ADOLAT 24

Дунё нигоҳидаги дилбар шахс

“Бобур дилбар шахс, Уйғониш даврининг типик ҳукмдори, мард ва тадбиркор шахс бўлган. У санъатни, адабиётни севган, ҳаёт нафосатидан лаззатлана билган. Бобурнинг Ҳиндистонга келиши туфайли Ҳиндис­тонда буюк ўзгаришлар содир бўлди, ҳаётда, санъатда меъморчиликда ва маданиятнинг бош­­қа соҳаларида ўзгача гўзал тараққиёт юз берди”.

Жавоҳарлаъл Неру

1992 йилнинг февралида таъсис этилган Бобур халқаро жамоат фонди тарихимизни тиклаш, маънавиятимизни янада юксалтириш, заминимиздан етишиб чиққан буюк аждодларимиз хотираларини абадийлаштириш, улар қолдирган бой илмий-маданий мерос намуналарини излаб топиб, Ватанга олиб келиш ва илмий истеъмолга киритиш каби хайрли ишларни амалга ошириб келмоқда.

Биринчидан, амалий-меъморий “Бобуршунослик” бўйича Андижон шаҳрининг Боғишамол даҳасида 1992 йил ташкил қилинган Бобур боғида, истироҳат боғларига қўйиладиган анъанавий ва замонавий талаблар асосида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш каби бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Ундаги Заҳириддин Муҳаммад Бобурга қўйил­ган ҳайкал, “Бобур ва жаҳон маданияти” ва “Андижон шаҳарсозлик маданияти тарихи” музейлари, шоирнинг қабр-мақбараси комплекс бинолари, маънавият маркази, обсерваториянинг бунёд этилиши Бобур сиймоси ва шаънини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Бобур боғида ҳар йили Бобур таваллуди куни илмий-амалий конференция ва маданий ҳордиқ чиқариш концертлари мунтазам ўтказилади. Ҳар 5 йилда Бобурга бағишланган халқаро анжуманлар ўтказилиб келинмоқда.

Бобур номидаги халқаро илмий экспедицияси фонд таъсис этилган кундан ҳозиргача 30 маротаба чет элларга сафарлар уюштириб, дунёнинг 30 дан зиёд давлатларидаги университет, музей, кутубхона, илмий марказлар ва шахсий коллекцияларда бўлиб, Темур ва темурийлар, Бобур ва бобурийлар асарлари ва улар ҳақидаги 20 дан зиёд тиллардаги китоб ва қўлёзма асарлар Ўзбекистонга олиб келиниб, Андижондаги “Бобур ва жаҳон маданияти” музейига топширилди ва илмий истеъмолга киритилмоқда.

Ана шулар орасида “Хатти Бобурий” билан битилган Қуръони каримнинг Машҳад шаҳридаги Имом Ризо мажмуасида сақланаётган нусхаси, Бобур куллиётининг Теҳрон шаҳрининг Гулистон музейида сақланаётган нусхаси, “Бобурнома”нинг 1857 йилги Қозон нашри (Николай Ильминский), “Бобурнома”нинг “Саларжанг” музейида сақланаётган Ҳайдаробод нусхаси ва бошқалар алоҳида ўрин тутади. Айни пайт­­да чет элларда Темур ва темурийлар, Бобур ва бобурийлар ҳақида ёзилган Анна Флора Стилнинг “Тож кийган дарвеш”, Вильям Рашбурукнинг “Ўн олтинчи аср бунёдкори”, Румер Годеннинг “Гулбадан”, Ҳарольд Ламбонинг “Бобур — йўлбарс”, А.Коргарнинг “Темурийлар”, У.Эрскиннинг “Эрон ва Бобур”, Хондамирнинг “Ҳабиб ус-сияр”, “Ҳумоюн Эронда”, “Ҳумоюннома”, “Тарихи Рашидий”, “Тарихи Ҳассан”, “Меҳри Нимрўз”, “Тарихи фаришта”, “Тарихи алфи”, “Тузуки Жаҳонгири” каби китоблар ҳам олиб келинди.

Чет эллардан келтирилган 400 дан ортиқ асарлар Ўзбекистонда бобуршуносликнинг янада ривожланишига асос бўлиб, уларнинг энг муҳимлари илмий истеъмолга мунтазам жалб этилмоқда, олимлар улар устида ишлаб илмий тадқиқотлар яратишмоқда, ўзбек тилига ўгиришмоқда.

Ўзбекистон ва жаҳон бобуршуносларидан 20 киши халқаро Бобур мукофотига сазовор бўлдилар. Булар орасида академик Азиз Қаюмов, профессорлар Саидбек Ҳасанов, Абдулла Аъзамов, чет эллик олимлардан япония­лик Эйжи Мано, мисрлик Мажда Махлуф хоним, ҳиндис­тонлик Қамар Раис, озарбайжонлик Рамиз Аскер, афғонис­тонлик Шафиқа Ёрқин ва бошқалар бор.

