ADOLAT 24

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШДА НОДАВЛАТ НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТЛАРИ ҲАМДА ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ БОШҚА ИНСТИТУТЛАРИНИНГ ЎРНИ ВА РОЛИ

Бугунги кунга келиб, коррупцияга қарши кураш умумжаҳон миқёсида глобал тус олди. Шу боис, ҳар бир давлат коррупцияга қарши курашиш борасида ўзининг миллий тизимини такомиллаштириб бормоқда. Ушбу таҳдидга қарши курашда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг янада фаол бўлишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Зеро, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган стратегиялар, чора-тадбирлар, халқаро алоқалар жамият ва давлат ривожи учун ғоятда манфаатли ҳисоб­ланади. 

Ўз навбатида, Ўзбекистонда ҳам нодавлат нотижорат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашдаги ўрни ва роли тобора ортиб бормоқда. Бу ишларни самарали амалга ошириш учун фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат секторининг бош­­қа вакилларини ҳам жалб қилиш зарур саналади. Бунда жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилаётгани ҳам эътиборга молик. 

Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишда фаоллик, жонбозлик кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа инс­титутларини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамиятнинг тараққий этишида муҳим аҳамият касб этади. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Янги Тараққиёт стратегияси»да таъкидлаб ўтганидек, «фуқаролик жамияти институтларининг эркин фаолият юритиши, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур шароитлар яратиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш эътибор марказида бўлиб турибди».

Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекис­тонда «Жамият – ислоҳотлар ташаббус­кори» тамойили асосида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларда фуқаролик жамияти инс­титутлари, хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам фаол иштироки тобора кенгайиб бормоқда. Қонунчилик ҳужжатларининг қабул қилинишидан аввалги жамоатчилик муҳокамалари, раҳбарлар ҳисоботини эшитиш тизимининг жорий этилиши, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги, ахборот олиш эркинлигини таъминлаш орқали жамоатчилик назоратининг такомиллашаётгани, раҳбарлар ва фуқаролар ўртасида мулоқот тизимининг (онлайн ва оффлайн тарзда) жорий этилгани, долзарб масалаларни ижобий ҳал қилиш мақсадида тузилган турли ишчи гуруҳларида давлат ташкилотлари вакиллари билан бир қаторда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларининг ҳам иштирок этаётгани фикримиз исботидир. 

Эътироф этиш керакки, коррупция­нинг ҳар қандай турига қарши курашишда давлат фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда иш юритиши мақсадга мувофиқ. Бунинг бир қанча афзал томонлари бўлиб, у муайян кўриниш ва механизмларда ўз аксини топган. Хусусан, соҳада олиб борилаётган давлат сиёсатини мониторинг қилиб боришда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ҳам ўрни ва роли бор. Зеро, мониторинг юритиш орқали масъул раҳбарларда жавобгарлик ҳисcининг ошишига, уларнинг омма олдида мунтазам ҳисобот бериб боришига эришилади. Бу эса, ўз навбатида, давлат органларининг халққа ҳисоб бериб бориш тизимининг такомиллашишига, шунингдек, аҳолининг фикрини доимий эшитиб бориш орқали коррупцияга қарши курашиш борасидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Таъкидлаш лозимки, коррупцияга қарши курашдаги ислоҳотлар мониторингини но­дав­лат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари мус­тақил равишда ёки тегишли давлат органлари билан ҳамкорликда олиб бориши ҳам мумкин. Зеро, мазкур икки механизм­нинг ўзига хос ижобий ва салбий томонлари ҳам бор.

Мустақил равишда олиб бориладиган мониторингдаги ижобий хусусиятнинг ўзига хослиги шундаки, бунда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа инс­титутлари ўзининг мониторинг олиб бориш режаси ҳамда стратегия­сини ҳеч ким билан келишмаган ҳолда, мус­тақил равишда ишлаб чиқиш имконига эга. Муҳими, бунда уларнинг ўзгалар олдида мустақил ҳаракат қила олиш имкониятини кўрсата билиш эҳтимоли ҳам ортади. Қолаверса, мониторингни мустақил равишда амалга ошираётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини тегишли давлат органлари томонидан манипуляция қилиниши эҳтимоли камаяди.

