ADOLAT 24

ҚЎЙҚИРИЛГАН   ҚАЛЪАНИНГ ҚАДИМ СИРЛАРИ

Эрамиздан олдинги мингинчи йилликлардан милодий X асргача кечган даврда Қизилқумнинг Оролбўйи региони билан туташ нуқталарида, Амударё ва Сирдарё оралиғидаги гуллаб яшнаган воҳада қадимий Хоразм давлатининг бир неча юзлаб шаҳар, қалъа, кентлари қад ростлаган. Эндиликда уларнинг бир қисми замин устида вайроналарга айланган ҳолда, бошқа бир қисми эса хароба тарзда қумлар бағрига кўмилиб ётибди.

Ўтган асрнинг 30-йилларидан бошланган археологик қазишма ишлари натижасида 50 дан ошиқ шаҳарлар, қалъалар қолдиқлари очиб, ўрганилди. Бу тарих саҳифаларини кўплаб янгиликлар билан бойитди. 1938 йилда Хоразм археология-этнография экспедицияси томонидан самолётда археологик кузатиш ишлари олиб борилаётган пайт­­да қумлар бағрида айлана шаклдаги қалъа вайроналари кўзга ташланади. Қалъа вайроналари ўтган асрнинг 50-60 йилларида археологлар томонидан тадқиқ этилган. Археологик қазишмалар натижасида қалъанинг марказий қисмидаги иншоотларнинг аксарият қисми очилади. Оқибатда қалъа қадимий Хоразмнинг антик даврига оид, шаҳарсозлик услуби жиҳатдан ўзига хос бўлган, салкам уч минг йиллик маданий қатламга эга шаҳар эканлиги аниқланади. У тарихга маҳаллий аҳоли томонидан берилган атама – Қўйқирилган қалъа номи билан киритилади.

Қўйқирилган қалъанинг маданий қатламида олиб борилган археологик қазишма ишлари натижасида шаҳар учта қисмдан иборат бўлганлиги аниқланган. Биринчи қисм – шаҳар марказидаги бинони ўз ичига олган. Бу бино ер остидаги 8 та хона ҳамда ер устидаги икки қаватдан иборат хоналарни ўзига бирлаштирган. У алоҳида мус­таҳкам мудофаа девори билан ўраб олинган. Қалъанинг иккинчи қисми – марказий бино атрофидаги уйлар, иншоотлардан ташкил топган. Улар асосий бинога ҳамма томондан тақаб солинган. Шунинг учун қалъа­нинг биринчи ва иккинчи қисмлари ўзаро узвий боғланиб кетган. Қалъанинг иккинчи қисми ҳам алоҳида мудофаа деворига эга. Бу мудофаа деворининг атрофи барча қадимий шаҳарлар сингари чуқур ва ниҳоятда энли ҳандақ билан ўраб олинган. Шаҳарнинг учинчи қисми – ушбу мустаҳкам қалъа атрофидаги иншоотлар, аҳоли турар-жой масканларидан иборат. Бошқача айтганда, Қўйқирилган қалъа биринчи қисми арк, иккинчи қисми шаҳристон, учинчи қисми работ шаклида тикланган. Тарихий маълумотларга кўра, шаҳарнинг ҳар бир қисми алоҳида давр­ларда барпо қилинган. Унинг марказий қисмидаги бино эрамиздан олдинги VI – IV асрлар оралиғида, атрофидаги иншоотлар эса милоддан олдинги I аср ва милодий III асрларда, қалъа ташқарисидаги уйлар милодий эранинг IV – VIII асрларида қурилганлиги эътироф этилади. Шу билан бирга археологлар Қўйқирилган қалъа ўзидан аввал мавжуд бўлган турар-жой мас­канлари, аниқроғи, олдинги вайрон бўлиб кетган қалъа устига қурилганлиги ҳақида маълумот берганлар. Демак, бу ҳол ушбу масканда шаҳарсозлик маданияти эрамиздан олдинги мингинчи йиллар бошидан ва ундан ҳам олдин бошланганлигини кўрсатади.

