ADOLAT 24

Келажак пойдеворини Матбуотсиз яратиб бўладими?

Ҳар йили куз фасли аграр соҳа вакилларига йиллик ҳосилни йиғиб олиш даври бўлганидек, оммавий ахборот воситаларининг босма маҳсулотлар — газета ва журналлар таҳририятлари учун ҳам кейинги йилга даромад тўплаш даври ҳисобланади. Обуна деб аталадиган бу жараёнда таҳририятлар фаол қатнашадилар. Обуна жараёни ҳам ўзига хос ўтади. Илгарилари ўнга яқин газета-журналларга обуна давлат, ҳуқумат доирасида ташкил этилар, улар номлари битилган расмий рўйхат жойларга юбориларди.

Бу рўйхатдаги нашрларга обуна ишида вилоят, шаҳар, туман раҳбарлари бош-қош бўлар, натижада мажбурий обуна юзага келарди. Газета-журналлар муҳаррирлари ўша пайтда ўз нашрларини ана шу мажбурий обуна рўйхатига киритишга ҳаракат қилардилар. Шундан кейин мажбурий обунанинг яна бир тури ишга тушарди. Яъни, вазирликлар, агентликлар, партиялар ўзларининг жойлардаги ташкилотларига ўз муассислигидаги газета-журналларга обунани ташкил этиш борасида топшириқлар йўллардилар. Рўйхат ва топшириқларга номлари кирмай қолган босма нашрлар, таҳририятлар вакиллари эса вилоятлар ва туманларга бориб, илтимос, таниш-билишчилик, турли хил ваъдалар эвазига обуна ишларини амалга оширардилар. Шундай қилиб, йил якунига бориб, ғалвир сувдан кўтариларди. 

Рўйхат асосидаги нашрларга 30-40 мингдан тортиб 100 минггача, топшириқлар асосидаги газета-журналларнинг ҳар бирига 20-40 минггача, қолганларига эса 5-10 мингтадан обуна пайдо бўларди. Обуна, гарчи йиллик ҳисобланса-да, обуначилар сони йил давомида ўзгариб турарди. Кимдир 3 ойга, бошқа биров 6 ойга, баъзилар 9-12 ойга обуна бўлардилар. Шунинг учун аксарият ҳолларда газеталарнинг обуначилари сони йил бошида 25-30 мингта бўлса, йил охирида 5-6 мингга ҳам тушиб қоларди.

Бу аҳвол 2018 йилгача давом этди. 2018 йилнинг охирларига келиб обуна борасидаги бу жараёнларга барҳам берилди. Рўйхат ва топшириқлар асосидаги обуна қилиш ишлари тўхтатилди. Мажбурий обуна ишлари тўла равишда бўлмаса ҳам, очиқдан-очиқ амалга оширишга йўл қўйилмайдиган бўлди. Кимнинг қандай газета ёки журналга ёзилиши ихтиёрий қилиб белгиланди. Натижаси кейинги йиллар обунасида аён бўлди. Олдинги йилларда 100 минг ва ундан ошиқ нусхада чоп этилган газеталар ке­йинги йилларда 20-30 минг нусхага, 50 минг нусхада чоп этилганлари 15-20 минг нусхага, 20 минг нусхада босиб чиқарилганлари 4-5 минг нусхага тушиб қолди. Баъзи газеталар эса етарлича обуначилар тўп­лай олмагани учун нашр қилиниши вақтинча тўхтатилди. Агар айрим газета ва журналларнинг муассислари ўзларига тегиш­ли қуйи ташкилотларга обуна борасида топшириқлар бермаганида бу борадаги аҳвол ҳозиргидан ҳам оғирроқ кечган бўларди.

