ADOLAT 24

УСТОЗ отамиздек УЛУҒ эмасми?!

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда кенг тарқалаётган Андижон вилояти Марҳамат тумани 72-ИДУМ ўқитувчиларининг “узр сўраш маросими” халқимиз томонидан ҳамиша улуғланган, фарзандларини саводли қилиш баробарида одоби, намунали хулқи борасида ота-оналаридан кам қайғурмайдиган, юксак зиёли рутбасида қадр­лаб келинган ўқитувчиларга нисбатан кечириб бўлмас жиноят сифатида қабул қилинмоқда. Узрбозлик маросими вақтида ота-оналар бунга эътироз билдириб, ўқитувчилардан кечирим сўраган, аммо туман ҳокимлиги ташаббуси билан ўтказилган тадбир шу руҳда давом эттирилган.

Бу қандай бедодлик? Шаҳар бедарвозами? Давлатимиз раҳбари ўқитувчиларнинг нуфузини янада ошириш, таълим сифатини тубдан ислоҳ этиш масаласига давлат сиёсатининг энг муҳим бўғинларидан бири сифатида қараб, “нажот таълимда, нажот илмда” дея ҳаммани таълим-тарбия масаласига бирдек жиддий ёндашишга чорлаб турган бир вақтда, айрим “ўзбилармон”лар томонидан амалга оширилаётган бундай номаъқулчиликлар қайси қуюшқонга тўғри келади? 

“Устозларнинг меҳнатлари инобатга олинмади, уларни руҳан синдиришди. Ёш устозлар очиқ-ошкора ўқитувчилик касбини танлаганимдан минг афсусдаман, дейишмоқда. Анча йил ишлаб, тажриба орттирган устозларнинг ҳам боши эгилди. Мактабни ташлай деса бош­­қа ҳунари йўқ. Бу ёқда бола ўқитиш, уйлаш-жойлаш ташвиши», дейди узрхоҳлик тадбирида иштирок этган устозлардан бири.

Шу ўринда яна бир ўринли савол туғилади. Марҳамат тумани мутасадди раҳбарлари чиндан ҳам туманда таълим сифатини ошириш йўлида астойдил иш бошлашган экан, нега бундай “хайрли” истакларини “хайрсиз” хатти-ҳаракатлар билан бошлашди? “Узр сўраш” марафонига старт беришдан олдин “сифатли таълим талабгорлари” туман мактабларидаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб чиққан эдиларми? Дарс ўтишга лаёқатсиз деб топилган ўқитувчилар билан ишлаб, сарагини саракка, пучагини пучакка ажратишганмиди? Олий таълим масканларига ўқишга кириш даражасининг пастлиги фақатгина ўқитувчининг гарданидаги масала эмас. Ваҳоланки, сифатли таълим, сифатли шарт-шароит, соғлом муҳит, мавжуд муаммо ва камчиликларни биргаликда, ҳамжиҳатликда бартараф этишни тақозо этади. 

Кимнингдир бошини эгиш, уялтириш эвазига тизимдаги муаммоларни осонгина бартараф этишга уринаётган мутасаддилар “олий мақсад”ларини амалга оширишни биринчи бўлиб устозларни хўрлашдан эмас, балки таълим муассасалари, ўқитувчилар ва ўқувчилар учун яратиб берилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиб, ўқув масканларига сифатли таълимни амалга ошириш учун зарур бўлган барча имкониятларни яратиб берган ҳолда, янгича қараш, янгича талаб асосида йўлга қўйганларида нур устига аъло нур бўлар эди. 

Ана шундан кейингина, яратилган катта имкониятларга қарамай ўз ишига ҳафсаласизлик билан ёндошаётган, дангасалик қилаётган ўқитувчиларга нисбатан қонуний чоралар кўрилиши адолатдан бўлар эди. Шунда ҳам қўлланиладиган жазо чоралари, авваламбор, қонун талаблари асосида ва албатта, инсоф билан амалга оширилиши лозим.

