ADOLAT 24

Арзон ва сифатли дори воситалари етказиб бериш тизими йўлга қўйилади

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда аҳоли саломатлигини асраш, юртдошларимизни арзон ва сифатли дори воситалари, замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Айниқса, бу борада сўнгги беш йилда Ҳаракатлар стратегияси доирасида сезиларли натижаларга эришилди. Жумладан, дори воситалари ишлаб чиқарувчи корхона ва ташкилотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, улар 5 йил давомида барча солиқларни тўлашдан озод этилди.

Шунингдек, дори-дармон воситалари учун бюджетдан ажратиладиган маб­лағлар сезиларли равишда оширилди. Хусусан, 2017 йилда дори воситалари ва тиббий буюмлар учун давлат бюджетидан 0,4 триллион сўм маб­лағ ажратилган бўлса, 4 йил давомида бу кўрсаткич уч баробардан оширилиб, 2020 йилда 1,4 триллион сўм маблағ ажратилди.

Республикамизнинг қатор вилоятларида “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналари ташкил этилди. Натижада Ўзбекистоннинг фармацевтика бозорида ўсиш динамикаси йилига 8-10 фоизни ташкил этиб, Ўзбекистон фармацевтика бозори МДҲда Россия ва Украинадан кейинги учинчи йирик бозорга айланди. 2021 йил якунига кўра, 9 000 турдаги дори воситалари, 1 684 турдаги тиббий буюмлар ва 1 529 турдаги тиббий техника маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ мамлакатимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётини белгилаб берувчи 100 та мақсадлар амалга оширилиши натижасида ушбу соҳадаги кўрсаткичлар янги босқичга кўтарилади. 

Хусусан, тараққиёт стратегиясининг 57-мақсадида назарда тутилган вазифаларнинг ҳаётимизга босқичма-босқич татбиқ этилиши натижасида давлат тиббиёт муассасаларидаги тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозларга техник хизмат кўрсатиш тизими яратилиб, тиббий асбоб-ускуналарга техник хизмат кўрсатиш бўйича алоҳида корхона ва унинг 13 та ҳудудий бўлимлари ташкил этилади.

Шу билан бирга, 58-мақсадга кўра, дори-дармон ва тиббий буюмлар муомаласини тартибга солиш ҳамда аҳолига арзон ва сифатли маҳсулотлар етказиб бериш тизимини такомиллаштириш изчил давом эттирилиб, дори-дармон ва тиббий буюмларни олис ҳудудлар ва маҳаллалар эҳтиёжларидан келиб чиқиб, замонавий механизмлар асосида етказиб бериш йўлга қўйилади.

Хусусан, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини 2022 йил — “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 228-бандида ҳам аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон маҳсулотлари билан таъминлаш, уларнинг нархи асоссиз равишда ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида ноқонуний фармацевтик фаолият ва рецептсиз дори-дармон воситаларини, жумладан, кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотиш тартибини бузганлиги учун Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан ўтказиладиган текшириш тартиб-таомилларини такомиллаштириш механизмлари белгилаб берилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, келгуси беш йилликда кўрсатиладиган тиббий хизматларни аҳолига янада яқинлаштириш ва қулайлигини ошириш ҳамда бюджетдан ажратилаётган маблағлардан самарали фойдаланиш тизимининг йўлга қўйилиши орқали минглаб юртдошларимизга ўз вақтида хорижий давлатларда сарсон бўлмасдан мамлакатимизда саломатлигини тиклаш ва соғлиғи учун зарарсиз бўлган арзон ва сифатли дори-дармон восталарини харид қилиш имконияти яратиб берилади.

Tegishli xabarlar

Инсон ҳуқуқларини таъминлашда қонун устуворлиги муҳим

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ҚЎШИЛМАСЛИК ҲАРАКАТИ МУЛОҚОТ ГУРУҲИ САММИТИДАГИ НУТҚИ

admin

Тарихий воқелик арафасидаги мулоқотлар

admin