ADOLAT 24

Бюджет маблағлари очиқ ва мақсадли сарфланиши зарур

“Адолат” СДП фракция­­си аъзолари “2022 йил учун Ўзбекис­тон  Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишди.

Олий Мажлис қуйи палатасига киритилган 2022 йилга мўлжалланган Бюджет лойиҳасини фракция аъзолари дастлабки тартибда кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратишди. Бунда дастлаб фракция депутатларидан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, бюджет лойи­ҳасини кўриб чиқишда “Адолат” СДП ғояларидан келиб чиққан ҳолда, ижтимоий соҳага эътибор қаратиш зарурлиги белгилаб олинди.

Депутатлар томонидан эътироф этилганидек, бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларини ислоҳ қилиш доирасида иқтисодий ва молиявий статистика маълумотларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, бюджет жараёни очиқлигини таъминлаш, солиқ юкини камайтиришнинг янги механизмларини жорий этиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, депутатлар Ўзбекистон Рес­публикаси Бюджет кодексига мувофиқ консолидациялашган бюджет қамровини ошириш мақсадида 2022 йилги консолидациялашган бюджет таркибида бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари даромадлари ва харажатлари таҳлили тарзида келтирилган маълумотларга ҳам алоҳида эътибор қаратишди.

Таъкидланганидек, 2022 йилги Давлат бюджети давлат мақсадли жамғармаларига ажратиладиган трансфертлар билан бирга 214,8 триллион сўмни, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 25,6 фоизни ташкил этмоқда. Бу эса 2021 йилги тасдиқланган параметрга нисбатан 29,5 фоизга ўсиши прогноз қилиниб, бу алоҳида соҳалар ривожига мақсадли харажатларни ошириш йўли билан иқтисодий ўсишни рағбатлантиришни таъминлайди.

Шунингдек, Президент ва Ҳукумат қарорларига мувофиқ қабул қилинган Давлат дастурлари ва тадбирларини амалга ошириш учун Давлат бюджетидан 2022 йилда жами 59,3 триллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Айнан ушбу маб­лағлар иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, транспорт-коммуникация, техник-муҳандислик, энергетика объектларини қамраб олган инфратузилма тармоқларини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини ўз вақтида молиялаштиришни таъминлаш имконини беради.

Йиғилишда, эътироф этилганидек, 2022 йилда ҳам аввалги йиллар сингари Давлат бюджетида ижтимоий харажатларнинг устуворлигини сақлаб қолиш ва ижтимоий соҳага йўналтириладиган маб­лағларга алоҳида эътибор қаратиш, маб­лағларнинг самарали сарфланишида ҳам муайян тизим яратиш зарур бўлади. Бу қонун лойиҳасининг халқчиллигини ва ижтимоий йўналтирилганлигини таъминлашга хизмат қилади.

Муҳокамаларда депутатлар бир қатор масалаларга танқидий ёндашиб, ўз таклиф ва тавсияларни айтиб ўтишди. 

Музаффара АБДИЕВА, 

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

– Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар бош­ланганига қарийб беш йилдан ўтгани, соҳага ажратилаётган маблағлар йилдан- йилга ўсиб бораётгани ва тизимни рақамлаштириш бўйича чоралар кўрилаётганига қарамай айрим муаммолар ҳали ҳамон ўз ечимини топмаган. Биз, депутатларнинг ҳудудларга ташрифларимиз давомида тиббиёт муассасаларида компьютерлар етишмаслиги, борлари ҳам маънан эскирганли, айримлари ишламаслиги кўзга ташланмоқда.

