ADOLAT 24

Буюк Темур нега хон унвонини олмаган?

Инсоният тарихида ўтган энг буюк шахслардан бири сифатида ҳақли равишда эътироф этиладиган Буюк Темур бобомиз нега ўзига “хон” унвонини олмаганлиги узоқ йиллардан бери олимлар ва жамоатчиликнинг турли қатламлари орасида мунозараларга сабаб бўлиб келади. Айрим темуршунос олим ва темурийлар ҳақида бадиий асарлар битган ёзувчиларда Темур Чингизхон авлодидан бўлмаганлиги учун хон бўлишга ҳаққи йўқ эди, деган фикрлар бор. Мутахассисларнинг бу борадаги қарашларига мисол сифатида 4 та китобдан иборат “Улуғ салтанат” тетралогиясини ёзган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алига мурожаат қиламиз: “Ўша пайтдаги таомилга кўра, давлатга Чингизхон асос солган, шунинг учун фақат унинг авлодидан бўлганларгина хон аталишга лойиқ кўриларди”.

Бу “таомил” қаердан келиб чиққанлигини тарихчилар бундай тушунтиришади: Темурнинг саккизинчи аждоди Қачули баҳодир ва Чингизхоннинг учинчи аждоди Қабулхонлар ўртасида “Хонлик Қабулхон авлодининг қўлида, сипоҳсолорлик эса Қачули баҳодир болаларида бўлсин”, деган аҳднома бўлган. Балки шундай “аҳднома” бўлганлиги туфайли ўша пайтдаги одамларда фақат Чингизхон авлоди вакилларигина “хон” бўлиши керак, деган ақида туғилган бўлиши ҳам мумкин?!

Бундай “аҳднома” ҳақиқатда бўлмагандир десак, Темур ўзининг “Тузуклари”да бунинг бор эканлигини тан олган. Балки шу боис Темур ҳокимият тепасига келган илк даврида бу фикрга қўшилган ва шу сабаб ўзини “хон” деб эълон қилмаган ҳамда аслида ўзининг бекларидан бири бўлмиш, лекин Чингизхон сулоласидан бўлган Суюрғатмишхон, унинг вафотидан кейин ўғли Султон Маҳмудхонларни тахтга ўтқазиб юрган бўлиши мумкин. 

Лекин ҳокимият тепасига келгандан бир неча йил ўтиб, Евроосиё материгининг сал олдинроқ чингизийлар ҳукмронлик қилган катта ҳудудида Темур энг қудратли шахсга айланди. У ҳатто Олтин Ўрда тахтига ўзи хоҳлаган Тўхтамишни хон қилиб кўтариш даражасига етди. Бу улкан ҳудудда унга тенг келадиган ҳарбий куч қолмади. Ана шундай вазиятда агар Темур хоҳлаганда, у ўзини “Темурхон” деб эълон қилиши мумкин эди ва бунга ҳеч қанақа куч қаршилик қила олмасди. Нима, у хон бўлиш учун ўзи тахтга ўтқазган чингизий Тўхтамишхондан рухсат олиши керакмиди? 

Қолаверса, бу орада, яъни 1360 йили чингизий Туғлуқ Темурхон билан Темурнинг Мовароуннаҳр ҳукмдори бўлиши тўғрисида аҳднома тузилган. Мазкур аҳднома ҳақида Темур бундай дейди: “Туғлуқ Темурхон Мовароуннаҳрни эса менга қолдирди ва бу хусусда ёрлиғу аҳднома ёзиб берди…. Мен бутун Мовароуннаҳр вилоятига, то Жайхун дарёсининг соҳилларигача чўзилган ерларга ҳукмрон бўлдим”.

