ADOLAT 24

Давлат дастурининг айрим бандлари ижроси эътирозларга сабаб бўлди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши видеоконференция шаклида ўтказилди.

Йиғилишда Вазирлар Маҳкамасининг 2017-2021 йилларда Ўзбекис­тон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2021 йил якуни бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи кўриб чиқилди.

Фракция аъзолари томонидан мазкур Давлат дастурининг ҳар бир йўналишлари ва бандларининг ижросига масъул вазирлик ва идора вакиллари билан биргаликда ҳужжатнинг ижросини бандма-банд батафсил таҳлил этилишига алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидлаш жоизки, Давлат дас­тури 273 та банддан иборат бўлиб, унинг 117 та бандида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан, 14 та қонун, 103 та Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг фармонлари, қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, 156 та чора-тадбирлар дас­турлари ва бошқа ҳужжатлар лойи­ҳаларини ишлаб чиқиш белгиланган. 

Давлат дастури ижроси доирасида умумий қиймати 29,5 триллион сўм, 2,6 миллиард АҚШ доллари ҳамда 57,5 миллион еврога тенг лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган.

Бугунги кун ҳолатига кўра, Давлат дастурининг 243 та банди тўлиқ бажарилган, 5 та бандларнинг муддати узайтирилган ва 25 та банд бўйича ҳужжат лойиҳалари ва таклифлар белгиланган тартибда масъул идоралар томонидан кўриб чиқилаётгани таъкидланди.

Фракция аъзолари томонидан 2021 йил ҳам бутун дунё ҳамжамияти сингари мамлакатимиз учун пандемия сабаб синовли йил бўлишига қарамасдан Давлат дастурининг халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш ва жамиятда ислоҳотларнинг ўз вақтида амалга оширилишига оид бандларининг кечиктирилмасдан бажарилиши ижобий ҳолат сифатида баҳоланди.

Жумладан, “Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштириш йўналишида идоралараро электрон ҳамкорликни ривожлантириш, кўрсатилаётган электрон давлат хизматлари сифатини ошириш ва рўйхатини кенгайтириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан бевосита алоқасиз ўзаро муносабатларни амалга ошириш шакллари ҳамда масофавий хизматлар кенгайтирилди. Бу эса, ўз навбатида, бугунги пандемия шароитида фуқароларимизга кўплаб қулайлик­ларни яратиб берди. 

Музаффара АБДИЕВА, 

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

– Давлат дастурининг партия Сайловолди дастури билан ҳамоҳанг бўлган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини бериш тартибини такомиллаштириш борасидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳамда муқаддам чет давлат фуқаролигида бўлмаган шахс хоҳиш билдирган тақдирда, Ўзбекистон фуқароси деб тан олиниши қонун билан белгиланди.

Шу билан бирга, қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизими такомиллаштирилганлиги ҳамда бу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйи­­ча жамоатчилик гуруҳлари тузилганлигини алоҳида эътироф этамиз.

Таъкидлаш жоизки, фракция аъзолари мамлакатимизда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини, айниқса, ўрта ва қуйи бўғинда ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш ҳамда уларга сифатли ва профессионал юридик хизмат кўрсатишга қаратилган ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилаётганига алоҳида тўхталиб, Президент қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бош­қармалари ҳузурида юридик хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилганлигини ижобий баҳолашди.

Ҳисоботни кўриб чиқиш жараёнида фракция депутатлари томонидан 2021 йилда Қонунчилик палатаси томонидан Ҳукуматга юборилган парламент ва депутат сўровлари ҳамда мурожаатлар ижросининг таҳлили эътирофларга сабаб бўлди. Чунки парламент ва Ҳукумат ҳамкорлиги халқ манфаатларининг таъминланишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Хусусан, вазирликлар ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда Ҳукуматга Қонунчилик палатасидан 16 та парламент сўрови ва 424 та депутат сўрови чиқарилган ҳамда барчасига ўз вақтида жавоб қайтарилган.