Табиийки, газета-журналларга обунанинг кескин камайиб кетиши матбуот соҳаси вакилларини, муҳаррирлар ва журналистларни ҳам ташвишга солди. Шунинг учун оммавий ахборот воситаларида, интернет веб-сайтлари орқали газеталарнинг ададини ошириш, обуна ишини яхшилаш, матбуотнинг, хусусан, босма нашрларнинг халқимиз ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётида ролини кучайтириш борасида турли фикрлар ўртага ташланмоқда. Бу борадаги ишларни яхшилаш учун баъзилар ҳукумат моддий ва маънавий жиҳатдан амалий ёрдам кўрсатиши, давлат обунани амалга оширишда кўмаклашиши зарур десалар, айримлар мамлакатда матбуот фондини ташкил этиш керак, бу фонд босма нашрларни қийинчилик пайт­ларда қўллаб-қувватлаши лозим, деб таклиф билдирдилар. Яна бир тоифа таклифчилар эса жаҳонда юксак тараққий этган мамлакатлар оммавий ахборот воситалари тажрибаларини матбуотимизга жорий қилиш ҳақида мулоҳаза юритдилар. Муносабат билдирувчиларнинг яна бир гуруҳи халқимиз вакилларини, миллатимиз фидойиларини матбуотни амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга чақирди. Албатта, бу таклиф, мулоҳазалар, фикрлар ўринли. Лекин бу ўринда гап, аввало, мулоҳаза, таклиф, мушоҳадалар ҳақида эмас, қандай қилиб шундай аҳволга тушиб қолганимиз ҳақида. 

Назаримизда, бунинг сабаблари кўп. Биринчи сабаби, иқтисодиёт билан боғлиқ. Маьлумки, инсоният тарихида бирор-бир даврда ва давлатда илм-маърифат, маънавият, ғоявий тарғибот-ташвиқот ишлари иқтисодий фойда берадиган соҳа, деб қаралмаган, уларни ривожлантириш бозор иқтисодиёти қоидалари билан ўлчанмаган. Аксинча, бу соҳаларни ривожлантириш учун ҳамма давлатларда катта маблағлар сарфланган. Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин, афсуски, бу соҳалар ҳам бозор иқтисодиётининг бир бўлагига айлантирилди. Жумладан, илм-маърифат, маънавият ва ғоявий тарғибот-ташвиқот учун хизмат қиладиган оммавий ахборот воситалари, босма нашрлар ҳам ўз-ўзини иқтисодий таъминлаш, обуна ҳисобига кун кўриш жараёнига ўтказилди. Бундай амалиёт собиқ коммунистик мафкура ҳукмрон бўлиб турган пайтда ҳам қўлланилмаган, шўролар давлати матбуот нашрлари учун катта миқдорда маблағ ажратар, ўз ғояларини халққа ана шу тарзда сингдиришга ҳаракат қиларди. Шунинг учун газета-журналларнинг йиллик обуна нархлари қиммат эмас эди. 

Бир муштарий уч-тўрт газета, бир-икки журналга обуна бўлишга имкони етарди. Эндиликда бозор иқтисодиёти ҳукмрон бўлгани сабабли газета-журналларнинг нарх-навоси ҳам кескин ошиб кетди. Айтайлик, таҳририят газета тайёрлаш учун кетадиган йиллик маб­лағларни ҳисоб-китоб қилиб, унинг йиллик нархини 350 минг сўм қилиб белгилайди. Лекин бу ҳали обуна нархи дегани эмас. Обуна нархини шу тайёр газетани обуначиларга етказиб берадиган ташкилотлар белгилайди. Яъни, улар газета нархига ўз хизматлари улушини қўшади. Оқибатда йиллик обунаси 350 минг сўмлик газетанинг нархи 500-550 минг сўмга чиқиб кетади. Уловидан тушови қиммат, дегани шу бўлса керак-да…

Натижаси эса маълум: муштарий бир газета ва бир журналдан бошқасига (бу ҳам оиласида иқтисодий имконияти бори) обуна бўлолмаслиги аниқ. Сабаби эса оддий — муштарийларнинг аксарияти оиласидаги иқтисодий харажатлардан тежаб, обуна учун ажратган маблағи бунчалик қиммат нархни кўтармайди.

Тўғри, газета-журналларнинг йиллик обунасидан ташқари, уларни муштарийларга етказиб бериш учун матбуот дўконлари орқали кундалик сотиш усули ҳам мавжуд. Аммо бу иш ўлда-жўлда. Тайёр газетани тарқатувчи ташкилотлар ғазналарига обунадан катта миқдорда пул тушиб турганида бу иш билан шуғулланишга фурсатлари ҳам, ниятлари ҳам йўқ.

