ADOLAT 24

ТАНИШ-БИЛИШ ИЛЛАТМИ? ёхуд ижтимоий юксалиш қонуниятлари  нимада? (2-мақола)

Жамиятда мақсадлар ва манфаатларнинг номутаносиб келиши адолатли тақсимот тамойилларининг бузилишига сабаб бўлади. Демократия ва бозор иқтисоди зиддиятларини чуқур ўрганган америкалик олим Паренти Майкл фик­рига кўра, бозор шароитида жамиятнинг мавжуд иқтисодий чуқур тенгсизлиги жамиятда очиқ тенгсизликни вужудга келтиради. Бундай ривожланган капиталистик ҳукмронлик шароитда эркинлик ва демократияни қанчалик даражада таъминлаш мумкин бўлар экан? Бозор иқтисоди ва демократиядан кутилаётган натижалар ўртасидаги мавжуд зиддиятлар, шунингдек, эркин бозор шароитидаги талончиликнинг куча­йиши давлат тарафидан жамият барқарорлигини сақлаш мақсадида кўпроқ репрессив чораларни қўллашга мажбур қилади, деган хулосаларни ўртага ташлайди. Шундай экан, савол туғилади, инсониятнинг ойдин ва равшан йўли борми, ўзи? Бозор ва демократия уйғунлигини таъминлаш чоралари нималарда ифодаланади?  

Бундай жараён фақат инклюзив жамият институтлари шароитида пайдо бўлади. Инклюзив жамият – бу барча ижти­моий қатламларнинг дини, ирқи, миллати ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, давлат бошқарувига тенг ваколатли иштирокининг таъминланганлик даражаси. Давлатнинг инклюзив институтлари ўз фуқароларини жамият ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий жабҳаларида фаоллигини рағбатлантирувчи ҳуқуқий омилларга эга бўлади. У инсон капиталига олий ресурс сифатида қарайди ва унинг бунёдкорлигига хизмат қилади ҳамда ҳокимият бошқаруви иштирокига сафарбар қилади. Инклюзив тизим инсонларнинг эмин-эркин фаолияти учун давлатнинг институтционал тартибларини яратади. Аммо биздаги муаммолар шундан иборатки, давлат аксарият ҳолларда бу институтларнинг муайян қисмини яратиш билан чекланади ва яхлитликдан ҳосил бўлиши мумкин бўлган  ислоҳотларга путур етказади.

Инклюзив жамиятда асосий эътибор иқтисодий ўсиш ва ижтимоий адолатни уйғунлаштиришда давлатнинг ҳакамлик ролининг ортиб боришига қаратилади. Давлат умумхалқ сиёсатини ишлаб чиқиш жараёнида очиқ ва ўзаро ҳамкорлик мулоқотини ўрнатишга эришади. Энг муҳими, мамлакатдаги сиёсий ва маъмурий ўзгаришларнинг асосий йўналишларида савияли ва манфаатли бошқарувни татбиқ этишга қаратилади. Гарчи иқтисодий ўсиш назариясига кўра, шу пайтгача фойда ва адолат бир-бирига зид, деб қаралган бўлса-да, бугунги кунда кўплаб тадқиқотчилар самарали иқтисод жамиятда адолатнинг таъсирисиз замонавий ривожланиш кўрсаткичи бўлолмаслигини тан олиб турибди. Иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти лауреати Майкл Спенмент фикрига кўра, инклюзив институтлар барқарор ўсишнинг энг муҳим қисмига айланган. Бу ривожланишнинг омили сифатида иккита асосий ғояга суянади, дейди у. Жумладан, ривожланиш натижасида ҳосил бўлган неъматлар (ресурслар) одамлар учун очиқ бўлиши керак ва даромадлар тенгсизлиги ва асосий хизматлардан фойдаланиш даражаси мақбул чегаралар билан ҳимояланиши керак экан.  

Унинг зидди бўлган экстрактив институтлар иқтисодий фаолиятни рағбатлантиришга эмас, балки элита қатлами тарафидан жамиятнинг асосий қисмини эксплуатация қилиш асносида ўз даромадларини максимал даражада кўпайтиришга ва иқтисодий фаолиятини рағбатлантиришга қаратилади. Экстрактив сиёсий институтлар ҳокимиятни тор элитанинг қўлида жамлайди ва бу ҳокимиятдан фойдаланиш бўйича чекловлар қўяди. Ўз навбатида, ҳокимиятдаги элита томонидан кўпинча жамиятнинг бош­­қа аъзоларидан ресурсларни тортиб олишга мўлжалланган иқтисодий институтларни ташкил этади. Мазкур назарий таълимотлар америкалик олимлар Дарон Аджемоглу, А. Джейм асарида (2012 йилда эълон қилинган) асосланган. Муаллифлар фикрига кўра, инклюзив сиёсий ва иқтисодий институтлар жамиятнинг танлови сифатида иқтисодий тараққиётга олиб борувчи бирдан-бир йўл, деб қарайдилар. Қаерда иқтисодий ўсишга халал берадиган ва ҳатто ўсишдан тўхтатиб қўядиган экстрактив сиёсий институтларга, иқтисодий институтларга изн берилса, ўша мамлакат инқирозга юз тутади.

