ADOLAT 24

Марказ улуғ алломалар илмий меросини бирлаштиради

2018 йилнинг март ойида мамлакатимизнинг етакчи исломшунос ва шарқшунос олимларидан иборат делегация Буюк Британия­­га ташриф буюриб, Лондон шаҳрида жойлашган Ислом маданияти марказида ўтказган учрашувини матбуот орқали кузатгандим. Ушбу нуфузли анжуманда Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлаган Ислом цивилизацияси марказлари, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази каби янги тузилмалар муқаддас динимизнинг асл ғояларини ўрганиш, буюк алломаларимиз, азиз авлиёларимиз илмий меросини чуқур тадқиқ этиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш имконини берувчи йўл эканлиги таъкидланган эди.

Ушбу марказлар бевосита мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ташкил этилди. Шавкат Мирзиёев Президентлик фаолиятининг Самарқанд вилоятига илк ташрифини Имом Бухорий мажмуасидан бошлаб, ушбу масканни замон талабларига мос реконструкция қилиш ҳамда унинг атрофида сайёҳлар учун барча хизмат турларини қамраб олувчи меҳмонхона ва инфратузилма объектлари қуриш лойиҳалари билан танишиб, уларни сифатли амалга ошириш учун мутасаддиларга топшириқлар берганди. Таъмирлаш, қурилиш ишларини мажмуа ҳудудида уч қисмга ажратган ҳолда босқичма-босқич амалга ошириш мўлжалланган. 

Аввало, ёдгорликнинг олд қисмини икки қават қилиб кўтариш, масжидни кенгайтириш, 200 ўринли зал, юқори мартабали меҳмонларни кутиш хоналарини ташкил қилиш кўзда тутилган. Мажмуа рўпарасида меҳмонхоналар, бозор, гипермаркет, савдо ва маиший хизмат мажмуалари, кафе ва чойхоналар, миллий ҳунармандчилик устахоналари, спорт майдони қуриш режалаштирилган. Ушбу ҳудуд ва мажмуа ўртасида фавворалардан иборат 850 метрлик аллея, унинг ёнида француз услубида ландшафт дизайни асосида баҳаво йўлаклар барпо этилади. Зиё­ратчиларга қулайлик яратиш мақсадида мажмуа яқинида маҳаллий ва вилоятлараро йўналишларда қатновчи автобуслар учун автовокзал ҳамда 700 ўринли автомобиллар тўхташ жойи қурилади. Айни пайтда мажмуага олиб борувчи йўл бўйида қишлоқ аҳолиси учун икки қаватли турар жойлар бунёд этилди. Бу ишлар амалга оширилиши натижасида зиёратгоҳда бир вақтнинг ўзида 3-4 минг сайёҳга замонавий хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. 

Зиёратгоҳга туташ ҳудудда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бунёд этилиб, ўз фаолиятини бош­лади. Президентимизнинг 2017 йил 27 мартдаги фармони асосида ташкил этилган ушбу марказ нафақат мамлакатимиз, балки бутун ислом дунё­­си учун қадрли маскан ҳисобланади. 

– Марказнинг асосий мақсади Имом Бухорий ҳамда юртимиз ва мусулмон дунёсидан етишиб чиққан улуғ мутафаккир ва алломаларнинг бой меросини ўрганиш, уларнинг жаҳон цивилизацияси, илм-фан тараққиёти ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаси, ўзаро ҳурмат, тинч-тотув ҳаётни қадрлаш ва мустаҳкамлаш каби ғояларини тарғиб этиш, халқаро миқёсдаги маънавий-маърифий мулоқот ва ҳамкорликни кучайтириш каби вазифаларни бекаму кўст амалга оширишга қаратилган, – дейди марказ директори, тарих фанлари номзоди, доцент Шовосил Зиёдов. 

Ҳозирги даврда жаҳонда юз бераётган глобаллашув жараёнида дунёда, минтақа ва мамлакатимиз ҳаётида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, унинг маърифий-маданий жиҳатдан ривожланиш йўналишларини илмий асосда ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказиш муҳим аҳамиятга эга. Марказ томонидан мамлакатимиз ҳамда хорижий давлатларнинг кутубхоналари ва архив фондларида сақланаётган буюк алломаларимизнинг ижодий меросига оид ҳамда ислом дунёси учун муҳим илмий аҳамиятга эга бўлган қўлёзма, тошбосма асарларнинг электрон нусхаларини тўплаш ва уларни келажак авлодга етказиш учун тизимли илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Марказ илмий ходимлари томонидан жорий йилда китоблар нашрга тайёрланиб, бир неча илмий мақолалар нашр этилди. Маънавий-маърифий тадбирлар, янги нашрлар тақдимотлари ўтказилмоқда. “Имом Бухорий халқаро маркази” нашриёти томонидан жорий йилда 41 та китоб нашр этиш режалаштирилган. 

– Жаҳондаги нуфузли ислом тадқиқот марказлари билан халқаро муносабатлар ўрнатиб, ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйдик, – дей­ди марказ директорининг илмий-тадқиқот ишлари бўйича ўрин­босари Шукрулло Умаров. – Жумладан, Ўзбекистон ва Буюк Британия илмий марказлари ўртасида меморандум имзоланиб, ҳамкорлик ишларини амалга ошириш учун йўл харитаси тузилди. Имом Бухорийнинг дунёга машҳур “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” асарининг араб тилидаги танқидий-таҳлилий нусхасини илк бор Ўзбекистонда нашр этилиш режалаштирилди. Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази раҳбарияти билан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг “Имом Бухорий халқаро стипендияси”га хорижлик илмий изланувчиларни жалб этиш бўйича ҳам келишиб олинди. Саудия Арабистони подшоҳлигининг ахборот рус-араб тадқиқотлари маркази билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Марказ томонидан бундан ташқари, таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ISESCO) ва мазкур соҳада хорижий давлатларда ташкил этилган марказлар билан ислом тарихи, фалсафаси, ҳуқуқи, манбашунослиги ва маданияти юзасидан илмий лойиҳалар, халқаро ҳамкорликдаги тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. 