Обуна ишлари шаҳарларга нисбатан қишлоқларда қийинроқ кечади. Бу ҳолатни кейинги йилларда обуна географияси ҳам кўрсатмоқда. Яъни, жами обуначиларнинг 4/3 қисмини шаҳарлар аҳолиси, 4/1 қисмини қиш­лоқлар аҳолиси ташкил қилмоқда. Сабаби яна ўша маблағ, аҳолининг иқтисодий аҳволи масаласига бориб тақалади. Эътибор беринг, мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпи қиш­лоқларда яшайди. Илгари ана шу аҳолининг фаолияти жамоа хўжалик­ларида кечарди. Агар бир жамоа хўжалигида 2,5 минг одам меҳнат қиладиган бўлса, шундан камида 2 минг нафари, баъзан ҳаммаси газета-журналларга ё мажбурий, ё ихтиёрий равишда обуна бўларди. Маб­лағ ҳам топиларди. Эндиликда эса ўша жамоа хўжалигида ишлаган 2,5 минг одам фермер хўжаликларида, ширкатларда, шахсий хўжаликларда, замонавий кластерларда фаолият юритмоқда. Аммо улардан нари борса 150-200 нафари ихтиёрий равишда обуна бўлади, холос. Ўша хўжаликлар раҳбарлари эса қўл остида ишловчиларни газета-журналларга обуна қилиш нари турсин, бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Бундан ташқари, ўша фермер ва бош­­қа типдаги хўжаликларда ишловчиларга ойлик ҳақи аксарият ҳолларда буғдой, шоли, деҳқончилик маҳсулотлари ҳисобидан товар тарзида тўланмоқда. Бу эса, табиийки, обуна жараёнига салбий таъсир кўрсатади, муштарийлар сонининг камайишига олиб келади. Чунки ҳеч ким маҳсулот сотиб, газета ва журналга обуна бўлмайди. Бўлганда ҳам бундайлар ниҳоятда озчиликни ташкил этади. Бошқача айтганда, эндиликда газета-журнал ўқишни истайдиганлар обуна учун маблағ тополмаяпти. Маблағи борлар эса газета-журнал ўқишни истамаяпти.

Обуна нархларининг қимматлиги, обуначиларнинг камлиги, маблағ йўқлиги сабабли газеталар таҳририятларида ҳам бир қанча муаммолар юзага келди. Улардан бири газеталарнинг нашр қилинишининг даврийлиги билан боғлиқ. Бугунги кунда рес­публикамизда бир ярим мингдан ортиқ номда газеталар нашр этилади. Ана шулардан 3-4 номдагиси ҳафта давомида 5-6 марта чоп қилинади. Баъзи газеталар ҳафтасига 2-3 марта нашрдан чиқади. Аксарияти эса ҳафталикка айланган. Маълумки, газеталарнинг асосий вазифаларидан бири халқимизга юртимизда, хорижда бўлаётган воқеаларни, хабарларни, янгиликларни тезкор етказиб беришдан иборат. Хўш, энди тасаввур қилинг, бу ҳафтанинг бошида рўй берган янгиликни ҳафталик газета ке­йинги ҳафтада газетхонга етказса, унинг янгилиги, тезкорлиги қоладими? Бу ҳолат ахборот асрида газетхонларнинг талабини қанотлантирадими? Албатта, йўқ.

