ADOLAT 24

ҲАЛИ ҲАМ КЕЧ ЭМАС…

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Камол Матёқубовнинг «Келажак пойдеворини матбуотсиз яратиб бўладими?» сарлавҳали мақоласини дилда изтироб билан ўқиганлар ўз фикрларини билдирмай қолмайдилар, деб ўйлайман.

«Афсуски, биз кейинги йилларда «мажбурий обуна» баҳонасида ихтиёрий обунани ҳам йўқ қилдик. Бунинг натижасида мактаб ва олийгоҳларнинг ўқитувчи ва домлалари ўзлари учун зарур бўлган газета ва журналлардан ажралиб қолди. Шундай аянчли ҳолга келдикки, ҳатто айрим раҳбарлар газета ўқимаслиги билан мақтанадиган бўлдилар». 

Президентимизнинг бу сўзлари бугунги куннинг ҳақиқий аҳволини кўрсатиб турибди. Газета ўқимайдиган раҳбарни маърифатли, маънавиятли раҳбар, деб бўладими? Газета ўқимаслиги билан фарзандларига ибрат кўрсатадими?

“Hurriyat” газетасининг шу йил 11 августдаги 33-сонида Косон тумани «Косон» газетаси муҳаррири Ориф Омоновнинг «Газета чиқмай қолса, фақат муҳаррир айбдорми? Ёхуд вилоятдаги босма нашрларнинг бугунги аҳволи ҳақида мулоҳазалар» сарлавҳали мақоласини ўқиб, ҳайрон қолмаган эдим. Зеро, бундай аҳвол биргина Қашқадарёда эмас, балки Андижон ва бошқа вилоятларда ҳам мавжуд. Асли мубораклик, бугун пойтахтда яшаб, ижод қилаётган шоир-журналист Очил Тоҳир айтганидек, газеталар ҳаёти сўнмаяпти, балки сўндиришяпти. Ким дейсизми? Кимлиги аниқ. “Мажбурий обуна” тушунчаси мажбурлик билан истеъмолга киритилиши газетага ўгай кўз билан қарайдиган, танқидни ва таҳлилий мақолаларни ёқтирмайдиган айрим кимсаларга қўл келди. Айниқса, маърифат ва маданиятни, нашрни қадрлаши зарур бўлган, ундан илҳом олиб, тажрибаларини ҳаётга тат­биқ этадиган ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, туман ҳокимлиги ходимлари ва бошқаларга бу сўз жуда қўл келди. Мактаб директори билан учрашиб, обуна масаласида келганингизни айтсангиз дарҳол «Мажбурий обуна йўқ-ку. Биз юқоридан топшириқ олганмиз. Мажбурласак, дарҳол устимиздан ёзишади», дея эшикни юзингизга ёпишадиган бўлди. Бу ҳолат ўз ихтиёри билан обуна бўлувчиларга ҳам таъсир кўрсатди. Яъни, «мажбурий обуна» сўзи туфайли ихтиёрий обуна ҳам жарликка қулади. 

Избоскан туманидаги «Пахтакор» газетасининг илк сони 1929 йил муштарийлар қўлига етиб борган. Ҳаттоки Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳам фаолиятини тўхтатмаган. Ўша даврда қалам тебратган газета муҳаррири ва мухбирлар ўз мақолалари билан жангчиларни ғалабага етак­лаган, туман халқини фашизм, албатта, енгилишига ишонтирган, бунинг учун матонатли меҳнат зарурлигини уқтира олган. Меҳнаткашларнинг юксак ватанпарварлик намуналарини ҳар томонлама ёритиб борган.

