ADOLAT 24

ОЛТИН ДАВРНИНГ КУНДУЗГИ, КЕЧКИ ВА СИРТҚИ МУАММОЛАРИ

Собиқ социалистик режим замонида талабалар тилида «Студентлик – олтин даврим!» деган гап бўларди. Бунинг замирида озгина қувлик ва киноя ҳам бор эди. Ўша пайт­лари пахта йиғим-терими бош­ланиши билан студентлар катта куч сифатида кўрпа-тўшаги билан чўллар орасидаги пахтазор­лар томон сафарбар этиларди ва токи марказ рухсат бермагунча даладан қайтишмасди. Сафарбарлик ва ундан қайтиш жараёнида студентлар қанчадан-қанча азобу уқубатларга дучор бўларди. Ўқиш даври бошланганда ҳам студентлар турли тадбирлару ҳашарлардан бўшамасди, борди-келди, ётоқхона ва овқатланиш масаласида ҳам талай тенгсизлик муаммоларига дуч келарди. 

Шукрлар бўлсинки, мустақилликнинг бугунги кунларига келиб талабалар оғир меҳнатдан қутилди. Чуқур ва тўлақонли билим олиш­лари учун ёшларга етарлича шароитлар яратилмоқда. Энг муҳими, янги олий ўқув юртлари ташкил этилиб, толиби илм бўлишни орзу қилиб юрган ёшларнинг кўнглига ёруғлик кирди. Бундан ташқари, хорижий мамлакатларга бориб ўқиш учун имконият эшиклари ланг очилди. Хорижда ўқишнинг қулай ва енгиллик томонлари кўплиги ёшларда қизиқиш уйғотди. Ота-боболаримизда «Чинмочинга бориб бўлса ҳам, илм ўрган!» деган нақл бор. У айни пайтда амалга ошди. Иқтидорли йигит-қизларимиз уйидан чиқмаган ҳолда имтиҳон топшириб, Россия, Хитой, Жанубий Корея, Англия, АҚШ, Германия ва ҳоказо давлатларга бориб, дунё илми сирларидан баҳраманд бўлишмоқда. 

Энг қизиғи, воқеа шу билан якун топмасдан, етуклик дипломини қўлга киритиб, малакали мутахассис бўлгандан сўнг улар ихтиёрий равишда ўша давлатлардан яхшигина маошга эга бўлган иш ҳам топиб олишмоқда. Бунинг боис ва сабаб­лари нимада десангиз, гап уларга яратилган имтиёз, қулай шароит, ҳурмат-эътиборнинг юксаклигига бориб тақалади. Она Ватан бағрида униб-ўсган, боғчада тарбия олган, мактабда таълим олган фарзандларимиз ҳаётга тайёр бўлганда бошқа давлатга хизмат қилиб, ўша давлатнинг равнақи ва яъни илм-фани, саноатининг ривожи учун билим ва салоҳиятини сарфласа алам қилмайдими! Алам қилади, албатта! Лекин уларни Ватанга қайтариш учун нима қилиш керак? Албатта, эъзозлаш, ҳурматини жойига қўйиш, хориждагидан-да зиёда шарт-шароит яратиб бериш керак бўлади. Агар ўз фарзандларимизга қулай шароит яратиб бермайдиган бўлсак, маб­лағдан қизғансак, тараққиётда оқсаш давом этаверади. Яъни, ҳосилнинг сарасидан ўзгалар баҳраманд бўлиб, ўзимизга бодрезаги қолаверади. 

Албатта, шунча гапдан кейин «Муаммонинг асл моҳияти нимада?» деган савол пайдо бўлади. Гап шундаки, Президентимиз ёшларимизнинг ўқишига, билим олишига, ҳунар эгаллашига муболағасиз жуда катта эътибор билан қарамоқда. У кишининг чин юракдан амалга ошираётган ташаббус­лари боис боғчадан бошлаб, токи олий таълимгача бўлган илм даргоҳлари янги тизимда ишлашга киришмоқда. Янги бинолар, ўқув қуроллари, замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, турар жойлардан тортиб, озиқ-овқатгача бўлган муаммолар босқичма-босқич ўз ечимини топмоқда. Бироқ олий таълимдаги энг катта муаммо бўлмиш контракт тўловлари масаласи ҳамон муаммонинг бошида турибди. Ва буни ижобий ҳал қилиш учун мутасаддилар етарлича бош қотираётгани йўқ. 

Одатда ҳеч бир ота-она ўз фарзандининг ётиб-туриши, еб-ичиши, усти-боши, таълим-тарбияси учун пул талаб қилмайди. Аксинча, машаққат билан топган пулини боласининг келажаги учун сарфлайди, билим олиши, ҳунар эгаллашига имкон яратиб беради. Мамлакатимизнинг олтиндан қиммат захираси бўлмиш ёш авлоднинг ўз даргоҳимизда катта маблағ сарфлаб ўқиши кишини таажжублантиради. 