Бобур фонди ўзбекистонлик олимларни Бобур ва бобурийлар ҳақида илмий тадқиқотлар яратишга даъват қилиб келмоқда. Фонд белгиси билан Сайфиддин Жалиловнинг “Бобур ва Юлий Цезарь”, “Бобур ҳақида ўйлар” китоблари, Азиз Қаюмовнинг “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” ва Саидбек Ҳасанов билан “Бобур ижодиёти” монографиялари, Комрон Мир­­­зо “Девони” илмий нашри, Шоҳ Ғариб Мирзо девони, “Бобурнома”нинг мукаммал нашри (Саидбек Ҳасанов), “Бобурнома” миниатюралари, Ансориддин Иброҳимовнинг “Бобурнома — буюк асар”, “Бобур ижодидаги ҳинд­­ча сўзлар” монография­­си, “Бобурнома”нинг қисқача изоҳли луғати (Фатҳиддин Исҳоқов), З.Машрабов ва С.Шокаримовнинг “Асрларни бўйлаган Бобур”, Бобурнинг “Ғарибинг андижонийдур” девони, Муъжизийнинг “Мусиқа тарихи”, “Бобурнома” ва “Тарихи Рашидий”нинг рус тилидаги тузатилган ва тўлдирилган нашрлари амалга оширилди.

Хайриддин Султонов “Бобурийнома”, Қамчибек Кенжа “Ҳинд сориға”, “Буюклар изидан”, “Андижондан Даккагача”, “Андижондан Боғдодгача”, “Бобурийлардан бири” сафарнома-романларини яратдилар.

Халқаро миқёсдаги ва Ўзбекистондаги илмий ютуқларни назарда тутган ҳолда Бобур юртида “Бобурнома энциклопедияси”нинг яратилишини бобуршуносликнинг навбатдаги йирик ютуғи, деб айтиш мумкин. 

Республика Олий Мажлис Кенгашининг “Буюк аждодларимизнинг Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида дафн этилган жойларини аниқлаш ва ободонлаштиришга доир чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан фондимиз фаолияти маъқулланган. Ушбу қарорни бажариш мақсадида Навоийнинг устози, ўзбек мумтоз шоири, мавлоно Лутфий қабр-мақбараси Ҳирот шаҳри яқинидаги Деҳи канорда топилиб, қайтадан бунёд этилди. Ҳозиргача мамлакатимиз ҳудудидан ташқарида дафн этилган Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Алишер Навоий, Ҳайдар Мирзо, Али Қушчи, Султон Ҳусайн Бойқаро, Бобораҳим Машраб, Камолиддин Беҳзод ва бош­­қа буюкларнинг харобага айланган қабр-мақбаралари аниқланди, ободонлаштириш бўйи­­ча лойиҳалаш ишлари амалга оширилди.

Бобур халқаро жамоат фондининг ташаббуси ва ҳомийлигида ЎзФА Археология институти билан 20 йил давомида олиб борилган илмий-археологик тадқиқотлар Бобур Мирзо туғилган кўҳна Андижон шаҳри шаҳарсозлик тарихининг 2500 йиллигини исботловчи ашёвий топилмалар билан якунланиши андижонликлар учун жуда қувончли ҳодиса бўлди. Тарих фанлари доктори Боқижон Матбобоев бошчилигида “Древный и средневековый Андижан” китобининг эълон қилиниши ва “Андижонни қадимий ва ўрта аср тарихи” номли янги китобининг нашр этилиши Бобур халқаро жамоат фондининг ва Ўз ФА Археология инс­титутининг кўп йиллик меҳнатининг янгиликларга бой қувонч­­ли самараси бўлди.

Охирги йилларда Бобур халқаро илмий экспедицияси сафарлари йўналишида Россиянинг Челябинск шаҳрининг Варна районидаги Соҳибқирон Амир Темур томонидан қизи учун XIV асрда қурилган мақбаранинг топилиши, мўғуллар босқинидан Россияни озод қилишдаги улкан ҳарбий қароргоҳнинг Соҳ ва Кондурча дарёлари соҳилидан, шунинг­дек, Зарафшон дарёсининг юқори қисми соҳилларида Бобур Мирзо томонидан ёзиб қолдирилган яна тўртта тошбитикларнинг топилиши экспедициямиз аъзолари олиб бораётган илмий изланишлар самарасидир.

Халқаро экспедициялар ўз фаолияти давомида ўзлари бўлган жойларда Темур ва темурийлар, Бобур ва бобурийлар, буюк аждодларимизга алоқадор қадамжоларда бўлиб, 25 дан ортиқ видеофильмлар яратишди. Улар мунтазам марказий ва вилоят телевидениелари орқали оммага намойиш этилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Заҳириддин Муҳаммад Бобур илмий меросини ўрганиш изчил давом этмоқда.

Зокиржон Машрабов,

Бобур халқаро жамоат фонди раиси

Tegishli xabarlar

Ҳошим Арслонов: “Фариштага айланиб, учиб кетаман… ”

admin

Туркия Президенти: Имом Бухорий номидаги мукофотни олишдан улкан шараф ва ғурур туяман

admin

ЖАДИДЛАР МЕРОСИНИ ЎРГАНИШГА БАҒИШЛАНГАН ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ ИШТИРОКЧИЛАРИГА

admin