ADOLAT 24

«Нур ичра зулмат» газетхонлар муҳокамасида!

Ҳа, минг афсуски, бугун китобга муносабат яхши эмас. Токи ҳокимликларда Жамшид каби ходимлар бўлиб, улар кунига 21 марталаб тадбир ўтказар экан, аҳвол ўнгланишига шубҳа бор. Китобни муаллифдан (ҳатто, совға тариқасида) қабул қилишни хоҳламаслик, кейин эса олганда ҳам бир четга улоқтириш… мана, сизга зулмат-зимистон! Демак, ҳокимлик ходимларининг ўзлари қоронғилик қаърида! Бош­қалардан нимани кутиш мумкин? Китоб узатилган қўлни қайтариш, бу – мутолаани хоҳламаслик. Улар вақти йўқлигини рўкач қилиб, ўқимаса, тадбирбозлик билан шуғулланаверса, эртамиз, ёшларнинг келажаги нима бўлади? Ҳозир катталар ўқимаяпти-ю, ёшлар китоб олармиди қўлига? 

Телевидение орқали бериладиган китобхонлик танловларини кузатиб бораман. Китоб ўқиётганлар бор, аммо улар бармоқ билан санарли. Айримлар эса кўзбўямачилик қилади, муайян китоб ҳақида берилган саволга гапни айлантириб жавоб беради, билмайман, демайди, ўқигани ҳам аннотация ва тезислардан иборат, холос. 

Тўрт-беш йил олдин китоб дўконлари бирмунча кўпайиб қолган эди, бироқ Ҳаким Сатторийнинг мақоласини ўқиб, бутун бошли туманда битта китоб дўкони йўқлигидан ёқамни ушладим. Бу қандай бедодлик? 

Муаллиф тўғри бонг уряпти: кўзимизни очайлик, китоб ўқийлик, мутолаа орқали зулматдан чиқайлик, азизлар! Акс ҳолда бу бизга, сизга, барчамизга қимматга тушади.

Анвар НАМОЗОВ,

Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ношир

Саҳифаларида маънавиятга доир, умуман, бугунги кун учун долзарб мавзуларда мақолалар бериб бораётган, муштарийларнинг севимли газетаси “Адолат”да эълон қилинган “Нур ичра зулмат” мақоласини қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Аввало, мақоланинг сарлавҳаси диққатимни тортди. Одатда, зулматни парчалаб, ёруғликка йўл очган нур ҳар доим улуғлаб келинарди, энди эса ҳамма ёқ нурафшон: иқтисодий ислоҳотлар авжида, баланд-баланд бинолар қурилаяпти, аммо бир пайтлар ҳамма ёққа нур таратган маскан бугун зулмат қўйнида! Яъни кутубхоналарнинг чироғи ўчган, китобхонлик урф­дан чиққан. Бунақада бизни нималар кутаяпти? 

Мақолани ўқиб бўлгач, қаттиқ изтироб ичида қолдим. Унда ҳеч нарса бўрттирилмаган, нима бўлса, шу ёзилган. Ҳақиқатан, эндиликда китоб ҳақида гапириш қолоқлик (гўё компьютеру телефонни тушунмайдиган), китоб кўтариб юриш эса аҳмоқликдек туюлиб қолди (бундай ҳолат, афсуски, фақат бизда эмас, бутун дунёда кузатилаяпти). Майли, ҳар бир давлатнинг ўз тараққиёт йўли бордир, аммо дунёга таълим берган боболарнинг бугунги авлоди китоб ўқимаслиги кечириб бўлмайдиган ҳолдир. 

Бундай ҳолнинг юзага келишига кўплаб сабаблар бор. Аввало, китоб, китобхонлик етарлича тарғиб қилинмаяпти. Бир пайтлар хонадоннинг безаги – китоб терилган жавонлар бўларди. Бугун эса ялтироқ чиннилар тахланган қутиларда кўз ўйнайди. Ахир ҳар бир оила ўзида кичик кутубхона ташкил қилиб қўйса, ким уришади? Ёки данғиллама тўйхоналарнинг кириш айвонида махсус китоб жавонлари қўйилиб, уларда миллий қомусимиздан тортиб, энг нодир асарлар териб қўйилса, ҳеч кимнинг асакаси кетмайди. 

Мен емакхонларда, тўйхоналарда, бошқа жамоат жойларида китоб тўла жавонлар қўйилишини китобни тарғиб қилишнинг энг яхши йўли, деб ўйлайман. Ош тортилгунча ёки ора-сира китоб олдида суҳбатлашиб, унга бир қур кўз ташлаб қўйган киши ҳали дунёда китоб борлигини, ҳали ҳам у эъзозда эканини хаёлининг бир чеккасидан ўтказар, балки маърифат истагидаги қалбига таскин олар. Балки бир лаҳзалик таассуроти уйида жажжи кутубхона ташкил қилишга туртки берар. Ҳар ҳолда, кўз кўриб турса ҳам кўнгил истаги таскин, қаноат олади-да. 

Биродарлар, келинг, уйимизга келган меҳмонга бойлигимиз қатори оилаий кутубхонамизни кўрсатиб мақтанадиган бўлайлик. Ахир “Билаги зўр бирни енгади, билими зўр мингни енгади”, деган сўзлар бекор айтилмаган. Қолаверса, ҳар жиҳатдан тўкис турмуш тарзимизга фақат китоб етишмай қолмасин.

Болта КАРИМОВ,

Қарши давлат университетининг катта ўқитувчиси

Tegishli xabarlar

Муштўмзурлар

admin

Янги қурилишлар баҳонасида… Ҳамид Олимжон ва Зулфия яшаган уй бузилмоқда

admin

Тараққиётнинг адолатли танлови

admin