ADOLAT 24

Илмлар Қомусини яратган аллома

Милодий эранинг IХ-ХII асрлари оралиғида Ўрта Осиёда илм-фан ниҳоятда юксак тараққий этди. Бу давр илм-фани кейинчалик дунё тарихига Шарқ Ренессанси — илк Уйғониш даври деган ном билан муҳрланди. Худди ана шу даврда жаҳон илм-фани ривожида муҳим роль ўйнаган, Ер юзида дастлабки илмий марказлардан бири ҳисобланган Хоразм Маъмун академияси — “Дорул ҳикма ва маориф” фаолият юритди. Ушбу илм-фан маркази — академияда дунёнинг турли мамлакатларидан келган 400 га яқин алломалар адабиёт, маданият, санъат, тарих ва барча табиий фанлар соҳаларида илмий тадқиқотлар олиб борганлар.

Араб муаррихи Ёқут ал-Ҳамавий “Шарқ илм-фани тарихида, “Дорул ҳикма ва маориф” ҳаётида хоразмлик алломалар фаолияти алоҳида ўрин тутади. Бу даврларда ал-Хоразмий нисбаси билан танилган улуғ алломалар, адиблар, тарихчиларнинг ўзи 200 дан ошиқни ташкил қилди. Буюк аллома Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий бош­лаган улуғ ишларни Абу Али Ҳасан ал-Хоразмий, Абу Бакр ал-Хоразмий, Ҳофиз Хоразмий, Суҳайлий ал-Хоразмий каби кўплаб алломалар давом эттирдилар”, деб маълумот беради. Ана шу даврдаги улуғвор илмий ишларда яна бир буюк аллома Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ал-Хоразмийнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

Аллома ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги маълумотлар аниқ манбаларда сақланиб қолмаган. Унинг қаерда ва қачон туғилганлиги ҳақида етарли маълумот йўқ. Баъзи манбаларда унинг X асрнинг 20-йиллари охири, 30-йиллари бошида дунёга келганлиги тахмин қилинади. Унинг Хоразмий нисбасини олиши шу ўлкада таваллуд топганлигини билдиради. Муҳаммаднинг ёшлиги Хоразмнинг Қиёт, Замахшар, Хива каби шаҳарларида кечади. Шу шаҳарлардаги мадрасаларда таълим олади. Фаннинг барча соҳаларига доир илмларни мукаммал ўрганади. Аллома бир фурсат Хуросонда ҳам яшайди. Хуросон вазири Абул Ҳасан ал-Утбий ҳузурида котиб бўлиб ишлайди. Шунинг учун айрим манбаларда унинг номи “Ал-котиб ал-Хоразмий” деб ҳам келтирилади. Аллома хизмат вазифаси нуқтаи назаридан Бухорога тез-тез бориб турган, кўплаб алломалар билан суҳбатдош бўлган. Бухоро амирининг бой кутубхонасидан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритган. Алломанинг илмий дунёқараши ўша даврда Ўрта Осиёда кенг тарқалган қадимги юнон фалсафаси, маданияти, Шарқ мутафаккирлари Абу Бакр ар-Розий, Абу Наср Фаробий, Ёқуб ибн Исҳоқ ал-Киндий асарлари таъсири натижасида шакл­ланган.

Айрим манбаларда аллома ҳаёти, фаолияти ҳақида бошқача маълумотлар ҳам келтирилади. Буюк насабшунос аллома Абдулкарим ас-Самъоний “Ал-ансоб” асарида “Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Хоразмий адиб, имом-хатиб, чиройли сўзловчи, хаттот ва фақиҳ олим эди. Илм талабида Ироққа сафар қилган, Маккаи Мукаррамада ҳам бўлиб, ҳаж амалини бажарган. Кейинчалик Бухорода яшади. Чунки унинг фиқҳшунос, шоир-адиб бўлган отаси Абу Абдуллоҳ Аҳмад асли бухоролик, лекин Хоразмга кўчиб бориб, яшаб қолган эди. Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмийнинг икки ўғли Абу Бакр Аҳмад ва Абу Ҳафс Умар фақих, ориф, тақводорлардан эдилар. Абу Бакр Аҳмад фозил, шоир, араб грамматикаси илмини яхши билувчи ва тасаввуф илмининг пешқадам олими эди. У кишининг кароматлари бор эди. Катта шеърий тўп­ламлари мавжуд”, деб ёзади. Бу маълумотдан Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмийнинг аждодлари ҳам, авлодлари ҳам ўз даврининг улуғ инсонлари, алломалари бўлганлиги англашилади. Аллома 997 йилда вафот қилади.

Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий ҳақидаги манбаларда муаррихлар унинг илм-фаннинг кўп соҳаларини билган ва барча соҳаларда илмий кашфиётлар ярата олган аллома эканлигини эътироф этганлар. Алломанинг 30 дан ошиқ асарлар яратганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд. Лекин бугунги кунгача унинг битта, ниҳоятда катта “Мафотих ал-улум” (“Илмлар калитлари”) деб номланган асари етиб келган, холос. Асар араб тилида битилган. “Мафотих ал-улум” қомусий асар бўлиб, унда ўша даврдаги деярли барча фан соҳалари қамраб олинган. Аллома ўрта асрлардаги ҳар бир илм-фанни унинг мазмунини шарҳлаш йўли орқали тушунтириб беради. Маълумки, IХ-ХII асрларда Шарқ ва мусулмон оламида алломалар илмларни икки тоифага бўлиб ўрганганлар. Бунинг биринчи тоифаси “араб илмлари” ҳисобланса, иккинчиси “араб бўлмаган” фанлар саналади. Аллома ҳам асарида фанларни икки қисмга ажратади. “Мафотих ал-улум”нинг биринчи “араб илмлари” қисмида фиқх ўн бир боб, калом етти боб, араб тили грамматикаси ўн икки боб, иш юритиш қоидалари саккиз боб, шеър ва аруз беш боб, тарих эса тўққиз бобдан иборат тарзда ёритилган. Иккинчи — “араб бўлмаган” фанлар қисми уч боб фалсафадан, тўққиз боб мантиқдан, саккиз боб тиб илмидан, беш боб арифметикадан, тўрт боб ҳандасадан, тўрт боб илм ан-нужумдан, уч боб мусиқадан, икки боб механика ва уч боб кимёдан иборат. Умуман, асарда тўқсон уч бобда илм-фаннинг ўн бешта соҳаси ҳақида муфассал фикр юритилади. Шунинг учун дунё қадимшунослари “Мафотих ал-улум” шарқ қомусчилигининг асоси, жаҳон илмлари энциклопедиясининг тамал тошларидан бири ҳисобланади”, деб улуғлайдилар.

Ўрта асрларда фанда “араб илмлари” деган тушунчанинг пайдо бўлиши бежиз эмасди. VIII асрдан кейин Шарқда араб тили грамматикасини, тарихини, адабиёт, шеърият ва унинг вазн ўлчовлари бўлган арузни ўрганиш заруратга айланди. Шунингдек, арабларнинг иш юритиш қоидаларини алоҳида илм сифатида тадқиқ этиш бошланди. Шариат билан боғлиқ ислом фиқҳшунослиги, калом, яъни дин асослари мустақил фан сифатида қабул қилинди. Аллома асарида илмнинг ана шу соҳаларида юрти учун кўплаб кашфиётлар яратди. Масалан, у ислом қонуншунослиги масалаларини ёритишда Қуръон, Сунна, Ҳадислар, ижмоъ, шариат қонун-қоидаларини асос қилиб олади. Лекин маълум бир шахс­нинг фаолияти хусусида адолатли ҳукм чиқариш учун ишончли далил, ҳужжатлар зарур деган ҳулосага келади. Бу ўша давр учун янгилик эди. У калом илми ҳақида тўхталиб, Яқин ва Ўрта Шарқда мавжуд бўлган еттита мазхаб ҳақида кенг маълумот беради. Яман, Эрон, Грециядаги динлар, нас­ронийлик эъти­қодлари, Ҳиндис­тонда тарқалган дуалистик мазҳаб­лар, оқимлар ҳамда зардуштийликнинг тарихий асослари ҳақида тўхталади. Уларни ислом дини билан чоғиштиради. Калом илмида бу масалаларни бирорта аллома унгача кўтариб чиқмаган эди. Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий тарихга мурожаат қилар экан, афсонавий подшоҳлардан тортиб турли давр ва мамлакатлар маликлари, Бағдод ҳукмдорлари, исломгача бўлган Рум, Юнон, Яман тарихининг очилмаган, фанга номаълум бўлган қирраларини очиб беради. Уларни юртимиз тарихи билан қиёслайди. Ёхуд аллома иш юритиш илми билан боғлиқ бобларда Амударё ва Сирдарё оралиғидаги суғориш тизимлари, каналлар, ирригация шаҳобчалари, сувдан фойдаланиш йўллари, икки дарё оралиғидаги давлатлар девони, солиқ турлари, қўшинлари тузилиши тўғрисида ҳам фан оламига номаълум бўлган янгиликларни кашф этади. Умуман, аллома “араб илмлари” негизида дунё ва юртимиз тарихи, халқимиз яшаш тарзи, бу илмларнинг улар ҳаётида тутган ўрнини тадқиқ қилади.

