ADOLAT 24

“Муаллим ила муҳаррир  миллатнинг икки қўлидир…” 

Шубҳасиз, келажакда истиқлолнинг ўтган илк ўттиз йили том маънода Ватанимиз озодлиги учун кураш йўлида ўз жонларини ҳам аямаган юзлаб, минг­лаб фидоий ота-боболаримиз, она ва бувиларимизнинг пок номларини оқлаш ва уларнинг ёрқин хотираларини абадийлаштириш йиллари бўлгани билан ҳам тарих саҳифаларига олтин ҳарфлар билан ёзилади. Биз яқин ўтмиш саҳифаларини варақлаганда жонфидо боболаримизнинг қаҳрамонликларига гувоҳ бўлиб, бирда уларнинг жасоратли ҳаёт йўлларига ҳавас қилсак, бирда уларнинг аянчи тақдирларига ачинамиз. Қуйида жорий йилда Самарқандда таваллудининг 135 йиллиги кенг нишонланиши режалаштирилаётган жадид боболаримиздан бири – Сайид Ризо Ализоданинг ҳаёт ва ижод йўли ҳақида ҳикоя қиламиз. 

Маърифатпарвар аллома Сайид Ризо Ализоданинг мақолалари 1905 йилдан бошлаб халқаро нашрларда чоп этила бош­ланган ва жуда тез орада тилга тушган. Аллома ҳаётига бағишланган тадқиқотларга кўра, Сайид Ризо Ализода ўн бешдан ортиқ тахаллуслар (Баҳлул, Зомбир, Шапалоқ, Коргар, Ранжбар, Ситамдийда, Тозиёна, Наштар, Мулло, Жумбул, Муртад, Мушти Ғоиб, С. Али, С. Алиев, Боғишамолий ва Самарқандий каби) билан ижод қилган. Ализода бу имзолар билан ёзган мақолаларида Туркистоннинг ички ва ташқи душманларини, уларнинг асл мақсадларини жиддий таҳлил ва танқид қилади. Маърифатпарвар алломанинг «Муаллим ила муҳаррир миллатнинг икки қўлидир» шиори нафақат Туркистонда, балки кўплаб хорижий мамлакатларда ҳам машҳур бўлади. Манбаларда алломанинг бу ибораси собиқ иттифоқ маориф вазири А.В.Луначарскийга ёзган хатидан олинган, деб кўрсатилади. Дарҳақиқат, 1923 йилнинг 30 мартида Ализодага А.Луначарский ва Надежда Крупская имзолаган қарор билан иттифоқ миқёсида «Маориф қаҳрамони» унвони берилган. Кейин­чалик Сайид Ризо Ализода «Марказий Владимир» қамоқхонасида ўтирганида Сталинга ўзининг шўролар ҳукумати томонидан “Маориф қаҳрамони” унвонига лойиқ кўрилгани ҳақида ёзади. Афсуски, бу хат қамоқхонадан ташқарига чиқмаган ва унинг шахсий делосига тикиб қўйил­ган…

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, Ализоданинг журналистик фаолияти кўплаб халқаро ва маҳаллий олимлар томонидан ҳамиша юксак эътироф этилиб келинади. Масалан, рус ёзувчиси Татьяна Галаншинанинг китобида, эронлик доктор Носир Такмил Ҳумоюннинг очеркларида, Покистон Ислом университети ректори Жаноб ал-Раҳмоннинг, озарбойжонлик профессор Шамистон Микаиловнинг аллома ижодига бағишлаб ёзган мақолаларида, Ғайбуллоҳ ас-Саломнинг 1997 йилда чоп этилган «Эзгуликка чоғлан, одамзод» номли китобида, тожикистонлик Субҳон Атобуллоевнинг 1976 йилда нашр қилинган «Сайид Ризо Ализода» монографиясида, Салоҳиддин Ҳайитовнинг Ўзбекистон антологиясига бағишлаб ёзган асари ва бошқа турли тадқиқотларда Сайид Ризо Ализода ҳур фикрли, ҳақиқатпарвар, қалами ўткир журналист бўлганлиги эътироф этилади.

Ализоданинг журналистик фаолиятини рус олимлари А.Яковлев, Т.Галаншина, Ю.Соколовлар ХIХ асрда яшаган машҳур рус публицисти А.И.Герцен билан қиёс­лайдилар. Чунки ўз даврида рус императори Александр II сиёсатини Александр Иванович Герцен очиқчасига танқид қилган. Рус инқилоби тарафдорларининг Сибирга сургун қилиниши ва рус деҳқонларининг азоб-уқубатларини очиқчасига ёзган эди.

