ADOLAT 24

ИЛМ-ФАН ОЛАМИНИНГ БУЮК КАШШОФИ (Иккинчи мақола)

Муҳаммад ал-Хоразмий Марв, Бағдод, Дамашқ расадхоналарида олиб борган илмий кузатишлари натижасида “Зижи Хоразмий” асарини яратади. Фанда баъзан “Янги астрономик жадваллар” деб аталадиган бу асар 37 боб, 116 та жадвалдан иборат. Унда аллома қадимги ва илк ўрта аср ҳинд, юнон, рим, форс олимлари маълумотлари асосида бошқа эралар саналарини ҳижрий эрага айлантириш, буржлар, даражалар ва вақтни аниқлаш, қуёш, ой ва сайёраларнинг ҳаракатларини белгилаш борасида янги кашфиётлар яратади. Бу асарда фанга илк бор “текислик”, “аксланган синус”, “тангенс”, “котангенс” тушунчалари олиб кирилади, географик жойларнинг узунлик ва кенгликларини аниқлаш қоидалари келтирилади. Аристотель, Птолемейнинг геомарказ назарияси таҳлил қилиниб, илмий асослари исботланди. 

“Зижи Хоразмий” араб тилида астрономия соҳасида Шарқда яратилган дастлабки илмий асар эди. Бу асар илм-фанда астрономия соҳасида асарлар яратишни маълум бир шаклга солиб берди. Ундан кейин яратилган барча астрономияга оид асарлар ана шу шаклда яратилди. Шарқ астрономлари ал-Фарғоний, ал-Ҳошимий, Беруний, Чағминий, Шомий кабилар алломанинг бу асарига бир неча китобларини бағишладилар, шарҳлар ёздилар. Бундан ташқари, аллома яна қуёш соати, квадрант ва устурлоб каби мураккаб асбоблар яратди. Улардан астрономия соҳасида фойдаланиш қоидаларини ишлаб чиқди. Алломанинг математика, астрономия, тригонометрия, алгебрага оид илмий кашфиётларидан қуёш, ой, сайёралар ҳаракатини кузатишда, сувлар ҳаракатларини тўғри белгилашда, тош­қинларнинг олдини олишда, янги ерларни ўзлаштиришда, ирригация иншоотлари қуришда, шаҳарлар барпо этишда, халқларнинг бошқа ҳаётий эҳтиёжларини қондиришда фойдаланилган.

1126 йилда Аделард Бат “Зижи Хоразмий”ни лотин тилига таржима қилгач, Европа астрономия мактаби шаклланди. Галилей, Коперник, Кеплер сингари олимлар унинг назарияси асосида астрономия илмида кашфиётлар яратдилар. Шу сабабли шарқшунос олим Сергей Толстов “Хоразмий ўз асарлари билан Шарқ ва Европа, дунё астрономия илмига асос солди”, деб эътироф қилади.

Алломанинг яна бир асари – географияга бағишланган “Китоб сурат ул-арз” рисоласи ҳам унга дунёвий шуҳрат келтирди. Бу асарнинг 1037 йилда кўчирилган ягона арабча нусхаси Страсбург университети кутубхонасида сақланмоқда. Хоразмий бу асарида географияни илк бор иқлимлар назариясига кўра тадқиқ қилади. У ернинг инсонлар яшайдиган обод қисмини етти иқлимга ажратади. Қадимги юнон олимлари Гиппарх ва Птолемейдан фарқли равишда минтақалар, мамлакатлар, географик жойларни эмас, етти иқлим жойлашган жойларни тасниф этади. Китобда шаҳарлар, тоғлар, дарёлар, денгизлар, ороллардаги 2402 та географик жойнинг координатлари келтирилган. Унинг бу рисоласи ўрта асрларда энг биринчи географик асар эди. Олимнинг иқлимлар назарияси дунё география илми ривожланишида муҳим аҳамият касб этди. Бундан ташқари, ал-Хоразмий бошчилигида 70 нафар аллома жаҳон харитасини тузиш устида ҳам иш олиб борган. “Маъмун дунё харитаси” деб номланган бу иш 840 йилда ниҳоясига етган. Лекин ҳозирда шу хариталардан тўрттаси – Яқин ва Ўрта Шарқ хариталари, Азов денгизи ва Нил дарёси хариталари сақланиб қолган, холос. Ал-Хоразмий бу ишлардан ташқари, ўз даврида нодир қўлёзмаларни тўплаш ва географик кузатишлар олиб бориш мақсадида уюштирилган учта илмий экспедицияга ҳам раҳбарлик қилган. Бу экспедициялар Ғарбий Ҳиндистон, Византия, Волга бўйидаги Хазария мамлакатларига уюштирилган. Аллома бу экспедициялар давомида кўплаб илмий маълумотлар тўплаган. Бу илмий маълумотлар, чизилган хариталар унинг географияга оид асарининг қимматини ошириш билан бирга, дунё илм-фанида нодир манбалар сифатида ҳам қадрлидир. Шунинг учун ҳам бугунги кунда жаҳон тарихи хариталарини яратишда ана шу манбалардан кенг фойдаланилади.

Тарихчиларнинг бир гуруҳи Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий Бағдодга келганидан кейин унга бирор марта ҳам юртига бориш насиб этмаган, деб ёзадилар. Лекин тарихий манбаларда унинг харита тузиш учун Ўрта Шарққа, Азов денгизи соҳилларига борганлиги, илмий экспедиция сафида Хазария мамлакатида бўлганлиги қайд этилади. Бу ўлкалар, мамлакатлар эса Хоразм билан чегарадош нуқтада жойлашган. Ушбу мамлакатлар иккинчи гуруҳ тарихчиларининг Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий кейинчалик ўз юртига ташриф буюрган, деган хулосаларини тасдиқлайди.

Абу Райҳон Беруний Муҳаммад ал-Хоразмийнинг тарихий асар ёзганлиги ҳақидаги маълумотни ҳам келтиради. Алломанинг “Тарих китоби”да Араб халифалигининг бошланғич даври, Хуросон, Кичик ва Олд Осиё, Ўрта Осиё халқларининг VIII – IX асрларга оид тарихий воқеа­лари тилга олинган. “Яҳудийлар тарихи ва уларнинг байрамларини белгилаш” деб номланган асари улуғ алломанинг нафақат ўша халқ тилини, балки уларнинг тарихини ҳам мукаммал билганлигини кўрсатади.

Аллома илм-фан соҳасида нафақат илмий янгиликлар, кашфиётлар яратди ва уларни ҳаётга татбиқ қилди. Айни пайтда у илм-фаннинг инсоният тақдиридаги ролига ҳам юксак баҳо берди. У “Билим борлиқдан келиб чиқиб, инсоннинг унга бўлган эҳтиёжининг ўсиб бориши ва борлиқни узоқ вақт ўрганиш жараёнида муттасил ва изчил тўпланиб боради. Турли илмлар бир-бирларини инкор ва истисно этмайди, балки ўзаро бир-бири билан боғлиқ ва дунёни билишга ҳамда бахт-саодатга эришишга хизмат қилувчи ягона ҳалқани ташкил этади”, деб ёзади. Яъни, аллома оламдаги воқеа ва ҳодисаларнинг моҳиятини билишда инсон ақли, билими, тафаккури асосий роль ўйнайди, деган хулосага келади. Бу IX аср учун яна бир улуғ кашшофлик эди. 

Унинг илмий фаолиятида Бағдоддаги “Байт ул-ҳикма” – Маъмун академияси ҳам муҳим роль ўйнади. Маълумки, бу академияга дастлаб Яҳё ибн Мансур раҳбарлик қилган. 829 йилда унинг вафотидан кейин бу академияга раҳбарлик Муҳаммад ал-Хоразмийга топширилади. У бу илмий марказни 850 йилгача, яъни умрининг охиригача бошқаради. “Байт ул-ҳикма” ўз даврида нафақат мусулмон оламида, балки дунё миқёсида йирик фан марказига айланганди. Бу ерда иккита расадхона, таржимонлик маркази, саккизта мад­раса, ўндан ортиқ илмий тадқиқот уйлари, жаҳонга машҳур кутубхона, қўлёзмаларни кўчириш, таъмирлаш ва муқовалаш устахонаси фаолият юритарди. Академияда математика, астрономия, тиббиёт, тарих, жуғрофия, кимё, фалсафа, мантиқ, адабиёт ва бошқа соҳаларга мансуб 500 дан зиёд алломалар илмий иш олиб борганлар. Кутубхонада 400 мингдан ортиқ нодир қўлёзмалар тўпланган. Мана шундай йирик илмий даргоҳга етакчилик қилиш осон эмасди. Муҳаммад ал-Хоразмий буни муваффақият билан бажарди. “Байт ул-ҳикма”да жаҳон илм-фани учун кўплаб ишлар амалга оширилди. Биринчидан, бу ерда дунё бўйича IX асргача яратилган илмий асарлар тўпланди, улар араб тилига таржима қилинди ва шарҳлар битилди. Иккинчидан, математика, алгебра, астрономия, география каби фанларга асос солинди, кимё, тарих, табобат ва бош­қа фанлардан буюк кашфиётлар қилинди. Учинчидан, “Донишмандлар уйи”да назарий билимлар билан амалий фаолият бирга қўшиб олиб борилди. Мукаммал устурлоб, қуёш соати ясалди. “Миқёс ул-Нил” сув ўлчагичи яратилди. Ер айланаси, диаметри, радиусини, Ер билан само жисмлари орасидаги масофани ўлчаш, заминнинг бир даража узунлигини белгилаш, юлдузлар жадвалларини, дунё халқлари яшайдиган жойларнинг харитасини яратиш бўйича амалий ишлар қилинди. Буларнинг ҳаммаси Муҳаммад Мусо ал-Хоразмийнинг Бағдод Маъмун академиясидаги илмий раҳбарлигида бажарилди.

Муҳаммад ал-Хоразмийнинг дунё илм-фанига қўшган ҳиссасини чуқур ўрганган италиялик олим Наллино “Илмий ижодиёт ва амалий фаолият жиҳатидан дунёдаги ҳеч бир халқ вакили Хоразмий эришган ютуқни қўлга киритишга қодир эмас”, деб ҳукм чиқаради. Алломанинг илмий мероси жаҳон миқёсида қадрланмоқда. Асарлари кўп тилларга таржима қилинмоқда. Унинг илмий мероси дунёнинг илм-фан тараққий этган барча мамлакатларида эъзоз­ланмоқда. Халқимизнинг улуғ фарзанди, қомусий олимнинг 1200 йиллик таваллуд санаси (ҳижрий тақвим бўйича) 1983 йилда ЮНЕСКО қарори билан халқаро миқёсда нишонланди. Унинг ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланиб Хоразм, Тошкент, Москва ва Парижда халқаро анжуманлар ўтказилди.

Бутун илмий ҳаётини Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий меросини ўрганишга бағишлаган, улуғ алломанинг 1200 йиллик тўйини ЮНЕСКО томонидан ўтказилишида ташаббус­кор бўлган америкалик олим Уильям Доннер халқаро анжуман муносабати билан Хоразмга ташриф буюрганида “Умримнинг бир ҳафтаси дунёга машҳур аллома Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий туғилиб-ўсган юртда, унинг Ватанида ўтганидан беҳад хурсандман. Аслида улуғ аллома юртида бир ҳафта эмас, бир соат бўлмоқнинг ўзи ҳам катта бахт. Бу юртга, улуғ алломага таъзим қиламан. Аслида унга бутун дунё олимлари, илм аҳли таъзим қилса арзийди”, дея эътироф этиб, эҳтиром кўрсатган эди.

Мамлакатимизда Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий илмий меросини тадқиқ этиш, хотирасини абадийлаштириш, номини улуғлаш борасида кўплаб ишлар қилинмоқда. Хива, Урганч ва Тошкент шаҳарларида аллома ҳайкаллари ўрнатилди. Урганчда унинг номида катта боғ ва тарихий мажмуа бунёд этилди. Рес­публикамизнинг етакчи олий ўқув юртларидан бири, коллеж ва лицейлар, махсус мактаблар, корхоналар, кўчалар, майдонлар унинг номи билан аталади. Буларнинг бари буюк мутафаккир, улуғ алломага, илм-фаннинг фидойи шахсига юксак эҳтиром рамзидир. 2023 йилда Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий таваллудига милодий сана бўйича 1240 йил тўлади. Бу сана ҳам илм-фан аҳли, халқимиз томонидан қутлуғ айёмлардан бири сифатида нишонланишига шубҳа йўқ.

Камол МАТЁҚУБОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Tegishli xabarlar

ЭНДОКРИНОЛОГИЯ ХИЗМАТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ВА КЎЛАМИНИ КЕНГАЙТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin

Янги Конституция — фаровон ҳаётимиз учун ҳуқуқий асос

admin

Ҳалоллик вакцинаси — тараққиёт гарови

admin