Янги Ўзбекистон раҳбарияти томонидан 2017 йилдан бошланган янгиланиш сиёсати бошқарув усулларини янги сифат ва талаблар даражасига кўтариш билан мамлакатда инклюзив институтларни ҳаракатга келтиришга интилмоқда. Давлат хизмати институтларини ташкил этиш, коррупцияга қарши таъсирчан кураш тизимини жорий этиш стратегик вазифаларнинг асосини ташкил қилмоқда. Асосий мақсад — профессионал, тезкор ва самарали давлат хизмати тизимини шакллантириш, янгича фикрлайдиган, ташаббускор, эл-юрт­га садоқатли кадрларга кенг йўл очиб бериш бўйича самарали тизим ишлаб чиқишга қаратилди. Бу жараёнлар бевосита ҳокимият бўғинларини ривожлантиришга оид масалаларни ҳал этишни тақозо қилади. Конституция ва бошқа қонунларга Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва давлат қўмиталари раислари номзодини Бош вазир тақдимига биноан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан маъқуллаш ва Президент томонидан тасдиқлаш тартибини белгилаш бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Президент ўз ваколатларини ижро ва қонун чиқарувчи ҳокимиятлар ўртасида тақсимот этиши баробарида марказлашган авторитар бошқарув унсурларини чеклашга интилмоқда.  

Давлат ва жамият бошқаруви тизимларини такомиллаштирмасдан туриб, мамлакат ҳаётини коррупциядан холи, соғломлаштириб бўлмайди. Бош­қарувнинг шаффоф ва самарали механизмларининг жорий этилиши, у қанчалик мураккаб, баъзида айрим гуруҳ манфаатларига тескари келмасин, монополиядан айри ҳолда рақобат муҳитини шакллантирмасдан юксалтириб ҳам бўлмайди. Шундай экан, муаммо, аввало, Президент томонидан қўйилаётган кенг кўламли вазифаларнинг катта босимини ҳазм қила олмаётган тизимнинг янгиланиш жараёни оғир кечаётганида бўлса, иккинчидан, шу вазифалар моҳиятини англайдиган электоратнинг оқсоқлигида намоён бўлмоқда. Қатор янгиланишларнинг эълон қилиниши ҳам аслида бири-иккинчисига боғлиқ бўлган соҳаларни бирваракайига ривожлантириш, уларга янги импульс бериш, ижтимоий жараёнлар даъватидан ортда қолган эҳтиёжларни қондириш мақсадлари ётади. Айни пайтда, давлат томонидан халқ манфаатлари устуворлигига қаратилган тубдан янги функционал тизимларни жорий этиш вазифалари белгиланмоқда. Хулоса қилганда, талаб ва эҳтиёжлар қонунияти бу фақат иқтисодий категория эмас – бу жамиятнинг ривожланиш фалсафаси. Бозорнинг ўзи ҳеч қачон демократияга олиб келмайди. Уни идрок этган раҳбарларгина даврнинг талабларига жавоб бера оладиган давлат қурилмасини вужудга келтиради. Масала мақсад ва манфаатларнинг муштарак келишида.

Адолатли тақсимот асосига қурилган давлат сиёсатида таниш-билишчилик иллат эмас, аксинча, аҳолини иқтисодий тангликдан чиқариш ва ривожлантириш омилига айланади. Халқнинг тўй ва маъракалари ҳамиша аҳиллик ва молиявий ҳамкорлик асосларида ташкил этилган, аслида. Давлатдан нажот ололмаган халқ бири-бирига ёрдам (халқона, фоизсиз кредит) билан катта оилавий тадбирларни ўтказиш анъанасини вужуд­­га келтирган. Улар турли хил тўёналар шаклида ташкил этилади. Фоизсиз шаклланган халқона кредит ва мол айрибошлаш усули халқнинг орзу-истак­ларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади. Шу сабабдан, халқ асрлар давомида мазкур анъаналардан воз кечмай келмоқда. Албатта, бугун унинг бузилган ва айниган шакллари ҳам йўқ эмас. Лекин монопол зуғумдан холи бўлган, одилона тақсимотга суянган ишлаб чиқариш муносабатлари бундай анъаналарни вақти келиб сиқиб чиқариши ҳам тайин. Чунки аҳолининг ўз меҳнати ва иқтидори билан муайян неъматларга эга бўлиш имкониятлари (шаффоф тизим)ни кенгайтиради, ўзига тўқ ўрта қатлам индивид шахсларни вужудга келтиради. 

