ADOLAT 24

Ижтимоий давлат — муҳим конституциявий тамойил

Маълумки, Конституция ҳар бир мамлакатнинг суверенитети, миллий давлатчилиги ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлган, фуқароларнинг манфаатлари, жамиятдаги ўрни ва турмуш тарзини белгилаб берадиган стратегик ҳужжат ҳисобланади. 

Бироқ Конституция қанчалик мукаммал бўлмасин, у қотиб қолган ҳужжат эмас. Аксинча, у давр билан ҳамнафас ва уйғун равишда доимий такомиллашиб борадиган органик ҳужжатдир. Масалан, конституциявий ривожланиш борасида катта йўлни босиб ўтган Франция тарихига назар ташласак, бу ерда 1789 йил, яъни Буюк француз инқилобидан буён 5 марта республика низоми, 20 мартадан ортиқ Конституция­лар қабул қилинганлигини кўрамиз. Ушбу мамлакатда энг сўнгги Конституция 1958 йилда қабул қилинган бўлиб, ўтган давр мобайнида унга тадрижий равишда кўп­лаб ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. 

Биргина XXI асрнинг ўтган йигирма йили давомида дунёнинг 90 га яқин давлатида конституциявий ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, 50 дан ортиқ давлатда янги Конституциялар қабул қилинди. 

Дунё мамлакатларидаги ушбу конс­титуциявий ўзгаришлар, энг аввало, шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги замон талаб ва чақириқлари, хусусан, экология ва атроф-муҳит муаммолари, “яшил” тараққиёт, ахборотлашган жамият ва электрон ҳукуматни шакллантириш, рақамли иқтисодиётни барпо этиш, илмий-технологик ва инновацион ривожланиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ва қонуний манфаатларини, айниқса, келажак авлод ҳуқуқларини таъминлаш каби масалалар билан чамбарчас боғлиқдир.  

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти Шавкат Мирзиё­­ев 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни муносабати билан халқимизга йўллаган табригида “сенатор ва депутатларимиз, кенг жамоатчилигимиз, халқимиз билан яна бир бор маслаҳат қилиб, жаҳон конс­титуциявий тажрибасини ўрганиб, пухта ўйлаган ҳолда бугунги ва келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган Асосий қонунимизни такомиллаштириш масаласини ҳам кўриб чиқишимиз керак”лиги ҳақидаги ғояни илгари сурганлиги айни муддаодир. Мамлакатимиз раҳбари томонидан таклиф этилаётган конституциявий ислоҳотни давримизнинг ўзи тақозо этмоқда. Зеро, у истиқболдаги тараққиётимизнинг зарурий шарти ҳисобланади. 

Президент Конституцияга киритиш таклиф этилаётган ўзгартиришларни санаб ўтар экан, “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” принципини ҳаётга татбиқ этиш бўйича конституциявий нормани мустаҳкамлаш масаласига ҳам устувор эътибор қаратди. 

Шундай экан, аввало, ижтимоий давлатнинг ўзи нима, унинг қандай белгилари бор ва функциялари нималардан иборат, нима учун ушбу тамойилни мамлакат Конституциясига муҳрлаб қўйиш зарур, бу борада хорижий тажриба нима дейди, каби саволлар туғилиши табиийдир. Биз қуйида шундай саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Ижтимоий давлат – бу давлатнинг шундай моделики, унда ижтимоий адолат тамойилларига мувофиқ ҳар бир фуқаронинг муносиб турмуш сифати ва даражасига эришиш, ижтимоий тафовутларни юмшатиш ва аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига ёрдам бериш мақсадида моддий бойлик­ларни қайта тақсимлашга қаратилган сиёсат юритилади. 

