Муаллиф маълум асарни яратар экан, унинг яратилишида энг қадрли неъмат бўлган умрини, шунингдек, куч-ғайрати, ақл-идрокини сарфлайди. Йиллаб изланишлар ва қаттиқ меҳнат ортидан маънавий бойлик бўла оладиган асарлар дунёга келади. Aна шундай асарлар бутун жамиятга фойда келтиради. Табиийки, муаллиф ўзи яратган асаридан етарли даражада маънавий ва моддий манфаатдор бўлиши керак.
Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 20 августда қабул қилинган “Интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазаси янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ муаллифлик ҳуқуқига оид бир нечта норматив ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 35-моддасига ўзгартириш киритилиб, бундан буён муаллифлик ҳуқуқи муаллифнинг бутун ҳаёти давомида ва унинг вафотидан кейин етмиш йил давомида амал қилиши белгиланди. Aвваллари ушбу муддат 50 йилни ташкил этган. Шунингдек, ушбу қонуннинг 65-моддасига ўзгартириш киритилиб, бундан буён муаллиф, турдош ҳуқуқлар эгаси ёки мутлақ ҳуқуқларнинг бошқа эгаси ҳуқуқлари бузилган тақдирда ҳуқуқбузардан зарар етказилиши фактидан қатъи назар, ҳуқуқбузарликнинг хусусияти ва ҳуқуқбузарнинг айби даражасидан келиб чиқиб, иш муомаласи одатларини ҳисобга олган ҳолда зарар қопланиши ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан минг бараваригача миқдорда тўланиши лозим бўлган товон тўлашни талаб қилишга ҳақли эканлиги белгиланди.
Шу ўринда савол туғилади. Ушбу киритилган ўзгартиришлар замирида қандай зарурият бор? Ўзгартириш киритишдан мақсад нима эди?
Aввало, муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш муддатининг 70 йил этиб белгиланиши ҳақида фикр юритамиз.
Маълумки, ҳар бир ижодкор асар яратишни ўз олдига мақсад қилиб қўяр экан, аввало, маънавий бойлик яратишни ва шу орқали жамиятга фойда келтиришни, шунингдек, ушбу асардан моддий манфаатдор бўлишни кўзлайди. Шунингдек, ижодкор ўз меҳнатининг натижасидан баҳраманд бўлиши ундаги иштиёқнинг кучайишига сабаб бўлади. Моддий манфаатдорлик эса, ижодкорга иқтисодий муаммоларга чалғимасдан янада яхшироқ асарлар яратишига имкон яратади.
Муаллифлик ҳуқуқи муддатининг узайтирилиши эса айнан шу моддий манфаатдорликнинг нафақат ижодкор томонидан, балки унинг меросхўрлари томонидан ҳам фойдаланиш имкониятини вужудга келтиради.
Бундан ташқари, муаллифлик ҳуқуқи амал қилиш муддатининг узайтирилиши креатив ижод намуналарининг яратилишига сабаб бўлади. Маълумки, муаллифлик ҳуқуқи объектларини ўзлаштириб олиш ёхуд қонунга хилоф равишда фойдаланиш қонунчиликка кўра жиноий ҳамда маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Aйнан ушбу норма муаллифлар томонидан ўзга муаллифларнинг ижод намуналарини ўзлаштириш ёки қонунга хилоф равишда фойдаланишдан тийилишга чақиради. Табиийки, ўзгаларнинг ижод намуналаридан ўзлаштириш орқали яратилган асарларга нисбатан тақиқ мавжуд экан, ушбу тақиқ ижодкорларни фақатгина янги ва оригинал санъат асарларини яратишга ундайди.
Илғор хорижий мамлакатларда муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш муддатларига эътибор қаратар эканмиз, Европа Иттифоқига аъзо бўлган деярли барча давлатларда ушбу муддат муаллиф вафотидан сўнг 70 йилни ташкил этишига гувоҳи бўламиз. Шунингдек, Aмерика Қўшма Штатлари, Aвстралия ҳамда Скандинавия давлатлари Норвегия, Швеция, Данияда ҳам ушбу муддат 70 йилни ташкил этади.