– Дунёда инсониятнинг энг қадимий маданият бешиги, давлатчиликнинг юзага келишига замин бўлган, илк цивилизациялар юксалган масканлардан бири Хоразм воҳаси ҳисобланади. Қўйқирилган қалъа ана шу заминдаги илк шаҳар дейиш мумкин, – дейди россиялик археолог, Хоразмда кўп йиллар археологик қазишма ишларини олиб борган Сергей Болелов. – Бу шаҳар воҳада эрамиздан олдинги уч мингинчи йилликлардан бошланиб милодий V асрларга қадар етиб келган Калта минор, Тозабоғёп, Амиробод маданиятлари билан боғлиқ тараққиётнинг барча даврларини бошидан кечирган. Унинг бағрида ана шу маданиятларга хос тараққиёт, ишлаб чиқариш элементлари тўла сақланган. Қалъанинг қурилиши ҳам ўзига хос. Унинг пойдеворининг энг пастки қисмида қотирилган қумдан иборат асос мавжуд. Бу асос устига пахса девор тикланган. Пахса деворнинг илк қатлами сақланиб қолган. Бу қатлам устида гуваладан иборат мустаҳкам девор қад ростлаган. Ушбу гувалали девор тепасида эса хом ғиштдан иборат девор қурилган. Ана шундай асосли девор эндиликда вайронага айланган. Унинг қумлар бағрида сақланиб қолган айрим қисмлари 3,5-4 минг йиллик тарихдан гувоҳлик беради. Қалъа атрофида қадимий каналлар ўзанлари, экин экилган далалар излари ҳам элас-элас кўзга ташланади. Дунёда ана шундай архитектуравий кўринишга ҳамда қурилиш асосига эга бўлган шаҳарлар қадимий Мисрда, Бобилда, Африканинг Лимпопо дарёси соҳилларидаги харобаларда намоён бўлади, холос. Археолог­лар уларни 4 минг йиллик тарихга эга деб ҳисоблашади. Демак, Қўйқирилган қалъа ҳам ана шу тарих саҳифаларини тўлдиради.

Қўйқирилган қалъа архитектуравий режаси, қурилиши, иншоотлари лойиҳаси, кўриниши ва бошқа жиҳатлари билан қадимий шаҳарсозлик намуналаридан ажралиб туради. Маълумки, антик давр шаҳарлари катта-кичиклигидан қатъи назар, нафақат Хоразмда, балки Ўрта Осиё, умуман, Шарқда тўғри тўртбурчак, кўпбурчак, овал шаклларда қурилган. Бу шаҳар эса тўла равишда ўзгача усулда – айлана тарзда қад ростлаган. Хўш, бу қалъа нега шундай қурилган? Бунинг маълум сабаблари бор. Янги эрадан аввалги XI – IX асрларда ва ундан кейинроқ – зардуштийлик ривож топган давр – милодий эрадан аввалги VII – IV асрларда қуёшга топиниш асосида унга монанд айлана тарзда иншоотлар тиклашга эътибор берилган. Шунингдек, зардуштийларнинг ибодатхоналари ҳам ана шундай айлана шаклда барпо этилган. Қадимий Хоразмдаги Сингиртом, Девқалъа, Тагискен, Қорақалпоғистон ҳудудидаги Чилпиқ, Бухородаги Замонбобо, Тошкентдаги Шоштепа иншоотлари ана шундай айлана тарзда тикланган. Қўйқирилган қалъанинг марказидаги бино ҳам вазифасига кўра зардуштийлар ибодатхонаси ҳисобланган. Ибодатхона айланасининг диаметри 44,5 метрдан иборат бўлган. Унинг айлана деворининг қалинлиги 7 метрдан ошган. Баландлиги эса 20 метрга етган. Ибодатхонада олов доимо ёниб турган. Археологларнинг маълумотларига кўра, бу ерда одамлар суяклари солинган остодонлар ҳам сақланган. Тарихдан маълумки, зардуштийлар ибодатхоналари айни пайт­­да мақбаралар вазифасини ҳам бажарган. Шаҳарнинг марказидаги бу бино – ибодатхонанинг айлана шаклда қурилиши унинг ниҳоятда қадимий архитектура ансамбли эканлигидан дарак беради.

Қўйқирилган қалъа антик даврда зардуштийликнинг маданий маркази ҳисобланган. Буни ўша даврда ушбу қалъа атрофида барпо этилган, ҳаётнинг турли жабҳалари ва ишлаб чиқариш учун ихтисослашган шаҳарларнинг мавжудлиги ҳам исботлайди. Масалан, Ангқа қалъада ҳукмдорларни ҳимоя қиладиган қўшин сақланган. Бозорқалъа эса савдо марказларидан бири бўлган. Одамлиқалъада кулоллар яшаган ва сопол буюмлар ишлаб чиқариш ниҳоятда ривожланган. Қарға қалъа ва Эрес қалъа кема тайёрловчилар ҳамда сув йўлларида хизмат қилувчиларнинг қароргоҳлари бўлган. Жонбосқалъа эса деҳқончилик маҳсулотлари етказиб берадиган катта шаҳар ҳисобланган. Кўкча кенти ва қабристони остодонлар тайёрланадиган жой вазифасини бажарган. Шу билан бирга бу жойда зардуштийларнинг “Сукунат миноралари” ҳам жойлашган. Қўйқирилган қалъадан топилган остодонлар ишланиши, кўриниши жиҳатдан бошқа ассуарийлардан ажралиб турган. Остодонларнинг тепа қисмида эркак, аёл, болаларнинг ўтирган ҳолатдаги ҳайкаллари ишланган. Остодонларга эса одамларнинг суяклари қўйилган. Қазишма ишларини олиб борган археологлар остодон устидаги ҳайкаллар Қўйқирилган қалъадаги бош коҳинлар, уларнинг хотинлари, болалари, бошқача айт­ганда, ҳукмдорлар ва уларнинг оила аъзолари қиёфаларига тегишли деган хулосага келганлар. Ушбу ҳолат ҳам Қўйқирилган қалъанинг ҳукмдорлар қароргоҳи бўлганлигидан дарак беради. 

