ADOLAT 24

Тошкент вилояти ҳокимлиги диққатига!Янги уйнинг Эски ғавғолари

Халқ қандай яшаётганини билмоқчи бўлсанг, ё бозорига ё мозорига бор, дейди донишмандлар. Паркент шаҳар бозорига йўлимиз тушганда бозор одамлар билан гавжум эди. Олтин куз эмасми, савдо расталарида мева-чеваларнинг барча тури — олмадан тортиб анжиргача, узумдан тортиб анор, шафтолигача бор. Кимдир сотганига, кимдир харид қилганига хурсанд. Чеккароқда икки нафар аёл янги уйлардан бирига кўчиб келган чоғи, куюниб гаплашаётганлигини эшитиб, бефарқ ўтиб кетолмадим. Ўзимни таништирганимдан сўнг, улар билан “Истиқбол” МФЙ ҳудудидаги янги қурилган 4 қаватли уй томон йўл олдик. Уй ташқи кўринишидан гўзал ҳолатда кўзга ташланар, аммо унинг хонадон эгаларига тўлиқ битган ҳолатда топширилмаганлиги сезилиб турарди. Бу уйнинг буюртмачиси Тошкент вилояти “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК МЧЖ бўлиб, бош пудратчиси “JAMSHID SULTON MAX” хусусий корхонаси эканлигини лойиҳа бўйича уй паспортидан билиб олдик. Унда қурилиш 2019 йил 28 октябрда бошланиб, 2020 йил 28 июлда топширилиши керак, деб ёзилган. Орадан бир йилдан ошиқ вақт ўтибдики, қурилиш ишлари ҳали ҳам тугалланмаган. Паспортдаги қурилиш-монтаж ишлари қиймати ўчирилганлигини кўриб, ҳайрон бўлдик. Келганимизни эшитиб, бирин-кетин хонадонлар эгалари йиғила бошлади.

– Мен Сайёра Иноятова 2-қаватдаги 20-хонадонда яшайман. Эшитишимиз­­ча, уй ҳокимият томонидан қабул қилинмаган. Шундай бўлса ҳам, ноиложликдан шу йилнинг февраль-март ойидан бери ушбу уйда яшаб келаяпмиз. Уйдаги шароитлар талаб­­га жавоб бермайди, — деди у. 

— Болалар ўйингоҳини айтмайсизми? – деди фуқаролардан яна бири. — 2 та темир арғимчоқдан бош­­қа ҳеч нарса йўқ. Фарзандларимиз ҳовлига чиқса, аҳвол бу. Уст-боши чанг, ҳали бирисининг бурни қонаган, иккинчиси тошга қоқилиб, қўл-оёғи лат еган. Болани ювинтирай десак, сув йўқ. Бори кир-чирдан ортмайди. Крандаги сувимиз ер остидан олиниб, хонадонларга насос орқали етказиб берилади. У ҳам болалар ўйингоҳи ичида. Атрофи ўралмаган, усти ёпилмаган. Бирор фалокат юз бермасин, деб хавотирдамиз. Бу ҳақда бир неча бор ҳокимиятдаги раҳбарларга мурожаат этдик. Бирортаси келиб хабар олгани йўқ.

– Март ойида янги уйга кўчиб келдик, деб хурсанд бўлган эдик, – дей­ди ўзини Жасур Маҳмудов деб таништирган хонадон эгаси. – Бу уйнинг муаммолари эски уйимиздагидан ҳам кўп экан. Сув тез-тез ўчиб туради. Март ойининг бошида ёмғир ёққанидан кейин 4-қаватдан чакки ўтди. Баъзи хонадонларда сув иситиш тизимидаги “аристон” ишламаяпти. Юқори қаватдаги хонадонларнинг қувурлари бир-бирига яхши уланмаганлигидан тепадан доимо чакки оқиб турарди. Паркент тумани ҳокимига мурожаат қилганимиздан сўнг уларни бартараф этиб беришди. 