Ана шу гаплардан ҳам кўриниб турибдики, Темур йигит ёшидан бошлаб ўз давлатини ташкил этиш ниятида бўлган. Унинг айнан шундай фикрда бўлганлиги “Темур тузуклари”да “мен бутун Мовароуннаҳр вилоятига, то Жайхун дарёсининг соҳилларигача чўзилган ерларга ҳукмрон бўлдим” (бу воқеа 1360 йилда, яъни Темурнинг 24 ёшида юз берган – таъкид муаллифники), деб ёзиши ва айнан Темур Мовароуннаҳрга вақтинча ҳукмронликка эришган 1360 йилдан бошлаб юз берган воқеаларни “Темур тузуклари”да “Давлат қуриш олдидан қилган иккинчи кенгашим”, “Ўз салтанатимни тузиш йўлида қилган учинчи кенгашим”, “Салтанатимнинг дастлабки даврларида қилган тўртинчи кенгашим” деб аташидан кўриниб турибди.

Эътибор қилинг, Темур қайсидир ҳукмдорга сипоҳсолор, яъни бош қўмондон бўлишни ўзига эп кўрмаяпти, балки “ҳукмрон бўлдим”, “давлат қуриш олдидан”, “ўз салтанатимни тузиш”, “салтанатимнинг” деган ибораларни ишлатяпти. Яъни, у ўз мус­тақил давлатини тузиш ва унга ўзи ҳукмрон бўлиш нияти борлигини очиқ-ойдин ва аниқ шаклда айтяпти.

Темур айнан ўзи мустақил ҳукмрон бўлишни хоҳлаганлиги “Тузуклар”дан олинган қуйидаги иқтибосда ҳам равшан кўриниб турибди: “…Ҳижрий 762 (милодий 1361) йили Туғлуқ Темурхон иккинчи марта Мовароуннаҳрга қўшин тортиб келиб, мени ўз ҳузурига чорлаб нома жўнатди. Мен (рози бўлиб), унинг истиқболига чиқдим ва у билан кўришдим. У орамиздаги аҳдни бузиб, Мовароуннаҳрни ўғли Илёс Хожага топширди, мени эса сипоҳсолор қилиб белгилади. Бу ишга ортиқча рўйхушлик билдирмаётганимни сезиб, бобом Қачули Баҳодир ва ўзининг бобоси Қабулхонларнинг аҳдномасини кўрсатди”. 

Демак, у ҳолда бу икки авлод вакиллари ўртасида турли пайтларда тузилган иккита, лекин бир-бирига зид аҳдномалар бўлганми? Агар шундай бўлса, аҳдномаларнинг кейингиси биринчисини инкор этяпти. Демак, шу билан Темурнинг давлатнинг мус­тақил ҳукмдори бўлиш ниятига тўсқинлик қиладиган аввалги ҳужжат ўз аҳамиятини йўқотмайдими? 

Темуршуносларимиз икки уруғ вакиллари ўртасида тузилган биринчи аҳднома ҳақида кўп ёзишади, лекин “Темур тузуклари”да баён этилган иккинчи аҳднома ҳақида камроқ эслашади… 

Темур баъзан номига “султон” сўзини қўшиб ишлатган. Муҳаммад Али бу ҳақда шундай ёзади: “1391 йилда Тўхтамишхон билан жангга бораётиб, Дашти Қипчоқда улкан тошга хотира сатрларини ўйдириб ёздирганда, ўзини «Турон султони» деб атади”. Сипоҳсолорликка рози бўлган одам ўзини “султон” деб аташи мумкинми? 

Ўзбекистон темуршунослик фанида худди аксиома даражасида ишлатиладиган “Хонлик Қабулхон авлодининг қўлида, сипоҳсолорлик эса Қачули баҳодир болаларида бўлсин”, деган аҳдноманинг тузилган ёки тузилмаганлиги ҳамда унинг мазмуни ҳақида менда қатор саволлар бор:

1. Буюк Темурга гўё Туғлуқ Темурхон кўрсатган ана шу аҳднома матни борми? Бундай келишувнинг ўрта асрларда Евроосиё материгида яшаган халқлар ва давлатлар учун, бугун эса илмий ҳақиқатнинг тагига етиш учун аҳамияти ҳаддан ташқари катта. Шундай экан, бу аҳдномани тарихчилар, чингизий ҳамда темурий ҳукмдорлар тарихий китобларга киритишганми? 