Газеталарда маблағнинг озлиги туфайли келиб чиқадиган муаммолардан яна бири таҳририятларда ижтимоий, иқтисодий, маданий, ҳуқуқий мавзуларни ёзадиган етук журналистларнинг ва уларнинг ҳаётимизни чуқур таҳлил қилувчи мақолаларининг камлиги билан боғлиқ. Тўғри, даврий босма нашрлар, хусусан, газеталар кундалик ахборотлар, янгиликлар, маълумотлар билан биргаликда ҳаётнинг барча жабҳаларидаги ўзгаришлар, янгиланишлар ҳақидаги яхши мақолалар билан ҳам газетхонлар эътиборини ўзига жалб қилиши керак. Бироқ бу жараёнда ҳам юқоридаги сабабларга кўра газеталар кундалик ҳаёт, давр талабларидан орқада қолаётганлиги сезилмоқда. Эътибор беринг, кейинги 3-4 йил ичида мамлакатимизда қанча ўзгаришлар юзага келди. Ҳаёт тарзимиз, фикрлаш тарзимиз янгиланмоқда. Онгимиз, тафаккуримиз ўзгармоқда. Мамлакатимиз, халқимиз, миллатимиз дунёга ўзини намоён қилмоқда. Хўш, ана шулар тўғрисида журналистлар, ижодкорлар томонидан бу жараёнларни чуқур таҳлил қилувчи, муваффақиятлар омили нимада-ю, камчиликларимиз сабабларини кўрсатиб берувчи мақолалар, публицистик асарлар яратилдими? Ёхуд оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар ёзаётган мақолалар ижтимоий-иқтисодий, сиё­сий, маънавий ҳаётимизнинг қайси жаб­ҳаларини янгилашга, ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда? Афсуски, бу борада газеталаримизнинг аҳволи, журналистларимизнинг фаолияти ҳам талаб даражасида эмас. Тўғри, газеталар саҳифаларида юксак даражада бўлмаса ҳам ўртамиёна таҳлилий мақолалар чоп қилиниб турибди. Лекин улар ҳам етарли эмас. Газеталардаги аксарият мақолалар, публицистик асарлар эса воқеа-ҳодисалар баёнидан, қаҳрамонлар фаолиятини улуғлашдан, ютуқларни мақташдан, камчиликларни хаспўшлашдан иборат бўлиб қолмоқда. Булар ҳам, табиийки, муштарийларнинг газетага бўлган қизиқишини сусайтиради.

Газеталарда маблағ тақчиллиги сабабли юзага келган муаммолардан яна бири фельетон жанри жонкуярларининг йўқлиги ва мавжуд журналистларнинг кам ойлик эвазига ташвиши кўп танқидий муаммоларни ёзишдан ўзларини четга олишлари билан боғлиқ. Ҳаётда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш, тараққиёт йўлини тўғри белгилаб олишда матбуотнинг, хусусан, газеталарнинг роли катта эканлиги ҳаммага маълум. Айтайлик, бир корхона ёки жамоанинг хато ва камчиликлари, муаммолари бўлса, улар газета саҳифаларида очиб берилса, улардан халос бўлиш йўллари кўрсатилса, бундай камчиликлардан нафақат ўша корхона ёки жамоа халос бўлади, балки яна ўнлаб, юзлаб ташкилотлар ўз фаолиятларини тўғри изга солишига имкон яратилади. Шундай экан, газеталарда таҳлилий асосга эга жиддий танқидий мақолалар, фельетонларнинг камайиб кетиши матбуот учун, унинг нуфузи учун салбий ҳолатдир. Бундай пайтда ўйланиб қоласан. Ёки бугунги кунда ҳаётимизда муаммолар йўқми? Фаолиятимиз хато ва камчиликлардан фориғми? Муаммолардан фориғ эмаслигимиз маълум, албатта. Кейинги уч-тўрт йилдан ошиқ вақт ичида Президентимиз томонидан бир неча юзлаб қарорлар, фармонлар, фармойишлар эълон қилинди. Сир эмас, буларнинг бари ижтимоий ҳаётимизни юксалтириш билан бирга кўп соҳалардаги муаммоларни бартараф этиш, хато ва камчиликларга барҳам беришга қаратилган.

Расмий маълумотларга кўра, ҳар йили икки мингдан ортиқ мансабдор шахслар жавобгарликка тортилар экан. Хўш, уларнинг қайси бири ҳақида матбуотда, газеталарда бу жараённи фош этувчи, унинг туб илдизларини очиб берувчи танқидий мақолалар эълон қилинди? Ёхуд баъзи мансабдор кимсалар томонидан содир этилаётган коррупция иллатининг омилларини очиб берувчи танқидий-таҳлилий мақолалар газеталарда чоп этилдими? Афсуски, бу борада матбуотнинг, айниқса, газеталарнинг фаолияти қониқарли эмас. Газеталарда танқидий мақолаларнинг камайиб кетганлиги масаланинг бир томони, холос. Унинг иккинчи томони, эълон қилинаётган танқидий мақолаларнинг эътибордан четда қолаётганлигида, ижтимоий кучининг камлигидадир. Яъни, танқидий мақолалар эълон қилинади, лекин танқид қилинган ташкилотлар, корхоналар, шахс­лар танқиддан етарли хулоса чиқариб олмайди, айрим ҳолларда матбуотнинг танқидий чиқишларига эътибор ҳам бермайди. Бу ҳолат ҳам халқ орасида матбуотнинг нуфузини туширмоқда.

