ADOLAT 24

Кўчат экиш хўжакўрсингами ёки фотоҳисобот учун?

Мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси дои­расида йилига 200 миллион туп дарахт, бута кўчатлари экиш ва шу орқали шаҳарларда яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режалаштирилгани эътирофга молик ва бу эзгу ишга ҳар бир юртдошимиз мажбурият юзасидан эмас, виждонан ўз ҳиссасини қўшиши зарур. 

Маълумки, яшил майдонлар шаҳар кўркига кўрк қўшади ва экологик мувозанатни яхшилайди. Таъбир жоиз бўлса, дарахтларни шаҳарнинг ўпкаси, жигари ва уриб турган юрагига қиёслаш мумкин, улар инсон яшаши учун қулай ва экологик жиҳатдан тоза муҳит вужудга келишида муҳим аҳамият касб этади.

Дарахтлар иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини камайтиради, ёзнинг жазирамасида ҳароратни 2-8 даражагача пасайтиради, ҳавонинг мусаффо бўлишини таъминлайди.

Шунингдек, дарахтлар одамларга ҳам ижобий таъсир қилади. Тадқиқотларга кўра, яшил майдонларга яқин ҳудудда яшаш инсоннинг юқори қон босими ва стрессни камайтириш орқали жисмоний ва руҳий саломатлигини яхшилайди.

Мамлакатимизда кўчат экиш бўйича эълон қилинган “долзарб 40 кунлик” яунланди ҳисоб. Белгиланган вақт оралиғида бажарилган ишлар, яъни қайси ҳудудда қанча кўчат кимлар томонидан экилгани ҳақидаги хабарлар (фотосуратлари билан бирга) оммавий ахборот воситалари, интернетдаги ижтимоий тармоқларда узлуксиз бериб борилди. Хабарларни кўздан кечириб, кўпчиликнинг кўнглида “Амалда эмас, хўжакўрсин учун кимўзар мусобақасига киришиб кетилмаяптими?” деган шубҳа-гумонлар пайдо бўла бош­лагани бежиз эмас экан. Наманган вилояти Поп тумани «Санг» қиш­лоғида кўчат экиш ишлари бўйи­­ча ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳани кўриб кулишни ҳам, куйишни ҳам билмай қолдик: маҳалла ходимларидан бири кўчатни ушлаб турибди, иккинчиси ерни қазигандек бўлаяпти, учинчиси ҳисобот учун қўл телефонида суратга олаяпти. Кейин бу саҳна кўриниши кетма-кет такрорланиб бораяпти. Демак, минг-минглаб кўчатлар фотоҳисобот учун айнан шу тарзда экилган бўлиши эҳтимолдан холи эмас…

Орадан маълум вақт ўтиб, видеолавҳа бўйича Поп тумани “Санг” қишлоғи “Боғ кўча” маҳалласи раиси бошчилигида “Мерос” кўчасида кўчат экиш ишлари олиб борилгани ва айнан маҳалла раисининг кўрсатмаси билан кўчат экиш жараёнига сохталик билан ёндашилгани аниқланди. 

Хабарингиз бор, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги кўчат экиш бўйича биринчилардан бўлиб мурожаат билан чиққанди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳадан кейин вазирлик томонидан «Боғ кўча» маҳалласи раиси, маҳалла раисининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари ҳамда шу ҳудудга бириктирилган маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими масъул ходимига нисбатан тегишли чора кўрилгани ва эгаллаб турган лавозимларидан озод қилингани, маҳаллада кўчат экиш ишларини назоратга олмагани учун туман ҳокимининг ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғига “ҳайфсан” берилгани маълум қилинди. Афсуски, энди айбдорларни жазолаш, рақамларни кўз-кўз қилиш орқали рес­публикамиздаги қанчадан-қанча маҳаллаларда ҳақиқатан кўчат экилганига нисбатан йўқотилган ишончни тиклаб бўлмайди. 

Гап кўчат экиш, яшил майдонларни кенгайтириш, боғ-роғлар яратиш ҳақида кетганда, ҳар йили миллион-миллион дарахт кўчатлари ўтқазилганига доир рақамлар келтириб ўтилади. Лекин негадир шу кўчатларнинг неча фоизи кўкаргани, неча фоизи қовжираб қолгани, бунга нима сабаб бўлгани юзасидан лом-лим дейилмайди. Дарахт кўчатлари текинга келмайди — давлат ғазнасидан катта маб­лағ сарфланади, уларни қанчадан-қанча одам экади. Кейинги парвариши билан эса ҳеч кимнинг иши бўлмайди.

Манбаларда қайд этилишича, ўтган даврлар мобайнида ҳар йили мамлакатимизда тахминан 140-145 миллион дона ниҳол экиб келинган. Биргина Тошкент шаҳрида баҳорда экилган 75 мингта ниҳолдан 52 мингтадан ортиғи қуриб қолган ва бунинг сабаби жой танлашда хатоликка йўл қўйилгани, суғориш тизими йўқлиги билан изоҳланган. Хўш, ҳар йили экилган 140-145 миллион кўчатнинг кейинги тақдири нима бўлган? Нега улардан қанчаси кўкаргани ҳақида бирон жойда маълумот берилмайди? 

Аслини олганда, юртимизда яшил майдонларни кўпайтириш, дарахт кўчатларини экиш, уларни парвариш қилиш фақат ободонлаштириш ташкилотларининг юмуши бўлиб қолмай, ҳар биримизнинг бурчимизга айланиши зарур. Ҳовли-жойлар, кўп қаватли уйлар атрофи, автомобиль йўллари бўйи, маҳаллалар, кўчалар, хиё­бонлар, ижтимоий соҳа объектлари ҳовлиларига дарахт кўчатлари экилиши ўзимиз яшаётган муҳит кўркига кўрк бағишлайди, саломатлигимизни мус­таҳкамлашга хизмат қилади.

Биз ота-боболарининг эзгуликка йўғрилган амалларини доим тилга олишни хуш кўрамиз. Аждодларимиздан боғ-роғ яратиш, ниҳолларни парвариш қилиш каби савобли ишларда ҳам ўрнак олсак, мақсадга мувофиқ бўларди. Зеро, бугун биз эккан ниҳол эртага улкан дарахтга айланади, унинг сояси-ю мевасидан қанчадан-қанча одам баҳраманд бўлади. 

Суюндик МАМИРОВ,

«Adolat» мухбири 

Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ СЕЙСМИК ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin

АТОҚЛИ ҚОРАҚАЛПОҚ ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИ АЖИНИЁЗ ҚЎСИБОЙ ЎҒЛИ ТАВАЛЛУДИНИНГ 200 ЙИЛЛИГИНИ КЕНГ НИШОНЛАШ ТЎҒРИСИДА

admin

ОҚ ЙЎЛ! ЁҚИМЛИ ИШТАҲА! САЛОМАТ БЎЛИНГ!

admin