ADOLAT 24

ИСЛОҲОТЛАР ички ишлар органлари фаолиятини янгилашга замин яратади

Мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Азизбек ИКРАМОВ билан суҳбатимиз ҳам ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ҳақида бўлди. 

– Мамнуният ва фахр билан таъкидлаш керакки, ўтган ўттиз йил мобайнида Ўзбекистон асрларга татигулик тараққиёт йўлини босиб ўтди. Тарихан қисқа фурсатда мамлакатимиз жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади. Ана шу оламшумул ютуқларимизнинг турли қирралари мавжуд. Ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида қўлга киритган ютуқларимиз бор. Масалани шу тарзда қўйиб таҳлил этсак, кўз олдимизда давлат ва халқ жипс­лигининг ижобий ҳосиласи сифатида юзага чиққан улкан ишлар бор бўй-басти билан гавдаланади.

Бугун давлатимиз раҳбари бошчилигида халқчил ва демократик тамойилларга асосланган янги Ўзбекистонни барпо этмоқдамиз. Шу мақсадда, аввало, бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва барқарорликни мус­таҳкамлашга энг муҳим вазифа сифатида устувор аҳамият қаратилмоқда.

Янги Ўзбекистоннинг ички ишлар органлари ҳам янгиланиб, такомиллашиб бормоқда. Президентимиз ўтган йили касб байрамимиз муносабати билан йўллаган табригида «Агар давлат таянадиган асосий устун қонун бўлса, унинг кучини амалда намоён этадиган энг самарали тизим бу – ички ишлар соҳаси, десак, айни ҳақиқат бўлади», дея эътироф этган эди. Бу юксак баҳо осойишталик посбонларини қонун устуворлигини таъминлаш йўлида янада фидойилик билан хизмат қилишга ундайди.

– Албатта, ички ишлар органларида қўлга киритилаётган ютуқларни, аввало, тизимда кечаётган ислоҳотлар самараси сифатида баҳолаш лозим.

– Бу хусусда гап кетганда, вазирликнинг бир қатор соҳавий хизматларида туб ислоҳотлар амалга оширилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш, унинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасидаги амалга оширилган ишлари тубдан яхшиланди. Замон талабидан келиб чиқиб, хавфсиз туризм­ни таъминлаш, пробация, суриштирув ва кибержиноятчиликка қарши курашишга ихтисослашган бўлинмалар янгидан ташкил этилди.

Ушбу ислоҳотлар самараси ўлароқ, ички ишлар органларининг обрў ва мавқеи ошди, аҳоли ҳамда кенг жамоатчилик, айниқса, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорлиги кучайди. Энг муҳими, маҳаллаларда жиноят оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтилди. Бунга эришиш учун ҳар бир маҳаллага бир нафардан профилактика инспектори ажратилди. Профилактика инспектори маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш бўйича ўринбосари этиб белгиланди. Шу тариқа, у давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, чинакамига маҳалланинг ички ишлар органидаги вакилига айланди. 

– Ҳамма замонларда ҳам ҳар бир мамлакат учун малакали мутахассислар тайёрлашга муҳим вазифалардан бири сифатида қаралган. Шу маънода, ички ишлар органларида ислоҳотларнинг тўла амалга ошиши учун, аввало, етук кадрлар бўлиши тақозо этилади. Шундай эмасми?

– Тизимдаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2017 йилнинг 29 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ички ишлар органларида кадрлар билан ишлаш ва уларнинг хизматини ташкил этиш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорнинг муҳим жиҳати шундаки, у ички ишлар органларида хизматни ташкил этиш механизмлари ягона тизимга жамланишига замин яратди.

Ушбу ҳужжатнинг ижросини таъминлаш мақсадида ички ишлар органларининг барча даражалардаги раҳбарлари олдига ишбилармонлик ва касбий хислатларга эга кадр­лар танланишига эътибор бериш, уларнинг мақсадли жойлаштирилиши ҳамда ўз хизмат бурчини сўзсиз бажариши учун шахсий жавобгарлигини ошириш чоралари кўрилмоқда. Кадрлар захирасини, биринчи нав­батда, истиқболли бошқарув таркибини шакл­лантиришга, шунингдек, бўш лавозимларни ўз соҳасини яхши биладиган ҳамда юклатиладиган вазифа ва функцияларини инобатга олган ҳолда, тезкорлик билан иш юритадиган кадрларни жамлашга алоҳида аҳамият берилди. Шунингдек, ички ишлар органларига қабул қилиш тизимининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида мавжуд бўш лавозимларни сифатли тўлдиришда ҳар бир ички ишлар органида тизимли тарғибот-ташвиқот ишлари кучайтирилди.

