Яқинда бир гуруҳ партиядошлар билан жамиятни ортга тортаётган, тараққиётга халақит бераётган ҳолатлар ҳақида ўзаро фикрлашдик. Улар сирасига таниш-билишчилик, уруғ-аймоқчилик, маҳаллийчилик, порахўрлик каби иллатлар кириши ҳақида гаплашдик.
Шунда Президентимизнинг қуйидаги сўзлари ёдимга тушди: “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак”.
Сезяпсизми, қўйилаётган масала кўлами нақадар кенг. Уни ҳаётнинг барча босқичларида учратиш мумкин. Ва токи, тўла ҳал қилинмас экан, у тараққиёт йўлига ғов бўлиб тураверади. Шунинг учун ҳар биримиз ишни ўзимиздан бошлашимиз керак. Оилада, маҳаллада, жамоада адолат тамойиллари қарор топмаса, мақсадга эришиб бўлмаслигини англаб етмоқ даркор. Ёш авлод вакиллари ҳақида гап кетар экан, биз уларни боғча ёшиданоқ ҳалолликка ўргатишимиз, адолат ғояларининг муқаддаслигини тушунтиришимиз, эзгулик билан ёвузликни фарқлай олишларига кўмаклашишимиз даркор. Энг муҳими, бу хайрли ишдан ҳеч ким четда қолмаслиги зарур.
Кейинги пайтда кенг қулоч ёзаётган иллатлардан бири мадҳиябозлик ва лаганбардорлик эканлиги ҳаммамизга аён. Айрим ташкилотлар ҳаёти билан танишсангиз, у ерда раҳбар шаънига айтилаётган кўпдан-кўп мақтовларни эшитасиз. Энг қизиғи, уларнинг аксарияти зўрма-зўраки, ҳақиқатга зид эканлиги барчага аён. Лекин ҳеч ким эътироз билдирмайди, аксинча, кимлардир бир мақтовнинг ёнига ўнтасини қўшишади. Назаримизда, ноўрин мақтов ҳам коррупциядан ўзга нарса эмас.
Ёки яна бир ҳолатни кўриб чиқайлик. Сўнгги кезларда орамизда мукофотпараст деб номланадиган шахслар ҳам пайдо бўлди. Улар ўзларининг арзимас фаолиятлари учун рағбат олишга интиладилар. Бу йўлда ҳеч қандай ёлғондан, туҳматчилик ёки иғвогарликдан қайтмайдилар. Мукофотнинг эса, албатта, энг каттасини талаб қиладилар. Энг ачинарлиси, оладилар ҳам уни, кейинчалик “қойиллатдимми?” дегандай, бошқаларнинг устидан кулиб, гердайиб юрадилар.
Бемаза қовуннинг уруғи кўп бўлади, дейишади. Бу гапни яна бир тоифа – “минбарга интилувчан” шахсларга бемалол татбиқ этиш мумкин. Улар ҳам турли йиғилиш ва тадбирларда сўз олмасалар, кўнгиллари жойига тушмайди. Боз устига тинмай раҳбарларни мақтайдилар, ҳамду сано ўқийдилар, орада, албатта, ўзларини ҳам унутмайдилар. Гўёки, юқоридагиларга “садоқат”ларини намойиш этадилар.
Яқинда бир танишимиз ишлайдиган муассасада раҳбар бошқа ишга ўтди. Унинг анчадан бери ишлаб келаётган ўринбосари бор эди. Ҳамма “энди шу одам бўлса керак, етарли тажрибага эга”, деб ўйлаб турганди. Бироқ замонанинг зайлини қарангки, бўш курсига соҳага алоқаси йўқ, бошқа вазифаларда ҳам ўзини кўрсата олмаган, яъни “урилган-сурилган” шахсни олиб келиб қўйишди. Барча ҳайрон бўлди, қизиғи, ҳеч кимга маъқул келмаган янги раҳбарни осмонга кўтариб мақтайдиган “ҳайбаракаллачилар” дарров топилди. Уларнинг гаплари жамоанинг фикрини чалғитди-қўйди…
Бундай бўлишиига сабаб нима? Бундай ноқобил ишларга кимлар қўл урадилар? Назаримизда, ўзининг қобилиятсизлигини яққол сезган, бошқалар каби меҳнатда намуна кўрсата олмайдиганлар шундай йўл танлайдилар. Ялтоқланиш, мадҳиябозлик, нохолислик эвазига сохта обрў орттирмоқчи бўладилар. Бу билан жамиятдаги ижтимоий-маънавий муҳит бузилаётганлигига эса парво қилмайдилар. Чунки улардаги худбинлик, шахсий манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйиш, ўзгаларни назар-писанд қилмаслик шунга олиб келади.
Юқоридаги каби ҳолатларнинг юзага келишига асосий сабаб, ҳеч шубҳасиз, Президентимиз таъбири билан айтганда, одамларнинг “ҳалоллик вакцинаси”дан баҳраманд бўлмаганлигидир. Яна бир эътиборли жиҳат – айримлар сўзда бошқача гапирадилар, амалда ўзгача йўл тутадилар. Яъни, риёкорликка йўл қўядилар, бу билан бутун жамият онгини заҳарлайдилар, ҳалоллик ва поклик инсон ҳаётида, камолотида ниҳоятда катта аҳамиятга эгалигини унутадилар. Оқибатда мўмай бойлик орттиришни мақсад қилиб, инсофсизлик, қаллоблик, тамагирлик йўлига кирадилар.
Ўзбек тилининг изоҳли луғатига мурожаат қилайлик. Унда “тама” ибораси “кучли истак”, “ҳирс”, “очкўзлик” маъноларини англатиши кўрсатилган. Тамагирлик бировдан бирон нарсани кутиш ва шунинг илинжида бўлишда ҳам кўзга ташланади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бу иллат таъсирига тушганларни оқлаб бўлмайди. Чунки улар жамиятнинг таназзулга юз тутишига олиб келади.
Халқимиз азалдан ҳалоллик ва поклик бор жойни қут-барака тарк этмайди, деб ҳисоблайди. Бу ҳақиқат узоқ асрлар давомидаги тарихда сон-саноқсиз марта исботланган. Шундай экан, ҳар бир ватандошимиз ўз ҳаёти ва фаолиятида адолатни ҳамда ҳақиқатни шиор қилиб яшаши ва меҳнат қилиши лозим.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
журналист