ADOLAT 24

ЯХШИЛИК УЛАШАЁТГАН ИНСОН Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, социология фанлари доктори, профессор Тошпўлат Матибаев 60 ёшда

Дунёни яхши одамлар тутиб туради, дейишади. 

Дарҳақиқат, шундай. Зеро, бирники ўнга, ўнники туманга, деганларидек, бир яхши инсоннинг кимгадир кўрсатган саховати, меҳри, ғамхўрлиги юзлаб, минглаб одамлар кўнглида, қалб жавҳари тубида акс садо беради, инсонийликнинг нозик пардаларини чертади, алал-оқибат уларни ҳам эзгулик йўлига чорлайди.  

Улуғ адиб Марк Твен сўзлари билан айтганимизда, “Бахтли одамлар бошқаларни ҳам бахтли кўришни истайдилар”. Шукрки, яхши одамлар ҳам бошқаларнинг-да чандон яхшироқ бўлишини истайдилар, бундай фавқулодда аҳамиятга молик кўламдор ниятлари йўлида ўз саъй-ҳаракатларини, куч-қувватларини, вақтларини, салоҳиятларини аямайдилар.  

Замонамизнинг фидойи, яхши одами ҳақида гап кетгудек бўлса, биринчилардан бўлиб, шубҳасиз, Тошпўлат акани тилга оламан. 

Бизни адабиёт бир-биримизга яқинлаштирган. Ўн йилдан ошиб қолди, дастлаб Тошпўлат аканинг публицистик мақолаларини матбуотда ўқиб қолдим, сўнг у кишининг сермазмун, долзарб мавзуда ёзилган китобига муҳаррирлик қилишга тўғри келди. Суҳбат асносида муаллифнинг дунёқараши кенглигига, билими теранлигига тан бердим. Айни пайтда, “Бу одам қачон дам олади-ю, қачон хотиржам ўтириб янги асар ёзишга вақт топади?” деган саволга жавоб тополмадим. Илло, қачон қарасам Тошпўлат аканинг муҳим ишлари бошидан ошиб ётарди. Яна денг бир тарафда жамоатчилик вазифалари, иккинчи тарафда депутатлик чоп-чоплари…  

Ҳайрон қолардим. Бу одам ўзи дам оладими? Ё сутканинг йигирма тўрт соатини ҳам бирдай босимда ишлаб ўтказадими?..

Хуллас, тез орада амин бўлдимки, Тошпўлат акада битмас-туганмас ғайрат-шижоат, ҳаётга сўнмас муҳаббат, яхшилик қилишга доимий иштиёқ бор экан. 

Шу тиниб-тинчимаслиги сабаб, Тошпўлат ака жуда қисқа муддат ичида бир эмас, ўнлаб китобларнинг муаллифи бўлди. Мазкур асарлар мавзулари ранг-баранг, аммо уларни бирлаштириб турган бир жиҳат бор, бу ҳам бўлса муаллифнинг эл дардини ўз дарди деб билиши, ўқувчига айтар қалб сўзи, залворли фикри борлигидир.   

Катта истеъдод билан ёзилган китоблар ўз ўқувчисини топди, этиборга тушди. Шу боис Тошпўлат ака Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди. 

Яна бир ҳолат, қачон кўрмай, Тошпўлат ака бировларнинг ташвиши, муаммолари билан юрган бўлади, уларга яхшилик қилишга, ташвишлардан холи этишга жон-жаҳди билан уринаётгани, бу йўлда ҳар қанча вақтию асаб­ларини сарфлашга ҳозирлиги шундоққина кўриниб туради.  

Гап адабиёт ҳақида кетар экан, томчида қуёш акс этганидай, биттагина мисол билан кифоялансам етар. Бир куни Тошпўлат ака олис вилоятдан бош­ловчи шоирнинг қўлёзмасини ҳаяжонланиб кўтариб келиб қолди: “Талант! Китоб қилиб чиқариш керак”. Чинданам қисқа муддат ичида ҳавас­кор қаламкашнинг илк китоби чиройли китоб бўлиб чиқди. Табиийки, Тош­пўлат аканинг ҳомийлигида! Тез орада бундай ҳолат яна такрорланди. Бу гал ёш истеъдод бошқа вилоятдан эди…

Албатта, бу дунёда ҳар бир одам ҳам ўз ҳаёти давомида жуда кўп марта яхшиликларга дуч келади. Бусиз мумкин эмас. Агар одам одамга яхшилик қилмаса, тараққиёт тўхтаб қоларди. Яхшилик бор экан, олға силжиш бор, меҳр-оқибат бор, инсоний фазилатлар бор. Яхшилик қилиш – комилликнинг, инсонпарварликнинг, инсонга эҳтиромнинг белгиси. Айтиш мумкинки, бировга яхшилик қилиш – Тошпўлат аканинг турмуш тарзига айланиб қолган.

Шайх Саъдийнинг ҳикматли бир гапи бор:

Қололмас жаҳон ичра мангу киши,

Фақат қолғуси яхши ному иши. 

Ёинки ҳазрат Алишер Навоийнинг боқий ва пурҳикмат ўгитига қулоқ тутайлик:

Одами эрсанг демагил одами, 

Ониким йўқ халқ ғамидин ғами.

Тошпўлат ака Матибоев мана шундай – халқ ғамини ўз ғами деб билган куйинчак, фидойи, истеъдодли ижодкор. Элимизда шундай инсонлар ҳамиша бор бўлишсин!

Абдуқаюм Йўлдошев

Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

“ЁШҒАЙРАТ”НИНГ ғайратли депутати

admin

Бугуннинг гапи

admin

Бор меҳримиз сенга, болажон!

admin