Бугунги кунда меҳр-оқибат ва садоқат тимсоли, хонадонларимиз фариштаси бўлган аёлларимиз она Ватанимиз равнақи йўлида турли соҳаларда фидокорона меҳнат қилиб келмоқда.
Шулардан бири Тўрткўл тумани “Шўрахон” овул фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, “Шуҳрат” медали соҳибаси Ўрингул Оллабергановадир. Байрам нафаси кезиб юрган шу кунларда у билан учрашиб, суҳбатлашдик.
– Онажоним маҳалламизнинг энг чиройли, ораста, меҳнаткаш, самимий, чаққон келини, аёли бўлган, – дейди Ўрингул Оллаберганова. – Энг асосийси, маҳалла аҳли онамизни вафодорлиги билан умрининг охиригача ҳурмат қилиб, шу кунгача онам ҳақида яхши таассуротларини айтиб юради. Оиласида жанжал чиққан келинлар, қайноналар онам маслаҳатига илҳақ эдилар. Кўпинча аразлаб кетиб қолган келинларни олдига солиб, оиласига олиб қайтардилар. Шу билан болаларининг етим бўлишининг олдини олишда ёрдами теккан. Куёвтўралар ҳам онамдан дакки эшитиб, хатосини тўғрилаган. Бундай ҳолатлар кўп бўлган. Шунда мен ҳам бир куни онамга ўхшаган аёл бўламан, деб фахрланардим. Маҳалламизнинг тўй-ташвиши онамсиз, онам маслаҳатисиз ўтмасди…
Тошкент Давлат Университетининг журналистика факультетини тугатиб, шу кунгача ўз маҳалламда хотин-қизлар соҳасида ишлаб келаяпман. 32 йиллик меҳнат тажрибам давомида бола уйимизда кўрганларим, онажоним ўгитлари асосида иш кўриб, кам бўлмадим. Болаларча ҳавас билан катта бўлганимда мен ҳам депутат бўламан деб юрардим. Шу кезлари депутат нима иш килишини билмасам-да, вақт ўтиши билан мен депутат бўлдим.
Кишлоқ жойга келин бўлганим туфайли, оила, бола ташвиши, кўпрок қайнонам ризолигидан чиқмаган ҳолда бошқа жойда ишлашни ихтиёр қилмадим. Лекин кам ҳам бўлмадим. Овулимиз турли миллат вакилларидан таркиб топган бўлиб, асосан ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ ва туркман миллати вакиллари яшайди. Мен уларни бирдай яхши кўраман, бирини опам, бирини укам деб билиб, ҳаётда кам бўлмадим. Элдошларимнинг ҳам меҳри мени доимо қўллаб туради. Қишлоғимдан икки кун нарига кетсам, дарров йўқлаб қолишади. Уларнинг олқишлари туфайли қатор-қатор танловларда ғолиб бўлдим, кичкина меҳнатим юксак баҳоланди. Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 10-20-30 йиллик тўёналари арафасида эсдалик кўкрак нишонлари билан, 2013 йилда эса Президентимиз фармонига кўра “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Икки нафар фарзандим бор, улар ҳам олий маълумотли. Бир нафар набирам бор.
2021 йилда “Йил аёли” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида фахрли иккинчи ўринни олдим. Эришганларимнинг барчасида онажонимнинг меҳри, халқимнинг ишонч ва муҳаббатини ҳис қиламан.
“Адолат” мен учун ҳаётда омадли партия бўлди. 2018 йилда партия аъзоси сифатида “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида фахрли биринчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлдим. Кейинчалик 2019 йилдан бошлаб “Адолат” партиясидан кўрсатилган номзод сифатида Қорақалпоғистон Республикаси депутатлигига сайландим.
Мен депутат, маҳалла вакили сифатида, қолаверса, давр аёли сифатида бир нарсани биламанки, ҳозиргидек аёлларга, оналарга эътибор, эҳтиром кўрсатилмаган. “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар” номига эмас, балки исботи билан натижа бераяпти. Ёлғиз аёлларга уйлар қуриб берилаяпти. Ўқиш учун талабаларга пул ажратилаяпти. 2001 йилда ижодкор ёшлар учун Жиззах вилоятининг Зомин туманида бўлиб ўтган танловда иштирок этиб, илк совринни Шавкат Мирзиёев қўлларидан олганимда, (шу кезлари юртбошимиз вилоят ҳокими эди) бу ерда яратилган шарт-шароитларни кўриб, менинг маҳаллам ҳам шундай обод бўлса эди, деган ўй билан қайтган эдим…
Мана йиллар ўтиб, Қорақалпоғистон ҳам шундай жаннатмакон юртга айланди. Орол бағрига шамол тегди, ҳаёт қайтадан қайтмоқда. Бу юрт ҳар доим менинг ташвишим, қувончим, мен раҳбар эканман бу элда оналар, аёллар хўрланишига йўл қўймайман, деган сўзлар биз аёлларга куч ва шижоат бағишлайди, кўнгилларга таскин беради.
Юртимизда доимо тинчлик-омонлик ҳукмрон бўлсин.
Манба: ЎзА