Ҳозирги замонда чет элда таълим олаётган ёшларимиз мамлакатимиздаги шарт-шароитни бош­­қа мамлакатлар билан солиштириб кўради. Жумладан, Европа билан Осиёни боғлаб турадиган қардош Туркия давлатидаги ҳаётга қизиқиш бошқачароқ. Айтишларича, бу ерда талабалар ўқиши учун талай имкониятлар яратилган. Биринчидан, ўқишга кирган талаба контракт ҳақида ўйламас, ётоқхона ёки квартира қидириб сарсон бўлмас, ўқув даргоҳидаги ошхоналар жуда ҳам арзон нархда овқат тайёрлаб берар экан. Иккинчидан, талабалар учун барча автобус, метро, поезд ва самолёт чипталари арзон. Бошқа шаҳарларга қатнаб ўқийдиганлар ҳам қийналишмас экан. 

Яқинда икки қизи олийгоҳнинг кечки бўлимида таълим олаётган Мирсайфулло исмли киши билан суҳбатлашиб қолдим. У бир қизи учун 7 миллион 472 630 сўм, иккинчиси учун 7 миллион 697 минг сўм контракт пули тўлашини айт­­ди. Қизлари қишлоқдан шаҳарга – ўқишга қатнаши учун кунига камида 30 минг сўмдан пул сарфлашини айт­­ди. Ўқиш кечки соат йигирмадан ўтганда тугар, бориб-келиш асосан йўловчи транспортда экан. Боз устига иккиси ҳам ишсиз. Мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаб, сиртдан ўқийдиган Насиба исмли ўқитувчи аёл эса 8 миллион 600 минг сўм конт­рак тўлашини ва ойлик маоши 1 миллион 800 сўм эканини айтди. Мана шу суммаларни кундузи таълим олаётганларнинг контракт тўловларига солиштириб кўрадиган бўлсак, деярли фарқ қилмайди. Ахир уч йўналишда таълим олаётган талабанинг билим олиш шарт-шароити бир хил эмас-ку? 

Ахир, бир ўйлаб кўрайлик. Ўқишнинг кундузги ва кечки бўлимларини тушуниш мумкиндир. Аммо сиртқи бўлим-чи? Нима учун энди йил мобайнида бир-бир ярим ой таълим оладиган талаба кундузги ва кечки бўлимда ўқийдиган талаба билан бир хилда контракт пули тўлаши керак? Нима учун? Қани бу ерда мантиқ? Қани бу ерда математик асос? Олий таълим вазирлигида ўтирган мутасаддилар бу ғалати ҳолатни қандай изоҳлашар экан-а?  

Шу кунларда чўчиб турганимиз яна бир ҳолат бор. Яъни кўп­лаб олий ўқув юртлари босқичма-босқич хўжалик ҳисобига ўтказилмоқда. Энди, ўз аравасини ўзи торта бошлаган институт-университетлар маъмурияти бутун кучини фақат ва фақат пул топишга йўналтирмасмикан? Ана унда нима бўлади? Така бўлсин, сут берсин, деган ажаб­товур қарашлар илмни, талабаларнинг манфаатларини босиб кетмайдими?  

Аксарият талабалар оилали, олдида фарзандлари бор. Улар ишлаб топган пулини рўзғорини тебратиш, болаларини боқиш, кийинтириш учун сарфлаши керакми ёки контракт учун сарфлаши керакми? Боз устига уларга дарс соатлари кам қўйилади ёки энди эгалламоқчи бўлган касбига яраша тўлақонли иш билан таъминланмаган бўлади. Хўп, мамлакатимизда асосий эътибор ёшларининг олий таълим олишига қаратилган экан, уларни бу даражада қийин аҳволга солиб қўймаслигимиз керак-да! Ҳар бир талаба бўлган (хоҳ кундузги, хоҳ сиртқи, хоҳ кечки бўлсин) йигит-қизларимизга енгиллик яратиш зарур. Ахир улар бегона эмас, ўз фарзандларимиз, эртага қўлига етук­лик дипломини олган тақдирда ҳамма мутахассислар ҳам бегона юртларга мўмай даромад излаб кетиб қолмайди. Озига кўниб бўлса ҳам, шу юрт учун меҳнат қилади, тер тўкади. 

Президентимиз халқ таълими билан боғлиқ масалаларга бағишланган йиғилишлардан бирида: «Нажот тарбияда, нажот таълимда, нажот билимда!» деб бежиз айтгани йўқ. Биз ёшларимизнинг таълим, тарбия ва билим олишлари учун жиддий киришган эканмиз, аввало, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш йўлларини излаб топишимиз керак. Айниқса, дастлабки малакага эга бўлган сиртқи ва кечкида ўқиб, олий маълумот олиш йўлида ҳаракат қилаётганларни қўллаб-қувватласак, оғирини енгил қилсак фойдадан холи бўлмайди. Иқтидори борми, уни қўллаш керак. Шукрки, хоҳ қиш­лоқда, хоҳ шаҳарда бўлсин, ёшлар бугунги кунда илм излаяпти. Уларни бағримизга олсак, бошини силасак, кўмак берсак, кам бўлмаймиз. Зеро, билимли ёшларимиз қанча кўп бўлса, юксак марраларга шунча тез етишамиз. 

Муҳиддин ОМАД, 

журналист

Tegishli xabarlar

Тошкентда эмланмаган ходимларни аниқлаш бўйича текширувлар ўтказилмоқда

admin

Сайлов — биз учун катта имконият

admin

Тараққиётнинг адолатли танлови

admin