2. Чингизхонга қадар ҳам Евроосиё материгида йирик салтанат ва давлатлар мавжуд бўлган. Ва уларнинг кўпчилигини бизнинг боболаримиз барпо этишганлик­лари ҳам маълум. Қолаверса, Чингизхон Марказий Осиёда узоқ йиллардан бери мавжуд давлатни босиб олган. Шундай экан, гап Марказий Осиё ҳақида кетганда “давлатга Чингизхон асос солган”, деган фикр қанчалик тўғри?..

3. Темурнинг саккизинчи аждоди Қачули баҳодир ва Чингизхоннинг учинчи аждоди Қабулхонлар аҳднома тузишган экан, демак, улар бир замонда яшаган бўлишлари керак. Бу ҳақиқатда ҳам шундайми? Қабулхон 1101 йили туғилган. Қачули баҳодирнинг қачон туғилганлиги ҳақида аниқ маълумот йўқ. Шу боис бу масаланинг тагига етиш учун рақамларга мурожаат қилайлик. Агар ўша давр­ларда ҳам ўртача ҳар 20 йилда ке­йинги авлод дунёга келган, деб фараз қилсак, 1336 йилда туғилган Темурнинг саккизинчи аждоди тахминан 1176 йилларда дунё юзини кўрган бўлади. Уларнинг орасида 75 йиллик фарқ чиқяпти. 

Ўша даврларда авлодлар орада 18 йиллик фарқ билан дунёга келган, деб ҳисобласак, Қачули баҳодир 1192 йили туғилган бўлиб, ўртадаги фарқ 91 йилга тўғри келади. Ҳар янги авлод 15 йилда пайдо бўлган, деб фараз қилганимизда Қачули баҳодир 1216 йилда туғилган бўлади ва саналар орасидаги фарқ 115 йилга тенг бўлади. 

Бу оддий арифметик амаллардан Қачули баҳодир ва Қабулхонлар бир давр­­да яшамаган, деган жиддий хулоса келиб чиқяпти! Демак, улар ўртасида бундай аҳднома бўлиши мумкин эмаслиги аниқ кўриниб турибди… Ёки бу аҳднома мавжуд бўлса, уни бир замонда яшаган бошқа шахс­лар тузишганми? 

4. Мазкур аҳднома тузилганлиги ҳақидаги маълумот бизга фақатгина битта манба, яъни “Темур тузуклари” орқали етиб келганми? Мабодо шундай бўлса, у ҳолда бу ахборот қанчалик ишончли ҳисоб­ланади?

 Мен инсоният тарихидаги буюк китоблардан бири бўлмиш “Темур тузуклари”га нисбатан ишончсизлик билдираётганим йўқ. Лекин “Темур тузуклари”нинг бизгача қандай етиб келганлигига нигоҳ ташласак, кўп нарса ойдинлашади. “Темур тузуклари”нинг фанда қайд этилган илк нусхаси эски ўзбек тилида ёзилганлиги аниқ. Бу ҳақида усмоний турк ҳукмдорларидан бири – Яман ҳокими Жаъфар Пошо (ҳукмронлик йиллари 1607–1612) нинг кутубхонасидаги туркий тилда битилган асарда ёзилган. Ўша “Темур тузуклари”нинг сўзбоши қисмида ўрта осиё­лик Мир Абу Толиб Ҳусайний ал-Аризий ат-Турбатий деган олим 1610 йили Жаъфар Пошонинг топшириғи билан китобни эски ўзбек тилидан форс тилига таржима қилганлиги ҳам битилган. Бизгача ана шу форсий нусха тош босмалар, қўлёзмалар, кейинроқ замонавий нашрлар шаклида етиб келган.

