Ургут туманидаги 66-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси телеграм канал орқали ота-оналарга мурожаат қилиб, уларнинг фарзанд таълим-тарбиясидаги масъулиятини эслатибди. Бу ўқитувчининг, барча устозларнинг ўқувчилар келажаги йўлида ҳамкорликда ишлаш бўйича ота-оналарга даъвати ҳамдир.
“Ҳурматли ота-оналар!
Ушбу мурожаaтномани диққат билан ўқиб, унга бефарқ бўлмайсиз, деган умиддаман. Мен ва бошқа устозлар аниқ биламизки, сиз жондан азиз фарзандларингиз илм олиши ва тарбиясини бизга ишониб топширгансиз ва биз бу машаққатли ишга жон-жаҳдимиз билан киришганмиз. Аммо бола кўпроқ вақт уйда, оила даврасида бўлади ва у ердаги муҳит бериладиган тарбияда асосий ўрин тутади. Фарзанд ҳар жиҳатдан ота-онасига қулоқ солади.
Афсуски, айрим ота-оналаримиз ўз фарзандлари тарбиясига мутлақо бефарқ! Лоақал боланинг мактабга формада боришини таъминлаб беришнинг иложи борми? Бола истаган кийимида мактабга келаверса! Ўқув қуроллари бўлмаса! Китоб-дафтарсиз мактабга келишидан нима наф? Болага дарслик уйда сақлаш учун берилмайди-ку. Уйда ҳам ўша китобларни ўқув йили давомида бирон марта очиб кўрмайдиган ўқувчиларимиз бор. Ахир биз уй вазифаларини хонадонингизга бориб тайёрлата олмаймиз-ку! Бу сизнинг вазифангиз эмасми, ҳурматли ота-она?!
Боланинг мактабда ўзини тутиши, устозлар, ўртоқларига муносабати, оғзидан чиқаётган сўзлари, булар ҳаммаси оиладаги муҳит, у ердаги тарбияга боғлиқ эмасми? Не-не умидлар билан ўстираётган фарзандингиз қандай инсон бўлиб улғаяётгани наҳотки сизни мутлақо қизиқтирмаса?! Боланинг қорнини тўқлаб, эгнини бутлаб қўйиш билан чекланмайди-ку ота билан онанинг бурчи!
Афсуски, баъзи ота-оналар ўзларининг вазифалари фақат шу деб ўйлашади. Ҳолбуки, булардан ҳам муҳим, булардан ҳам қийин ва булардан ҳам асосий вазифа ҳам бор, бу фарзанднинг маънавий-ахлоқий тарбиясидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бундай марҳамат қиладилар: “Ота-она фарзандига яхши хулқдан ҳам ортиқроқ нарса бера олмайди”. Демак, ота-она фарзандига берадиган энг яхши нарсаси қимматбаҳо кийим, яхши таом ёки ажойиб совға эмас, балки гўзал хулқ ва яхши тарбияси экан. Чунки кийим, таом ёки совға болага маълум вақт фойда беради, вақт ўтиши билан эса эскиради. Гўзал хулқ, яхши тарбия эса фарзандга умри давомида фойда беради.
Ҳурматли ота-она! Бу сизга ҳам илтимос, ҳам талаб. Юқоридаги эътирозларимизга жиддий муносабатда бўласиз, деган умиддаман.
Ҳурмат билан, Устоз!”
Назаримизда, Ургут туманидаги 66-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси номидан йўлланган мурожаат ҳар бир ота-онани фарзанд тарбиясидек масъулиятли вазифани сидқидилдан бажаришга даъват этади. Демак, бу арзигулик тажрибани ўргансак, амалда қўллай олсак, фойдадан холи бўлмайди.