Шу билан бир қаторда, мониторинг натижалари ва хулосаларидан келиб чиқиб, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўз фаолиятини қайта кўриб чиқиши, иш жараёнини эса натижаларга мувофиқлаштириб боришда эркин бўлади. Бу, ўз навбатида, коррупцияга қарши курашишда кўпроқ пинҳона мониторингларни ўтказиш имкониятини пайдо қилади.

Тегишли давлат органлари билан ҳамкорликда олиб бориладиган мониторингдаги ижобий хусусиятнинг афзал томони шундаки, бунда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бош­­қа институтлари ўзлари учун зарур бўлган маълумотларни қўлга кирита оладилар. Таъкид­лаш жоизки, мустақил равишда мониторинг олиб бориш жараёнида нодавлат нотижорат ташкилотларининг фақатгина очиқ маълумотлар билан чекланиб қолиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Давлат органлари билан ҳамкорлик давомида барча учун ҳам очиқланмайдиган маълумотлар базасидан фойдаланиш имкони пайдо бўлади, давлат органларидан қўшимча маълумотларни талаб қилиш эҳтимоли ҳам ортади. Бу мониторинг асосидаги хулосалар ва таклифларнинг яна ҳам аниқроқ ва асослироқ бўлишига хизмат қилади.

Тегишли давлат органи ва фуқаролик жамияти институти ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик, улар билан фаолият юритиш истагида бўлган бошқа давлат органларининг янги алоқалар ўрнатишига туртки беради.

Давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ўрнатиладиган ҳамкорликнинг энг муҳим ижобий хусусиятларидан яна бири, бу – тажриба алмашинув натижасида эришиладиган етук малака. Яъни, давлат ташкилотининг коррупцияга қарши курашишга доир самарали, серқирра тажрибаси фуқаролик жамияти институтининг бу соҳадаги кўникмасининг ортишига хизмат қилади. Шунингдек, фуқаролик жамияти институти билан ҳамкорлик илғор хорижий тажрибани самарали татбиқ этишда ҳам қўл келади. Айтиш керакки, давлат органлари хориждаги ҳамкасблари билан мулоқотга киришиш ва ўзаро алоқаларни мус­таҳкамлаб боришда турли бюрократик таомилларга амал қилишга мажбур бўлишлари эҳтимолдан йироқ эмас. Бу эса мазкур доирада халқаро ҳамкорликни сезиларли даражада сустлаштириб, хорижий тажрибани амалиётга татбиқ қилишни узоқ муддат ортга суриши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, бугун фаол нодавлат нотижорат ташкилотлари халқаро майдонда коррупцияга қарши курашишда илғор бўлган ўз ҳамкасблари билан қисқа фурсатда осонлик билан алоқа ўрнатиш имконига эга. Бу амалиётни илғор хорижий таж­риба асосида такомиллаштириш жараёнини жадаллаштиради. Жумладан, келгусида коррупцияга қарши курашувчи халқаро нодавлат нотижорат ташкилотларининг самарадор, ижобий натижаларини ўрганишни мақсад қилган ҳолда хорижий ҳамкорликни ўрнатиш «Тараққиёт стратегияси» маркази каби нодавлат нотижорат ташкилотлари олдида турган бош вазифалардан биридир.

Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган давлат сиёсатини тарғиб қилиш ва аҳолининг бу борадаги хабардорлигини оширишда фуқаролик жамияти институтлари билан фаол ҳамкорлик юритиш, албатта, ўзининг ижобий самарасини беради. Зеро, уларда кенг аҳоли қатламини қамраб олиш имкони мавжуд бўлиб, мазкур соҳадаги ислоҳотларни қўллаб-қувватловчилар сонининг ортишига ҳам кўмакдош бўлиши шубҳасиз.

Фуқаролик жамияти институтлари қуйи­даги тўрт масалада чақириқ билан чиқиш­лари ҳам мумкин. Бу – қонунлар, сиёсат, амалиёт ва хулқ-атвор.

