ADOLAT 24

ОЛИЙ ҚАДРИЯТЛАР – ТАРАҚҚИЁТИМИЗ МЕЗОНИ

Ҳаётимизни маънавият, маърифат ва маданият деган бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлган олий қадриятларсиз тасаввур қилиш қийин. Булар разолат, қабоҳат ва ҳалокатга қарши қалқон бўла оладиган тараққиётимиз мезонидир. Бусиз ҳар қандай жамият таназзулга учраши турган гап. 

Олам яралгандан бери инсоният ўз маънавияти орқали оламни анг­лашга интилган, англаш учун эса маърифатга суянган ва ҳар иккиси орқали юксак маданиятга эришган. «Дунё­даги ҳар қандай халқнинг айтаётган қўшиғини эшитиб, бу халқни қандай идора этиш мумкинлигини айтиб бераман!», деган эди бир пайтлар хитой файласуфи Конфуций. 

Бугунги ёшларимиз қандай қўшиқларни куйлашяти ва қулоқ тутаётган ғанимларимиз қандай мақсадларни кўзлаб уларни олқишламоқда? Хонишларимиздаги янгиланишлар, шубҳасиз, ташқи дунёнинг сиёсати таъсири оқибатидир. Бугун айрим кишилар эркин ва дахлсиз яшашни хоҳлаб қолган. Баъзиларни юртнинг қадимий обидалари, ноёб буюмлари ва қимматли китоблари қизиқтирмайди. Уларни бузиб, сотиб манфаат кўрсалар, бас. Истироҳат боғлари, сув ҳавзаларининг аҳамияти йўқ. Фик­ру хаёллари фойда келтирадиган жойларни ўзлаштириб олишда. Бу ватанпарварлик туйғусининг сўниб, нафсга эрк берилаётганлигидан нишона. 

Эркинлик ижодкорликка, яратувчанликка, тадбиркорликка ярашади. Эркинлик умумманфаат йўлида айтиладиган ҳақ сўзга ярашади. Чин маънодаги маънавиятга, маърифатга ва маданиятга қарши турган кучлар бизнинг шиддат билан салбий томонга ўзгариб бораётганимиздан хурсанд. Қадрият аталмиш тушунчани издан чиқариш билан улар инсониятни таназзулга томон етаклайдилар ва охир-оқибат жирканч мақсадларига эришадилар. 

Сиёсат бозорида инсониятни залолатга бошловчи «маънавият», хурофотга етакловчи «маърифат», таназзулга элтувчи «маданият» текинга тарқатилади, уларнинг тарқалишига ҳисса қўшганлар эса рағбат олади. Бугунги кунда биз билан ёнма-ён яшаб, бир ҳаводан нафас олиб, бир ариқдан сув ичиб, бир майизни бўлишиб турган ҳамюртларимиз, миллатдошларимиз орасида: «Маънавият нимага керак? Нима учун унга давлат хазинасидан маблағ сарфланади?» деб турган ғарбпарастлар ҳам, афсуски, бор. Худди шунингдек, маънавият, маърифат ва маданиятимизни инкор этиб, бизга ёт бўлган услублар билан оммани ортидан эргаштирадиган кучлар етарли. 

Ҳинд адиби Робиндранат Тагор ўтган асрдаёқ Европага ўз баҳосини бериб: «Ёшлик чоғимда мен маданият бешиги бўлиш Европа пешонасига ёзилган, деб астойдил ишониб юрардим. Лекин бугун ҳаёт билан видолашаётган кунларимда бу ишончим йўқолди…» деган эди. Шарқнинг бой тарихи ва ўзига хос тарбия услуби бор. Қадимий анъаналарини кўз қорачуғидай асраб келаётган Япония ва Жанубий Корея ривожланишнинг юқори босқичига эришганлиги ҳаммага аён. Амалда биз ҳам тарбиянинг шарқона услубидан фойдалансак, улардан-да юксак­роқ марраларга эришамиз. 

Мамлакат Президенти ташаббуси билан жорий этилган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар мактабларда ёшларни ижодкорликка ундовчи ва давлат сиёсатини халққа етказадиган куч сифатида фаолият бошлаганига кўп бўлгани йўқ. Лекин натижалар ҳозирдан сезилмоқда. Менимча, тарғиботчи Маънавият ва маърифат марказлари орқали моддий таъминланадиган сиёсий куч сифатида барча давлат муассасалари, айниқса, хусусий тармоқларни ҳам қамраб оладиган умумдавлат даражасидаги армияга айланиши зарур. Чунки хусусий тармоқлар ке­йинги пайтларда сиёсий-ижтимоий, маданий-маърифий ҳаётдан мутлақо четда қолмоқда. Уларни руҳлантирадиган, сиёсий-ҳуқуқий онгини оширадиган, маънавий-маърифий дунё­қарашини шакллантирадиган тадбирларга жалб этиш керак. Бундан ташқари маънавий-маърифий ва маданий тадбирлардан узилиб қолган маҳаллалар аҳли билан яқиндан алоқа боғлаб, уларни ижтимоий фаол ҳаётга жалб этиш керак. Яқинда қишлоқ оқсоқолларидан бири менга: «Қани энди, маданият саройимиз тезроқ таъмирдан чиқса-ю олиму уламолар, шоиру ёзувчилар, хонанда-ю актёрлар билан учрашиб, кўнг­лимизни ёзиб, маънавий озуқа олсак!» деб қолди. Мен у кишига қарата: «Албатта, ўша кун келади!» деб ишонтирдим. 