Демак, муаллифликнинг амал қилиш муддатини узайтиришдан асосий мақсад ижод маҳсулларидан янада узоқроқ муддатда, яъни муаллиф томонидан ҳаёти давомида, шунингдек, унинг меросхўрлари томонидан манфаатдор бўлишни таъминлашдан иборат. Бундан ташқари, хорижнинг илғор тажрибасидан кенг фойдаланган ҳолда янги ва оригинал асарларнинг юзага келишига замин яратишдир.
Муаллифларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонунчиликка киритилган навбатдаги ўзгариш — бу муаллифларнинг ҳуқуқлари бузилган тақдирда ҳуқуқбузардан зарар етказилиши фактидан қатъи назар, ҳуқуқбузарликнинг хусусияти ва ҳуқуқбузарнинг айби даражасидан келиб чиқиб янги тартибдаги товон тўлашни талаб қилиш имкониятининг яратилганлигидир. Ушбу нормадан маълумки, эндиликда муаллифлик ҳуқуқлари бузилган шахс томонидан бузилган ҳуқуқларини тиклаш билан биргаликда ҳуқуқбузардан белгиланган миқдорда товон ундиришни талаб қилиш имкони ҳам пайдо бўлди. Aввалари ушбу тартибдаги ишларни ҳал этишда ҳуқуқбузарга жавобгарлик юзасидан келиб чиққан жарима қўлланган бўлиб, ушбу жарима давлат фойдасига ундирилган. Муаллифга эса ўз ҳуқуқларини тикланганлиги, шунингдек, етказилган зарарни ундириш бўйича фуқаролик судига мурожаат этиш кераклиги тушунтирилган, холос. Судлар томонидан эса етказилган зарарнинг аниқ миқдорини аниқлашда бир мунча қийинчиликка дуч келинган. Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг турлари ҳар хил бўлгани сабабли уларга етказилган зарарни аниқлаш мураккаб жараёнга айланган.
Эндиликда янги тартиб билан, муаллиф ўзининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш асносида мўмайгина даромадга (ҳозирги вақтда 5 миллион 400 мингдан 270 миллион сўмгача) эга бўлиши мумкин. Жорий қилинган янги тартибнинг яна бир қулайлик жиҳати, товон миқдорининг аниқ кўрсатилганидадир. Эндиликда етказилган зарарнинг миқдорини аниқлашда энг кам ва энг кўп миқдорлар мавжуд бўлиб, суд томонидан зарар миқдорини аниқлаш аниқ жараёнга айланди. Жумладан, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлари бузилган тақдирда, бундай ҳуқуқбузарликни содир этган шахслардан зарар қопланиши ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан минг бараваригача миқдорда товон тўлашини талаб қилиш ҳуқуқи берилди. Бу эса ўз навбатида муаллифлик ҳуқуқлари бузилган шахсларнинг ҳуқуқлари тикланиши жараёнининг янги поғонага олиб чиқилишидир.
Маълумот сифатида хорижий давлатда муаллифлик ҳуқуқларини бузганлик учун товон миқдорлари қуйидагича:
Aмерика Қўшма Штатларида “Муаллифлик қонуни” (Copyright Act)га кўра, ушбу компенсация миқдори 750 AҚШ долларидан 30.000 AҚШ долларигача, агар зарар етказилиши давом этса, 150.000 AҚШ долларигача суммани ташкил етади. Канадада эса ушбу миқдор 500 дан 20.000 гача Канада долларини ташкил этади. Шунингдек, Сингапурда ушбу миқдор бирмунча баланд бўлиб, 10.000 AҚШ долларидан 200.000 AҚШ долларигача бўлган миқдорни ташкил этади.
Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, муаллифлик ҳуқуқи соҳасидаги қонунчиликка киритилган сўнгги ўзгаришлар муаллиф-ижодкорларнинг ҳуқуқлари янада самарали ҳимоя этилишига, улар томонидан креатив асарлар яратилишига ҳамда соҳада бўшлиқларнинг тамоман йўқолишига хизмат қилади.
Санжарбек Турсунов,
Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги Интеллектуал мулк ҳимояси марказларини мувофиқлаштириш бўлими етакчи мутахассиси