Афсуски, кейинги йилларда газета иши ўз ҳолига ташлаб қўйилди. «Пахтакор»чилар ривожланиш йўлидаги тўсиқларни таҳлил қилиш ва газета саҳифаларига олиб чиқиш, туман ҳаётини, эртанги кун учун астойдил меҳнат қилаётганларнинг иш тажрибаларини ёритиш, муаммоли мақолалар ёзиш ўрнига турли ташкилотларнинг эшигига бош уриб, обуна масаласи билан шуғулланишга мажбур бўлмоқдалар. Бу билан танқиднинг йўли тўсилмоқда. Туман ҳокимига ҳам, ўринбосарларига ҳам бу газета обунасига ёрдам бериш ҳақида так­рор-такрор айтилса-да, нафи бўлмаётибди.  

Ёдимда бор, туманимизга Сайдулла Бегалиев ҳоким бўлиб келган куниданоқ газета фаолияти билан танишган ва туманнинг барча ташкилот ва муассасалари раҳбарлари иштирок этган каттагина йиғилишда «Пахтакор» газетаси – туманимиз кўзгуси. Ҳокимнинг қарор ва фармон, фармо­йишлари шу газетада чоп этилади. Туман газетасини ўқиш ва фикр билдириш эса маънавиятимизни, туманимизга бўл­­ган ҳурмат-эътиборни, қизиқишимизни белгилаб беради. Демак, газетага туман халқини, раҳбарларини ҳурмат қилган одам обуна бўлиши шарт», деб айтган эди. Ўша йиллари на обунада, на молиявий аҳволда қийинчилик бўлмаганди. Тўғри, ўша вақтда «мажбурий обуна» деган бало чиқмаганди. Лекин туманнинг ривожланишида газетанинг ўзига хос ўрни яққол сезилганди. 

Барча туманларнинг ҳам энг йирик ташкилотлари – халқ таълими, мактабгача таълим муассасаси, тиббиёт бўлими ва фермер хўжалик­лари, йирик ишлаб чиқариш ташкилотлари бор. Лекин уларнинг барчаси ҳам ҳокимнинг сўзисиз туман газетасига обуна бўлмайди. Ҳокимларга ҳам қийин. Обуна ишига ёрдам берай деса балога қолишидан қўрқади. Чунки ҳар бир туманда «қилдан қийиқ ахтарадиганларнинг» тегирмони чарх уриб турибди. Бунинг устига «мажбурий обуна» деган атама ҳам истеъмолга кириб қолди.

Авваллари нафақат маҳалла идорасида, балки барча ташкилотларда «Маънавият хоналари» ёки «Маънавият бурчаклари» бўлар, газеталар тахлами тартиб билан қўйи­лар ва истаган киши газеталар билан танишиши мумкин эди. Туман ҳокимининг маънавият ишлари бўйи­­ча ўринбосари эса бутунлай бошқа ишлар билан банд. Ўзи нимага масъуллиги ҳатто ёдидан ҳам чиқиб бўлган.

Ҳокимликнинг ёрдамга шошмаётганида ҳам гап бор. Жорий йил бошида газета давлат тасарруфидан чиқарилиб, хусусийлаштирилиши ҳақида овоза тарқалганди. Лекин, мана, йил тугаб бораяпти ҳамки, давлат активлари фақат ҳисобот сўрашдан нарига ўтгани йўқ. Газетанинг нашриётдан, ходимлар иш ҳақидан қарзи кўпайиб кетаётганлиги сабабли август ойида молиявий ночор ташкилотга айланди. Туман ҳокими эътибор бермаганидан кейин ташкилот ва муассасаларга ёзган хатларимиз ҳам жавобсиз қолиб кетмоқда. Туман халқ таълим бўлими, туман тиббиёт бирлашмаси таҳририят билан тузган шартнома шартларини бажармаётгани ҳақида икки марта хат чиқарилса-да, ҳатто жавоб беришни ҳам эп кўришмади. 

