ADOLAT 24

ТАНИШ-БИЛИШ ИЛЛАТМИ? ёхуд ижтимоий юксалиш қонуниятлари нимада?  (Биринчи мақола)

Азал-азалдан таниш-билиш, қавму қариндошчилик, қабила-уруғчилик, ошна-оғайнигарчилик, етти пуштини суриштириш одатлари халқимизга хос қадимий фазилатлардан саналади. Биз доимо ота-она наслидан тоға-амакига, жиян-бўлага, ака-укага, қариндош-уруғга, ошна-оғайниларга, элу улусга қўлимиздан келганича ҳамдард ва хайрихоҳмиз. Ҳеч бўлмаганда, қандайдир масъулият ва жавобгарлик ҳиссини туямиз. Зотан, бизнинг барча тўй-маъракаларимиз ҳам эл билан бирга ўтади. Бу туйғулар ирсий ришталаримизни мустаҳкамлашга, ўзлигимизни англашга, элпарварлик оқибатларини сақлаб, ривожлантиришга хизмат қилувчи бир маданий феноменга айланган, десак, ҳеч муболаға бўлмайди. Бундай қад­риятларга амал қилмаслик, бизнинг менталитетимизда урф-одатларга хиёнатдек туюлиши ҳам бор гап! Эл-юрт яхлитлиги, унинг обод ва фаровонлиги азалдан шу ришталарнинг мустаҳкамлиги билан боғлиқ бўлиб келган. Улар бир-бирига қиз бериб, қуда-андачиликни пайванд қилган. Бундай муносабатлар туркий элларнинг шаклланиш жараёнларини ифодалайди. Масаланинг моҳияти шундан иборатки, халқнинг қадимдан шаклланиб келган турмуш тарзи унинг ижтимоий ишлаб чиқариш муносабатлари мазмунида ўз ифодасини намоён қилади. Бошқача қилиб айтганда, ишлаб чиқариш муносабатлари миллий маданият таркибида шаклланади ва шунга мувофиқ муайян иқтисодий алоқаларни вужудга келтиради.

Очиғини айтганда, бугун ҳам таниш-билишчилик миллатимиз учун зарурий бир воситага айланиб кетганки, усиз аксарият юмушларимиз ечимларини тасаввур қила олмаймиз. Ким нима иш қилмасин, албатта, таниш-билиш орқали амалга оширади. Аммо амалда таниш-билишдан фойдалансак-да, рас­мий ҳолатда жамиятда унга нисбатан салбий муносабат уйғотилган.  

Шундай экан, халқимизда бундай икки хил стандартнинг юзага келишига қандай омиллар сабаб? Миллатнинг урф-одатига айланган таниш-билишчилик қачон ва қандай шароитларда ижтимоий иллатга айланган? Таҳлиллар шуни кўрсатадики, тасаввурларимизда совет даврида “таниш-билиш”чиликнинг ижтимоий иллат сифатида қаралиши ниҳоятда авжига чиққан. У эскилик сарқити сифатида расмий доираларда қораланган бўлсада, амалда “фаровон” турмушнинг воситаси ўлароқ яшовчанлигини сақлаб келган. Фуқароларда қонун ва тартибларга қараганда “таниш”га бўлган ишонч устун келади. Чунки бундай ёндашув шу тузум ўрнатган ғайриахлоқий тўсиқларни айланиб ўтиш имкониятини берган ва тирикчилик билан боғлиқ бўлган манфаатлар қондирилган. 