Ҳусайний Турбатий “Темур тузуклари”нинг ана шу форсча таржимасини 1637 йили бобурий Шоҳ Жаҳонга (1628-1657) совға қилган. Шоҳ Жаҳон таржимада айрим ноаниқликлар ва камчиликлар мавжудлигини сезиб, унинг топшириғи билан йирик олим Муҳаммад Ашраф Бухорий китобни муҳим манбаларга солиштириб чиққан ва тегишли тузатишлар киритган. Мана шу йўл билан “Темур тузуклари”нинг янги варианти вужудга келади. Кейинчалик ундан кўплаб нусхалар кўчирилган. 

Кўриниб турибдики, бугунги “Темур тузуклари” бизга етиб келгунга қадар кўп бора таҳрир қилинган… “Темур тузуклари”нинг бизгача қандай ўзгаришлар билан етиб келганлиги ҳақида Буюк Темур ҳақида жиддий тадқиқотлар олиб бораётган Ҳаким Сатторий ҳам ўтган йилнинг 25 ноябрида “Янги Ўзбекистон” газетасида чоп этилган “Давлатчиликнинг нодир низомномаси” мақоласида ёзди. 

Шундай экан, Темур ва унинг аскарларидан зулм кўрган халқларнинг вакиллари бўлмиш ҳукмдорлар ёки тарихчилар бу китобга Темур шахсини пастга урувчи “у хон бўлишга ҳақли эмас” қабилидаги фикр­ларни киритиб юбормаганлигига ким кафолат бера олади?

5. Яна бир гап. Қаранг, “сипоҳсолор” туркий эмас, балки форсча сўз. У ўзбек тилида “қўшин бошловчи”, “бош қўмондон” маъноларини беради. Чингизхон ва Темурнинг аждодлари аҳднома тузиш пайтида “бош қўмондон” даражасини ифодалайдиган атамани форс тилидан олишлари мантиққа тўғри келадими? Темур боболари тузган аҳдномада мавжуд бўлган бу сўздан ҳукмронлик даврида фойдаланмаганми? Темур армиясида бош қўмондон “сипоҳсолор” эмас, “амир улумаро” деб аталмаганми?

6. Чингизхон тахминан 1155 йилда, бугунги Россия ва Мўғулистон чегарасидаги Делюн-Болдок (Делпун Бўлдан) водийсида, Онон (Ўнон) дарёси бўйидаги бир овулда туғилган. Унинг асли исми Темучин бўлиб, отаси Ясуғой баҳодир “бўритегин” (баъзи манбаларда “боржигин”, “бўрчиған”), онаси Ойлун эса “олхонут” уруғига мансуб эди. 

Темур барлос қабиласидан. Темур барлос уруғидан чиққан биринчи бош қўмондон ва ҳукмдорми ёки бу уруғдан ундан олдин ҳам давлат раҳбарлари бўлганми? Қабулхон ўз даврида мўғул қабилаларининг муайян қисмини бирлаштириб, қабилалар иттифоқини тузганлиги эса маълум. Лекин бу иттифоқни том маънода давлат деб ҳисоблаш мумкинми? Негаки, Қабулхон вафот этгандан кейин у тузган қабилалар иттифоқи тезда тарқалиб кетган. Ана шундай унча мус­таҳкам бўлмаган сиёсий шароитда яшаган Қабулхон барлос уруғи оқсоқоли Қачули баҳодир билан ким биринчи раҳбар бўлади, ким иккинчи бошлиқ бўлади, деган масалаларни муҳокама қилиши ва бу ҳақда аҳднома тузиши мантиққа тўғри келадими? Фараз қилайлик, қабила ёки уруғ шундай аҳднома тузган бўлса, у бажарилиши шарт бўлган юридик аҳамиятга эга бўладими?

7. Аҳдномада “хонлик Қабулхон авлодининг қўлида… бўлсин”, деб аниқ ёзилган бўлса, Қабулхон ўз авлодидан бўлмаган шахсни тахт вориси деб белгилаганлиги ҳам ўрганишни тақозо этадиган факт. Яъни, шундай аҳднома тузган шахс ўзида 7 та ўғил бўла туриб, нега бошқа авлод вакили бўлмиш тайжиут қабиласидан Амбағайхонни ворис қилиб тайинлади?

8. Яна бир муҳим савол туғилади: бўритегин, олхонут ва барлос уруғлари бир ҳудудда ёнма-ён яшаганми? Агар бу уруғлар бир-биридан узоқ жойларда яшаган бўлса, улар бундай аҳдномани қандай тузишган?

9. Ёки бўритегин, олхонут ва барлос уруғлари аҳолисининг сони жуда кўп ва шунақа кучли эдими? Улар Евроосиё­дай улкан ҳудуднинг сиёсатини белгилаб бера оладиган даражада қудратли бўлишганми?

Мазкур мақолада мен муаммо бўйича аниқ жавоблар эмас, кўпроқ саволлар қўйдим. Бунинг сабаби маълум, яъни масала ўта жиддий ва уни кўпчилик бўлиб ўрганиш тақозо этилади.

Бир пайтнинг ўзида мен Темур ўзини “хон” деб эълон қилмаганлигининг сабаб­лари жуда чуқур бўлган ва улар ҳам Темурнинг буюк шахслигидан далолат беради, деган фикрдаман. 

Менинг фаразим бўйича, Темур 1360 йилдаёқ ўзининг келгусида буюк ишлар қилиши ва улкан салтанат барпо этишига ишонган! Шу сабабга кўра, Темур онгли равишда ўзига “хон” унвонини олмаган! Чунки ўзини “хон” деб эълон қилганда Темур тарихда фақатгина Чингизхон сулоласининг давомчиси сифатида қолар эди, мустақил давлат асосчиси, деб ҳисобланмаслиги мумкин эди. 

Темур ҳақиқатда ҳам ўз даврида дунёнинг энг буюк ва қудратли салтанатини барпо этди. Унинг давлати фақатгина майдони ва аҳолисининг сони катталиги билангина дунёнинг биринчи давлатига айлангани йўқ, балки бу ҳудудда маданият, санъат, илм-фан, меъморчилик беқиёс даражада ривожлантирилди. Салтанат пойтахти Самарқанд эса ўша даврнинг энг гўзал ва маҳобатли шаҳрига айлантирилди. 

Темур инсоният тарихидаги энг нодир ҳодисалардан бири бўлмиш “Шарқда иккинчи Ренессанс”нинг асосчиси бўлди. Президентимиз таъбири билан айтганда, “Ўн бешинчи асрда Соҳибқирон Амир Темур бобомиз асос солган ва унинг муносиб авлодлари давом эттирган муҳташам салтанат юртимизда иккинчи Уйғониш, яъни иккинчи Ренессанс даврини бошлаб берди. Бу даврда Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Ғиёсиддин Коший, Али Қушчи сингари беназир олимлар, Лутфий, Саккокий, Ҳофиз Хоразмий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби мумтоз шоир ва мутафаккирлар майдонга чиқди. Шарафиддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир каби тарихчилар, Маҳмуд Музаҳҳиб, Камолиддин Беҳзод сингари мусаввирлар, кўплаб ҳаттот ва созандалар, мусиқашунос ва меъморларнинг шуҳрати дунёга ёйил­ди”! 

Буюк давлат арбоби ва ислоҳотчи Темур асос солган Уйғониш даврининг таъсири инсоният маънавий оламида беш юз йилдан кўпроқ давр давом этди, темурийлар қолдирган улкан мерос эса жами инсониятнинг бебаҳо мулкига айланди. Хуллас, яна бир буюк бобомиз Алихонтўра Соғуний таъбири билан айтганда:

Темурдек жаҳонда киши ўтмади,

Анингдек ўғилни она туғмади…

Tegishli xabarlar

“Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимовнинг партия X Қурултойидаги маърузаси (давоми)

admin

ШУКРОНА АЙТ…

admin

Қонунлардаги камчиликлар мутахассислар ёрдамида бартараф қилинади

admin