Жамиятда сиёсий институтлар хилма-хиллиги, бозор иқтисоди, хусусий хўжалик юритиш (корпорация, агентлик­лар, концеренлар, қўшма корхоналар, ижара, фермер, ширкат, пудрат) усуллари аслида, бугунги кашфиёт эмас. У ресурсларни адолатли тақсимлашнинг иқтисодий шакли ва услублари. Айнан иқтисодий кашфиётлар ана шундай мулкчиликнинг хилма-хил усуллари заминида яратилади. Хўш, таниш-билишчиликка бунинг қандай алоқаси бор, дерсиз? Қадриятлар асосида шаклланган хусусий мулк, умуман, мулк эгаси умумий манфаатларга ҳеч қачон зид бормайди. «Мендан ўтгунча» қабилида иш юритмайди. Иложи йўқ! Ўз корхонасини давлат корхоналаридагидек “таниш-билиш”лар билан суиистеъмол этмайди. Ёки лаёқатсиз ва саводсизларни ишга қабул қилмайди. Сиз ҳам танишингизга манфаатсиз нарсани илтимос ва тавсия қилиб, изза бўлишни истамайсиз. Шу тариқа жамиятда майда тижоратдан тортиб то катта давлат миқёсидаги алоқалар шахсан таниш-билишчилик асосида кўпроқ самара беради. Бундай анъаналар ривожланган мамлакатлар амалиётида ҳам анча кенг қўлланилади. Бирон-бир соҳанинг етук мутахассисининг тавсияси ёхуд йўлланмаси ёш мутахассис учун ҳаёт йўлини белгилаб беради. Тавсияни ким бергани, кимдан олгани муҳим ижтимоий мавқе касб қилади. Кўплаб мамлакатлар фуқаролари ўз президентлари билан шахсан таниш, хатто улар билан шахмат ҳам ўйнашади. Лекин мансаб, лавозим ёхуд машина сўрашмайди. Бу ерда муносабатлар ўзаро ишонч ва ҳурмат, ахлоқий қад­риятлар негизида боғланади. Ўзбекча қилиб айтганда, “Аҳмад уста”нинг ёки “Тошмат домулла”нинг номи ҳам бренд­­га айланиши мумкин, агар биз сиё­сий-иқтисодий муносабатларимизни инк­л­юзив тарзда қуришга эришсак.  

Жамиятда иқтисодий рақобат – бу табиий ва соғлом муносабат. Шу сабабдан иқтисодий фаолиятни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш мақсадида одамлар таниш-билишчилик, ҳамкорлик ришталарини боғлайди. Ҳар қандай тадбиркор ёхуд етакчи ўз фаолиятини юксалтириш мақсадида ёнига синашта одамларни ёки ўзи яхши таниган, билган, синовидан ўтган одамлар тавсиялари билан маҳоратли мутахассисларни таклиф этади ва шунга эҳтиёж сезади. Натижада ишлаб чиқариш, касб-ҳунар соҳаларида йўқолиб улгурган анъаналар тикланади. Фарзанд ва шогирдлар бири корхона, бири илм тарафдорлари бўлган оталар ва устозлар ишининг давомчиларига айланади. “Гўшти сизники, суя­­ги бизники!”, деган гап шундан келиб чиққан. Бошқача қилиб айтганда, маънавий ва моддий муносабатлар уйғунлашуви ўзаро манфаатли муҳитни вужудга келтиради. Бундай жараён самарадорлик ва ўзаро манфаатдорликка эришиш мақсади – одамлар бир-бирига қанчалик бегона бўлмасин, уларни энг яқин ҳамкорларга айлантиради. Халқ – миллатга, миллат – жамиятга айланади. 

Бу борада Сингапурни 31 йил ичида ривожланган давлатлардан бирига айлантирган Ли Куан Ю “Буюк Британия­­да British Telecom хусусийлаштирилгани каби биз ҳам даромад олиш учун акцияларнинг тезда сотилиб кетилишининг олдини олиш мақсадида уларни тўрт ва олти йил мобойнида сотмаслик шарти билан бепул олиш ҳуқуқини бердик. Натижада ишчиларнинг 90 фоизи “Singapore Telecom” акциясига эга бўлдилар. Бу кўрсаткич дунёда энг баланд натижа эди”, дейди. Эътибор беринг, акциялар шу ерда ишлаётган ишчиларга сотилади, ташқаридан келган нотаниш олигархларга эмас. Ходимлар 4-5 йил ичида фойдага чиққан корхона улушига эгалик қилади. Хусусийлаштиришни улар ўз фуқароларини бойитиш, деб тушунишади. Натижада ватанпарварлик ҳам ана шундай маконда бақувват илдизга айланади.