Шу маънода Ализода ҳам тарихчилар томонидан ўз даврининг қалами ўткир танқидчиси сифатида тилга олинади. Келинг, шу ўринда бир мисолга мурожаат қилайлик. Инқилобнинг илк йилларида Самарқанд шаҳар Советининг иккинчи сайлови муносабати билан Сайид Ризо Ализода «Шаҳар Шўроси сайлови муносабати билан» номли мақоласини эълон қилади. Аллома сайловларда депутатлар асосан ишчи-деҳқонлардан сайланишини тавсия қилади. Жумладан, мақолада шундай дейилади: 

«Меҳнаткашлар шуни яхши билишлари керакки, бўридан чўпон чиқмайди, судхўр, ханнот, жаллод, мансабдор, прис­тав, волостной, қози, муфти ваколатидан ҳеч қандай фойда йўқ. Бу ишга шу кунгача давлатманд, порахўр ва ҳукумат эгаларининг мушт-тепкиларини еган, чала мулла ва қозиларнинг ҳақоратини эшитган, зулмкор ҳукуматнинг қамоқхонаси ва занжирига дучор бўлган кишилар лойиқдирлар…»

Аслида 1905 йилдан бошлаб Сайид Ризо Ализода ҳар бир мақоласида Туркис­тон халқининг оғир ҳаёт кечириши, ер, сув, тупроғига эга эмаслигини, унинг тақдири зулмкор чор ҳукумати қўлида эканини куйиниб ёзади.

Унинг илмий-оммабоп, публицистик мақолалари, шеърлари, фельетонлари «Туркистон хабарлари», «Бухорои шариф», «Турон», «Самарқанд», «Ҳуррият», «Камбағаллар товуши», «Зарафшон», «Шарқ», «Телеграф хабарлари», «Овози тожик» газеталарида, шунингдек, «Ойна», «Таёқ», «Машраб», «Мулло Мушфиқи» каби маҳаллий тилларда нашр қилинувчи газета-журналларда доимий эълон қилиб борилган. У асосан мансабпараст, порахўр, ўғри, судхўр, қиморбоз ва фирибгарларга қарши кескин чиқишлар қилган. 

Шунингдек, Ализоданинг мақолалари «Самарқанд», «Голос Самарканда», «Свободний Самарканд», «Труд», «Известия», «Пролетарий», «Зарафшан» каби рус тилидаги газеталарда ҳам босилган. Аллома Озарбойжондаги «Иршод», «Иқбол», «Мулло Насриддин» журналида, Қримда чоп этиладиган «Таржимон», Туркияда босиладиган «Оқшом», Эронда чиқадиган «Озод Эрон», «Ситора Эрон», «Тарбият», «Еттелоот», Мисрдаги «Чеҳранома», Ҳиндистоннинг Калькутта шаҳрида форс тилида чиқадиган «Ҳаблул матн», Санкт-Петербургдаги «Новий Восток», Қозондаги «Бизнинг товуш» каби нуфузли хорижий оммавий ахборот нашрларида ҳам эълон қилиб борилган. 

1917 йил июлида Ализоданинг «Маҳаллий ҳукумат ишчи-деҳқонларни алдаяпти» мақоласи «Ҳуррият» газетасида эълон қилинади. Шундан кейин Санкт-Петербург ички ишлар бошқармасининг 4-бўлимида унга нисбатан «Самарқандлик ўта хавфли журналист» сифатида алоҳида “иш” очилади.

Яна бир қизиқ далил шундаки, Сайид Ризо Ализоданинг 1917 йилнинг октябрида нашрдан чиққан «Биринчи йил» номли алифбосидан нафақат ўзбек мактаб­лари, балки бутун Туркистондаги туркий тилли мактаблар фойдаланган. Алифбо нашрдан чиққач, Ализода номига кўплаб туркий давлатлардан таб­рикномалар келган. Бу телеграммаларни «Ҳуррият» газетаси олти ой давомида чоп этиб борган. 

Шуни ҳам қайд этиб ўтиш керакки, Ализода большевиклар партияси фаолларидан бири – Самарқанддаги босмахона бошлиғи (1905) Морозов билан танишиб, у билан бирга ишлаган. Дастлаб большевиклар сиёсатини ёқлаб мақолалар ёзган ва 1917 йилда большевиклар партиясига аъзо бўлган. У Совет ҳокимиятининг дастлабки йилларида партиянинг Боғишамол комитети биринчи котиби бўлган ва бу вазифага қайта сайланган. 1918 йилнинг 18 апрелида Самарқандда «Иттифоқ» ташкилоти уюштирган катта митингда Ализода ташкилот амалга оширган ишлар тўғрисидаги ҳисобот билан чиқиш қилган. 1918 йилнинг 23 май ойида вилоят партия қўмитасининг «Меҳнаткашлар товуши» номли газетаси таъсис этилади. Сайид Ризо Ализода газетанинг ташкилий раиси, Ҳожи Муин (муҳаррир), Шокир Мухторий ишчи бўладилар. 1921 йилдан газетанинг номи “Камбағаллар товуши”га ўзгартирилади ва ниҳоят 1922 йилнинг октябрь ойига келиб газета “Зарафшон” номи билан чиқа бошлайди.