Қўйқирилган қалъадаги ибодатхонани зардуштий коҳин бошқарган. Коҳин эса ўша даврда нафақат ибодатхонанинг, балки шаҳар ва вилоятнинг ҳам ҳукмдори саналган. Шу сабабли қалъадаги ибодатхонани бошқарган коҳинлар уни янада каттайтириш, улуғвор қилиб қуриш, воҳадаги зардуштийлик марказига айлантиришга интилганлар. Ва бунга эришганлар. Шаҳар марказидаги ибодатхона ниҳоятда юксак, муҳташам қилиб тикланган. Ибодатхона атрофида унга хизмат қилувчилар учун бинолар, турли иншоотлар барпо этилган. Диаметри 120 метрдан ортиқ шаҳристон вужуд­­га келган. Шаҳристон ҳам ибодатхонага монанд айлана шаклда яратилган. Бунда ҳам қалъанинг қуёшга монандлик ҳолати сақлаб қолинган. Зардуштий коҳинлар шаҳарнинг мудофаа ишларига алоҳида эътибор берганлар. Ўша даврларда катта шаҳарларга Оролбўйи кўчманчи қабилалари – саклар, аппасиаклар, массагетлар босқинчилик ҳужумлари уюштириб турганлар. Улардан ҳимояланиш учун қалъа икки қатор – ҳам марказий бино, ҳам шаҳристон ҳимоя деворлари билан ўраб олинган. Мудофаа деворлари устида ҳимоячилар эркин ҳаракат қилишлари учун эни 3 метрлик йўлак қурилган. Ташқи мудофаа деворининг баланд­лиги 8 метрдан ошган. Бу деворнинг 9 та буржли минораси мудофаа ишларини кучайтириш, атрофни кузатиш учун хизмат қилган. Шаҳристонга кириш қисми ниҳоятда мукаммал ишланган. Аввал тўртбурчак шаклдаги мустаҳкам деворли бино тикланган. Унга алоҳида дарвоза орқали кирилган. Кейин лабиринт усулдаги шаҳристон дарвозаси мавжуд бўлган. Шаҳристон атрофидаги ҳандақнинг эни 15 метр, чуқурлиги эса 5 метрдан ошган. Сув тўла бу ҳандақ шаҳар ҳимоя­­си учун хизмат қилган. Ана шундай тарзда қурилган Қўйқирилган қалъа зардуштийларнинг Хоразмдаги бош ибодатхонаси, оташгоҳига ва ҳукмдорлик марказига айланган.

– Қўйқирилган қалъанинг айланма, доира шаклида қурилишида бу ерда аҳолининг қуёшга топиниши ва қуёшнинг ҳолатини заминда илоҳийлаштириш, уни улуғлашдан ташқари бошқа бир тарих ҳақиқати ҳам бор. Археологларнинг қазишмалари натижасида қалъада эрамиздан олдинги даврларда, VII – IV асрларда ўликларни оловда куйдириш маросими ўтказилганлиги аниқланди, – дей­ди германиялик қадимшунос олим Николас Бороффка. – Ўлик куйдириш маросимида вафот этган одамнинг буюмлари ҳам унга қўшилиб ёқилган. Қалъанинг энг пастки қисмидан топилган кул қолдиқлари, ҳукмдорлар ва уларнинг яқинлари ҳоклари куллари ҳар хил идишларда шаҳар ибодатхонасида сақланганлиги шундан дарак беради. Зардуштийларнинг бундай маросимлари ҳақида “Авесто” китобида маълумот келтирилади. Асарнинг “Видевдат” қисмининг биринчи фаргардида ўликни куйдирадиган ана шундай жой “Чаҳра” номи билан аталган. Зардуштийлар тилида “Чаҳра” сўзи айлана, ғилдирак деган маънони билдирган. XIX аср тарихчиси Баёний Султон Увайс тоғи атрофидаги жойлардан бирининг қадимий номи Чагра деб аталашини айтиб ўтади. Юқоридаги фикрларни умумлаштирадиган бўлсак, Султон Увайс тоғи атрофларида Қўйқирилган қалъадан бошқа доирасимон шаклдаги шаҳар мавжуд эмас. Демак, бу ердаги ибодатхона олис ўтмишда Чаҳра номи билан аталган. Бу эса шаҳарнинг қадимий тарихи билан бирга, “Авесто” асарининг ёзилиши ва унда кечган воқеалар қадимий Хоразм билан боғлиқ эканлигини ҳам кўрсатади.

