ADOLAT 24

10 МИНГ ҚАДАМ СОҒЛИҚҚА ВА ҲАМЁНГА ФОЙДА!

Аҳоли ўртасида пиёда юриш ва югуришни оммалаштириш мақсадида “Соғлом турмуш тарзи” платформаси ишга туширилганлиги жамоатчиликнинг эътиборини жалб этди. Республикамизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган фуқаролар ушбу тадбирда иштирок қилмоқда. Натижада, ҳам иқтисодий, ҳам жисмоний манфаатдорлик кўрмоқда. Аслида ҳар кимнинг соғлиғи ўзи учун муҳим. Ушбу лойиҳа асосида ҳар бир фуқаронинг саломатлиги учун унинг ўзига ҳақ тўланиши мамлакатимизда барча эътибор инсон ва унинг саломатлигига қаратилганлигининг яққол исботидир.

Туризм ва спорт вазирлиги бош мутахассиси Отабек Эшмаматов билан суҳбатимиз ушбу лойиҳанинг амалга оширилиш жараёни, унда фуқароларнинг иштироки ҳамда платформадан фойдаланувчиларнинг моддий манфаатдорлигидаги ютуқ ва муаммолар хусусида бўлди.

— Маълумки, 2021 йилнинг июнь ойида ҳукумат қарори билан “Соғлом турмуш тарзи” платформаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низом” тасдиқланган эди. Бу юртдошларимиз орасида юриш ва югуришни кенг оммалаштириш билан бирга уларнинг саломатлигини мус­таҳкамлаш йўлида амалга оширилган йирик лойиҳа бўлди. Шундай эмасми?

— 2020 йилнинг бошида COVID-19 коронавирус пандемиясининг бутун дунё бўйлаб кенг тарқалиши аҳоли саломатлиги бўйича кенгроқ масштабда ишлар қилиниши зарурлигини кўрсатиб қўйди. Хориж мамлакатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам аҳолининг соғлиғи, жисмоний саломатлиги, соғлом ҳаёт кечириш даражаси заиф эканлиги яққол кўриниб қолди.

Гувоҳи бўлдик-ки, COVID-19 коронавирус инфекцияси, аввало, юрак-қон томир ва нафас олиш йўллари ҳамда семизлик (ортиқча вазн) касаллигига чалинган фуқароларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатди. Натижада, пандемия кўплаб юртдошларимизнинг ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлди.

Барчамиз бундан жиддий хулоса чиқарган ҳолда зарарли одатлардан воз кечишимиз, оммавий спорт билан доимий шуғулланиб, тўғри овқатланиш тамойилларига риоя қилиш, хусусан, таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори кўп бўлган ҳамда хамирли таом ва ширинликлар, нон маҳсулотларини меъёридан ортиқ истеъмол қилмаслик кераклигини, бир сўз билан айт­ганда, соғлом турмуш тарзини кундалик ҳаёт тарзига айлантиришимиз зарурлигини даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Шу боис, жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш ҳамда соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларни шакллантириш орқали ҳар бир фуқарода касалликка қарши кучли иммун тизимининг пайдо бўлишини таъминлаш, зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш тамойилларига амал қилиш, соғлиқни тиклаш ҳамда оммавий жисмоний фаоллик тадбирларини тизимли, самарали ташкил қилиш, бу борада тегишли инфратузилма ва бош­­қа зарур шарт-шароитларни яратиш мақсад қилинди.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида 2020 йилнинг 30 октяб­рида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланди. Мазкур фармон билан “Соғлом турмуш тарзи” платформасини яратиш, аҳоли орасида юриш ва югуришни кенг тарғиб этиш вазифалари белгиланди.

Бугунги кунда “Соғлом турмуш тарзи” платформасидан фойдаланиш орқали юртдошларимиз нафақат бир кунда 10 минг қадам ва ундан кўп юрганлиги учун рағбатлантирилиши, шу билан бирга, тўғри овқатланиш, соғлом турмуш тарзи қоидаларини ўрганишлари мумкин.

— Лойиҳани амалга татбиқ этиш қай тарзда амалга оширилмоқда ва унга аҳолининг қизиқиши қай даражада?

— “Соғлом турмуш тарзи” платформаси ва 1hls.uz иловасининг ишга туширилиши ҳақида ахборотлар тарқалиши билан юртдошларимиз томонидан жуда кўплаб мурожаатлар келиб тушди. Яъни, аҳолининг катта қисми бу илованинг қандай ишлаши ва қачон ишга туширилиши ҳақида сўрашган. Илова ишга тушгач, бир ҳафтада 2 ярим минг нафардан зиёд фойдаланувчи томонидан юклаб олинган. Бир ой ичида эса иловадан фойдаланаётганлар сони 45 минг нафарга етди. 4 ой ичида рўйхатдан ўтганлар сони ярим миллиондан ошиб кетганлигининг ўзи юртдошларимиз орасида бу платформа ва унинг иловасига қизиқиш қанчалик ортиб бораётганлигини кўрсатиб турибди.

— Маълумки, Президент фармонига кўра, 1hls.uz мобил иловасининг фаол фойдаланувчиларига туман, шаҳар, ҳудуд ва респуб­лика бўйича энг кўп юрганлиги учун ҳар ойда 300 минг, 500 минг ва 1 миллион сўмдан қўшимча равишда платформадаги электрон ҳамёнига пул ўтказилиши белгиланган эди. Бунинг учун қанча маб­лағ ажратилган ва сарфланаётган маблағнинг миқдори қанчани ташкил этмоқда?