Марказда “Ўзбекистон – буюк алломалар юрти” илмий-амалий лойиҳаси устида тадқиқотлар амалга оширилиб, юртимиздан етишиб чиққан қирқ нафар аллома ҳаёти ва меросига бағиш­ланган “Ўзбекистон – буюк алломалар юрти” (биринчи китоб) ўзбек ва инглиз тилларида, буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг ибратли ҳаёт йўллари ва беқиёс илмий-маънавий мероси ёритилган “Имом ал-Бухорий” ва “Ҳадис илмининг султони”, Мовароуннаҳр заминидан етишиб чиққан буюк аллома Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазийнинг ибратларга бой ҳаёт йўллари ва юксак инсоний фазилатларига бағишланган “Буюк донишманд” китоби, “Шаҳобуддин Умар Суҳравардий” рисоласи, “Абдулҳамид Кеший ҳаёти ва илмий мероси” ва “Абу-л-Муин Насафий” илмий монографиялари, Абу-л-Муин Насафийнинг “Баҳру-л-калом” асарининг таржима ва изоҳи “Калом илмида сўзлар денгизи” ҳамда “Адашган ва адаштирувчи фирқаларга раддиялар китоби” асарлари нашр этилди.

Марказда илмий тадқиқотлар ва малака оширишнинг самарадорлигини оширишга қаратилган қуйидаги бўлимлар фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Жумладан, Халқаро алоқалар бўлими халқаро миқёсда илмий конференциялар, симпозиумлар ва семинарлар ўтказиш, халқаро илмий лойиҳаларда иштирок этиш ҳамда Имом Бухорий мероси ва ҳадис илмини ўрганиш борасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўяди.

Ахборот-ресурс маркази замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш имкониятларини яратади ҳамда тегишли илмий ва услубий тавсияларни тайёрлайди.

Манбалар хазинасида эса нодир қўлёзма ва тошбосма асарларни асл ҳолида сақлаб, аҳоли қўлида мавжуд бўлган ноёб тарихий асарларни йиғиб олиб, таъмирга муҳтожларини таъмирлайди ва бу асарлар устида илмий тадқиқот ишлари олиб борилади. 

Маълумки, 2019 йил 24 июнда Ўзбекистон Рес­публикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг кутубхона фондини хорижий адабиётлар билан бойитиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Унда жаҳон илми ютуқлари, Ўрта Осиё заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг бебаҳо илмий-маънавий меросига доир чет элларда чоп этилган хорижий адабиётларни саралаш ва улар билан Марказ кутубхонасини янада бойитиш орқали илмий тадқиқот ишлари учун зарур шарт-шароит­лар яратиш ва ушбу адабиётларнинг мазмун-моҳиятини келажак авлодларга етказиш вазифаси белгиланганди.

Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида исломшунос ва манбашунос олимлар Миср ва Туркия давлатидаги машҳур нашриётларга сафар уюштиришди. Натижада 1000 га яқин номдаги 5500 китоб Марказга келтирилди. Келтирилган китобларнинг аксарияти Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Лайс Самарқандий, Ибн Сино каби алломаларнинг бетакрор ва мўътабар асарлари ҳисобланади. Шунингдек, турли тилдаги луғатлар, энциклопедия­лар, қомуслар, библиографик асарлар ҳам ўрин олган. Улар араб, турк, инглиз, форс, француз тилларида нашр этилган. Китобларни тўп­лашдан асосий мақсад, бой маданий меросимизни тадқиқ этувчи исломшунос, шарқшунос, тарихчиларнинг тадқиқотлари учун бу муҳим манбалардан фойдаланишига шароит яратишдир.

Буюк Британиядаги 2018 йилда бўлган нуфузли учрашувда Англиядаги Ислом маданияти маркази директори, доктор Аҳмад Дубаён “Ўзбекистон ҳамиша бизнинг ёдимизда. Имом Бухорий, Имом Термизийдек буюк зотлар ўзбек заминида тарбия топган. Имом Бухорийнинг асарлари бўлмаганида бугун бизнинг марказларимиз ҳам бўлмас эди. Биз ҳамиша бу улуғ зотлар ҳақига дуо қиламиз. Ўзбекистоннинг зиёрат туризми соҳасидаги салоҳияти жуда ҳам юқори. Яқин орада Хитойдан то Америкагача – бутун дунё мусулмонлари Ўзбекистонга оқиб келади”, дея эзгу ният билдирган эди. Дарҳақиқат, Самарқандда янгидан таъмирланаётган ва қурилаётган Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази ана шундай муқаддас қадамжолардан бирига айланиб бормоқда.

Ориф ХОЛИҚУЛОВ,

“Adolat” муҳбири

Tegishli xabarlar

ТАРИХИЙ САММИТ: ЎЗАРО МАНФААТЛИ ҲАМКОРЛИКНИ КЕНГАЙТИРИШГА БЎЛГАН УМУМИЙ ИНТИЛИШЛАР МАЙДОНИ

admin

Ҳар ким ўз қилмиши учун ўзи жавоб беради, яқинлари эмас!

admin

АТОҚЛИ ҚОРАҚАЛПОҚ ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИ АЖИНИЁЗ ҚЎСИБОЙ ЎҒЛИ ТАВАЛЛУДИНИНГ 200 ЙИЛЛИГИНИ КЕНГ НИШОНЛАШ ТЎҒРИСИДА

admin