ADOLAT 24

Ҳалоллик вакцинаси — тараққиёт гарови

Коррупция жамиятни чирмовуқдек ўраб оладиган даҳшатли иллатдир. У демократия ва адолат тамойиллари устуворлигига жиддий путур етказиб, инсон ҳуқуқлари бузилишига, қадр-қиммати топталишига олиб келади ҳамда давлат ва жамият тараққиётига тўсқинлик қилиб, фуқаролар турмуш даражасини ёмонлаштиради ва одамлар ҳаётини хавф остида қолдиради. 

Айни даврда ҳукуматимиз томонидан ушбу иллатдан буткул халос бўлиш, унинг ҳар қандай кўринишини таг-томири билан йўқ қилишга қаратилган қатор чора-тадбирлар кўрилиб, унга қарши курашишда турли усуллар қўлланилмоқда. Аммо таъкидлаш жоизки, коррупцион ҳолатларнинг олдини олишда бугунги кунда эришилган тажрибалар, аввало, ушбу жамиятда яшаётган ҳар бир инсоннинг қалбида мазкур муаммога қарши муросасизлик фазилатларини шакллантириш лозимлигини талаб этмоқда. 

Маълумки, «Адолат» социал-демократик партияси ташкил топган даврдан бош­лаб бугунги кунгача давлат ва жамият ҳаётида адолат тамойилларини таъминлаш, коррупцион ҳолатларни бартараф этишга қаратилган муҳим ташаббусларни илгари суриб, салмоқли ишларни қилишга улгурди. Жорий йилнинг 22 февраль куни Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида бўлиб ўтган «Ҳалоллик вакцинаси – тараққиёт гарови» номли конференциянинг ўтказилиши ҳам партиянинг айни масаладаги фаолиятининг мисолидир.

Гибрид шаклда ташкил этилган мазкур тадбирда “Адолат” СДП Марказий аппарати ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаоллари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг раҳбар ходимлари ҳамда партия фаоллари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бош­қарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда «Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган тадбир доирасида «Коррупция – ёшлар нигоҳида» китобининг тақдимоти ўтказилиши конференция мазмун-моҳиятини янада бойитди.

Тадбирни очиб берган «Адолат» СДП Сиё­сий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов мамлакатимизда юз бераётган ҳуқуқий-демократик жараёнларда ҳукуматимиз томонидан амалга оширилган ислоҳотларнинг аҳамиятини юқори баҳолаб, ушбу жараёнларда сиёсий партиялар, хусусан, «Адолат» СДПнинг фаол иштирокчи ва ташаббускор бўлаётганини таъкидлаб ўтди. У мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий тараққиётни, фуқароларимиз фаровонлигини кўзлаб амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигига салбий таъсир этаётган омил бу – коррупцион ҳолатлар эканлигини қайд этиб, мазкур муаммога ечим топишда барча ташкилотлар ҳамкорликда иш олиб бориши лозимлиги хусусида тўхталди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров қатнашиб, сўзга чиқди:

– Бугунги кунда давлатимизда очиқ ва ошкоралик тамойилларига кенг йўл очиб берилганлиги коррупцияга қарши кураш йўлида олиб борилаётган ишлар суръатини янада жадаллаштирмоқда. Зотан, давлат ва жамият ўртасидаги ҳамфикрлилик коррупция­ни батамом, таг-томири билан қуритиш йўлидаги энг самарали усулдир.

Тадбир давомида «Коррупция – ёшлар нигоҳида» китобининг яратилиш тарихига назар ташланиб, «Адолат» социал-демократик партияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган ғоялар доирасида умумтаълим мактаблари (шунингдек, ихтисос­лаштирилган махсус мактаблар) ўқувчилари онгига коррупциянинг жамият ривожига салбий таъсирини содда ва тушунарли қилиб етказиш ҳамда уларнинг ҳуқуқий билимларини ўстириш, коррупцияга қарши нафрат туйғусини уйғотиш мақсадида «Коррупция – ёшлар тасаввурида» иншолар танлови ўтказилгани, унда республика бўйича 8642 та умумтаълим мактабларидан 445 мингдан ортиқ ўқувчилар ўз иншолари билан иштирок этгани айтиб ўтилди. Аҳамиятлиси, иншолар танловининг якуни бўйича ҳудудлардан 84 нафар ўқувчи ғолиб деб топилиб, ушбу ўқувчиларнинг иншоларини саралаш ва жамлаш орқали «Коррупция ёшлар нигоҳида» китоби чоп этилди.

Тадбирда иштирок этганлар томонидан коррупцияга қарши курашишда муросасиз бўлиш ва «Ҳалоллик вакцинаси» ҳақида ёшлар ўртасида кенгроқ тушунтириш ишларини олиб бориш лозимлиги таъкидланди.