— Мобил илова 10 июндан ишлай бошлагач, шу ойнинг ўзида, яъни 20 кун ичида фойдаланувчиларга салкам 195 миллион сўм пул тўлаб берилди. Июль ойининг якунида эса тўлаб берилган пул кўрсаткичи 7 баробардан ошиб, 1 миллиард 203 миллион сўмни ташкил этди. Ойлар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак, август ойи учун фойдаланувчиларга 2 миллиард 917 миллион сўм тўланган бўлса, сентябрь ойида бу кўрсаткич 5 миллиард 144 миллион сўмни ташкил қилди. Октябрь ойи учун 7 миллиард 18 миллион сўм тўланди. Умумий ҳисобда айтадиган бўлсак, мобил илова ишга тушгандан буён шу кунга қадар 17,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ соғлом турмуш тарзи тарафдорларининг электрон ҳамёнига ўтказиб берилди.

— Бу лойиҳа юртдошларимизда нафақат ўз саломатлик­ларини янада мустаҳкамлаши, балки моддий манфаатдорлик борлиги учун ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Аммо гуруч орасида кўрмак ҳам бўлгани каби ҳалол ва инсофли инсонлар орасида фириб ва алдов йўли билан юқори натижага эришишни мақсад қилганлар ҳам борлиги ҳеч кимга сир эмас. Рағбатлантириш адолатли бўлиши учун ҳақиқий ҳолат қандай аниқланади?

— Биздаги маълумотларга кўра, бир ойда 2 миллион қадамдан ошиқ юрганлар ҳам аниқланди. Бу бир кунда 70-80 минг қадам ёки ўртача 40-50 км масофа дегани. Кузатишларимиз бир ойда ўртача 2 миллион қадам юрганлар асосан тунги соат 24 дан тонгги соат 3-4 ларга қадар дам олаётгани, суткасига 20-21 соат давомида юраётганини кўрсатди. Бундай бўлиши мумкин эмаслигини тушуниб, бизда ҳам шубҳа пайдо бўлди.

Илк ғолибимизни аниқлаганимиз­да, Тошкент шаҳрида яшовчи юртдошимиз бир ойда 780 минг қадам юрган эди. Бу кунига 25-30 минг қадам атрофида дегани. Албатта, бир кунда бир одам бемалол 25-30 минг қадам юриши мумкин, лекин кунига 70-80 минг қадам, ойига натижа 2 миллиондан ошиб кетиши жуда ҳам шубҳали. Тахмин ва хулосаларимизни дастурнинг хавфсиз ишлашига масъул бўлган Ягона умумреспублика процессинг маркази (Uzcard)га ёзиб юбордик. Google қидирув платформаси ҳам 1hls.uz мобил иловасининг ишонч­лилиги борасида текширув ўтказаётганидан хабаримиз бор.

— Кейинги пайтда одамлар орасида электрон ҳамёнга гоҳ пул ташлаб беришади, гоҳида йўқ каби гаплар ҳам қулоққа чалинмоқда. Бундай фикрларнинг келиб чиқишига сабаб нима?

— Бундай муаммо жорий йилнинг сентябрь ойида келиб чиқди. Бунинг сабаби платформа фойдаланувчиларига пул давлат бюджетидан эмас, балки тамаки ва алкоголь маҳсулотлари учун жорий этилган акциз солиғидан келадиган тушумлар орқали тўлаб берилаётганида. Лойиҳа учун ажратилган маблағ фойдаланувчиларимизнинг фаоллиги сабаб сентябрь ойида тугаб қолди. Чунки тамаки ва алкоголь маҳсулотлари учун жорий этилган акциз солиқлари орқали давлат ғазнасига бир ойда ўртача 2,5 млрд. сўм атрофида маблағ келиб тушади. Платформадан фойдаланувчилар учун биз сентябрь ойида 5 млрд, октябрда эса 7 млрд. сўмдан ошиқ маблағ тўлаб бердик ва табиийки, бу ҳолатда маблағ танқислиги ҳолати кузатилди. Шундан сўнг, Вазирлар Маҳкамаси ва Молия вазирлигига лойиҳага қўшимча пул ажратилиши бўйича қайта мурожаат йўлланди. Бу оралиқда бироз муддат фойдаланувчиларга кунлик пул тўлашда узилиш юз берди. Лекин лойиҳа учун давлат томонидан пул ажратилгач, фойдаланувчиларга пуллар тўлиқ тўлаб берилди.

— Лойиҳанинг давомийлиги қандай кечади?

— Лойиҳа аҳоли соғлиғини мус­таҳкамлаш мақсадида йўлга қўйилди ва давлатимиз раҳбари томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда. Президент фармонида лойиҳани амалга ошириш учун маълум бир муддат белгиланмаган ва унинг давомийлиги чекланмаган. Аслини олганда, саломатлик ҳар бир инсоннинг ўзи учун керак. Аммо Юртбошимиз халқимизга ғамхўрлик кўрсатган ҳолда уларни қўшимча рағбатлантиришни жорий қилганлиги таҳсинга лойиқ. Платформани ишга туширишдан кўзланган асосий мақсад эса Ўзбекистондаги 18 ва ундан юқори ёшдаги фуқароларни “Соғлом турмуш тарзи”га тўлиқ қамраб олишдан иборат. Умид қиламизки, ҳозирги ўсиш суръати билан биз тез орада ўз олдимизга қўйган мақсадларимизга эришамиз. 

«Adolat» мухбири Саодат МАТЁҚУБ қизи суҳбатлашди

Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

Олган маошимиз ҳалол бўлсин…

admin

ФАОЛИЯТИМИЗГА  ДАСТУРИЛАМАЛ  ҲУЖЖАТ

admin

ОЗИҚ-ОВҚАТ ХАВФСИЗЛИГИ БЎЙИЧА ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ ИШТИРОКЧИЛАРИГА

admin