнинг дастлабки чорагида жами 9 та синов лаборатория халқаро ва миллий аккредитациядан ўтказилди. 

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегиш­ли фармон ва қарорларига мувофиқ, тадбиркорлик субъектларига маҳсулотларни ишлаб чиқаришда ва олиб киришда мувофиқлигини тасдиқлаш тартиботлари халқаро талаблар асосида такомиллаштирилиб, сифат менежменти тизимларини жорий этган ва миллий аккредитация тизимида аккредитация қилинган синов лабораториялардан фойдаланадиган тадбиркорлик субъектларига, ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг мувофиқлигини дек­ларациялаш йўли орқали тасдиқлаш ҳуқуқи берилди. Бу билан тадбиркорлик субъектларининг вақти ва сарф-харажатлари камайди.

Кенг кўламли ислоҳотлар натижасида аввал мавжуд бўлмаган “Ягона дарча” божхона ахборот тизимининг йўлга қўйилиши, экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда бюрократик тўсиқ ва ғовларнинг бекор қилиниши, республикамизнинг исталган ҳудудидан туриб онлайн тарзда ариза тақдим этилиши, талаб этиладиган ҳужжатлар ва сертификатлар электрон тарзда расмийлаштирилиши, тадбиркорларнинг вақтини тежаган ҳолда тизимнинг шаффофлиги оширилиши ҳамда кескин равишда сертификатларни қалбакилаштиришнинг олди олинишига эришилди. 

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан сертификатлаштириш органини аниқлаб, ариза тақдим этиш учун сарфланаётган ўртача вақт 3-4 кундан 1 кунга қисқартирилди. Расмийлаштирилган мувофиқлик сертификатларини божхона идоралари электрон тизимидан тўғридан-тўғри олиш вақти 2 кунга қисқарди. 

Ҳозирги кунда “UzTest” давлат муассасаси томонидан халқаро стандартларни саноат корхоналарига жорий этишда Германия, Туркия, Россия каби ривожланган давлатларнинг халқаро экспертларини жалб этиш мақсадида самарали ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда. Қолаверса, халқаро ҳамкорлик масалаларининг кенгайтирилиши ва ҳал этилиши билан синов лабораториялари имкониятлари ва мутахассислар малакаларини ошириш, соҳага етук кадрларни танлаб олишда жаҳон стандартларига мувофиқ иш юритиш тизими жадаллашди. Бу эса “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” давлат муассасаси барқарор ривожланиш сари олға қадам ташлаётганининг ёрқин далилидир.

Жамшид ҒАНИЕВ,

“Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” 

давлат муассасаси директори

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ  ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ НАВРЎЗ УМУМХАЛҚ    БАЙРАМИГА БАҒИШЛАНГАН ТАНТАНАЛИ МАРОСИМДАГИ НУТҚИ

admin

СЕРГАК БЎЛИНГ: БУНДАЙ КЎРСАТУВЛАР ЁШЛАР ТАРБИЯСИНИ БУЗАДИ!

admin

ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИДА АҲОЛИ БАНДЛИГИНИ ОШИРИШ ВА ЕР УЧАСТКАЛАРИДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin