ADOLAT 24

КУЧЛИ ВА САМАРАЛИ ТИББИЁТ ТИЗИМИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ – ХАЛҚПАРВАР ДАВЛАТНИНГ ЭНГ АСОСИЙ ВАЗИФАСИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашувда сўзлаган нутқи

Ассалому алайкум, азиз дўстлар!

Ҳурматли тиббиёт соҳаси вакиллари, йиғилиш қатнашчилари!

Юртимизда гўзал баҳор нафаси кезиб юрган мана шу ёруғ кунларда – Наврўзи олам арафасида тиббиёт соҳасининг жонкуяр вакиллари бўлган сиз, муҳтарам юртдошларимиз билан дийдор кўришиб турганимдан беҳад мамнунман.

Ҳаёт ҳақиқати шуни кўрсатадики, фақатгина соғлом халқ, баркамол миллат буюк ишларга қодир бўлади.

Эл-юртимиз азалдан шифокорларни инсон саломатлигини асрашдек эзгу ва савобли ишга бутун борлиғини бағишлаган фидойи зотлар, деб билади ва ҳамиша қадрлайди. Чунки одамлар сизларга ўзларининг энг бебаҳо бойликларини – ҳаётларини ишониб топширади. Буюк бобомиз Абу Али ибн Синонинг: “Инсон дардига дармон бўлмоқ – олижанобликнинг энг юксак намунасидир”, деган сўзлари ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Туб ислоҳотларимизнинг дастлабки кунларидан бошлаб биз халқимиз соғлиғини мустаҳкамлашга энг устувор вазифа деб қараб келмоқдамиз. Ўтган беш йилда бу борада катта ишларни амалга оширдик, илғор хорижий ютуқларни ўрганиб, етарли тажриба тўпладик. Келгуси беш йилда ҳам аҳолимизни сифатли ва малакали тиббий хизмат билан таъминлаш, соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтиришни Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг энг муҳим йўналиши сифатида белгилаб олдик.

Бугун сизлар билан соғлиқни сақлаш соҳасининг умумий аҳволи, уни ривожлантириш масалалари, тизимдаги долзарб муаммоларни очиқ-ойдин муҳокама қилиб, навбатдаги вазифаларни аниқлаб оламиз.

Мен ҳар сафар ҳудудларга борганимда, албатта тиббиёт масканларига киришга, шифокорлар билан учрашишга ҳаракат қиламан. Лекин сизлар билан мана шундай кенг даврада, очиқ мулоқот шаклида биринчи марта кўришиб турибмиз.

Бугун соҳадаги ютуқни – ютуқ, камчиликни – камчилик деб айтиб, тизимдаги “касалликлар”га тўғри диагноз қўйиб, уларнинг давосини топишга ҳаракат қилишимиз зарур.

Тиббиёт шундай соҳаки, унга дахлдор бўлмаган инсоннинг ўзи йўқ. Ҳаммамиз ҳам иссиқ жонмиз, тиббиёт муассасаларига кунда-кунора мурожаат қилмаган кишини топиш қийин.

Барчамизга аёнки, одам соғлом бўлмаса, унга иш ҳам, моддий неъматлар ҳам, ҳаёт қувончлари ҳам татимайди. Шу боис ўз фуқароларининг соғлиғини ҳимоя қилиш, кучли ва самарали тиббиёт тизимини шакллантириш – халқпарвар давлатнинг энг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Албатта, касалликни кечикиб даволагандан кўра, унинг олдини олган ҳар томонлама афзалдир. Имом Мотуридий ҳазратларининг: “Тириклик қадрига соғлиқ пайтингда етгил”, деган сўзларида чуқур маъно бор.

Юртимизда ҳар куни янги фарзандлар туғилмоқда. Аҳолимиз сони ҳозирги вақтда 35 миллиондан ошди.

Бу ўз навбатида, халқимизга муносиб турмуш шароити яратишни, аввало, тиббиёт соҳасида олиб бораётган ишларимизни мутлақо янги босқичга кўтаришни тақозо этади.

Бу борада ўтган даврда кўп ишларни амалга ошириб, салмоқли натижаларга эришдик. Лекин ҳали қатор муаммолар, камчилик ва нуқсонлар ўз ечимини кутиб турибди. Шу сабабли соҳадаги вазиятни танқидий таҳлил қилиб, мавжуд муаммоларни тизимли ҳал қилиш вақти-соати келди, деб ўйлайман.

Ҳурматли соғлиқни сақлаш ходимлари!

Сизларга маълумки, охирги йилларда тиббиёт соҳасига ажратилаётган маблағлар ҳажми кескин оширилди. Жумладан, 2022 йилнинг ўзида соҳага бюджетдан 24 триллион сўм ёки 2016 йилга нисбатан 4 баробар кўп маблағ йўналтирилмоқда.

Ўтган беш йилда шифохоналар ва тез тиббий ёрдам пунктларини дори-дармон, тиббиёт буюмлари билан таъминлашга ажратилаётган маблағлар 12 баробар кўпайтирилди. Шу даврда соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш учун халқаро молия ташкилотларидан 700 миллион доллардан зиёд маблағлар жалб қилинди.

Буларнинг ҳисобидан тизимда нима ўзгарди?

Энг аввало, бирламчи тиббиёт бўғинини мутлақо янги ёндашувлар асосида тубдан ўзгартиришга киришдик. Бу борада ўтган йилдан бошлаб ҳар бир маҳаллада “хонадонбай” ишлайдиган тиббий бригадалар ташкил этилди. 2021 йилдан бошлаб бирламчи бўғинда аҳолини 66 турдаги дори воситалари билан бепул таъминлаш йўлга қўйилди. Ҳозирги вақтда шамоллаш, қон босими, юрак хуружи, қандли диабет, ошқозон ва нафас йўллари касалликларини даволаш учун энг зарур дориларни одамларимиз ортиқча сарсон бўлмасдан, оилавий шифокор пунктлари ва поликлиникалардан олишмоқда.

Аҳолига сифатли тиббий ёрдамни кенгайтириш мақсадида бирламчи тизимга 20 мингта ўрта тиббиёт ходимлари қўшилди. Шунингдек, қишлоқларда жойлашган 801 та оилавий поликлиника янги замонавий “УЗИ” ва “ЭКГ” аппаратлари билан таъминланди. Шу орқали қишлоқ ва маҳаллаларда 8 турдаги янги тиббий хизматлар йўлга қўйилди. Жумладан, саломатлик кўрсаткичлари бўйича хавф гуруҳига кирган 12 миллион аҳолини мақсадли скринингдан ўтказиш бошланди. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, сифатли тиббий хизматларни “маҳаллагача тушириш” бўйича муҳим қадамлар бўлди.

Бундан ташқари, юқори малака ва технологияларни талаб қиладиган тиббий хизматлар кўлами ҳам кенгаймоқда. Авваламбор, ҳудудларда 23 та республика ихтисослашган тиббиёт марказининг юздан ортиқ филиаллари ўз фаолиятини бошлади. Натижада илгари пойтахтда амалга оширилган 210 турдаги операция ва диагностика жараёнларини маҳаллий шифохоналарда ўтказиш имконияти яратилди.

Шу билан бирга, 130 турдаги жарроҳлик амалиётлари вилоят шифохоналарида, 60 тури эса туманларда биринчи марта йўлга қўйилди. Сўнгги беш йилда 200 турдаги янги жарроҳлик амалиёти жорий этилгани, жумладан, буйрак ва жигар трансплантацияси республикамиз шифохоналарида йўлга қўйилгани айниқса эътиборлидир. Мисол учун, пойтахтимиз ва ҳудудларда ўтказилган буйрак трансплантацияси орқали шу кунгача 700 га яқин фуқароларимизнинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Ҳаммангиз яхши биласиз, авваллари ҳар йили минглаб юртдошларимиз даво истаб чет элга боришга мажбур эди. Тасаввур қилинг, одам ўзи оғир касал бўлса, қанча вақт, қанча маблағ сарфлаганидан ташқари, жонини ҳам хатарга қўйиб, бегона юртларда сарсон бўлиб юрарди.

Эндиликда яратилган янги шароит ва имкониятлар ҳисобидан илгари хорижда бажарилган қиммат операциялар ўзимизнинг шифокорлар томонидан амалга оширилаётгани албатта катта ютуқдир.

Ахир, бир одамни дарддан халос қилиб, соғлиғини тикласак, ҳаётга қайтарсак, бу – бутун оиланинг бахтини, келажагини таъминлаш дегани эмасми?

Хабарингиз бор, яқин-яқингача эҳтиёжманд аҳолининг республика тиббиёт марказларида даволаниши учун “ордер” деган бир эски тизим бор эди. Ушбу “ордер”лар қоғоз шаклида юритилиб, аксарият ҳолларда таниш-билишчилик асосида бериб келингани ҳеч кимга сир эмас.

Шу билан бирга, “ордер” учун маблағлар республика тиббиёт марказларига бемор келса-келмаса, унинг миқдори етарлими ёки йўқми, бундан қатъи назар, ҳар йили ўтказиб келинган. Оқибатда ҳақиқий эҳтиёжи бор аҳоли даволаниш учун йиллаб навбатда турган бир вақтда айрим марказлар самарасиз молиялаштириб келинган. Биз бундай амалиётдан тўлиқ воз кечиб, эҳтиёжманд аҳоли учун республика тиббиёт марказларида хизмат кўрсатишнинг очиқ ва шаффоф, янги тизимига ўтдик.

Энди ихтисослашган марказларда бепул даволанадиган касалликлар рўйхати шакллантирилиб, тиббий ёрдам учун йўлланма ҳақиқий эҳтиёжи бор аҳолига “электрон навбат” асосида берилмоқда. Энг муҳими, бу тизимга асосан маблағлар марказга эмас, балки даволаниши зарур бўлган аниқ беморга ажратилмоқда.

Мисол учун, илгари туғма юрак нуқсони бор болага операция учун республика марказига 3 миллион сўм маблағ ажратилган. Қолган 20-30 миллион сўмлик харажатни эса ота-онаси кўтаришга мажбур бўлган. Эндиликда эса, ушбу операция учун зарур маблағ давлат томонидан тўлиқ қопланмоқда ва ҳар бир бемор учун манзилли ажратилмоқда.

Тиббиёт тизимидаги энг катта ўзгаришлардан яна бири – давлат шифохоналари билан бирга хусусий медицина ҳам ривожланмоқда. Масалан, аввал бундай хизматлар фақат стоматология бўйича кўрсатилган бўлса, ҳозир хусусий клиникалар деярли барча йўналишларда фаолият юритмоқда ва уларнинг сони 8 мингтага етди.

Хусусий тиббиёт учун солиқ ва божхона имтиёзлари, субсидияларни қамраб олган қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилди. Натижада биргина солиқ имтиёзлари ҳисобидан сўнгги беш йилда хусусий сектор ихтиёрида 1,3 триллион сўм маблағ қолди.

Ҳамма соҳаларда бўлгани каби тиббиётда ҳам барча масалаларни малакали кадрлар ҳал қилади. Бу борада буюк олим Гиппократнинг: “Табобат – барча илм ва ҳунарлар ичида энг қийини ва шарафлиси”, деган сўзлари айни ҳақиқатдир. Шу боис бугун тиббий таълим муассасалари сонини кўпайтириш, уларда чуқур билим ва малакага, юксак ахлоқий сифатларга эга бўлган кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор беряпмиз. Мисол учун, сўнгги беш йилда 6 та янги тиббиёт олийгоҳи ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 14 тага етказилди, қабул квотаси эса 4 баробар ошди.

Ҳудудларни малакали мутахассислар билан кафолатли таъминлаш мақсадида вилоятлар буюртмасига асосан манзилли ўқишга қабул қилиш йўлга қўйилди, олис ва чекка қишлоқларга ишга борадиган битирувчилар учун “Қишлоқ шифокори” дастурини амалга ошириш бошланди. Шунингдек, 1,5 минг нафар шифокорлар нуфузли хорижий клиника ва университетларда малакасини оширди.

Шу ўринда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларимизни қўллаб-қувватлаб, бизга амалий ёрдам бериб келаётган ва бугунги анжуманимизда иштирок этаётган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Германия тараққиёт банки, ЮНИСЕФ, ЮСАИД, КОВАКС, ЖАЙКА, ТИКА, КОЙКА, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Саудия ривожлантириш жамғармаси ва кўплаб бошқа ҳамкор ташкилотлар вакилларига самимий миннатдорлигимни билдирмоқчиман.

Қадрли дўстлар!

Биз бугунги мулоқотни ўтказишга жиддий тайёргарлик кўрдик, ҳам шифокор, ҳам беморларнинг фикрларини эшитдик.

Кенг жамоатчиликдан, халқаро экспертлардан кўплаб таклиф ва мулоҳазалар олдик. Ташкил этилган “Cаll-марказ”га 25 мингдан зиёд мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг орасида алоҳида аҳамиятга молик бўлган яна бир муҳим масала кўтарилган бўлиб, ижозатингиз билан аввало шу ҳақда тўхталиб ўтмоқчиман. Бу масала соғлиқни сақлаш тизимининг ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, аҳоли, айниқса, миллатимиз, халқимизнинг генофондини сақлашни конституциявий асосда алоҳида ҳимоя қилинадиган соҳага айлантириш билан боғлиқ.

Ҳаммамизга маълумки, бугунги кунда инсон ва унинг қонуний манфаатлари ҳамда конституциявий ҳуқуқлари Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ва изчил ислоҳотларнинг марказига қўйилмоқда. Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари жамиятимизда олий қадрият ҳисобланади.

Амалдаги Конституциямизнинг 40-моддасида: “Ҳар бир киши малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга”, деб белгилаб қўйилган. Биз халқимиз соғлиғини сақлаш соҳасида улкан мақсад ва вазифаларни олдимизга қўяётган ҳозирги шароитда ушбу конституциявий модданинг ўзи етарли эмас.

Бугун замон биздан тиббиёт тизимимизнинг конституциявий асосларини янада мустаҳкамлашни талаб этмоқда. Шунинг учун Асосий қонунимизда миллий соғлиқни сақлаш тизимини аҳоли саломатлигини сифат жиҳатидан яхшилашга хизмат қиладиган юксак малакали замонавий соҳага айлантириш масаласи ҳам, ҳеч шубҳасиз, тўғридан-тўғри амал қиладиган конституциявий қоида сифатида ўз ифодасини топиши зарур.

Ўзбекистон фуқаролари қонунда, энг аввало, Конституциямизда белгилаб қўйилган кафолатли тиббий ёрдам турларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга. Шу мақсадда биз турли тиббий суғурта шаклларини ривожлантириш учун конституциявий асос яратишимиз керак.

Давлат ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги масъулиятни англаган ҳолда, атроф-муҳитни асрашга қаратилган самарали чора-тадбирларни амалга ошириши шарт. Чунки соф ва тоза экологик муҳитсиз аҳоли соғлиғи ва миллат генофондини сақлаш ҳақида сўз юритишдан маъно йўқ. Бу ҳақда гапирганда, мен аввало, бугунги кунда экологик офатдан зарар кўраётган Оролбўйи минтақаси ҳақида ўйлайман.

Айни вақтда экология соҳасидаги ҳуқуқ бузилишлари оқибатида фуқаролар соғлиғига етказилган зарарни қоплаб бериш мажбуриятини давлат ўз зиммасига олиши керак. Бу ҳам Бош қомусимизда аниқ-равшан белгиланиши зарур.

Шу билан бирга, Конституциямизда тиббиёт ходимларининг юксак мақомини таъминлайдиган қоидани ҳам муҳрлаб қўйишимиз лозим.

Мурожаатларни таҳлил қиладиган бўлсак, уларнинг 8 минг 400 таси ёки 32 фоизи шахсий масалаларга оид бўлиб, бугунга қадар уларнинг 90 фоизи ҳал қилинди. Қолганлари ҳам қисқа муддатларда ўз ечимини топади.

Шу билан бирга, тиббиёт ходимлари ва аҳолимиз томонидан келиб тушган мурожаатларнинг 68 фоизи ёки 17 мингтаси тизимли масалалар ҳисобланади. Мисол учун, айрим тиббиёт муассасалари аҳоли учун узоқ ва ноқулай жойлашган. 3 мингдан ортиқ маҳалла аҳолиси оилавий шифокорлик пунктига бориш учун 10 километрдан 75 километргача йўл босишга мажбур бўлмоқда. Тиббий хизматлар аҳоли эҳтиёжига, ҳудудлардаги одамларнинг турмуш тарзига, маълум бир касалликларнинг кўпайишига қараб белгиланмаган.

Масалан, Қашқадарёда юрак-қон томир касалликлари биринчи ўринда бўлиб, ҳар йили камида 10 фоизга ошмоқда. Лекин кардиологлар штати ва шифохона ўринлари сони сўнгги 20 йилда ўзгармасдан келмоқда.

Бирламчи бўғинда 70 фоиз тиббий асбоб-ускуналар эскиргани туфайли кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати пастлигича қолмоқда. Шифокорларнинг ойлик маоши иш натижасига қараб эмас, лавозим тариф сеткасига кўра белгиланган. Таълим ва амалиёт бир-биридан узилиб қолган, тиббиёт олийгоҳларида битирувчиларнинг аксариятида иш фаолияти учун зарур амалий кўникма етишмайди.

Мана шундай камчилик ва нуқсонлар сабабли аҳоли тиббиёт тизимидан ҳали тўлиқ рози эмас. Шунинг учун мурожаатларда келтирилган масалаларни чуқур ўрганиб, уларни тизимлаштириб, 7 та муҳим йўналиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқдик. Ҳар бир банд бўйича аниқ молиявий манбалар, техник ечимлар ва амалий механизмлар белгиланди.

Биринчи йўналиш – мурожаатларнинг 55 фоизи бирламчи тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш ва уларнинг тармоғини кенгайтириш билан боғлиқ.

Мисол учун, Каттақўрғон туманидаги “Жизмон” маҳалласи аҳолиси тиббий хизматлар учун 48 километр масофани босиб, туман марказига боришга мажбур бўлмоқда. Вобкентдаги 3 мингдан зиёд аҳоли яшайдиган “Бозор жойи” маҳалласида оилавий поликлиника мавжуд эмас. Олис ва чекка ҳудудлар аҳолиси оилавий шифокор пунктларида врачлар етишмаслиги сабабли зарур тиббий хизматлар олиш имконияти йўқлиги ҳақида шикоят қилганҲақиқатан ҳам, 56 та тумандаги 243 та олис ва чекка маҳаллада 562 та шифокор лавозими вакант бўлиб турибди.

Ёки Мингбулоқ туманидаги 4 та оилавий шифокор пункти ходимлари ҳар ҳафтада 10 километрдан узоқ масофада жойлашган 15 та маҳалладаги 750 нафар беморнинг уйига бориб, уларни кўрикдан ўтказишга мажбур бўлмоқда. Ҳолбуки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига кўра, бирламчи тиббий хизмат пункти 3 километр узоқликда ёки пиёда борилса, 20 дақиқалик масофада жойлашган бўлиши керак.

Шу боис жойларда фуқароларимизга тез, қулай ва сифатли тиббий хизматларни кўрсатиш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга оширамиз. Бунинг натижасида 85 фоиз муаммоларни бирламчи тиббиёт муассасаларида ҳал қиладиган тизим яратилади.

Авваламбор, жойларда поликлиникалар тармоғи янада кенгайтирилади. Жумладан, 2022 йилда 136 та ва 2023 йилда яна 140 та янги поликлиника фаолияти йўлга қўйилади. 2023 йилдан бошлаб жойлардаги поликлиника филиаллари негизида 1 минг 100 та оилавий шифокор пунктлари ташкил этилади. Шу тариқа қарийб 1 миллион нафар аҳоли тиббий хизмат билан қамраб олинади.

Шунингдек, 2 мингдан зиёд олис ва чекка маҳаллаларда тиббиёт пунктлари ташкил этилади. Улар орқали ушбу маҳаллаларда 4 миллион аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади.

Хабарингиз бор, 2021 йилдан бошлаб бошқа жойдан олис ва чекка ҳудудларга камида уч йил ишлаб бериш учун келган шифокорларга 30 миллион сўм миқдорида бир марталик рағбат пули тўлаш, уларни хизмат уйи билан таъминлаш ёки ижара тўловини бюджетдан қоплаб бериш тизимини жорий этган эдик.

Энди “Қишлоқ шифокори” дастури янада такомиллаштирилади ва 2022 йил 1 майдан бошлаб олис ва чекка ҳудудларда фаолият олиб бораётган шифокорларнинг ойлик иш ҳақига 2 миллион сўмдан қўшимча устама тўланади. Ушбу шифокорларга ипотека асосида уй-жой сотиб олиш харажатининг 50 фоизгача қисми маҳаллий бюджетлардан қоплаб берилади. Бундан буён олис ва чекка ҳудудда узлуксиз уч йил ишлаган шифокор клиник ординатурага имтиҳонсиз қабул қилинади.

Яна бир масала – хабарингиз бор, иқлим ва аҳолининг турмуш тарзи ўзгариши (кам ҳаракатлилик, нотўғри овқатланиш) оқибатида дунёда асаб тизими, юрак-қон томир, диабет касалликлари тобора кўпайиб бормоқда. Мамлакатимизда ҳам, афсуски, ҳар йили шундай касалликларга учраган юз минглаб беморлар қайд этилмоқда. Лекин туман касалхоналарида бундай касалликлар бўйича ётиб даволанадиган бўлимлар йўқлиги сабабли беморлар вилоят ва республика шифохоналарига боришга мажбур бўлмоқда.

Энди ана шу касалликлар бўйича аҳолининг ўзи яшаётган жойда ихтисослашган тиббий ёрдам олиш имкониятлари кенгайтирилади. Жумладан, 2022 йилда туман марказий шифохоналаридаги ўринларнинг 10 фоизи неврология, эндокринология, кардиология касалликлари учун ажратилиб, бюджетдан молиялаштирилади. Бу кўрсаткич 2023 йилда 20 фоизга етказилади.

Иккинчидан, ҳар йили 2 мингдан зиёд малакали шифокорлар пенсияга чиқади. Келиб тушган мурожаатларда уларнинг 60 фоизи ўз фаолиятини давом эттириш истагини билдирган.

Бирламчи тизим қамровини кенгайтириш ва юкламани камайтириш мақсадида биз эндиликда бундай тажрибали шифокорларнинг якка тартибдаги оилавий шифокорлик фаолиятини юритишига рухсат берамиз. Бунинг учун алоҳида клиника очиш талаб этилмайди, балки бу тоифадаги шифокорлар ўз уйида ёки ижарага олинган бинода тиббий хизматлар кўрсатиши мумкин бўлади. Якка тартибдаги оилавий шифокорларга аҳолига бепул кўрсатилаётган хизматлари учун тўлов босқичма-босқич Давлат тиббий суғурта жамғармаси орқали берилади. Ушбу тажрибани дастлаб Сирдарё вилоятида бошлаймиз. Кейинчалик, зарур тайёргарликдан сўнг, бу тажриба босқичма-босқич барча ҳудудларда жорий этилади.

Учинчидан, оилавий шифокор пунктлари, оилавий ва кўп тармоқли поликлиникаларда стационар тиббий хизматлар кундузи соат 13.00 га қадар ишлайди. Шу сабабли аксарият аҳоли шифокор назорати талаб қилинмайдиган кечки даво олиш учун ҳам шифохонага ётишга мажбур.

Бу борада, яъни бирламчи тизимда кундузги стационарлар иш вақтини узайтиришни сўраб, 500 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Шу боис оилавий шифокор пунктлари, оилавий ва кўп тармоқли поликлиникаларда кундузги стационар иш вақти соат 20.00 гача узайтирилади. Уларда ишлайдиган шифокор ва ҳамшираларнинг иш ҳақига қўшимча устама тўланади.

Тўртинчидан, аҳолимизнинг 11 миллион нафарини 18 ёшгача болалар ташкил этади. Лекин, афсуски, аксарият туман ва шаҳарларда болалар поликлиникаси мавжуд эмас. Оқибатда бирламчи бўғинда болаларга манзилли ва малакали тиббий хизматлар кўрсатилмагани учун уларни даволаш ихтисослашган шифохоналар зиммасига тушмоқда.

Аҳолининг кўплаб эътирозлари ҳам поликлиникаларда болалар учун шароит йўқлиги билан боғлиқ. Энди бу тизимни ўзгартириш вақти келди. 2022 йил 1 майдан бошлаб барча кўп тармоқли марказий поликлиникаларда болалар бўлими ташкил этилади. 17 мингдан зиёд тиббиёт бригадаларига яна қўшимча 8,5 мингта болалар ҳамшираси ва доя (акушер) штатлари берилади. Улар оналарга болаларнинг соғлом бўлиб дунёга келишидан тортиб, вояга етгунига қадар тўғри парвариш қилишни ўргатади.

Болалар учун профилактик кўриклар дастури қайта кўриб чиқилиб, 18 ёшгача бўлган болаларни педиатр, стоматолог, эндокринолог, ортопед каби энг зарур мутахассислар томонидан манзилли кўрикдан ўтказиш тизими жорий қилинади.

Маълумки, 2021 йилдан бошлаб болалар учун овқатни бойитадиган қўшимчалар, витамин А ва гижжага қарши антигельминт препаратларни бепул бериш йўлга қўйилди. Ушбу ишларни давом эттирган ҳолда, 2022 йил 1 июлдан бошлаб 3-15 ёшли болаларга йод препаратлари давлат томонидан бепул тарқатилади. Бу орқали келгуси беш йилда болаларда буқоқ, камқонлик касалликларини 30 фоизга камайтириш, уларнинг ақлий ва жисмоний соғлом ривожланиши учун катта асос яратилади. Бу мақсадлар учун жорий йилда 60 миллиард сўм йўналтирамиз.

Яна бир масала – болаларга бирламчи бўғинда кўрсатилаётган тиббий хизматларни юқори технологик амалиётлар билан боғлаш зарур. Бу борада Республика ихтисослашган педиатрия марказида генетик лаборатория ҳамда унинг 13 та ҳудудий бўлимлари ташкил этилади. Ушбу лаборатория болалар орасида ногиронликка олиб келувчи, жумладан, кам учрайдиган (орфан) касалликларни эрта аниқлаш бўйича генетик текширувлар ўтказадиган замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланади. Бунинг учун 15 миллион доллар жалб қилинади.

Шунингдек, республикамизда спинал мушак атрофияси диагнози қўйилган бемор болаларга зарур дори воситаларини бепул етказиб бериш тизими жорий этилади. Бунга ҳар йили 110 миллиард сўм ажратилади.

Шу билан бирга, республикамиз бўйича 46 та туманлараро перинатал марказлар ташкил этилиб, уларда чақалоқлар реанимацияси бўлимлари фаолияти йўлга қўйилади.

Ҳаммамизга аёнки, фарзанд – бу ҳаёт қувончи, авлод давомчиси. Дунёга келаётган ҳар бир гўдакнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш учун биз бундан буён ҳам барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.

Бешинчидан. Маълумки, хусусий тиббиёт учун солиқ имтиёзлари ва субсидияларни қамраб олган қўшимча қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилган.

Хусусий клиникалардан тушган кўплаб мурожаатларда хориждан олиб келинадиган тиббиёт ускуналари ва буюмлари, эҳтиёт ва бутловчи қисмлар, сарфлов материалларига қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар бериш сўралган. Бу масаланинг муҳимлигини эътиборга олиб, жорий йил 1 апрелдан бошлаб тиббиёт ташкилотлари томонидан чет элдан олиб кириладиган тиббий жиҳозлар, буюмлар, асбоб-ускуна ва материаллар 2025 йил 1 январгача қўшилган қиймат солиғи ва божхона божидан озод қилинади.

Мурожаатларда, шунингдек, хусусий клиникаларга малакали мутахассисларни жалб этишда Ўзбекистонда ишлаш рухсатномаси учун 700 мингдан 40 миллион сўмгача тўлов мавжудлиги кўрсатилган. Ушбу талаб ҳатто қисқа муддатда юқори технологик операциялар ҳамда шифокорларга “мастер-класс” ўтказишга таклиф этилган мутахассисларга ҳам қўлланган.

Бундан ташқари, хусусий клиникалар мамлакатимизга тиббий туризм орқали даволанишга келган хорижий фуқаролар учун “туризм йиғими” тўлашга мажбур.

Ушбу муаммоларга тўғри ечим топиш учун 2022 йил 1 апрелдан бошлаб хорижий шифокорларга Ўзбекистонда ишлаш рухсатномасини бериш бўйича тўловлар миқдори кескин камайтирилади, хусусий клиникалардан “туризм йиғими” ундириш бекор қилинади. Хусусий тиббиёт муассасалари учун лицензия олишда санитария ва қурилиш талаблари тубдан қайта кўриб чиқилади.

Бир нарсани аниқ тушуниш зарур. Тиббиётда соғлом рақобат бўлсагина, аҳолига хизмат кўрсатиш сифати ошади, энг асосийси, одамларимиз рози бўлади. Шунинг учун соҳага хусусий секторни фаол жалб этиш, уларга тизимнинг ажралмас қисми сифатида ўнг кўз билан қараш керак. Бунда хусусий тиббиётни ривожлантириш учун фақат солиқ ва божхона имтиёзлари, арзон кредитлар беришнинг ўзи етарли эмас. Уларга давлат шифохоналари билан тенг шароитларда ишлаш учун имконият яратиш керак. Бу муҳим масалада соғлиқни сақлаш тизими ва ҳудуд раҳбарлари ўз ёндашувларини ўзгартириши зарур.

Айтингчи, қайси вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, соғлиқни сақлаш мутасаддилари ўз ҳудудида янги тиббиёт муассасаси қуриш ёки янги бир тиббий жиҳоз олишдан аввал ўша ердаги мавжуд хусусий клиникалар имкониятини ўрганиб кўрган?

Афсуски, бирон-бир ҳудуд ёки соҳада бундай таҳлил ҳам, ёндашув ҳам йўқ. Шунинг учун давлат ва хусусий тиббий хизматларни ягона тизим асосида ривожлантириш бўйича ўзаро ҳамкорлик механизмлари ишлаб чиқилади.

Очиқ айтиш керак, кўплаб хусусий клиникалардаги шароит, кўрсатилаётган хизматлар сифати давлат шифохоналаридан анча олдинга ўтиб кетган. Бундан фақат хурсанд бўлишимиз керак.

Бугунги кунда минглаб ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларимиз давлат шифохоналарида бепул ихтисослашган тиббий хизмат олиш учун навбат кутмоқда.

Бундан буён аҳоли имтиёзли йўлланма билан нафақат давлат шифохоналарига, балки ўзи танлаган хусусий клиникаларга ҳам бемалол бориши мумкин бўлади. Даволаниш учун ажратилган маблағ эса беморнинг ортидан боради.

Такрор айтаман – биз учун тиббиёт масканининг мулк шакли муҳим эмас. Энг асосий мақсадимиз – одамларимизнинг соғлиғини асраш, уларнинг дардига дармон бўлишдан иборат.

Олтинчидан, аҳолини арзон, сифатли дори-дармон ва тиббиёт воситалари билан узлуксиз таъминлашимиз керак. Бу борада фуқароларимиздан 550 та мурожаат келиб тушган.

Умуман, мамлакатимизда энг зарур бўлган дори-дармон воситалари нархини камида 30 фоизга арзонлаштириш бўйича барча чораларни кўрамиз. Бунинг учун келгуси беш йилда дори-дармон ва тиббиёт воситалари ишлаб чиқариш ҳажми 3 баробар оширилиб, маҳаллий дори воситалари билан таъминлаш даражаси 80 фоизга етказилади.

Бу мақсадларга эришиш учун миллий фармацевтика тармоғи ҳар томонлама қўллаб-қувватланади. Жумладан, маҳаллий корхоналар учун янги дори воситаларини қайта-қайта давлат рўйхатидан ўтказишга бўлган талаб бекор қилинади. Энди халқаро стандартга эга корхоналарга маҳсулотларнинг ҳар бир сериясини мажбурий сертификатлаш талаб этилмайди.

Ўзимизда ишлаб чиқарилаётган янги турдаги ижтимоий муҳим дориларни 3 йил давомида кафолатли харид қилиш тизими йўлга қўйилади. Фармацевтика корхоналари учун технологик ва лаборатория ускуналари, бутловчи қисмлар импортига божхона божлари бўйича имтиёзлар яна уч йилга узайтирилади.

Яна бир масала – анъанавий тиббиёт билан бирга, халқ табобатини ривожлантиришга ҳам жиддий эътибор қаратамиз.

Бир нарсани яхши тушунишимиз лозим. Халқ табобатининг устунлиги – касалликларни даволашда кимёвий қўшимчалари бўлмаган табиий доривор гиёҳларни кенг қўллашдир. Мамлакатимизда бундай доривор ўсимликларнинг 577 та тури аниқланган бўлиб, уларни табибларимиз асрлар давомида қўллаб келган ва самарасини амалда исботлаб берган.

Халқ табобатининг синалган усулларини замонавий тиббиётга интеграция қилиш орқали даволаш тизими натижадорлигини янада ошириш мумкин. Шу боис 2022 йилда самараси исботланган доривор ўсимликлар тиббий ёрдам кўрсатиш стандартлари ва протоколларига босқичма-босқич киритилади.

Барча тиббиёт олийгоҳлари ва техникумларда, ҳудудий Халқ табобати марказларида соҳа учун мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими жорий қилинади. Барча ҳудудларда Ибн Сино марказлари ташкил этилиб, улар томонидан мактаб, лицей, коллеж, техникум ва олийгоҳларда халқ табобати ва соғлом турмуш тарзини ўқитиш йўлга қўйилади. Ҳар бир поликлиникада халқ табобати хоналари, фитобарлар ташкил этилади. Дорихоналарда доривор воситалар бурчаги бўлиши лицензия талаби сифатида киритилади. Тиббиёт академиясининг клиникаси қошида Республика халқ табобати илмий-амалий марказининг 40 ўринли даволаш бўлими ва ҳудудларда филиаллари иш бошлайди.

Шу ўринда яна бир фикрни айтиб ўтиш жоиз. Биз жамиятимизда замонавий медицина ва халқ табобати бир-бирига рақобатчи ёки душман эмас, балки яқин ҳамкор деган муҳим тушунчани шакллантиришимиз керак.

Қанчадан-қанча машҳур табиблар дунёдан ўтиб кетяпти. Афсуски, улар билан бирга уларнинг илми ва тажрибаси ҳам йўқолиб кетяпти. Шу боис халқ табобатини кенг тарғиб этиш, жумладан, “Ибн Сино мероси билимдонлари” танловларини ўтказиш мақсадга мувофиқ.

Давоми бор

Tegishli xabarlar

Илм харитасини мукаммал эгалланг…

admin

Талабалар учун янги имкониятлар

admin

Мустақиллик балладаси

admin