Сайид Ризо Ализода Туркистоннинг ички ва ташқи душманларини фош этиш ва жабрдийда халқларни хабардор қилиш учун матбуот кераклигини таъкид­лайди. Аллома катта тўсиқлар ва қийин­чиликлардан сўнг 1919 йилнинг 10 апрелида «Инқилоб шуъласи» ёки «Шуълаи инқилоб» номли ҳафталик журналнинг биринчи сонини нашрдан чиқаради. Бу нашр вилоят партия комитетининг органи бўлишига қарамай, тезда Самарқанддан ташқарига ҳам ёйилиб, Туркистон ва Бухоро амирлигининг бош­­қа шаҳар ва қишлоқларида тарқалади. «Шуълаи инқилоб»да Сайид Ризо Ализода бош муҳаррир, Ғулом Али Козимзода мухбир сифатида фаолият юритган. Ўша вақтларда атоқли адиб Садриддин Айний ҳам журналнинг фаол муаллифларидан бири бўлган. Журнал 1919 йил 10 апрелдан 1921 йилнинг декабрь ойигача нашр этилган. Кейинчалик маблағ етишмаслиги баҳонасида тўхтаб қолган. «Шуълаи инқилоб» журнали 4000 нусхада нашр этилиб, Туркистон ва Озарбойжондан ташқари Эрон, Туркия, Афғонистон, Россия (Қозон), Ҳиндистон, Покистон, ҳаттоки, Араб мамлакатларигача етиб борган.

Ализода «Шуълаи инқилоб» журналининг 1919 йил 4-сонида чоп этилган мақоласида Ватан истиқболи йўлида қурбон бўлиш, унинг бахт-саодати ва шарафини ҳимоя қилиш учун курашишни муқаддас, деб билади ва шундай ёзади: 

«Шу ернинг об-ҳавосидан баҳраманд бўлиб камол топсангу, унинг шарафини ҳимоя қилмасанг, оёқ ости бўлишига, қадрсизланишига йўл қўйсанг, нобакор ажнабий ўз Ватанининг шон-шавкати учун ота-боболарингнинг киндик қони тўкилган ерингни ваҳшийларча топтаб, қонини симирса ва уни ўзининг ахлатхонасига айлантирса-ю, сен ҳиссизларча қараб турсанг ёки ундан қочсанг, ўзинг унинг ҳақоратланишига кўмаклашсанг, унда сен бу Ватаннинг номусли ва содиқ фарзанди эмассан!» Ализода Ватан тақдирига бефарқ, бемеҳр одамларни пасткаш, разил, ҳайвондан ҳам тубан ҳисоблайди. 

Маърифатпарвар алломанинг бундай кескин ватанпарварлик руҳида ёзилган мақолалари ўша даврда ўқувчиларнинг миллий ифтихори ва ватанпарварлик ҳиссини уйғотишга ва она Ватанни ҳимоя қилишга даъват бўлиб янграйди. Албатта, унинг бундай чиқишлари большевикларнинг ҳам назаридан четда қолмайди.

Шўро даврининг қатағон сиёсати алломани ҳам четлаб ўтмади. Мутафаккир аллома Ф.Хўжаев, А.Икромов, А.Фит­рат, А.Қодирий, А.Чўлпон, Усмон Носир каби халқимизнинг асл фарзандлари қаторида 30-йиллар қатағонининг қурбони бўлган. Сайид Ризо Ализодани 1937 йил НКВД органлари сиёсий чақув асосида қамоққа олиб, халқ душмани, инглиз жосуси деб айблашади. Мутафаккир 8 йил давомида Самарқанд, Тошкент, Тобольск, Владимир шаҳарларидаги қамоқхоналарда тутқунликда сақланиб, 1945 йилда вафот этади.

Хулоса қилиб айтганда, Сайид Ризо Ализоданинг журналистик фаолияти ҳам юртимиз илм-фани тараққиётига муносиб хизмат қилди. Аллома хорижий мамлакатларда ҳам машҳур адолатли журналист сифатида танилди. Ализоданинг юксак ватанпарварлик руҳидаги мақолалари ҳозирги кунгача долзарблигини йўқотмади. Аллома мустамлака Туркис­тонни истибдоддан қутқариш ва уни маърифатли мамлакатлар қаторига кўтариш йўлида жонини ҳам аямади. 

Муҳтарам Юртбошимиз: “…мамлакатимизда Учинчи Ренессансни ХХ асрда маърифатпарвар жадид боболаримиз амалга оширишлари мумкин эди. Жадидчилик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз керак. Бу бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади”, дея таъкидладилар. Ҳеч муболағасиз Сайид Ризо Ализода сингари маърифатпарвар жадид боболаримизнинг илмий мерослари Учинчи Ренессансга эришиш йўлида ҳаракат қилаётган Ватанимиз истиқболи учун хизмат қилади. 

Суратда: Миллат фидойиси. Невараси Фарҳод Ализоданинг жонкуярлиги туфайли Саид Ризо Ализоданинг асарлари топилди, уй-музейи ташкил этилди.

Шокир ҒАФФОРОВ,

тарих фанлари доктори, профессор

Суннатулло МУҲИДДИНОВ,

тарих фанлари бўйича 

PhD доктор, доцент 

Tegishli xabarlar

Таганликлар депутат Мақсуд Қурбонбоевдан миннатдор 

admin

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ РОССИЯ ТАШҚИ СИЁСИЙ ИДОРАСИ РАҲБАРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

admin

БАХТГА ЕТАКЛОВЧИ ЭЗГУ НИЯТ

admin