Туман ҳокимлиги, туман ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, шунингдек, фарзандлар тарбиясига масъул бўлган ўқитувчи, мураббий ва тарбиячилар, ота-оналар газетанинг ҳар бир сони саҳифаларида тумандаги янгиликлар, ислоҳотлар ҳақидаги хабарлардан ташқари, диний экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик, маънавий таҳдидлар, ёшлар тарбия­­си, турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёнғин, электр, газ хавфсизлиги, ҳар хил юқумли касалликлар профилактикаси ва уларнинг олдини олиш борасида газетанинг ўзига хос роли борлигини унутиб қўймоқдалар. Улар ижтимоий тармоқлардаги вақтинчалик эътиборни тортадиган турли шов-шувлар, хабарлар билан ўралашиб қолмоқдалар. Бу билан туманда мафкуравий тарғибот ва ташвиқот ишлари кун сайин издан чиқиб бормоқда. Бир сўз билан айтганда, мақолада келтирилганидек «мутахассисларнинг тавсияларини бериб бораётган, яъни туманда мафкуравий тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бораётган, қолаверса, ёш иқтидорларни кашф этишда камарбаста бўлаётган туман газетаси ўз ҳолига ташлаб қўйилди». Яна бир бошқотирма, газета давлат тасарруфидан чиқариладиган корхоналар рўйхатига тушган. Вилоят хусусийлаштириш идораси таҳририят мол-мулкини сотиб олиб, МЧЖга айлантир, дейди. Лекин таҳририятнинг на биноси, на хизмат машинаси бор. Қадимдан қолган жиҳозлару ранги ўчган компь­ютер. Бир сўз билан айтганда, таҳририят «Темир дафтар»га киритиладиган ҳолатда. Ходимларни бугунги пандемия пайтида молия­вий қўллаб-қувватлашнинг имкони йўқ. Мана, сизга ҳақиқий маънавият тарғиботчисининг аҳволи! Ниҳоят, газетага муассислик яна ҳокимликка қайтадиган бўлиши ҳақида гап-сўзлар бор… 

Очиғини айтганда, ҳали ҳам кеч эмас, вилоят ва туман газеталарини оёққа турғизиш керак. Фаолияти бош­ланганда ҳам ҳокимларга қарам бўлмаслиги лозим. Газета уларнинг иш бажарувчисига айланмаслиги даркор. Шундагина журналистнинг қалами ўткир бўлиб, тараққиёт йўлида ғов бўлаётганларнинг кирдикорлари фош этилади, ошкоралик ва шаффофлик таъминланади. 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Камол Матёқубов ёзганидек, газеталар давлат томонидан, матбуотни қўллаб-қувватлайдиган жамғармалар ва ҳомийлар томонидан моддий ёрдам, кўмак билан қўллаб-қувватланиши керак. Матубот нашрларига давлат томонидан субсидия ажратиш, аҳолининг газеталарга обуна бўлишлари учун молиявий ёрдамлар ташкил этиш зарур. Ташкилот ва муассасаларга фақатгина юқори нашрлар учун эмас, балки туман газеталари учун ҳам маблағ ажратишни ташкил этиш лозим. Зотан, мамлакатимизда алоҳида эътибор берилаётган Учинчи Ренессанс, келажак пойдеворини матбуотсиз яратиб бўлмайди. Мен мақола муаллифининг фикрлари, таклифларини тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Ҳали ҳам кеч эмас. Матбуот ҳар томонлама қўллаб-қувватланилса, бу жамият ва Ватан тараққиёти учун фақат фойда.

Муҳаммаджон МИРЗААБДУЛЛАЕВ, 

Андижон вилояти Избоскан тумани 

«Пахтакор» газетаси муҳаррири

Tegishli xabarlar

МИЛЛИЙ АРМИЯМИЗ — ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ МУСТАҲКАМ ҚАЛҚОНИ

admin

ТЕРГОВ СУДЬЯСИ инсон қадрини янада юксалтиришга хизмат қилади

admin

ШҲТнинг аҳамияти, нуфузи ва мавқеи ортиб бораверади

admin