Мухтасар айтганда, давлат ўз фуқароларига ғамхўрлик қилишга масъулият билан ёндашиши шарт. Зеро, ижтимоий давлат – бу бозор иқтисодиёти шароитида ўз фуқароларига муайян даражада фаровонликни кафолатлайдиган давлатдир. Бундай давлатда жамиятнинг ҳар бир эҳтиёжманд аъзосини ҳеч истисносиз ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тизими қарор топади, давлат фуқаролар фаровонлигининг муайян даражаси учун масъулиятни ўз зиммасига олади. 

Ижтимоий давлатда ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий муносабатлар юқори даражада ривожланган бўлиб, унинг мақсади инсоннинг шахс сифатидаги имкониятларини тўла рўёбга чиқариш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳар томонлама таъминлашдан иборат. 

Кучли ижтимоий сиёсат олиб бориш ижтимоий муносабатлар тизимини тартибга солувчи ҳокимият институти бўлмиш давлатнинг табиатига хосдир. Бу моҳиятан давлатнинг ўз фуқароларига нисбатан ижтимоий ғамхўрлигини назарда тутади. Бу вазифа масъулият ва мажбуриятга айлансагина, давлат ижтимоий давлатга айланади. 

“Ижтимоий давлат” тушунчасини илк бор 1850 йилда немис иқтисод­­чи олими ва давлат арбоби Лоренс фон Штайн муомалага киритган. У давлатнинг муҳим функциялари рўйхатига “турли хил даражадаги барча ижтимоий табақалар учун ўз ҳокимияти орқали шахсий ҳуқуқларда мутлақ тенг­ликни таъминлаш”ни ҳам киритади. 

Унинг фикрича, давлат ўз фуқароларининг ижтимоий-иқтисодий тара­ққиётига ҳисса қўшиши лозим, пировард натижада бири(инсон)нинг ривожланиши, иккинчиси (давлат)нинг ривожланиши учун зарурий шарт ҳисобланади. 

Лоренс фон Штайн давлатнинг вазифаси ижтимоий тенглик ва шахсий эркинликни ўрнатиш, қуйи ва кам таъминланган ижтимоий қатламларни бой ва кучлилар даражасига кўтаришга ҳаракат қилишдан иборат, деб ҳисоб­ларди.

Ижтимоий давлатнинг белгилари нималарда кўринади? Аввало, аҳолининг даромадларини йирик мулкдорларга зарар етказмасдан қайта тақсимлаш имконини берувчи мамлакат иқтисодий ривожланишининг юқори даражаси таъминланади.

Бундай давлатда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти ҳамда фуқаролик жамияти қарор топади ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг ривожланган тармоғи яратилади; давлат томонидан турли ижтимоий дас­турлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилади; ҳар бир фуқарога муносиб турмуш шароити, ижтимоий таъминот ва шахснинг жамиятда ўз ўрнини топиши учун бирламчи зарурий шароитлар кафолатланади; ижтимоий суғурта бадалларининг ривож­ланган тизими жорий қилинади; бюджетни шакллантирувчи солиқларнинг ва ижтимоий соҳага тўловларнинг муайян миқдори таъминланади. 

Ижтимоий давлатда, шунингдек, аҳолининг барча қатламлари учун ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг ривож­ланган тизими йўлга қўйилади; ҳокимиятнинг бўлинишини ва давлат ҳокимиятининг ҳар бир тармоғи ўз функцияларини аниқ амалга оширишини таъминловчи ривожланган ҳуқуқ тизими яратилади. 

Ижтимоий давлатнинг функциялари ҳам ўзига хос бўлиб, аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, ишсизликка қарши курашиш, ёш тадбиркорларга ёрдам кўрсатиш, аҳоли даромадларининг доимий ўсишини қўллаб-қувватлаш, таълим, соғлиқни сақлаш ва маънавий-маданий ривожланишни таъминлаш, жамиятдаги ижтимоий тенгсизликни юмшатиш, ижтимоий суғурта тизимини кенг йўлга қўйиш, имтиёзларни қайта тақсимлаш орқали муносиб турмуш шароитини яратиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш шулар жумласидандир.