Умиджон Сулаймонов, 

«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари:

– «Ҳалоллик вакцинаси» – бу ёшларимизда коррупцияга қарши иммунитетни шакллантириш, уларда коррупциянинг ёмон иллат эканлиги ҳақида тушунча ҳосил қилиш ҳисобланади. Бугун бизнинг олдимизда турган муҳим масала ҳам айнан шу. Бу борада «Адолат» социал-демократик партияси ўз олдига коррупцияга қарши курашиш масаласини устувор мақсад сифатида белгилаб олган, бугунги тадбир ҳам соҳадаги амалий ишларимизнинг намунасидир.

Ислом Ҳамроев, 

«Adolat» газетаси Бош муҳаррири, 

«Коррупция – ёшлар тасаввурида» иншолар танлови ҳайъат аъзоси:

– Бугун жамиятимизда коррупцион ҳолатларни бутунлай бартараф этишни мақсад қилган эканмиз, ортимиздан келаётган ёш авлодни ҳам мазкур иллатга тоқатсиз муносабатда бўлишлари учун тайёрлаб боришимиз лозим. Шу ўринда, ўз-ўзидан бир масала юзага чиқади: бу ҳам бўлса, бугун ёшларимизнинг коррупцияга нисбатан муносабати қандай? Буни, албатта, ўрганишимиз, таҳлил қилишимиз лозим. Партиямиз томонидан «Коррупция – ёшлар тасаввурида» иншолар танловининг ташкиллаштирилишида ҳам айнан шу жиҳатлар ҳисобга олинган. Аҳамиятлиси, мен ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида танлов жараёнларида шунга гувоҳ бўлдимки, бугун ёшларимизнинг онгида коррупцион ҳолатларга, адолатсизликка нисбатан исён ва тоқатсизлик бор. Бу, албатта, келгусида коррупцияни йўқ қилишга қаратилган чора-тадбирларимизда ўз самарасини беради. 

Тадбирда партия томонидан ташкиллаштирилган иншолар танловининг ғолиблари тақдирланди.

Диёра Болтабоева, 

Тошкент шаҳридаги 267-мактаб ўқувчиси, танлов ғолибаси:

– Коррупция ҳозирги кунда ҳар қандай соҳанинг ривожланишига тўсқинлик қилувчи иллат ҳисобланади. Агар ҳаётимиздан ушбу иллатни буткул бартараф этсак, жуда ҳам ижобий иш бўлар эди. Мен «Адолат» социал-демократик партияси томонидан «Коррупция – ёшлар тасаввурида» иншолар танлови ўтказилаётганлигидан хабар топиб, унда иштирок этдим ва ғолиб бўлдим. Ўзим ёзган иншода ўз фик­римни, муаммони бартараф этиш борасидаги таклифларимни баён этдим. Мен ёзган иншо ҳайъат аъзолари томонидан кўриб чиқилиб, ғолибликка муносиб кўрилганлигимдан хурсанд­ман. Келажакда юрист бўлмоқчиман ва албатта, жамиятимизда коррупцион ҳолатларни бартараф этишга ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.

Комила Бахтиёрова, 

танлов ғолибаси:

– Коррупция – шундай қабиҳ иллатки, у нафақат катта ёшли инсонларнинг, балки ёшларнинг ҳаётига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатади. Оддий мисол сифатида, ёшларга таълим берувчи муассасалардаги коррупцион ҳолатларнинг учраб туриши, уларнинг истеъдодини, иқтидорини тўла намоён қилиш­ларига тўсқинлик қилиб, уларда давлатга ва жамиятга нисбатан салбий қарашларнинг шакл­ланишига олиб келади. «Адолат» социал-демократик партияси томонидан «Коррупция – ёшлар тасаввурида» иншолар танловининг ўтказилиши айнан биз каби ёшларга ўзимизнинг фикр ва мулоҳазаларимизни, қолаверса, таклифларимизни юзага чиқариш имконини яратиб берди. Бунинг учун танловнинг барча ташкилотчиларига миннатдорлик билдираман. 

Муродилло Маҳмудов, 

«Адолат» СДП Марказий аппарати мутахассиси

Tegishli xabarlar

Xалқимиз фаровонлигини сақлаб, ташқи томондан бўлаётган баъзи ҳаракатларга бирдамликда собитқадамликни йўқотмаслигимиз керак

admin

Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ: Кимдир яхши китобга зор…

admin

ОДИЛ СУДЛОВ ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА ОШИРИШНИ САМАРАЛИ ТАШКИЛ ЭТИШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

admin