Бу жамиятда “таниш-билишчилик” юқоридан пастга, пастдан юқорига қаратилган бир талай норасмий тузилмаларни яратади. Қўлга тушганлар қонун доирасида жазога тортилади. Улар асосан майда савдогарлар, чайқовчилар ёки бирон-бир мартаба, мавқега эришиш илинжида юрганлар. Сабаби, давлат инсонни ўз манфаатларини эмин-эркин қондириш тизимидан маҳрум этган шароитда “таниш-билишчилик” ягона имкониятга айланади. Шу тариқа инсон манфаатлари чекланган жамиятда ўрнатилган тартибот одамларни деярли қонундан ташқарига чиқариб қўяди. Айни пайт­­да, доимий қўрқув ва таҳликали вазият уларни итоат ва тобеликда сақлаб туриш имкониятларини ҳам берган. Чунки жамиятнинг деярли ҳар бир аъзоси ана шу иллат билан қайсидир жиҳатдан боғланишга мажбур бўлган. Қолаверса, жамиятнинг барча аҳолиси муайян даражада ўзини гуноҳкор сезиб яшайди. Собиқ совет даврининг реал ижтимоий муносабатлари шундай қурилган эди.

Аслини олганда, давлат амалда “таниш-билиш”чиликка қарши кураш замирида жамиятнинг юқори иерархия­­си мафкурасининг (мол-мулкининг) дахлсизлигини сақлаш ва уни оммавий таъсирлардан ҳимоялаш мақсадлари билан ниқобланган. Коррупцион муносабатлар “таниш-билиш” ва “уруғ-аймоқчилик” шиори билан ниқобланган сиёсат олий қатлам манфаатларига хизмат қилади ва уларнинг иродасига бўйсунади. Шу сиёсатга мувофиқ давлатнинг маҳоратли ва қуд­ратли ҳуқуқ-тартибот “посбонлар”и ҳам шакл­лантирилади. Мансабдор шахслар томонидан ўзлаштирилган халқ мулки (узурпация қилиниши) “сиё­сий элита” тарафидан тақсимот этилади. Сиёсий элита ва бизнес иерархияси ўртасидаги “ижтимоий шартнома” жамиятни (халқни) бошқариш ваколатларини беради. Халқ орасидаги “таниш-билиш” модели эса коррупцион гуруҳнинг рақобати сифатида мавжуд жиноий қурилма фаолиятига жиддий таъсир кўрсатади. Шунинг учун “таниш-билишчилик” ва давлат коррупцияси ўртасида хуфиёна рақобат мавжуд бўлганлиги учун баъзида курашлар аёвсиз тус олган. Лекин аксарият ҳолларда у коррупциянинг фойдасига ҳал бўлган. Яъни “Ўғри — ўғри эмас, қўлга тушган ўғри” ибораси шу муҳитнинг маҳсули. Эҳтиёждан олинган кичик пора учун жиноят муқаррар, миллионлаб ўпирилган бюджет пуллари — нотўғри ислоҳотлар натижаси! Мухтасар қилиб айт­ганда, таниш-билиш ва коррупция бир хил ижтимоий ҳодиса эмас. Улар ўз функционал вазифаларига кўра ва мақсадлари жиҳатдан анча фарқ қилади. Коррупция таниш-билишликни тан олмайди, унинг учун манфаатлар бирламчи. Таниш-билишчиликда эса инсонийлик, бир-бировга ёрдам бериш, ҳамкорлик қилиш каби хусусиятлар устун келади. Масала уни қай мақсадда ва қай вазиятда фойдаланишда намоён бўлади.

Албатта, тор манфаатлар асосига қурилган жамиятда таниш-билишчилик бўладими, коррупция бўладими “талончилик” ва “ташмачилик”ка изн берилган тузумда маънавий қадриятлар моҳиятан айнийди ва бунда ахлоқий фазилатларга бўлган эҳтиёжлар қолмайди. Ахлоқсиз, боз устига, жиноий муҳит одамларнинг ижтимоий-иқтисодий муносабатлар таркибига шунчалик сингиб кетадики, иккиюзламачилик ҳеч кимни таажжубга ҳам солмай қўяди. Инчунин, муқаррар қарор топган ижтимоий муносабатлар ҳосиласида, у ҳеч кимда нафрат ҳам, эътироз ҳам уйғотмайди. Фақат қўлга тушмаслик лозим. 

