ADOLAT 24

ОЛАРДА КИРАР ЖОНИМ, БЕРАРДА ЧИҚАР ЖОНИММИ?

Қарз олди-бердиси азал-азалдан инсонлар ўртасида шаклланган фуқаролик ҳуқуқий муносабатдир. Муқаддас динимизда ҳам, амалдаги қонунларимизда ҳам қарз олди-бердисининг ўзига хос қоида ва талаб­лари мавжуд. 

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, қарз берган киши уни сўраган кимсанинг қайсидир иши ўз вақтида амалга ошишига ёрдам беради ёки бирор муаммосидан халос қилади. Аммо сўнгги йилларда олган қарзини тан олмайдиган ёхуд қайтаришни пайсалга солиб, ҳақдордан яшириниб юрадиган инсонлар тоифаси пайдо бўлгани афсусланарли ҳолат. Улар қарзини узиш ўрнига минг бир хил ҳийла-найрангларни ўйлаб топишади. Яъни “Оларда кирар жоним, берарда чиқар жоним” қабилида иш тутишади. Бошқача айтганда, “Қўлинг билан бериб, оёғинг билан оласан”, деган ҳаётий гап худди ана шу тоифа учун айтилган.

Қўқонлик Ғолибжон Саримсоқов (исм-шарифлари ўзгартирилган) ҳам 2014 йилда фуқаро Зубайда Ҳолиқовадан 115.000 АҚШ доллари миқдорида қарз олади. Бироқ белгиланган муддатда қарзини қайтаролмайди. Шу боис қарзи эвазига ҳақдорга ўзига тегишли иссиқхонани беради.

Шундан сўнг Ғ.Саримсоқов жиноят содир қилиб, озодликдан маҳрум этилади. Лекин у жазо муддатини ўтаётган маҳали З.Ҳолиқова ва унинг яқинлари иссиқхонани қарзни қоп­лайдиган нархга сотишолмайди. Бинобарин, қарздор озодликка чиққач, аёлнинг яқин қариндоши, кейинчалик судда ишонч­­ли вакил сифатида қатнашган Ботир Турдиқуловнинг олдига боради. 

– Хўп, десангиз, иссиқхонани сотсак. Менинг бир танишим харидор бўляпти, – дейди у.

– Майли, розимиз. Бизга пулимизни берсангиз бўлди, – дейди Ботиржон.

– Албатта, дарҳол қайтараман, – дея ваъда беради қарздор.

Аммо Ғолибжон иссиқхона сотилгач, пулини савдога тикиб, фойдаланиб туришни сўрайди. Шунинг учун Б.Турдиқулов қарз шартномаси тузиб, сўнг нотариал тартибда тасдиқлангачгина розилик беришини билдиради. Натижада 2019 йил 14 март куни Ғолибжон Саримсоқов Зубайда Ҳолиқовадан 523.900.000 сўм олганлиги тўғрисида қарз шартномаси имзоланиб, мазкур шартнома Қўқон шаҳар 1-сонли давлат нотариал идораси томонидан нотариал тасдиқланади. Қарзни қайтариш муддати эса 2019 йил 10 октябрь этиб белгиланади. Бироқ…

Бироқ шартномада белгиланган муддат ўтиб кетса ҳамки Ғолибжон қарзини қайтармайди. Шу боис ҳақдор бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилади. Бунга жавобан эса қарздор ҳимоячиси билан бирга фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судига даъво ариза киритиб, юқоридаги қарз шартномасини ҳақиқий эмас, деб топишни сўради.

Буни қарангки, суд жараёнида Ғ.Саримсоқовнинг даъвоси асоссиз эканлиги аён бўлди. Яъни жавобгар томон унинг прокуратура органларига берган тушунтириш хатини судга тақдим этди. Тушунтириш хатида ёзишича, даъвогар 2019 йил 14 март куни Ботиржон Турдиқулов ва Зубайда Ҳолиқовалар билан бирга Қўқон шаҳар 1-сонли давлат нотариал идорасига борган. Шунда нотариус ҳақиқатда қарз олганлигини сўраганда Ғолибжон бошини қимирлатиб, “ҳа” ишорасини берган. Сўнг нотариус 523.900.000 сўмлик қарз шартномасини 2 нусхада компьютердан чиқариб, унга таништирган. Натижада Ғ.Саримсоқов қарз шартномаси билан танишиб чиқиб, имзолаган. Қолаверса, нотариал ҳаракат жараёнида ундан бармоқ излари ҳам олинган. Ўша пайтда у қарз шартномасининг мазмун-моҳиятини тўлиқ тушуниб етган.

Фуқаролик кодексининг 732-моддасига мувофиқ, қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади.

Кодекснинг 737-моддасига биноан эса, агар қарз олувчи қарз шартномаси юзасидан даъволашуви жараёнида пул ёки бошқа ашёлар ҳақиқатан ҳам қарз берувчидан олинмаганлиги аниқланса, қарз шартномаси тузилмаган ҳисобланади. Қарз олувчи қарз берувчидан пул ёки бошқа ашёларни шартномада кўрсатилганидан амалда кам миқдорда олган ҳолларда шартнома ана шу миқдордаги пул ёки ашёларга тузилган ҳисобланади. Бироқ тилга олинган ҳолатда бундай воқеа юз бермаган. Бинобарин, суд ўзининг шу йил 20 сентябрь кунги ҳал қилув қарори билан қарз шартномасини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги даъво талабини қаноатлантиришни рад қилди. 

Хулоса қилиб айтганда, қарз шартномасига ёки бу борадаги оғзаки келишувга амал қилмаслик икки инсон ўртасидаги ишончни йўқотади. Ўзаро муносабатларга, меҳр-оқибатга путур етказади. Шундай экан, ким бўлишимиздан қатъи назар, қарз олди-бердисида жуда ҳушёр ва масъулиятли бўлишимиз шарт.

Жамшид ОТАБОЕВ,

фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судининг судьяси

Tegishli xabarlar

АҲОЛИ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ЙЎНАЛИШЛАРИ БЕЛГИЛАНДИ

admin

Бор меҳримиз сенга, болажон!

admin

Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

admin