Умуман, таҳлил қилинса, юқоридаги каби сабаблар яна кўплаб топилади. Буларнинг ҳаммаси бугунги кунда матбуотнинг, газеталарнинг халқ орасидаги нуфузига салбий таъсир кўрсатди. Уларнинг адади ҳам, обуначилар сони ҳам камайди. Энг ёмони, одамларда газеталарнинг кучига, қудратига, илму маърифатчилик, ғоявий тарғиботчилик борасидаги фаолиятига ишонч сусайди, матбуотнинг тўртинчи ҳокимият даражасидаги роли пасайди. Бунга исбот излаб статистиканинг сирли сандиғидан яширин маълумотни ахтариб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Эътибор беринг, бир пайтлари 1 миллион 100 минг нусхада нашр этилган “Ўзбекис­тон адабиёти ва санъати” ҳафталиги эндиликда бор-йўғи 1 200 нусхада чоп қилинишини қандай изоҳлаш мумкин? Олий Мажлис нашри бўлган “Халқ сўзи” газетаси 28 463 нусхада чоп этилади. Бағрига миллионлаб аъзоларни бирлаштирган Рес­публика Касаба уюшмаларининг нашри ҳисоб­ланмиш “Ишонч” газетаси 27 500 нусхада босиб чиқарилади. Ҳар бири 500-600 мингдан аъзога эга бўлган ХДП, O’zLiDeP, “Миллий тикланиш”, “Адолат” партиялари муассислигидаги “O‘zbekiston ovozi”, “ХХI asr”, “Milliy tiklanish”, “Adolat” газеталарининг адади ҳам ҳавас қилгулик эмас. Ёхуд мамлакатимиздаги таълим соҳасидаги миллионлаб болалар, ўсмирлар, устозлар, мураббийларнинг доимий ҳамроҳи бўлиши керак бўлган “Маърифат” газетаси 7 300 та, “Тонг юлдузи”, “Класс” газеталари ҳар қайсиси 1,5-2 минг нусхада чоп этилишини қониқарли деб бўладими? Бундай саноқни давом эттирсангиз умумий аҳволдан кўнгил хижил тортиб бораверади. Мана, сизга вазирликлар, ташкилотлар, партияларнинг фаолият кўзгуси, тарғиб-ташвиқот ойнаси бўлган газеталарнинг бугунги аҳволи. Хўш, бундай аҳволда ушбу вазирлик, ташкилот, партиялар ўзларининг мақсад ва вазифаларини, режаларини, амалга ошираётган ва оширмоқчи бўлган ишларини халққа қандай етказади?

Норасмий маълумотларга кўра, мамлакатимизда нашр қилинадиган барча газеталарнинг муштарийлари сони 2-2,5 миллиондан иборат экан. Агар республикамиз аҳолисининг салкам 25 миллиони матбуот нашрларидан хабардор, газета ўқиш имкониятига эга фуқаролар эканини ҳисобга оладиган бўлсак, юртимизда газетхонлар сони 10 фоиз атрофида эканлиги ниҳоятда ачинарли ҳолдир.

Албатта, газета ўқиш-ўқимаслик ҳар кимнинг ўз шахсий иши. Аммо бугунги кунда газета ўқимай, матбуотни кузатмай, радио-телевидение орқали дунё ҳаётидан хабардор бўлмай, интернет орқали келаётган янгиликларни билмай инсон ўз қобиғига ўзи ўралиб, оламдан ажралиб, ёлғиз яшай оладими? Ахир бу инсоннинг маънавий инқирози, ижтимоий фожиаси эмасми? Шундай экан, бундай аҳволда халқимизга хорижда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни қўятурайлик, мамлакатимиз ҳаётида бўлаётган янгиликларни, амалга оширилаётган ўзгаришларни, тараққиётимиз аъмоллари бўлган ишларни қандай етказамиз? Президентимиз бугун жамиятимиз ҳаётида фаол бўладиган, шу юрт эгасига айланадиган, ҳар бир соҳада етакчи бўладиган фидойи, маънавий жиҳатдан юксак шаклланган шахсларни тарбиялаш вазифасини кун тартибига қўяётган бир пайт­­да бу жараёнда муҳим роль ўйнайдиган, бироқ номигагина чиқаётган босма оммавий ахборот воситалари фаолиятини қониқарли, деб бўладими?..