Мени ўйга толдирадиган яна бир жиҳат инсон феълининг ўзгариши. Куни-кеча мум тишлаб, арзи-ҳолини кимга айтишни билмай турган баъзи зотлар эркинлик берилиши, кўксига ҳурлик шабадаси тегиши биланоқ, оғзига келган гапни гапириб, кўнгли тусаган ишни қила бошлади. Миллий руҳдан йироқ бўлган бундай кимсаларда инсонийлик хислати ҳам йўққа ўхшайди. Чунки улар ошкора равишда қонунни менсимайди, атро­фдагиларни ҳурмат қилмайди. Олимни, уламони, ҳуқуқ ҳимоя­чисини, раҳбарларни ҳақорат қилади. Насиҳат қилсангиз, муттаҳамлик қилиб, эл олдида ҳаммага эшиттириб: «Тошингни тер!» дейди. Бундайлар учун миллатнинг қадри, Ватаннинг қиммати йўқ. Лекин, афсуски, улардан ҳам ўрнак олувчилар бор…

Нега биз ҳамон нодонлардан қутила олмаймиз? «Адабиёт – атомдан кучли», деган эди Абдулла Қаҳҳор. Нега биз ғарб адабиёти қўйнида асраб келаётган «атом»га меҳр берамиз? «Алҳосил тарбия бизлар учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир!» деган Абдулла Авлоний. Нега биз тарбия­мизга эътиборсиз бўламиз? «Қушларнинг тилида фақат бир оят, У инсон учун ҳам ибратдир ғоят. Қушлар дер: “Илойим, қафасга тушма, Тушган бўлсанг агар, чиққил ниҳоят», деганди Абдулла Ориф. Нега биз ўзимизни нуқул қафасга урамиз? 

Аллоҳ инсонга ҳар бир неъматини мукаммал яратиб берган. Лекин хом сут эмган бандаси ана ўша мукаммалликдан ҳамон нуқсон қидиради. Ўзини бошқалардан баланд тутади. Ахир қанча бойликка эга бўлсак, шунча камтар бўлишимиз керак эмасми? Орзу-ҳавасларимиз кўп. Ҳали олдимизда қўл урилмаган қанчадан-қанча эъзгуликлар, кашф этилмаган сир-синоатлар турибди. Барча яхшиликлар сахийликдан, барча кашфиётлар оддийликдан бошланади. 

Ҳа, ёшлар ўртасида китоб ўқишга қаратилган тарғибот ўз самарасини бера бошлади. Чунки китоб – битмас-туганмас маънавий бойлик! Ундан нафақат ёшлар, балки катталар ҳам, айниқса, зиёли қатлам ҳам баҳраманд бўлиши керак. Халқни маърифатдан узиб қўйиш жоҳиллик билан баробар. Ҳамма ўзи истаган нарсани интернетдан топиб олаверади, деганларнинг асл мақсадида бузуқ ният бор. Тадқиқотчиларнинг фикрига қараганда, интернетга қўйилган постларнинг эллик фоиздан юқориси салбий мазмунда экан. Бу қанчадан-қанча оилаларнинг тинчини бузди, қанчадан қанча ёшларни йўлдан оздирди.

«Китобларни ёқишга қараганда ҳам қўрқинчли жиноятлар бор. Масалан, уларни ўқимаслик» деган эди ёзувчи Рей Брэдбери. У таълимни мактабдан кўра кўпроқ кутубхонада олганлигини таъкидлаб ўтган. 

Беғубор болаларимизнинг онги-шуурида бўшлиқ кўп, ана ўша бўшлиқни ғарбнинг эскирган нағмалари билан эмас, балки шарқона илм билан, миллий қадриятларимиз билан тўлдириб боришимиз керак. Бугунгача кашф этилган ихтиролар янгиланмайди, деганлар янглишади. Ҳали оддийгина велосипеднинг яна ва яна янги турлари ихтиро қилиниши мумкин. Буюк Навоий бобомиз хаёлан орзу қилган буюмларнинг ўнлаб тури кашф этилди. У замон билан бу замоннинг орасида қарийб олти аср ўтди. Лекин биргина бобомиздан қолган маърифат ва маънавиятни тўлалигича ҳаётимизга татбиқ этиб улгурмадик. 

Кекса одам қуёшни тобора тугаб бораётган бир чўғ деб билади. Аммо дунёни эндигина ҳис эта бошлаган бола уни кучли ва қудратли олов манбаи, деб ҳисоблайди. Ана шу болалар эртага хаёлимизга келмаган кашфиётларни амалга оширадилар, албатта! Бунинг учун улар чуқур билим ва юксак тарбияга эришган бўлишлари керак.

Халқимиз бошидан кўп синовларни ўтказди. Қанчадан-қанча буюк боболаримиз мустабид тузум қурбонига айланди. Лекин улар ниҳоятда қисқа яшаган бўлсалар-да, келажак авлодларга ўзларидан улкан маънавий, маърифий ва маданий бойликни меърос қилиб қолдиришди. Биз ва келажак авлод ана шу бойликдан самарали фойдаланган ҳолда, фақат улуғвор марралар сари одимламоғимиз керак бўлади. Бунинг учун бизда имконият ҳам, шароит ҳам етарли.

  Муҳиддин ОМАД,

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси

Tegishli xabarlar

Илм — тараққиётнинг бош мезони

admin

Эл хизматига бахшида умр

admin

Ўзбекистон — ҳуқуқий давлат

admin