Ижтимоий мунофиқ сиёсий шароитда жамият аъзолари учун “таниш-билиш”чилик кун кўриш, муносиб яшашнинг бирдан-бир шартига айланади. Хуфиёна вужудга келган “бозор”да ҳамма нарса сотилади, “хиё­нат”, “ташмачилик” восита бўлиб ҳисоб­ланади. Бунга сабаб давлат ва жамият манфаатларининг номутаносиб қурилишида. Лойсувоқ жамиятда ўрнатилган бош­қарув тизимлари натижасида давлат ва жамият манфаатлари ўртасида жарсой юзага келади. Фуқаролар ўз салоҳият ва меҳнатлари билан жамият неъматларига эришиш имкониятларидан маҳрум этилади. Шу тариқа, инсон миллий қадриятлар маконида яшасада, амалда, у қарор топ­ган сиёсий-иқтисодий муносабатлар асирига айланади ва шу муҳитга мослашган ижтимоий “маданият” шакл­ланади. Бошқача қилиб айтганда, сиёсат ва ахлоқнинг зиддиятлари жамиятда маддоҳликни юзага келтиради. Яъни, шахс руҳиятидаги иккиюзламачилик жамиятнинг маънавий ва моддий олами ўртасидаги тафовутларда вужудга келади.  

Жамиятда мавжуд ғайриахлоқий сиёсат, инсон манфаатларига зид иқтисодий ислоҳотлар, умумий ва хусусий манфаатлар ихтилофи, монопол эгалик, эркин сўз ва фикрга қўйилган чегара ва тақиқ­лар ривожланишнинг мақом-юкини ҳам ютиб юборади. Натижада одамлар меҳнатлари учун ололмаётган неъматларга эгалик (компенсация) қилаётганларидан, аксинча, виждон азобисиз сокин яшайдилар. Бош­қача қилиб айтганда, “талончилик” ва “ташмачилик” оммавий характер тусини касб этади. “Нима бўлса ҳам тинч­лик бўлсин!”, дея айтилган ниятлар, аслида, ҳали қимтиниб турган одам руҳиятидаги озгина уятни пардалашга қаратилади. Оқибатда ахлоқий қад­риятлар инсон руҳиятида чуқур деградацияга юз тутади. Жамиятда агрессив, мол-дунё­­га ружу қўйган, ҳамма нарсани бойлик билан ўлчайдиган “муносиб ворис­лар” пайдо бўлади. Юзага келган бу занжир тараққиёт кушандаси сифатида ҳар қандай юксак ғоя­ларни бир пулга айлантиради. 

Шу ўринда савол туғилади, жамиятнинг мазкур иллатлари фақат совет давлатига хосми ёки халқнинг тарихий-маданий дунё­қараши билан боғлиқ ижтимоий ҳодисами? 

Жамиятда қарор топган ишлаб чиқариш муносабатлари — бу муайян халқнинг маданий инъикоси. У бизнинг ихтиёримиздан ташқари онг ости хотираларимизда сақланиб, авлодларга ўтади. Инсон онги шу хотиралар базасида янги турмуш тарзини яратади. Шунинг учун ҳар қандай ҳодиса, қанчалик аччиқ бўлмасин, ўтмишнинг натижаси. Шу маданий мерос қандай бўлса, худди шундай ижтимоий муносабатларнинг замонавий тизими шакл­ланади. Бинобарин, Шарқда ишлаб чиқариш муносабатларини таҳлил этар эканмиз, Ибн Халдуннинг “Муқаддима” асарида давлатларнинг юксалиши ва таназзулини тушунтириш ва башорат қилишга доир таълимотларида меҳнат тақсимоти, савдо-тижорат олиб бориш каби муносабатларни ташкил этишдаги давлат сиёсатининг аҳамияти очиб берилганлигига гувоҳ бўламиз. Хусусан, унда таъкидланишича, давлатнинг тиранияга (деспотизмга) айланиши давлат жамиятнинг тижорий ҳамда иқтисодий фаолиятларига тўғридан-тўғри аралашувидан келиб чиқади. Бу эса, ўз навбатида, тижорат, ишлаб чиқариш ва бошқа турдаги тадбиркорликнинг касод­­га учрашига сабаб бўлади. Натижада қўшимча даромад кескин равишда камайиб кетади. Аҳоли яшаш учун бошқа жойларни излашга тушишади. Улар шаҳарларни тарк қилишади ва бунинг оқибатида маҳсулот ва хизматларга талаб камайиб кетади. Оқибатда бутун мамлакат орқага қараб, примитив ҳолатга қайтади, дея огоҳлантиради.