 “Адолат” СДП фаоллари таълим соҳасида адолат устуворлигини таъминлаш, ўқитувчилар обрў-эътиборини янада кўтариш, уларнинг иш ҳақи ва мавқеини оширишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида партиямиз томонидан ишлаб чиқилган “Ўқитувчининг мақоми тўғрисида” қонун қабул қилиниши ташаббускорлари сифатида, Андижон вилояти, Марҳамат туманида ўқитувчиларга нисбатан қўлланган “жазо” усулини қаттиқ қоралайди. Зотан, жамиятда ўқитувчининг мавқеи баланд бўлмас экан, давлат ва халқнинг эртанги истиқболи таҳлика остида қолаверади.

Ғазал мулкининг султони Мир Алишер Навоий ҳазратлари айтганларидек:

Ҳақ йўлинда ким санга бир ҳарф ўқутмуш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.

«Адолат» СДП Матбуот хизмати

Тарбиясизлик белгиси…

Мен 50 йиллик педагоглик стажига эга ўқитувчиман.

Ёшим 80да бўлса ҳам, невараларим ёрдамида кундалик янгиликларни телерадио воситалардан ташқари ижтимоий тармоқлар орқали ҳам кузатиб бораман. Лозим топсам, улар билан баҳс-мунозараларга киришаман.

Хусусан ижтимоий тармоқлардаги “Андижон вилоятида ўқитувчилар ота-оналардан кечирим сўрашга мажбур қилинди” мақоласини нафақат жамият аъзоси, балки мутахассислиги ўқитувчи, педагог бўлган фуқаро сифатида олдин ҳайратланиб, кейин нафратланиб, охирида эса йиғлаб ўқидим.

Дунёга Алишер Навоий, Абу Али ибн Сино, Ал Хоразмийдек тамаддун пешволарини берган миллатимга не бўлди? Бу не фожиаки, ОТАдан-да улуғ УСТОЗнинг боши фарзанди тарбия­­си ва билими учун масъул бўлган ота-она қаршисида эгилмоқда!

Айтмоқчи бўлган гапларимни чайналган деманг. Бу менинг оғриган юрагимдан чиқаётган нолам. Юртбошимиз бир лаҳза бўлсада эътиборидан қолдирмаётган, сиёсат даражасига кўтарган таълим соҳаси эгаларини қилаётган меҳнатлари учун бош эгдириш, кечирим сўратиш учун масъул лавозимда “ишлаётган” шахс маънавий жиҳатдан қанчалик паст бўлиши керак?

Давлат раҳбаримизнинг тўғри топшириқ ва вазифаларини ақли ноқиси билан тушуниб, бутун бир тумани миқёсида шармандалик тадбирларини ўтказиш ташаббуси мақтов олиш, яхши кўриниш дардида “салла” деса, керак бўлиб қолади деб бира тўла калланиям қўшиб олиб келиш туман Халқ таълими бўлими мудири ва ҳоким ёрдамчисига тегишли эканлигини билгач, нима дейишни, нима деб ўйлашни ҳам билмай қолдим.

Суратдаги бечора устозларимизнинг ҳолатига, уларнинг афтодалигига сиз ҳам разм солдингизми? Сизни қандай ҳиссиётлар чулғади?

Вилоят ҳокими, туман ҳокими, Халқ таълими вазири, вилоят, туман ХТБ раҳбарлари, блогерлар ва миллат тақдирига бефарқ бўлмаган юртдошларимизнинг фикр-мулоҳазалари озгина бўлсада ҳовуримдан туширди.

Биз ўқиган, ишлаган, ёшларга таълим-тарбия берган вақтимизда, ўқитувчимиз йўлда кетаётган бўлса, у киши ўтиб кетгунча кутиб турардик, устозимиз олдида овозимизни баландлатмасдик, кўзларига тик боқолмасдик… Хўш, нима ўзгарди? Инсонми, даврми, вазиятми?

Маънавият, маърифатга давлат иши даражасида эътибор қаратилаётган бир вақтда ўз ўқитувчиларимизга, устозларимизга бундай муносабат қилиниши ниҳоятда уят. Тарбия­сизликнинг белгисидир…

Гуларо АЗИЗОВА,

меҳнат фахрийси, ўқитувчи,

“Адолат” СДП фаоли

Tegishli xabarlar

Бож тўлови икки баробар камайтирилади

admin

Тараққиёт стратегияси – халқ фаровонлигининг гарови

admin

Маънавий юксалиш йўли — мутолаа

admin