ADOLAT 24

Мулк ҳуқуқи янада мустаҳкамланади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. 

Йиғилишда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллик байрами муносабати билан Ўзбекис­тон Рес­публикаси Президентининг халқимизга байрам табригида тилга олинган масалалар хусусида сўз юритилди.

Президентимиз табригида алоҳида таъкидланганидек, Конс­ти­туция­миз асосида бундан беш йил олдин мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди ва Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ўтган қисқа давр­­да жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий қиёфаси ўзгариб, эркинлик ва очиқлик, қонун устуворлиги, жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик давлатимиз сиё­сатининг асосий йўналишига айланди.

Олтиной МАМИРОВА, 

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

Давлатимиз раҳбари ўз табригида фуқароларимиз, кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар вакиллари томонидан билдирилган таклифлар асосида конституциявий ислоҳотлар олиб бориш зарурлигига тўхталиб ўтганлиги бугунги кун талабидир.

Бунда, айниқса, иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлаш бош мезон бўлиши, “Жамият – ислоҳотлар ташаббус­кори” деган эзгу ғоя доирасида Асосий қонунимизда фуқаролик жамияти ва оила институтини ривожлантириш, инсоний қадриятларимизни келгуси авлодларга безавол етказиш, миллатлараро тотувликни янада мус­таҳкамлаш, шунингдек, учинчи Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси бўлмиш боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш масалаларини конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйиш каби таклифлар мамлакатда олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг самарадорлигига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Шундан келиб чиқиб, депутатлар Президентимиз табригида кўтарилган долзарб таклифларнинг амалиётда ўз аксини топишида ташаббус кўрсатиш борасидаги вазифаларни белгилаб олишди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаб ўтганидек, Асосий қонунимизнинг янги лойиҳасини тайёрлаш, уни умумхалқ муҳокамасига қўйиб, билдирилган таклифлар асосида такомиллаштириш устувор вазифа сифатида белгиланди.

Фракция йиғилишида, шунингдек, “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Айтиб ўтилганидек, ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш, шунингдек, олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган объектларни бузиб ташлаш кўплаб давлатларда долзарб муаммо ҳисобланади. Ушбу масалаларнинг лозим даражада ҳуқуқий тартибга солинмаслиги аксарият ҳолларда аҳоли орасида норозиликларга сабаб бўлади. Бу каби ҳолатлар мамлакатимизнинг турли ҳудудларда ҳам содир этилиб, юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузига салбий таъсир этган низоли вазиятлар қайд этилгани ҳам бор гап.

Мавлуда Адҳамжонова, 

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

– Мисол сифатида 2019 йили Самарқанд шаҳридаги 6 мингга яқин, Тошкент шаҳрида эса 10 мингдан ортиқ фуқароларнинг уйлари бузилиши эвазига компенсациядан норози бўлгани ҳолда мажбурий кўчирилганлиги ҳақидаги расмий маълумотларни келтиришимиз мумкин. Бу эса қонунчилигимизда ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкий ҳуқуқлари ҳимояси борасида айрим муаммолар борлигидан далолатдир.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, қонун лойиҳасида жисмоний ва юридик шахсларга эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бўлган ер участкаси ёки унинг бир қисми жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши ҳамда ер участкаси ва унда жойлашган кўчмас мулк объектларининг ҳуқуқ эгаларига компенсация бериш тартиб-таомиллари белгиланаётганини эътироф этамиз. 

Шунингдек, лойиҳада ер участкаларининг компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши мулк ҳуқуқининг устуворлиги, хусусий мулк­нинг дахлсизлиги, олиб қўйилган ер участкасидан мақсадли фойдаланиши, қонунийлик, очиқлик ва шаффофлик, компенсациянинг кафолатланиши каби принциплар асосида амалга оширилиши белгиланмоқда.

Махфурат Хушвақтова, 

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

– Лойиҳада ўз аксини топаётган компенсация берилишининг аниқ тартиби ва муддатлари бўйича янги қоидалар ҳамда компенсация берилганидан сўнг кўчмас мулк объектини олти ой мобайнида бўшатиб қўйишга имконият берилаётгани фуқароларга қулайлик туғдиришини айтиб ўтмоқчиман. Чунки амалиётда кўрдикки, айрим ҳудудларда компенсация пулларини олгандан сўнг яшаш учун жой топишга улгурмасдан фуқароларнинг уйлари бузилган ҳолатлари ҳам бўлди. Шу билан бирга, компенсация сифатида бошқа турар жой берилганда ижтимоий нормани ҳисоб­лаш қои­далари киритилаётганлиги ҳам келажакда ўзаро қарама-қаршиликларга барҳам беради.

Яна бир муҳим масала – бир маҳалла ёки кўчада яшовчи мулк эгалари ва уларнинг оила аъзоларига қулай шарт-шароитлар яратиш ва маданий қадриятларини сақлаб қолиш мақсадида, мулк эгаларининг хоҳишига кўра бир маҳалла ёки кўчада жойлашган янги уйлар ёки битта кўп қаватли уйдаги квартиралардан берилиши мумкинлиги каби норманинг аҳамиятига ҳам фракция йиғилишида алоҳида эътибор қаратиб ўтилди.

Йиғилишда муҳокама этилган барча масалалар бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди ва фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Анвар ЭГАМҚУЛОВ

Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг мажлисидаги НУТҚИ

admin

ҒАЛЛАЧИЛИКДА БОЗОР МЕХАНИЗМЛАРИНИ ЖОРИЙ ҚИЛИШ ДАВОМ ЭТТИРИЛАДИ

admin

Буюк инсон ортидаги ФИДОЙИ АЁЛ

admin