ADOLAT 24

Онлайн сабоқлар: ютуқ ва муаммолар

Халқ таълими вазирлиги жорий йил 24 январдан бошлаб мактаблар бир ой давомида онлайн шаклда фаолият олиб боришини маълум қилди. Бунга сабаб коронавирус инфекциясининг янги штамми болалар ва ёшлар ўртасида тарқалиш хавфининг олдини олиш. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг таклифларидан келиб чиқиб, вазирлик бундай қарорга келди.

Пандемия даврида болажонларимизнинг соғлиғини ўйлаб онлайн тизимга ўтилгани жуда яхши. Бу жиҳатдан фарзандларимиз касалликдан ҳимоялангани кўнглимизга таскин беради. Аммо онлайн тизимдаги таълим сифати ижобий натижа бермаётганлиги кишини ўйлантиради. Тўғри, телевидение каналларида 1-синфдан то 11-синфгача онлайн дарслар узлуксиз бериб бориляпти. Бундан халқимиз жуда миннатдор. Аммо интернет билан боғлиқ бўлган муаммолар ҳануз бартараф бўлмаётганлиги кишини ажаблантиради. Интернет тезлиги шаҳарларда яхши, аммо кўпсонли аҳолининг аксарият қисми яшаётган қишлоқ ҳудудларида-чи? Бу саволга ижобий жавоб топиш мушкул. 

Қишлоқдаги аҳоли болаларининг бу тизимдан тўлақонли фойдалана олмаётганлигидан кўз юмиб кетиб бўлмайди, ахир. Карантин даврида онлайн дарс­лар йўлга қўйилди. Бироқ ўқитувчилар учун айрим муаммолар пайдо бўлди. Масалан, онлайн дарс­ларда ўқувчиларнинг қамрови тўлиқ бўлди, дея олмаймиз. Чунки барча оилаларнинг ҳам бажарилган дарс­ларни телег­рамдан вақтида етказиб туришнинг имкони йўқ. Айниқса, уч ёки тўрт нафар ўқувчи фарзанди бор ота-оналар ҳаммасига бирдек вақт ажратишда қийинчилик­ларга дуч келяпти. Шу каби ҳолатлар инобатга олинган ҳолда якуний баҳоларни чиқаришда ўқувчиларнинг онлайн дарслардаги иштироки нисбатан юқори баҳоланди. Ўқитувчи, ўқувчи ва ота-она учун ҳам бу жараёнда улар ўртасида эътироз­лар кузатиляпти.

Узоқ тоғли қишлоқда яшайдиган танишларимдан бири эҳтиёжманд оилаларнинг болалари интернет тизими билан таъминланмаганлиги учун ўқитувчилар ниқоб тақиб карантин қоидаларига амал қилган ҳолда болаларнинг дарсликларни қандай ўзлаштираётганликларидан хабар олиб, хонадонига бориб дафтар тек­шираётганликларини айтиб қолди. Қишнинг совуғида қишлоқ оралаб ҳар бир шогирдининг таълим-тарбиясини ўйлаётган ўқитувчининг бундай фидойилигига таҳсинлар айтгинг келади. Шу ўринда бу каби фидоий ўқитувчиларнинг иш ҳақига устама қўшиб тўланиши керакмикан, деб ўйлайман. Шунингдек, чекка қишлоқ ҳудудларидан шаҳарга қатнаб ўқийдиган талабалар учун ҳам шароитлар етарли эмаслиги барчага маълум.

Узоқ тоғли қиш­лоқларда, айниқса, электр энергиясидаги узилишлар ва интернет тезлигининг жуда пастлиги сабабли талабалар ҳам бирмунча мушкуллик­ларга дуч келишяпти. Интернетдаги айни пайтда жуда зарур бўлган Moodle сис­темасининг ўзи ҳали мукаммал эмас, 4G интернет тезлиги эса баъзида умуман ишламай қолади. Албатта, барча талабалар дарсларга қатнашиши шарт. Аммо бу аҳволда дарсга қандай қатнашиб бўлади? Агар қолдирилган дарслар сони кўпайиб кетаверса, келажакда кадрлар салоҳияти даражаси қандай бўлади? Ахир уларнинг чет қишлоқларда яшашлари айб эмас-ку!? Тўғри, излаган имкон топади, дейиш мумкин, лекин ҳозир айнан пандемия даврида интернет излаб бирор қариндошникига бориш ҳам ўнғайсизликка олиб келади. Онлайн ўқитиш тўғрисида қарорга келиндими, ўқувчи ва талабаларнинг имкониятлари даражаларини ҳам инобатга олган ҳолда мазкур муаммоларни яна бир қайтадан кўриб чиқиш зарур, деб ўйлайман.

Фахриддин Орифхонов,

“Адолат” СДП Сурхондарё вилоят кенгаши 

мафкуравий ишлар бўйича раис ўринбосари

Tegishli xabarlar

Бирида яхши, Бирида акси

admin

КЎНГИЛ ОБОД БЎЛСА, ВАТАН ҲАМ ОБОД

admin

Талабалар учун янги имкониятлар

admin