Кейинги йилларда республикамизда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш билан боғлиқ қарорлар, фармонлар, фармойишлар қабул қилинди. Шу билан боғлиқ ҳолатда мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини, матбуотни бош­қарадиган ташкилотлар, агентлик­лар, уюшмалар, фондлар фаолият юритмоқда. Уларнинг фаолияти, табиийки, оммавий ахборот воситаларини, жумладан, даврий нашрларни ривожлантиришдан, газета-журналларнинг юртимиз ижтимоий ҳаётидаги ролини оширишдан, матбуотни қўллаб-қувватлашдан иборат. Бир қарашда, улар зиммаларидаги вазифаларини “астойдил” бажармоқдалар. Оммавий ахборот воситаларига раҳбарлик қилмоқдалар, мажлислар, анжуманлар ўтказиб “маслаҳатлар” бермоқдалар. Аммо бу фаолият негадир газета-журналларга амалий ёрдамга — моддий ёрдамга айланмаяпти. 

Бундан бир неча йиллар илгари атоқли адиб Шукур Холмирзаев адабий жараёнда ва бадиий адабиётда рўй бераётган “ўзгаришлар”ни кузатиб “Адабиёт ўладими?” деган саволни ўртага ташлаган эди. Бугунги кунда босма даврий нашрлар ададларининг озлиги, обуначиларнинг, газетхонларнинг камлиги сабабли матбуотда интернет ва электрон нашрлар кўпайгани учун газета-журналлар инқирозга юз тутадими, деган мулоҳаза пайдо бўлмоқда. Ҳаёт бу оламда адабиётнинг инсоният учун хизмати мангулигини исботлагани каби газета-журналларнинг ҳам ҳар бир давлат ва жамият учун зарурлигини намоён қилмоқда. Агар интернет тармоқлари ва электрон нашрлар газета-журналлар ўрнини эгаллаши мумкин бўлганида бу ҳолат, аввало, юксак тараққий этган мамлакатлар матбуотида рўй берган бўларди. Ваҳоланки, уларда интернет ва электрон ахборот тармоқлари қанчалик ривож топган бўлмасин, газета ва журналлар ҳам миллионлаб нусхаларда нашр этилмоқда. Демак, юртимизда ҳам босма нашрларни, жумладан, газеталарни инқироздан сақлаб қолиш, уларнинг аҳволини яхшилаш учун ҳали умид бор. 

Бунинг учун, энг аввало, кўпчилик таклиф қилаётганидек, даврий нашрлар, газеталарга давлат томонидан, матбуотни қўллаб-қувватлайдиган жамғармалар ва ҳомийлар томонидан моддий ёрдам, кўмак берилиши керак. Бунда давлат ҳисобидан матбуот нашрларига субсидия ажратиш, газеталар таҳририятлари билан ҳомийлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, аҳолининг газеталарга обуна бўлиши учун моддий ёрдам бериш, корхона ва ташкилотларда обуна ишларини амалга ошириш учун маблағ ажратиш каби масалаларга эътибор қаратилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Зеро мамлакатимизда эндиликда алоҳида аҳамият берилаётган Учинчи Ренессанс пойдеворини, умуман, келажак пойдеворини матбуотсиз яратиб бўлмайди. Бошқача айтганда, матбуот, оммавий ахборот воситалари соҳасига дахлдор давлат ва нодавлат ташкилотлари идоралари, фондлари ва бошқа органларини мувофиқлаштирувчи ягона давлат сиёсати ишлаб чиқилиши ва бу борада матбуот соҳасини қўллаб-қувватловчи Миллий дастур яратилиши зарур! Ахир келажак пойдеворини матбуотсиз яратиб бўладими?!

Камол МАТЁҚУБОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ  МИРЗИЁЕВНИНГ ИҚТИСОДИЙ ҲАМКОРЛИК ТАШКИЛОТИНИНГ ЎН ОЛТИНЧИ САММИТИДАГИ НУТҚИ

admin

“Меҳнат ярмаркаси” ташкил этилди

admin

КОНСТИТУЦИЯ – халқимизнинг хоҳиш-иродаси ифодасига айланмоқда

admin