Шарқ халқлари ривожланиш йўлидаги ижтимоий ва иқтисодий тўсиқлар бизга мерос бўлиб келаётган тор элита қудратини мустаҳкамлашга қаратилганлиги билан кузатилади. Илм-фан, дин, саноат ривожи ўрнида жаҳолатнинг тантанасини кўрамиз. Сўнгги асрдаги миллий турғунлик омиллари жадид боболаримиз асарларида очиб берилган. Мазкур ижтимоий зиддиятлар халқнинг ишлаб чиқариш муносабатларига боғланган. Хусусан, ерга нисбатан хусусий мулкчиликнинг жорий этилмаганлиги, марказдан бош­қариладиган бюрократиянинг мутлақ кучига суяниш, бозор рақобати ва хусусий мулк­нинг таъқиб этилиши бизга қадимдан мерос. К.Маркс таъбири билан айтганда, Шарқона ишлаб чиқариш усулида ердан фойдаланиш хусусий тартибда кечган бўлсада, ерга эгалик қилиш хусусий бўлмаган.  

Ҳукмдорнинг ер, сув ва барча ирригация иншоотларига эгалик қилиши жамият аҳолисини ўзига тобе этиб туришга имконият берган. Ирригация ресурсларини ўз қўлида жамлаган ҳукмдор бундай ваколатлар доирасида ўзига мақбул кишини вазифага тайинлаши ва аксинча, нуфузли аъёнларни ижтимоий мавқеидан маҳрум қилиш қурбига эга бўлган. Айни пайт­­да, жамиятнинг юқори мансаб лавозимларига паст табақалардан тайинлаш ва сиёсий бошқарувда тобе амалдорларни жалб этиш тажрибасидан унумли фойдаланган. Натижада сув ва ер тақсимоти билан боғлиқ бўлган мазкур ишлаб чиқариш муносабатлари жамиятда тобеликни оммавий тенденцияга айлантирган.

Мухтасар қилиб айтганда, жамиятнинг ўсиш имкониятлари унинг табиий ва маданий салоҳиятига боғлиқ. Аммо ривож­ланиш ва дифференция­вий фарқ­лаш имкониятларидан фойдаланилмаган шароитда, ҳар қандай ижобий жараёнлар секинлашади. Ўз даврида марказлаштириш (зўравонлик) билан эришилган улкан ўзгариш­лар ҳам вақти келиб турғунликка айланган. Бундан ташқари, институционал бош­қарув ва маданий даражанинг пасайиши даврий регенаратив ўзгаришлар аввалги «классик» ҳолатни тиклайди ва гид­равлик жамиятлар инс­титуционал тузилма сифатида сақланиб, инерция билан кейинги даврий босқичларда так­рорланиб келаверади. Чунки ҳукмрон бюрократия ўз позиция­сини мус­таҳ­камлаш илинжида тегишли салбий кўникмаларни халқ руҳиятига сингдириб боради. Бу эса иқтисодий неъматлардан маҳрум бўлган халқнинг тобе ва муте характерини шакл­лантиради. Инчунин, мулки йўқ инсоннинг ватани ҳам мавҳум бўлади. Бу унинг ахлоқий оламини ҳам тубанлаштиради. 