Шу билан бирга, депутатлар 2021 йилги Давлат дастурининг айрим банд­лари ўз вақтида бажарилмаганлиги ва муддати узайтирилганлигига танқидий ёндашдилар.

Гулрух АГЗАМОВА, 

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

– Давлат дастурининг 5-бандида белгиланган ўрта ва қуйи бўғин бошқарув идораларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш орқали давлат бошқарувини номарказлаштиришга қаратилган ҳуқуқий асосларни шакллантириш, вилоят, туман, шаҳар ва маҳалла бошқарувида самарадорликни ошириш учун ходимлар сони ва маошини ҳудуднинг ўзига хослиги ва иш ҳажмидан келиб чиқиб белгилаш вазифаси ўз аксини топган эди. Бунда қуйи тизим раҳбарлари ва ходимларини замонавий ахборот технологиялари асосида самарали ишлашга ўргатиш ва малакасини мунтазам ошириб боришнинг аниқ тизимини жорий этиш назарда тутилганди. Ушбу вазифалар бугунги кунда энг долзарб йўналишлар бўлишига қарамай ўз вақтида тўлиқ бажарилмаганлиги депутатлар эътирозига сабаб бўлмоқда.

Гулбаҳор САЙДГАНИЕВА, 

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

– Давлат дастурининг 78-бандига кўра ҳудудлар имкониятидан келиб чиқиб, танланган йўналишларда тадбиркорлар ташаббуслари асосида лойи­ҳаларни амалга ошириш учун зарур инфратузилма ва шароитларни давлат томонидан яратиб бериш тизимини жорий этиш белгиланган бўлиб, бунинг учун 2021 йилда 3 триллион сўм маблағга эга бўладиган “Ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш жам­­ғармаси”ни ташкил этиш ҳамда жамғарманинг молиявий манбаларини белгилаш, маблағларни шакллантириш ва тақсимлаш тартибини тасдиқлаш белгиланган.

Бироқ ҳисоботга кўра, бу борада бир қатор ишлар амалга оширилган бўлса-да, “Ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси”ни ташкил этиш ҳамда жамғарманинг молиявий манбаларини белгилаш, маблағларни шакллантириш ва тақсимлаш тартибини тасдиқлаш ишлари якунига етказилмаганлигини танқидий баҳолаймиз.

Яна бир муҳим масала, Давлат дас­турининг 82-бандида туман ва шаҳарда саноат салоҳиятини янада ошириш учун 100 та технопарк, кичик саноат зоналари, ҳудудий кластер ва махсус логистика марказларини ташкил этиш ҳамда эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарига, биринчи навбатда, зарур инфратузилма объектларининг манзилли рўйхатини шакллантириш белгиланган эди. 

Ҳисоботга кўра, бу борада бир қатор ишлар амалга оширилгани таъкид­ланган бўлса-да, 100 та технопарк ва махсус логистика марказлари ташкил этилганлиги ҳақидаги маълумот берилмаган. Шундан келиб чиқиб депутатлар мазкур банд ҳам ўз-ўзидан тўлиқ бажарилмаган деб ҳисоблаймиз.

Шу билан бирга, фракция аъзолари томонидан Давлат дастурининг ижросини таъминлаш борасида белгиланган муддатларга риоя қилмаслик ёки белгиланган вазифларни амалга оширишда сусткашликка йўл қўйган мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги масалалари муҳокама қилинмагани, агар муҳокама қилинган бўлса қандай қатьий чоралар кўрилгани бўйича маълумотлар тақдим этилмаганлиги эътирозларга сабаб бўлди. Қайд этилдики, Давлат дастурининг ижроси бўйича ҳар бир давлат органи ва мансабдор шахснинг алоҳида масьуллиги ва жавобгарлиги белгилаб берилган.

Зуҳра ИБРАГИМОВА, 

“Адолат” СДП фракцияси раҳбари:

— Албатта, мамлакатимизда ҳар йил номига мос равишда Давлат дас­тури ишлаб чиқилади ва шу асосида турли соҳаларда ислоҳотлар амалга оширилади.