Электрон соғлиқни сақлаш тизимини кенг жорий этиш, ягона миллий стандартлар асосида интеграциялашган ахборот тизимлари ва маълумотлар базаси мажмуасини яратиш харажатлари учун 2021 йилда 28,0 миллиард сўм ажратилган бўлса, 2022 йилда 30,0 миллиард сўм маблағ режалаштирилмоқда. Шундан келиб чиқиб, биз, депутатлар бугунги ахборот технологиялари даврида бу соҳага етарли маблағ ажратилиши зарур, деб ҳисоблаймиз. Бунда “Электрон соғлиқни сақлаш тизими”га ўтиш ўта долзарб, мазкур масала учун мабалағларни кескин кўпайтириш вақти келмадими?

Шунингдек, депутатлар бюджет параметрларида сил ва ўпка касалликларига қарши кураш, аҳолини ва, айниқса, болаларни зарур витаминлар билан таъминлаш ва гельминтоз учун махсус препаратлар олиш харажатларига 2022 йилда маблағ ажратиш режада йўқлигига эътибор қаратиб, бу борада масъуллардан изоҳлар сўрашди. 

Шу билан бирга, депутатлар Ҳисоб палатаси хулосасида 2022 йилда бюджет муассасаларида ишловчи ходимларнинг иш хакини индексацияси 7 фоиз, яъни, кутилаётган 9 фоиз инфляция даражасидан паст микдорда белгиланаётганлиги, жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ставкалари 10 фоизга, электр энергияси 33 фоизга, табиий газ 21 фоизга, иссик сув ва иссиклик энергияси 21 фоизга, совуқ сув ва канализация 33 фоизга оширилиши режалаштирилганлиги масаласига танқидий-таҳлилий тўхталиб ўтишди. Шу билан бирга, бюджет ташкилотларида ходимларни моддий рағбатлантириш махсус жамғармасини 15 фоиздан 10 фоизгача камайтириш кўзда тутилганлиги эътирозларга сабаб бўлиб, аҳолининг реал даромади тушиб кетишининг олдини олиш, даромадлар барқарор бўлишини таъминлаш мақсадида моддий рағбатлантириш махсус жамғармасини амалдаги тартибда сақлаб қолиш таклифини билдиришди.

Фракция йиғилишида 2022 йилда Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Мақсадли китоб жамғармасида йил бошига қолдиқ 249,7 миллиард сўм қолиши кутилаётгани, яна вазирлик бюджетида 605,0 миллиард сўм трансферт берилиши режалаштирилгани ва бу 2021 йилга нисбатан 4,5 баробар кўп эканлиги қайд этилди. Шундан келиб чиқиб, депутатлар 2022 йилда китоб жамғармасига бунча катта миқдордаги маблағ жалб этилишига асос нима эканлиги бўйича саволлар билан мурожаат этишди. 

Муҳаммад ВАЛИЕВ,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

– Мамлакатимизда ташқи савдо фаолиятини амалга ошириш учун яратилган қулай шарт-шароитлар ва экспортчиларни қўллаб-қувватлаш буйича қатор чоралар кўрилмоқда. Натижада, 2022 йилда республикада ташқи савдо айланмаси 46 289,3 миллион АҚШ долларини, шу жумладан, экспорт ҳажми 20 172,5 миллион АҚШ долларини ва импорт кажми 26 116,9 миллион АҚШ долларини ташкил этиши кутилмоқда. Сўнгги йилларда ташқи савдо айланмасида импортнинг улуши ортиқроқ бўлмоқда, бу ўз навбатида иқтисодий ўсишга салбий таъсир қилиши мумкин. Шундан келиб чиқиб, мамлакатда импортни камайтириш борасида тизимли тадбирлар белгилаш ва кўрилаётган чораларнинг самарадорлигини ошириш зарур.

Йиғилишда муҳокама этилган масалалар бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиқадиган фракция таклифлари ва муносабати билдирилди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.

Нигора КАМОЛОВА,

“Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

Tegishli xabarlar

Сувни асрайлик, акс ҳолда экологик танглик кучаяди

admin

АЁЛ БАХТИДАН ОЛАМ МУНАВВАР БЎЛАДИ

admin

Янги таҳрирдаги йўл ҳаракати қоидалари муҳокама қилинди

admin