Бу борада халқаро тажрибага мурожаат қилсак, халқаро сиёсий ва ҳуқуқий тизимларда ижтимоий давлат икки хил, яъни билвосита ва бевосита кўринишда ўз ифодасини топганлигини кўришимиз мумкин. 

Билвосита кўринишда “фаровонликни таъминловчи давлат” ёки “умумфаровонлик ва хуррамликни таъминловчи давлат” каби тушунчалар орқали ижтимоий давлат тамойили Буюк Британия Конституциявий акт­ларида, Италия Конституциясида мус­таҳкамлаб қўйилган.

Бевосита кўринишда “ижтимоий давлат” тушунчаси 1949 йилги Германия Федератив Республикаси Конс­титуциясининг 20-моддасида ўз ифодасини топган. Унга кўра, Германия “демократик ва ижтимоий федерал давлат”, деб эълон қилинган. 

Шунингдек, Франциянинг 1958 йилги Конституциясида “бўлинмас, дунёвий, ижтимоий, демократик республика”, Испаниянинг 1978 йилги Конституция­сида эса “ҳуқуқий, демократик, ижтимоий давлат” тамойили ўз ифодасини топган. 

Асосий қонунларида “умумфаровонлик давлати”, “фаровонликни таъминловчи давлат”, “ижтимоий давлат” тушунчалари қўлланилган кўплаб мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Россиянинг Конституциясида ушбу тамойилнинг мазмуни қуйидагича ифодаланган: “Россия Федерацияси – сиёсатининг мақсади инсоннинг муносиб ҳаёти ва эркин ривожланишини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратишга қаратилган ижтимоий давлатдир”. 

Таъкидлаш жоизки, гарчи “ижтимоий давлат” тушунчаси шу пайтга қадар Конституциямизда ўз аксини топмаган бўлса-да, бироқ ҳозирги кунда Ўзбекис­тон раҳбари томонидан олиб борилаётган халқчил сиёсатнинг мазмун-моҳияти ана шу тамойилга тўлиқ мос келади. 

Зеро, олиб борилаётган барча ислоҳотларнинг замирида ҳазрати инсон омили ётади. Ҳозирда мамлакатимизда Давлат бюджетининг қарийб 50 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда. Қолаверса, “давлат инсонга хизмат қилиши даркор”, “инсон қадри ҳамма нарсадан устун”, “одамларнинг розилигини таъминлаш – ҳар бир давлат хизматчисининг бурчи” каби асос­ий ғоялар замирида ҳам ана шу дастуриламал тамойил ётганини кўрамиз.  

Бугун ҳаётимизга “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” каби ижтимоий ҳимоянинг дунёда муқобили йўқ беқиёс кафолатли тизими яратилганки, бу тушунчаларининг кириб келиши орқали эҳтиёжманд, кам таъминланган ва кўмакка муҳтож оилалар, хотин-қизлар ва ёшлар турмуш тарзида туб ўзгаришлар бўлаётганига барчамиз гувоҳмиз. 

Бу давлатимизнинг ўз фуқаролари ҳаёти, бугуни ва эртаси учун бефарқ эмаслигининг яна бир ёрқин ифодаси десак, асло муболаға бўлмайди.

Шу боис, Президентимизнинг “ижтимоий давлат” тамойилини янгиланадиган Бош қомусимизда муҳрлаб қўйиш ҳақидаги таклифи мантиқан тўғри ғоя бўлиб, у бир томондан, жаҳондаги илғор мамлакатларнинг конституциявий тажрибаларига, иккинчи томондан эса, ҳозирги кунда давлатимиз юритаётган ижтимоий йўналтирилган, халқчил ва инсонпарвар сиёсатга тўлиқ мос келади. 

Қодир Жўраев, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, 

сиёсий фанлар доктори.

Tegishli xabarlar

Адолат – хароб бўлмас бино

admin

Сайлов — биз учун катта имконият

admin

Янгиланаётган Конституция — юртимиз ва халқимизнинг фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлади

admin