Ички ишлар органлари доимий профессионал кадрлар таркибини шакллантириш, ходимларнинг хизмат қилиш давомийлигини узайтириш бўйича рағбатлантириш, шунинг­дек, уларнинг касбий малакаси ва шахсий қобилиятларини инобатга олган ҳолда, шахсий таркибни лавозимларга муносиб тақсимлаш бўйи­­ча аниқ вазифалар белгиланди. Бунинг натижасида ички ишлар органлари ходимларига хизматни ўташда қўшимча шарт-шароитлар яратилди. 

– Ислоҳотлар жараёни вазирлик таркибидаги таълим муассасаларини ҳам четлаб ўтмаганлигини яхши биламиз. Шу ҳақда ҳам тўхталиб ўтсангиз.

– Президентимизнинг 2017 йил 16 августдаги «Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори сифат жиҳатидан мутлақо янги тизим яратилишига асос бўлди. Мазкур қарор ёш авлодни етук мутахассис қилиб тарбиялаш, уларга замонавий фан-техника сирларини мукаммал ўргатиш, юрт фаровонлиги, эл тинчлиги йўлида фидойи инсонлар бўлиб етишишини таъминлашга хизмат қилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари ИИВ Академияси ҳақида сўз юритиб, ушбу олий ўқув юрти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун кадрлар тайёрлаш соҳасида мамлакатимиз ва хорижда тўпланган тажрибани ўрганадиган, таҳлил қиладиган, баҳолайдиган ва амалиётга жорий этадиган нуфузли таълим масканига айланиши лозимлигини алоҳида таъкидлаган эди. Бугун Академия илғор педагогик технологиялар асосида халқимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи ҳуқуқ-тартибот посбонларини, Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қиладиган ходимларни тайёрлаш, ҳуқуқ соҳасида чуқур илмий тадқиқотлар ўтказиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишдек масъулиятли вазифаларни муваффақиятли бажариб келмоқда.

Ҳозирги кунда Академияда тинг­ловчи ва курсантларни ўқитишда жиноятчиликка қарши курашиш амалиёти билан ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Шу мақсадда тингловчи ва курсантлар ички ишлар органларининг соҳавий хизматларида амалиёт ўтамоқда, мутахассислик кафедраларига эса илмий даража, катта амалий тажрибага эга ходимлар жалб этилмоқда. 

Кадрлар тайёрлашнинг ноёб тизими яратилди. Шу асосда кадр­лар ўзагини шакллантириш мақсадида 14 та идоравий академик лицей, «Темурбеклар мактаби» ва ихтисослашган мактаб-интернат фаолияти йўлга қўйилди. Вазирлик Академиясида 8 та йўналиш бўйича кундузги ва сиртқи шаклда ўқиш амалга ошириляпти. ИИВ Малака ошириш институти фаолият кўрсатиб турибди. 

– Бугун халқ манфаатларига хизмат қиладиган малакали мутахассисларни тайёрлашда қандай талабларга эҳтиёж сезилади?

– Албатта, олдимиздаги вазифаларни муваффақиятли бажариш биздан тизимда хизмат қилаётган барча шахсий таркибнинг касбий билим савиясини оширишни талаб этади. Зеро, «Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз!» деган эзгу ғояни юрагига, онгу шуурига жо этган ходимгина ўз вазифасини сидқидилдан бажаради. Бунга эришиш учун эса маънавий-маърифий ишларни мутлақо янги шаклда йўлга қўйишимиз лозим. 

Биринчидан, маънавий юксак кадр­ларни шакллантириш. Юксак маънавиятли инсон фидойилик, жасорат, мардлик, бағрикенглик, Ватанни севиш, миллий қадриятларимизни қадрлаш, буюк аждодларидан фахрланиш каби олижаноб фазилатлари билан ажралиб туради. 

Иккинчидан, ватанпарвар, юртга содиқ кадрларни тайёрлаш. Ҳақиқий ватанпарварлик миллат, Ватан манфаати билан яшаш, унинг истиқболи йўлида меҳнат қилиш ва курашиш демакдир. Ватанпарвар ўз халқининг яхши ва ёмон кунларида у билан бирга бўлади, ўз бахтини Ватан бахтидан излайди.

Учинчидан, билимли ва салоҳиятли кадрлар тайёрлашда китобхонлик маданиятини ривожлантириш. Ҳар томонлама етук кадрларни тайёрлашда китобхонлик маданиятини юксалтириш ғоят зарурдир. Зеро, ички ишлар органлари ходимларини юксак касб маданияти соҳиби этиб, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда китобнинг аҳамияти катта. 

