ADOLAT 24

Мурожаат қилиш тартибини биласизми?

Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни 6-моддасига асосан жисмоний ва юридик шахс­ларнинг мурожаатлари тегиш­ли тартибда кўриб чиқилиши учун талаблар белгиланган.

1. Жисмоний шахснинг мурожаатида жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар, юридик шахснинг мурожаатида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида фуқаронинг кимлиги ва кўрилаётган масала айнан унга тааллуқли ёки тааллуқли эмаслигини билиш жуда ҳам муҳим ҳисобланади. Чунки, мурожаатда шахснинг шахсий маълумотлари ёки бошқа турдаги дахлсизлигига таъсир қилувчи ёки бошқа тарздаги ҳуқуқларини бузувчи ҳолатлар бўлиши мумкин. Шу боисдан ҳам мурожаатларда манзил ва мурожаатчининг кимлиги аниқ қайд этилиши шарт.

2. Жисмоний ва юридик шахснинг мурожаатида давлат органининг, ташкилотнинг аниқ номи, мурожаат юборилаётган мансабдор шахснинг лавозими ва (ёки) фамилияси (исми, отасининг исми) кўрсатилган, шунингдек, мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.

Мурожаатнинг айнан кимга ёзилганлиги масаланинг қайси давлат органи ёки ташкилотга тегишли эканлигини билиш имконини беради ва мурожаатчи манзилда адашмаганлигига ишонч ҳосил қилинади. Шу билан бирга, мурожаатнинг моҳияти баён этилиши жуда ҳам аҳамиятли бўлиб, у орқали мансабдор шахс мурожаат мазмунини билиши ва уни тегишлича ўрганиши учун имкон беради. Мурожаат мазмунига қараб мансабдор шахс унинг тааллуқлилига кўра бошқа давлат органи ёки ташкилотга юбориши мумкин.

3. Мурожаатларда мурожаат этувчиларнинг электрон почта манзили, алоқа телефонлари ва факс рақамлари кўрсатилиши мумкин. Мурожаат давлат тилида ва бош­­қа тилларда берилиши мумкин.

Мурожаатчи ўз мурожаатини хоҳлаган тилда беришга ҳақли. Чунки, у чет эл фуқароси бўлиши мумкин ёки бошқа тилда таълим олгани ёки гапириши мумкинлиги инобатга олинади ва уларнинг мурожаат этиш ҳуқуқи шу орқали таъминланади.

4. Ёзма мурожаат мурожаат этувчи жисмоний шахснинг имзоси ёки мурожаат этувчи юридик шахс ваколатли шахсининг имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим. Жисмоний шахснинг ёзма мурожаатини мурожаат этувчининг имзоси билан тасдиқлаш имкони бўлмаган тақдирда, бу мурожаат уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси (исми, отасининг исми) қўшимча равишда ёзиб қўйилиши керак.

Бу эса мурожаатнинг айнан мурожаат эгаси томонидан берилаётганлигига ишонч ҳосил қилиш имконини бериш билан бирга, давлат органи ва ташкилотларининг ортиқча вақти олинмаслиги имконини беради.

Шунингдек, мурожаат этувчиларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатларга уларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши белгиланганлигини ҳам инобатга олиш лозим.

Ҳурматли фуқаролар, ҳар қандай давлат органи ва ташкилотларига мурожаат қилишда ушбу қоидаларга асосан мурожаат қилишингизни сўраб қоламиз. Акс ҳолда, Ўзбекистон Рес­публикаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунининг 29-моддасига асосан мурожаатингиз кўрилмасдан қолдирилиши мумкин.

Саламат Туремуратов,

 “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази бош маслаҳатчиси

Tegishli xabarlar

Бор меҳримиз сенга, болажон!

admin

ИНСПЕКТОРЛАРНИНГ ХАТОСИ ўзларига қимматга тушди

admin

Янгиланишлар йўлида янги қадам

admin