Аллома асарининг “араб бўлмаган” илмлар қисмига туронликлар, ҳиндлар, юнонлар, греклар, эронликлар, чинлик­лар ва бошқа халқлар томонидан яратилган фанларни киритади. У бу илмларнинг ҳаммасини битта ном билан фалсафа деб атайди. Фалсафа фани эса икки қисмдан ташкил топган, дей­ди.

Унинг биринчи қисми назарий фалсафадан иборат. Назарий фалсафанинг асосидаги табиий илмлар — тиббиёт, астрономия, метеорология, минералогия, алкимё, механика фанларини қуйи илмлар деб атайди. Риёзиёт илмлари бўлган арифметика, ҳандаса, илм ан-нужум, мусиқа фанларини ўрта илмлар тарзида изоҳлайди. Метафизикани эса илоҳий, олий илм деб улуғлайди. Мантиқ илмини ҳам назарий фалсафанинг узви деб қарайди. Фалсафанинг иккинчи қисми амалий фалсафадан иборат. Амалий фалсафа эса ўзига ахлоқ-этика (одамни бошқариш), уйшунослик (оилани бошқариш), сиёсат (шаҳарни, мамлакатни бошқариш) фанларини бирлаштиради. Умуман, асарда илмлар юксак тасниф этилган, ҳар бир фаннинг предмети тўла аниқланган ҳамда уларнинг асосий атамалари қисқа ва аниқ баён қилинган. Энг муҳими, асарда X аср, яъни Уйғониш даври илм-фани, бу фанларнинг турфа соҳалари ривожи, жамият ҳаётида тутган ўрнига муфассал баҳо берилган. Шу сабабли америкалик атоқли тарихчи Сартон “Мафотих ал-улум” дунё илм-фани тарихини, Шарқ Уйғониш даври илмий ва амалий ҳаётини ўзида намоён этган ягона асар. У X асрдаёқ бугунги кунда мавжуд бўлган фанларнинг барчаси шаклланиб улгурганини ўзида намоён этди”, деб эътироф қилганди.

Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий “араб бўлмаган” илмларни шунчаки тас­нифлаб, уларни фан сифатида изоҳ­лаш билан чекланиб қўя қолмайди. Ҳар бир фандаги янгиликларни, кашфиётларни, уларнинг моҳияти, ҳаётдаги аҳамиятини ҳам тадқиқ қилади. Айни пайтда, бу илмлар, фанларни ўз фикрлари, илмий хулосалари, кашфиётлари билан бойитади. Жумладан, у фалсафа сўзини Шарқ илмига биринчи бўлиб олиб киради ва уни фан сифатида қайд этади. Барча илмлар фалсафа билан боғлиқлигини исботлайди. Юнон, грек, ҳинд олимларидан фарқли ўлароқ бу илмни фанларнинг етакчиси, деб белгилайди. Аллома асарининг мантиқ илми билан боғлиқ бобларида Аристотель ва Плутархнинг мантиққа оид асарлари шарҳига ҳам ўрин беради. Юнон олимларининг мантиқ илмига оид баъзи назарий хулосаларини танқид остига олади. Муаллиф Яқин ва Ўрта Шарқ ҳамда Марказий Осиёдаги бу илм билан боғлиқ маълумотларни ҳаётий асослар билан тўлдиради. Алломанинг астрономия илми борасидаги фикрлари ҳам ҳайратомуз. У юнонлар, ҳиндлар, арабларнинг астрономия соҳасидаги илмий хулосаларини таҳлил қилар экан, бу илм юнон, араб, ҳинд олимларидан илгари Ўрта Осиёда зардуштийлар томонидан, ахтарвенник — юлдузшунослар илмий фаолияти асосида кашф этилганини эътироф қилади. Демак, астрономия илми Ўрта Осиёда пайдо бўлган, деган хулосага келади. 