Қонунлар қониқарсиз ёки самарасиз бўлса, фуқаролик жамияти институтлари уларни такомиллаштириш бўйича ёки қонунчиликдаги мавжуд бўшлиқ сабабли коррупция ҳолатлари вужуд­­га келаётган бўлса, ўша муаммони тартибга солувчи янги қонунлар қабул қилиш борасидаги чақириқлар билан чиқишлари мумкин. Шу боис, нодавлат нотижорат ташкилотлари қонунчилик ташаб­бусининг турли босқичларида, жумладан, тегишли ташкилотлар томонидан тузиладиган ишчи гуруҳларда ҳам фаол бўлиши керак. Ушбу имкониятдан фойдаланиш учун эса уларга тегишли шарт-шароит яратилиши зарур. Бунда қонунчилик ҳужжатларини қабул қилиш жараёнида коррупциоген факторларнинг бор-йўқлигига, кимларнингдир манфаатлари кўзланган ёки кўзланмаганлигига, қонунчилик ташаб­бускорларининг холислигига алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади.

Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари коррупция­­га қарши курашишдаги сиёсатни белгилаш, ўзгартириш ва такомиллаштиришда ҳам фаол бўлишлари муҳим саналади. Бунинг учун фуқаролик жамияти институтларидан сиёсатнинг расмий ва норасмий жараёнларидан яхши хабардор бўлиш талаб этилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотнинг амалиётни такомиллаштиришдаги фаоллиги қонун ёки сиёсатнинг қониқарли даражада ишламаётганлигини исботлаб беришда ўз аксини топади. Яъни, улар қонун ва сиёсатни амалиётга самарали татбиқ қилиш зарурлиги бўйи­­ча чақириқ билан чиқишлари мумкин. Бу усулдан, тегишли қонун ва сиёсат бор-у аммо уларга амал қилинмаслиги оқибатида коррупция кенг тарқалган пайтда фойдаланилади. Нодавлат нотижорат ташкилотидан бу борада катта маҳорат талаб этилади. Улар маҳорат билан амалдаги қонун ва сиёсатни бузаётганларни огоҳлантириши, коррупция ҳолатларини тўхтатишга қодир бўлган шахсларнинг диққатини жалб қила билишлари керак бўлади. Албатта, бу осон иш эмас, чунки бундай чақириқ билан чиқиш қонунчиликни мукаммал билишни ва етарлича далилларга эга бўлишни талаб этади. 

Шу ўринда, нодавлат нотижорат ташкилоти амалдаги қонунчилик, шунингдек, сиё­сат билан тартибга солинмаган ҳамда қон-қонга сингиб кетган норасмий муносабатлар, анъанавий амалиётлар ёрдамида бошқарилиб келинаётган хулқ-атвор, ҳаракат ёки удумларни ўзгартириш чақириғи билан ҳам чиқиши мумкин. Маълумки, бу жараён совға-саломлар, олди-бердилар, манфаатлар тўқнашуви каби шубҳали хатти-ҳаракатлар орқали намоён бўлади. Непотизм ана шундай амалиётлардан бири ҳисобланади. Бунда объектив қараш эмас, балки шахсга қандайдир афзалликлар бериш кўзда тутилади.

Фуқаролик жамияти институтларининг оммавий ахборот воситалари (ОАВ) билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйиши ҳам коррупцияга қарши курашишнинг самарали усули ҳисоб­ланади. Зеро, бир томондан, ОАВ катта маълумотлар базасига эга бўлиб, улар ана шу маълумотлардан фойдаланган ҳолда тегишли чораларни кўришга хизмат қилса, иккинчи тарафдан, давлат ушбу соҳадаги сиё­сатни, айнан ОАВ орқали фаол ва кенг тарғиб қилиш имконига эга. Бу борада, албатта, маълумотларнинг ҳаққонийлигига эътибор қаратиш лозим. 

Фуқаролик жамияти институтлари юқорида келтириб ўтилган омилларни коррупцияга қарши курашишда кенг қўллаши мумкин. Хусусан, бюджет маблағларининг тақсимотидан тортиб, уларнинг сарфланишигача бўлган ҳолатлар, давлат мулкини хусусийлаштиришнинг турли жараёнлари, давлат харидлари, мамлакатнинг ҳар бир чеккасидаги давлат объектларининг қурилиши ва шу каби бошқа амалиётларда учрайдиган коррупциоген факторларни аниқлашда фуқаролик жамияти институтларининг фаол бўлиши муҳим ҳисобланади. Бунда, албатта, мамлакатда рақамлаштириш соҳасида бўлаётган ўзгаришлар, шунингдек, ҳар бир соҳада фаолият юритаётган махсус электрон порталларнинг ҳам ўрни беқиёс. Буларнинг барчаси фуқаролик жамияти институти томонидан мониторинг ўтказиш ва унинг натижаларига кўра тегиш­ли таклифлар билан чиқиш имкониятини кенгайтириб, ишни сезиларли даражада енгиллаштиришга хизмат қилмоқда.