Бугун миллий руҳиятимизни юксалтирувчи омиллар сифатида қадриятларимиз билан боғлиқ бўлган меросимизнинг аччиқ ва фожиали қисматларини ҳамду санолардан холи бўлган бир бутун яхлитликда ўрганиш ҳамда сабоқ чиқариш эҳтиёжи аллақачон эшик қоқиб турибди. Таҳлилий хулосаларга кўра, Шарқ халқларида юксак таълимотлар яратилган бўлсада, азалдан хусусий меҳнатни ташкил этиш маданияти, адолатли тақсимот, барчанинг манфаатларини уйғунлаштириш, рағбат, жамоавий самарадорликка эришиш маърифати анча тескари тартибда кечганлигини кузатамиз. Боз устига, энг катта фожиа барча замонларда ношуд ва нотавон ҳукмдор элиталар жамият ривожига доир фалсафий қонуниятлар илмидан мосуво бўлганлиги боис эл-юртнинг асрлар давомида турғунликда яшашига сабабчи бўлганлар. Тор манфаатларга ботган элита сиёсий ҳокимиятни қўлда тутиб туриши орқали халқнинг зиёни эвазига бойиб келганлар.  

Тарихий ҳақиқат шундаки, мақсад илиқ ва муаззам ҳароратга кўниккан юқори қатлам ҳокимият имтиёзи ва имкониятларини қўлдан бергиси келмайди. Мус­таҳкам “коалиция” ворисийлик анъаналарига ҳам эга бўлади. Бу борада менинг оппонетларим айрим баҳсталаб мулоҳазаларни ўртага ташлашлари аниқ. Хусусан, давлатчилик тарихида жамиятни етак­лаган ва бошқарганлар – булар ҳукмдор табақа саналади. Улар жамият тақдири учун масъул, танланган юксак иқтидор эгалари ва халқнинг хавфсизлигини кафолатлашга журъатли қатламлар ҳисоб­ланади, дейиши турган гап. Тўғри, миллий тарихий силсилалар гирдобида туркий халқлар ҳаётида Иккинчи ренессанс даврига асос солган Амир Темур бобомиз айнан шундай масъулиятли сиё­сий элитани ҳокимият бошқаруви бўғинларига олиб келади. Унинг давлати кўп қиррали инс­титутционал ижтимоий муносабатлар тизимини яратишга эришганлиги билан 35 йил ичида буюк ва қудратли салтанат меросини туҳфа этишга эришади. Бундай юксалиш адолатли тақсимот ва ахлоқий муносабатларнинг ҳуқуқий тизимлари вужуд­­га келтирилганлигидан далолат беради.  

Бу иллатлар жамиятда шаклланмаган давлат бошқарувининг авторитар сиёсий-иқтисодий тизимлар негизида ётади. Бинобарин, мустақиллик даврида ҳам коррупцион гуруҳлар авжига чиқади. Бунда давлат коррупцияни тан олиш ўрнига, барча иллатларни, аксинча, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик зиммасига юклайди. Камига, тажриба тариқасида ўқитувчи ва шифокорларни ҳамда майда тоифадаги хизматчиларни таниш-билишчиликда, порахўрликда айб­­лаш тенденциялари шаклланади. Хусусан, бу йилларда унга қарши курашнинг халқаро илмий-назарий чора-тадбирлар тизими шакллантирилмади, унинг ҳуқуқий асос­лари фақат 2017 йилга келиб қабул қилинди. Бу давр оралиғида коррупцион муҳит мустақилликка эришган вазирлик ва идораларнинг оммавий фаолият турига айланади. Аросатда қолган озод ва обод жамият ғоялари ва гиб­рид ислоҳотлар жамиятда ташмачиликнинг расмий модификациясини вужудга келтиради. Ва бугун бу иллатлар билан қанчалик курашмайлик, у ўз инерцияси билан ҳали кўп замонлар эзгу ишларни пайҳон қилиши тайин.

Tegishli xabarlar

“UzAuto Motors” га 1 майга қадар автомобиль харидидаги навбатларни тўлиқ бартараф этиш, олдиндан тўлов миқдорини 85 фоиздан 50 фоизгача пасайтириш вазифаси қўйилди

admin

ОЗИҚ-ОВҚАТ ХАВФСИЗЛИГИ БЎЙИЧА ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ ИШТИРОКЧИЛАРИГА

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ   МИРЗИЁЕВНИНГ ОСИЁДА ҲАМКОРЛИК ВА ИШОНЧ ЧОРАЛАРИ БЎЙИЧА КЕНГАШНИНГ  VI САММИТИДАГИ НУТҚИ

admin