Хоразмийнинг табобат, кимё илмлари борасидаги фикрлари ҳам янгилиги билан ажралиб туради. У кимё фанини табобатнинг бир қисми деб атайди ва ал-кимёчилар фаолиятига танқидий фикр билдиради. Бу эса кимё фани ўрта асрлардаёқ Шарқда алоҳида мустақил илм сифатида шакл­ланганлигини кўрсатади. У математик тушунчани ақлнинг ихтиёрий ижоди эмас, балки объектив оламнинг маълум томонлари, предметлар муносабатларининг инъикоси деб талқин этади. Бошқача айтганда, уни ҳаётнинг илмий талқини деб атайди. У Хоразмий, Фарғоний, Фаробий ғояларини давом эттириб арифметикани, ҳандасани назарий ва амалийга ажратади. Мусиқани ҳам риёзатнинг бир бўлаги сифатида изоҳлайди. Умуман, аллома асарида табиий фанларнинг тараққиёт йўлларини, уларнинг ўзаро боғлиқлигини, жамият ҳаётида тутган ўрнини яққол акс эттиради. Шунинг учун муаррих ас-Саолибий “Йатимат ат-дахр” асарида ал-Хоразмийга “Замонасининг энг доноси, одоб денгизи, илмнинг туғи, фазл ва идрок олами ягонаси”, деб баҳо беради.

Алломанинг “Мафотих ал-улум” асарининг қўлёзма нусхалари бугунги кунгача кам сақланиб қолган. Олимлар дунё миқёсида унинг тўртта нусхаси мавжуд деб ҳисоблашарди. Шулардан учтаси Буюк Британия музейининг нодир асарлар бўлимидан ўрин олган. Биттаси эса Берлин кутубхонасида сақланмоқда. Ўтган асрнинг 60-йилларида америкалик олим Босворт олиб борган илмий изланишлари натижасида ушбу асарнинг яна олтита нусхаси борлигини аниқлади. Бу қўл­ёзма нусхалар Туркиянинг Истанбул шаҳридаги кутубхоналарда ўрганилмоқда. Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмийнинг ушбу асари XI асрдан бош­лаб шарқ ва дунё олимларининг эътиборида бўлиб келади. У ҳақда Абу Мансур ал-Жаволиқий, Абу Мудар Маҳмуд ал-Исфахоний, Ёқут ал-Ҳамавий, Муҳаммад ал-Алломий каби алломалар асарларида фикр билдирилган. Ғарбда аллома ва унинг асарини ўрганиш XVIII аср охирларидан бошланди. Биринчи бўлиб бу асарни голландиялик шарқшунос олим Ван Флотен ўрганиб чиқди ва нашр қилдирди. Кейин унинг шу тилда таржимаси чоп этилди. XIX асрдан бошлаб бу манба Карл Броккельман, Эдвард Видеман, Жорж Сартон, XX аср бошларида Крачковский, Бартольд сингари олимлар томонидан тадқиқ этилди. 

“Мафотих ал-улум” асарининг баъзи бўлим ва боблари ғарб тилларига таржима қилинган. Жумладан, тиб бўлимини Э.Зейдал немис тилига, мусиқа бўлимини Э.Видеман ва В.Мюллер немис тилига, Г.Фармер инглиз тилига ўгиришган. В.Хинц эса асардаги ўлчовлар ва уларнинг намуналари ҳақидаги маълумотларни немис тилига таржима қилган. М.Унвала деган олим асарнинг тарих бўлимидаги олтинчи ва еттинчи бобларнинг таржимасини амалга оширган.

Мамлакатимизда ҳам Абу Абдуллоҳ Хоразмий мероси ва унинг асари ҳақида М.Хайруллаев, У.Каримов, Г.Матвиевская, Ҳ.Ҳасанов, А.Шарипов каби олимларнинг илмий мақолаларида атрофлича маълумотлар берилган. Кейинги йилларда улуғ аллома асарини тадқиқ этишга эътибор янада кучайди. Бу борада фалсафа фанлари доктори Р.Баҳодировнинг илмий мақолалари алоҳида ўрин тутади ва ушбу олим томонидан “Матофих ал-улум” асарининг бешта бўлими илк бор ўзбек ва рус тилларига таржима этилди. Буларнинг ҳаммаси улуғ алломага эҳтиром ифодасидир.

Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий фаолияти, илмий асарлари билан нафақат ўрта асрлар Шарқ Уйғониш даври илм-фанига, балки Шарқда минг йиллар муқаддам ташкил этилган илк илмий марказ Маъмун академиясининг яратилишига замин тайёрлаган алломалардан бири эди. Шундай экан, юртимизга, халқимизга хизмат қилган фидойи алломанинг ўзи ҳам, илмий мероси ҳам авлодлар томонидан эъзоз­ланади.

Камол МАТЁҚУБОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Tegishli xabarlar

Ватан келажаги ёшлар қўлида

admin

Хуш қадаминг қутлуғ бўлсин, НАВРЎЗ!

admin

САМАРҚАНД ДАВЛАТ ТИББИЁТ УНИВЕРСИТЕТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА СОҲАДА КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА

admin