Бугун давлат органлари томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг очиқ электрон базаларда чоп этилиши, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан давлат органларининг фаолияти, айниқса, молиявий хатти-ҳаракатларини яқиндан кузатиш имконини бермоқда. Энг муҳими, бундай имкониятлардан фойдаланаётганларнинг сони кундан-кунга ортиб бормоқда. 

2021 йилнинг 20 декабрь ҳолатига кўра, https://openbudget.uz/ сайтида фуқаролар томонидан билдирилган ташаббуслар сони 41 125 тани ташкил этди, улардан 22 967 таси ўз тасдиғини топди. Ташаббусларнинг 55,8 фоизи асосли деб топилиб, давлат бюджети томонидан молиялаштирилиши режалаштирилди. Бу, албатта, маблағларнинг сарфланиш жараёни, юқорида келтирилган механизмлар асосида бажарилаётган ишларнинг сифатини яқиндан назорат қилишга кўмак беради.

Қолаверса, бошқарув соҳасида давлат иштирокининг қисқартирилаётгани, давлат хизматига кадрларни танлашда уларнинг малакавий талабларга жавоб бера олиши, шунингдек, соҳага оид билимини баҳолаш учун тест ва суҳбат ўтказишни ўз зиммасига олган vacancy.argos.uz сайтининг ишга туширилиши, меҳнат дафтарчаси, ойлик даромад ҳақидаги маълумотларнинг электрон базага мунтазам киритиб борилиши, ҳар қандай давлат хизматларидан фойдаланишда электрон навбат тизимининг йўлга қўйилиши каби бир қатор жараёнлар мамлакатимизда коррупция­­га қарши курашиш йўлида олиб борилаётган самарали ишларнинг ҳосиласидир. Келгусида фуқаролик жамияти институтлари бу каби йўналиш­лардаги камчиликларни танқидий нуқтаи назардан баҳолаши, юқорида келтирилган механизмлардан самарали фойдаланган ҳолда, мавжуд муаммоларни бартараф қилиш бўйича таклифлар ва янги ғояларни амалиётга татбиқ этишлари лозим бўлади.

Ўрни келганда, коррупцияга қарши курашишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари дуч келиши мумкин бўлган муаммо ва қийинчилик­ларга ҳам тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ. Энг асосий муаммо, бу – фуқаролик жамияти институтларида етарли даражада ресурсларнинг, шу жумладан, молиявий ҳамда тегишли ихтисос­ликка эга мутахассисларнинг йўқлиги. Шу боис, фуқаролик жамияти институтларининг салоҳиятидан тўлақонли фойдаланиш учун молиявий масалалар давлат, халқаро ёки хорижий донорлар томонидан ўз вақтида ҳал қилиниши лозим бўлади. Чунки бу ҳолат улар фаолиятининг самарадорлигига бевосита таъсир қилади. Лекин бунда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам нохолис бўлмаслиги даркор. Энг муҳими, халқаро ва хорижий донорларнинг кўмак маблағлари нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари томонидан, айнан чет эл манфаатлари учун сарфланмаслиги зарур. Бундай хатти-ҳаракатларга йўл қўйилмаслигига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Бундан ташқари, ҳамкорликда олиб борилаётган мониторинг жараёнида, давлат органлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларига тегишли маълумотларни тақдим қилиш эвазига бирон-бир талаб ўртага қўйилиши ҳам мумкин. Хусусан, мониторинг натижаларини кенг жамоатчиликка тақдим қилишдан аввал уларни тегишли давлат ташкилотига кўрсатиб, тасдиқлатиб олишни мисол тариқасида келтириб ўтиш мумкин.

Элдор ТУЛЯКОВ,

«Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори,

Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш 

миллий кенгаши аъзоси

Tegishli xabarlar

Янги кодекс — тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилади

admin

Ёлғон кўрсатма берганлиги учун жазоланди

admin

ЛОҚАЙДЛИККА НИСБАТАН ЖАВОБГАРЛИК БЕЛГИЛАНСИН!

admin