Қўйқирилган қалъада ҳаёт эрамиздан олдинги V асрда бошланиб, милодий эранинг VIII асрига қадар давом этган. Албатта, бу ерда ҳаёт изчил кечмаган. Шаҳарда аҳоли дастлаб милоддан илгариги V–II асрлар оралиғида яшаган. Кўчманчи қабилаларнинг хуружлари, хунларнинг босқини туфайли қалъа II асрда вайрон қилинади. Аҳоли уни ташлаб кетади. Унинг бир қисмида ҳунармандлар устахоналарини жойлаштириб, турли хил қуроллар ишлаб чиқарадилар. Кейинчалик улар ҳам қалъани тарк этадилар. Бир асрдан кейин қалъа қайта қурилиб, бу ерда ҳаёт давом этади. Шаҳарнинг иккинчи бор ҳалокатга учраши милодий эранинг III асри бошларида рўй беради. Бу давр­­да урушлар, низолар натижасида ирригация системалари ишдан чиқади. Оқибатда шаҳар сув манбаидан узилиб қолади. Бу эса Қўйқирилган қалъаликларнинг шаҳарни яна тарк этишларига олиб келади. Милодий IV аср бошларида Хоразмда африғийлар давлатининг кучайиши сабабли шаҳар яна обод бўлади. Шаҳристон қайта тикланади, унинг атрофида работлар барпо этилади. Ишлаб чиқариш ривожланади. Лекин VII асрда араб­лар босқини туфайли шаҳарда ҳаёт батамом сўнади. Ёнғин натижасида вайронага айланиб, қумлар остига кўмилади. Кейин­­ги йилларда тарихчилар, қадимшунослар шаҳарнинг асл номини аниқлаш борасида изланишлар олиб бормоқдалар. Хусусан, ўрта аср муаррихлари Таборий ва Мақдисий асарларидаги маълумотларга таянган ҳолда қалъа номи Арзахива ёки Зардух деб аталган деган фикрлар ўртага ташланмоқда. Бу ҳам шаҳар тарихини тадқиқ этиш йўлидаги интилишлардан бири ҳисобланади.

Қўйқирилган қалъа милодий эрамиздан аввалги VIII – II асрларда зардуштийларнинг нафақат маданий, диний пойтахти, балки ишлаб чиқариш тараққий этган ҳунармандчилик маркази сифатида ҳам донг таратган. Қалъа марказидаги Арк атрофида жойлашган шаҳристон, уни ўраб олган работларда кулолларнинг устахоналари, тош йўнувчи, мармарга ишлов берувчи, ҳайкалтарошлар дастгоҳлари, металлсозлар печлари, шишасозлар хумдонлари, муҳрсозлар, мусаввирлар, заргарлар расталари ва ҳунармандчиликнинг бошқа кўплаб турлари билан боғлиқ масканлар фаолият юритган. Қалъа ҳудудида олиб борилган археологик қазишмалар натижасида бу ердан 10 мингдан ортиқ ҳар хил буюмлар намуналари ва уларнинг қолдиқлари топилганлиги ҳам ҳунармандчиликнинг ниҳоятда тараққий этганлигини кўрсатади. Қадимшунослар бу ердан топилган ҳунармандчилик ашёларини уч гуруҳга ажратадилар. Биринчи гуруҳга ўша давр Хоразм давлати ҳунармандчилигига хос бўлган барча маҳсулотлар кирса, иккинчи гуруҳга Қўйқирилган қалъалик ҳунармандлар ясаган буюмлар мансуб деб баҳоланган. Учинчи гуруҳдан эса Хоразмга четдан келтирилган ҳунармандчилик ашёлари ўрин олган. 

Камол МАТЁҚУБОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Tegishli xabarlar

Дорилар рекламаси: мақтовлар жойида, уларнинг салбий жиҳатларичи?..

admin

Ўқитувчилар “АDOLAT”дан миннатдор

admin

ҲУКМДАН ОЛДИН ОТИЛГАН ВАЗИР (Иккинчи мақола)

admin