— Бу уй асосан ёлғиз оналар, ногирон фарзанди бор ва кам таъминланган оилаларга берилган деб эшитамиз, аслида-чи? — дей­ди дарди тошиб турган Латофат Дўстова. — Баъзи хонадон эгалари кам таъминланган оиламан деб, ҳужжат қилиб, уй олишган. Аслида уларнинг уйга муҳтожлиги йўқ. Бу ерда ўзлари туришмайди, уйларини ижарага беришган. Икки-уч хонадон эгалари умуман кўчиб келишмади ҳам. Кимлигини ҳам билмаймиз. Ҳадемай совуқ кунлар бошланади. Хонадонларимизда эса иссиқлик тизими ишламайди. Имконияти борлар қувурларни, электр симларини ўзлари алмаштиришди. Йўқлари-чи? Бу ҳақда мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. Бизнинг дардимизни эшитадиган борми ўзи? Хонадонлар 2, 3 хонали бўлиб, фарзандларимизнинг велосипедлари, қишлик саб­завотларни қўйишга жой йўқ. Уйимиз ертўласига қўямиз десак, “JAMSHID SULTON MAX” хусусий корхонасининг раҳбари Мақсуджон Мирзаев унга яқинлаштирмаяпти. М.Мирзаевнинг гапига қараганда, уй қурилишида лойиҳа смета ҳужжатларидан ташқари, қўшимча бажарилган ишлар учун сарфланган 296 миллион 676 минг 178 сўм пул маб­лағини ўз ҳисобидан сарфлагани эвазига собиқ Паркент туман ҳокими 24 хонали уй-жойнинг 382 квадрат метр ертўла қисмини унга узоқ муддатга ижара асосида фойдаланишга берганмиш… 

Мана, сизга яна бир жумбоқ. Ахир ҳар бир қурилаётган уй томидан ертўласигача шу уй эгаларининг мулки ҳисобланмайдими? Агар пудратчи қўшимча маб­лағ кетказган бўлса, авваламбор, бу маб­лағни буюртмачидан сўраб сарфлаши керак эмасми? 

Яна бир ажабланарли ҳол. Паркент тумани ҳокимининг қарорига асосан уйнинг ертўла қисми узоқ муддатга ижарага берилган ҳам бўлсин. Хўш, узоқ муддат деганда неча йил назарда тутилган? 10, 30, 50 йилми ёки бир аср? 

Фуқароларнинг муаммоларини эшитганимдан сўнг улар билан биргаликда уй атрофини айландим. Бу ерда бирорта мевали, манзарали дарахт кўрмадим. Болалар майдончасида икки-уч темир-терсакдан бошқа ҳеч нарса йўқ. Ҳаммаёқ тупроқ, чанг. Учта йўлакда томга чиқадиган темир нарвонлар ҳам йўқ. Томлардаги тунука оралиқлари очиқ, ертўла қурилиш чиқиндилари билан тўла. Айни пайтда Мақсуджон Мирзаевнинг қурувчилари электр ўлчагичларсиз ертўладан сим тортиб, уй ёнида яна иншоот қураётганини кўриб, ҳайрон бўлдим. Хўш, бу М.Мирзаев ким ўзи, унга бундай имкониятни ким берган? Бу саволга жавоб излаб икки марта ҳокимиятга бордим. Афсуски, ҳоким бува билан учрашишнинг иложи бўлмади..

Янги уй эгалари фойдаланаётган сув ичишга яроқлими, деган савол билан Паркент тумани санитария, эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими бошлиғи А.Қурбоновга мурожаат қилдим. Унинг берган маълумотига кўра, 4 қаватли янги уйнинг ҳовли ҳудудидан ковланган артезиан қудуқ суви учун қурувчи ташкилот томонидан фойдаланишга қабул қилиш тўғрисида Паркент тумани СЭО ва ЖСБга мурожаат бўлмаганлиги сабабли бу ердаги сув таркиби ўрганилмаган.

 Мана, сизга Тошкент вилояти “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси буюртмасига кўра барпо этилган янги уйда юз бераётган воқеалар… Наҳотки, булардан Паркент тумани ҳокимлиги бехабар бўлса? Бўлди ажаб ҳангомалар дегани шу бўлса керак. Бунга паркентлик раҳбарлар нима дейишаркан?

 Даврон АҲМАД

Муаллиф олган суратлар

Tegishli xabarlar

Ўзи емас, бировга ҳам бермаслар

admin

ПРЕЗИДЕНТЛИККА НОМЗОДНИНГ САЙЛОВЧИЛАР БИЛАН УЧРАШУВЛАРИ НИҲОЯСИГА ЕТДИ

admin

Ёлғон кўрсатма берганлиги учун жазоланди

admin