Тўртинчидан, кадрлар билан иш­лашда тарбиявий ишларни жадаллаштириш. Шу боис ички ишлар органларида шахсий таркибни тарбиялаш, ушбу тизимни янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Мавжуд тарбия тизимини янада такомиллаштириш, тубдан яхшилаш учун тегишли ишлар амалга ошириляпти. Айниқса, ёш ходимларни она-Ватанга муҳаббат, касб­га садоқат руҳида тарбиялаш, хизмат интизоми ва қонунийликни мус­таҳкамлаш борасида бир қатор ижобий ишлар қилинмоқда.

Бешинчидан, ходимни ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш. Шу мақсадда ички ишлар органлари тизимида узоқ йиллар давомида хизмат қилиб келаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини уй-жой билан таъминлаш, субсидия ажратиш, ижара тўловларини қоплаш масалалари ҳал этиляпти. ИИВ ва жойларда турар жойга эҳтиёжманд ходимлар рўйхати юритилиб, уларга хизмат турар жойлари ажратилмоқда. Бир сўз билан айтганда, ходимларнинг қувончу ташвишига шерик бўлиш доимий юмушга, маънавий эҳтиёжга айланган.

– Маълумки, ички ишлар органлари ходимлари ўз хизмат вазифасини самарали бажаришида уларнинг жанговар тайёргарлигини юксалтириш, назарий билими ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳам муҳим аҳамият касб этади.  

– Ички ишлар органлари тизимида шахсий таркибнинг касб маҳоратини юксалтириш, жанговар ва жисмоний тайёргарлигини доимий равишда ошириб бориш учун етарли шарт-шароитлар яратилган. Вазирликда спорт зали, қўл жанги зали, тренажёр хоналари, ўқ отиш тири, хизмат ўқув хонаси ва тест марказини ўз ичига олган замонавий машқ маркази ходимлар ихтиёрида.

Эндиликда катта офицерлар таркиби, яъни майор, подполковник ва полковник унвонларини олиш учун ўқитиш ишлари ташкил этилмоқда. Машғулотлар маъруза, суҳбат, семинар, амалий усулларда ўтказиляпти. Ўқув мавзулари, услубий қўлланмалар, дарсликлар тегишли хизматлар томонидан ишлаб чиқилиб, машғулотлар пайтида шахсий таркибга мунтазам етказилмоқда. Ходимларнинг билими тест ва оғзаки сўров ўтказиш, жанговар тайёргарлик бўйича ўқ отиш машқларини бажариш, жисмоний тайёргарлиги синов-имтиҳонлар орқали текшириб кўрилмоқда.

Шунингдек, ички ишлар органлари ва тизимларида ходимларнинг жанговар тайёргарлигини, назарий билим ва амалий кўникмасини ошириш мақсадида машғулотларда шахсий таркибнинг хизмат йўналишлари бўйича ИИВнинг меъёрий ҳужжатлари талабларини ўзлаштириши таъминланмоқда.

ИИВ Марказий аппарати ҳамда қуйи тизимлари шахсий таркиби билан амалий ўқ отиш машғулотлари ўтказилмоқда. Бундан ташқари, ходимларга тажрибали мутахассис-йўриқчилар томонидан қўл жанги, самбо усуллари ўргатилмоқда.

Соҳавий хизматлар ходимларининг касб маҳоратини ошириш, жанговар тайёргарлигини аниқлаш мақсадида спорт мусобақалари ва кўрик-танловлар ўтказилмоқда. Хусусан, кўпкураш, футбол, мини футбол, қўл жанги, волейбол, енгил атлетика, бадминтон, стол тенниси, шахмат ва бошқа спорт турлари бўйича республика мусобақалари уюштириляпти. Бунинг самараси ўлароқ, спортчи ходимларимиз халқаро ареналарда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, юксак натижаларни қайд этаётгани қувонарлидир.

– Хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш борасида кейинги йилларда қандай чоралар кўриляпти?

– Сўнгги йилларда вазирлик раҳбарияти томонидан назоратнинг кучайтирилганлиги боис ходимлар ўртасида хизмат интизомига ва қонунийликка риоя этмаслик ҳолатлари сезиларли даражада камайишига эришилди. 

Ички ишлар органлари ходимларининг кундалик хизмат фаолияти доимо фуқароларнинг кўз ўнгида. Шу боис ҳар бир ходимдан юксак касб маданияти, чуқур ҳуқуқий-сиёсий, маърифий билим талаб этилади. Афсус­ки, айрим ходимлар хизмат интизоми ва қонунийлик талабларини қўпол равишда бузиб, ҳалол, виждонли ходимларнинг самарали хизматларига соя солмоқда. 

Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш, хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш мақсадида ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти, унинг жойлардаги бўлим ва бўлинмалари ходимлари ҳамда ички ишлар органлари фахрийлари томонидан шахсий таркиб ўртасида тарбиявий-профилактик ишлар олиб бориляпти. 