Капитализмнинг раҳнамоси Т.Руз­вельт бир пайтлар “Ҳукумат томонидан хусусий мулкдан фойдаланиш жамият фаровонлиги талаб қилган даражада тартибга солиниши керак. Жамиятда бундай ҳуқуқнинг йўқлигидан инсоннинг ҳар қандай ҳуқуқий фаровонлигига эришиш имконияти иккинчи даражага тушиб қолади. Агар шундай ҳол юз берса, халқ жамият бўлишдан тўхтайди. Демак, йирик мулк эгалари қуллигига тушиб қолишади”, деб башорат қилган эди. Капитализмнинг ўтмиш тажрибаларидан хулоса қилган Ли Куан Ю ислоҳотларда давлат ривожини кафолатловчи омиллар сифатида инклюзив тизимни танлайди ва ижтимоий келиб чиқиши ва молиявий аҳволидан қатъи назар – энг қобилиятли кишилар (меритократик) давлат бошқарувига жалб этилади. 

Инсоният тафаккури бундай тўғри ва истиқболли таълимотни ҳали ҳамон кашф этган эмас. Ўтган замонларда қай бир давлат шу қадриятларга амал қилган бўлса, юксалган, амал қилмаганлари турғунлик гирдобига абадий ботган. Умуман олганда, хусусийлаштириш асосий мақсад эмас, у самарали иқтисодий муносабатларни вужудга келтиради, деган мутлоқ тушунчалар ўта ҳам нисбий ва баҳсталаб. Хусусийлаштириш, одатда бойлик орттириш манбаи, ишчилар ва истеъмолчилар учун эса катта офат. Бугунги кунда агар давлат ва хусусий сектор улушини қиёслайдиган бўлсак, темир йўл, транспорт, банк-молия, алоқа коммуникациялари, коммунал хизмат, интернет, электр станциялари, йирик саноат лойиҳалари, медицина, илмий-инновация соҳалар, айниқса, қишлоқ хўжалиги ва бошқалар давлат томонидан молиялаштирилаётганлиги учун ижтимоий соҳадаги мувозанат таъминланиб келинмоқда. У аксинча ҳам бўлиши мумкин. Бинобарин, шундай экан, унинг самарадорлиги мақсадларнинг моҳиятида. Моҳият – инсоннинг маънавий оламида! Бу кучнинг муштараклиги билан жамият ривожи динамик ҳодисага айланади. Инсон қадр-қимматига асос­ланмаган бозор, албатта, талончиликка олиб келиши тайин.

Хуллас, таниш-билиш – у қандай кўринишда бўлмасин, миллий қадриятларимиз мужассамлашган маданиятимиз ифодаси. Унинг ҳаётбахш жозибаси ва ижтимоий аҳамияти жамиятнинг ахлоқий ва адолатли сиёсати билан намоён бўлади. Шунинг учун давлат, совет давридагидек урф-одатлар билан эмас, коррупция билан курашмоғи лозим. Бу борада россиялик олим Виктор Абатуров мазкур мулоҳазаларни бирмунча ойдинлаштиришга ёрдам беради. Жумладан, унинг фикрича, протестант моделида асосий эътибор камтарлик юзасидан ошкор этилмайдиган индивидуал бойликка қаратилган мақсадларда намоён бўлса, ўзбеклар ҳолатида, бу оиланинг бойлиги сифатида қаралади, деган фикрни билдиради. Ўзбекларда оилавий бойлик ижтимоий капиталга – оилавий алоқаларни кенгайтиришга ҳисса қўшадиган нуфузли оилавий тадбирларга кўпроқ маблағ сарфланади. Aммо шунинг билан бирга, бу борада оилавий тадбирларнинг муҳим ижтимоий ролини таъкидламай бўлмайди. Бу қоида тариқасида турли ижтимоий қатламдаги одамларнинг иштироки билан белгиланади. Унда, бир томондан, камбағалларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш элементлари мавжуд бўлса, бошқа томондан, бундай тадбирлар жамиятнинг ижтимоий бирлашувига ёрдам беради, дейди у. Давлат оиладан бошланиб, жамиятга айланар экан, қадриятларни замонавий ишлаб чиқариш муносабатлари таркибига сингдириб бориш миллий яхлитликни таъминлашга хизмат қилади ва ривожланишнинг омилига айланади. Хўш, шундай экан, таниш-билиш иллатми?! 

Tegishli xabarlar

Миллий ривожланишнинг янги босқичи

admin

Ўзбекистон – Туркманистон: ДАВЛАТЛАРАРО МУЛОҚОТНИ МУСТАҲКАМЛАШ, ЎЗАРО МАНФААТЛИ ҲАМКОРЛИКНИ КЕНГАЙТИРИШ —  БОШ ВАЗИФА

admin

ОНА ЗАМИН ҚАЛҚОНИ

admin