Таъкидлаш жоизки, 2021 йил “Ёш­ларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да ҳам йил номига мос равишда Давлат дастури ишлаб чиқилиб, тегишли соҳаларда ислоҳотлар олиб боришга замин яратди.

2021 йилда ҳам кўплаб мамлакатларда пандемия сабаб иқтисодий инқирозлар юз бераётган бир пайтда юртимизда ЯИМнинг ўтган йилга нисбатан 7,4 фоизга ошириб бажарилганлиги ва унда саноатнинг улуши 8,7 фоиз, қурилишнинг улуши 6,8 фоиз, қишлоқ хўжалигининг ҳиссаси 4 фоизга кўтарилганини алоҳида эътироф этамиз. Албатта, Давлат дас­турида халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган ислоҳотларнинг ўз вақтида амалга оширилишини ижобий ҳолат деб баҳолаймиз.

Лекин 2021 йилги Давлат дастурининг бажарилишида айрим камчилик­ларга ҳам йўл қўйилганлигига тўхталиб ўтмоқчиман. Жумладан:

– аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида амалиётга жорий этилаётган “электрон поликлиника” тизимини ҳам охирига етказиш ва сифатини таъминлаш зарур деб биламиз. Чунки аҳоли бирламчи тиббиёт муассасаларида ортиқча сарсонгарликларга дуч келмоқда;

– аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган дори-дармонлар нархларининг асоссиз оширилишига ва сифатсиз дориларнинг сотилишига чек қўйиш бўйича тизимли ишлар етарлича йўлга қўйилмаган;

– яна бир муҳим масала, фракция аъзо­лари томонидан Давлат дастурининг ижросини таъминлаш борасида белгиланган муддатларга риоя этиш зарур.

Биз, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан юборилаётган депутатлик сўровлари ва мурожаатларига белгиланган тартибда жавоб бермаётган айрим мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини янада кучайтириш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Шу билан бирга, фракция аъзолари томонидан Давлат дастури ижросида қуйидаги масалаларга эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди:

– 2021 йилги Давлат дастурининг ўз вақтида бажарилмаган ва муддати узайтирилган айрим бандларининг тўлиқ бажарилишини таъминлаш ва бу ҳақида яқин фурсатларда алоҳида маълумот берилса мақсадга мувофиқ бўлар эди; 

– Давлат дастурида белгиланган тадбирларнинг натижадорлигини ўрганиб бориш, чуқур таҳлил этиш ва кенг жамоатчиликка бу тўғрисида зарур маълумотларни етказиб бориш лозим, деб хисоблаймиз.

– Тиббиёт соҳасининг бирламчи бўғинидаги ислоҳотларни давом эттириб, фаолияти йўлга қўйилган оилавий полик­линикалардаги хизмат кўрсатиш фаолиятини қайта мониторинг қилиш ва етарли шарт-шароитлар яратишга эътибор қаратиш, дорихоналар фаолияти устидан назоратни кучайтириш лозим деб ҳисоблаймиз.

Қизғин баҳс ва мунозаралар тарзида бўлиб ўтган фракция йиғилишида Давлат дастурининг кечиктирилган бандларини қисқа фурсатларда амалга ошириш юзасида таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Муҳокамалар якунида “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2021 йил якуни юзасидан ҳисобот фракция томонидан маъқулланди.

Анвар ЭГАМҚУЛОВ

Tegishli xabarlar

ҲАҚИҚАТ ЙЎЛИ

admin

Қонуний жазо чораларини кучайтирмасдан, коррупцияни бартараф этиб бўлмайди

admin

ОДИЛ СУДЛОВГА ЭРИШИШ ИМКОНИЯТЛАРИНИ ЯНАДА КЕНГАЙТИРИШ ВА СУДЛАР ФАОЛИЯТИ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

admin