Айниқса, ички ишлар органларида узоқ йиллар самарали хизмат қилиб, ҳозирда пенсияда бўлган фахрийлар иштирокида ўтказилаётган «Уч авлод учрашувлари» ёш ходимлар учун ҳақиқий ибрат мактаби бўлмоқда.

– Бугунги ички ишлар органлари ходимларининг маънавий қиёфаси қандай бўлиши кераклиги тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашсангиз.

– Мамлакатимизда маънавий-маърифий ислоҳотларга давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралади. Юртимизда маънавий-маърифий муҳитни янада яхшилаш, асрлар давомида сайқалланиб келаётган анъана ва қадриятларимизни тарғиб этиш борасида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Барча соҳалар сингари, ички ишлар органлари шахсий таркиб ўртасида ҳам маънавий-маърифий ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, ходимларнинг билим савиясини янада ошириш, юксак маънавиятли, ватанпарвар, ўз касбига садоқатли ва фидойи ходимларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 2 апрелдаги «Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан «Ички ишлар органларида маънавий-маърифий иш­ларни ташкил этиш концепцияси» тасдиқланди. Ушбу концепция­­да ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш, ходимларнинг маънавий салоҳияти ва мафкуравий иммунитетини кучайтириш, уларнинг онгида Ватан тақдири ҳамда келажаги учун дахлдорлик туйғусини янада мус­таҳкамлаш каби улуғ мақсадлар ўз аксини топган. 

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишим жоизки, фуқароларнинг тинчлиги ва мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш учун ҳар қандай ҳуқуқбузарликка қарши курашиш соҳа ходимларидан жуда катта масъулият талаб этади. Ана шу масъулиятли вазифаларни мард, ватанпарвар, фидойи, бурчига садоқатли ва ҳалол ходимларгина бажара олади. Концепция­­да ички ишлар органлари ходимларига қўйиладиган асосий талаблар қаторида муомала маданиятига риоя этиш, мурожаат қилган шахсни эътибор билан тинглаш, ҳолатга холисона, бурчига виждонан ёндашиш орқали шахсий намуна кўрсатишлари лозимлиги ҳам белгиланган.

Халқ манфаатлари, юрт тинчлиги, «Ватан равнақи йўлида фидойилик ва ташаббускорлик билан хизмат қилиш»ни биздан бугунги давр тақозо этмоқда. Сафимизда эл хизматига камарбаста фидойи ходимларимиз бор экан, бу вазифаларни шараф билан адо этамиз.

– Инсон китоб ўқиб, ўз маънавиятини бойитмас экан, ҳеч қачон том маънода маърифатли бўла олмайди. Ички ишлар органларида китобхонлик маданиятини ва китоб мутолаасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам тўхталсангиз. 

– Ички ишлар органлари ходимларида хизмат бурчига садоқат ва масъулият ҳиссини ошириш, Ватанга сид­қидилдан хизмат қилиш шарафли бурч эканлигини онгу шуурига сингдиришда китоб мутолааси муҳим ва таъсирчан восита ҳисобланади. Тизим ходимлари ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг интеллектуал салоҳияти, сиёсий-ҳуқуқий билимини ошириш, маънавий дунёқарашини кенгайтириш, улуғ аждодларимизнинг маънавий меросини, уларнинг ноёб асарлари, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини чуқур ўрганиш мақсадида «Энг яхши китобхон» танлови мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Шунингдек, Ички ишлар вазирининг 2021 йил 3 июлдаги буйруғига асосан ички ишлар органлари ходимлари ўқиши учун тавсия этиладиган адабиётлар рўйхати тасдиқланди. Ундан ички ишлар органларида мавжуд кутубхоналарни янги адабиётлар билан бойитиш мақсадида харид қилинадиган китоблар, жумладан, бадиий, илмий-фалсафий ва тарихий-ахлоқий адабиётлар ўрин олган.

25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан «Энг яхши профилактика инспектори», «Энг яхши терговчи», «Энг яхши тезкор ходим», «Энг яхши ҳудудий ички ишлар органи бошлиғи», «Энг яхши китобхон», «Энг яхши кутубхона» ва «Намунали маънавият ва маърифат хонаси» кўрик-танловлари ўтказилиши йўлга қўйилган. Бундай кўрик-танловларнинг мунтазам ўтказилиши, ўз нав­батида, ички ишлар органлари ходимларининг маънавий салоҳиятини ошириш, касбий билим ва кўникмаларини ривожлантириш, уларни ўз касбининг моҳир устаси бўлиб шакллантиришда муҳим омил бўлмоқда.

– Ҳамкасбларингизга байрам тилакларингиз.

– Касб байрами муносабати билан барча ички ишлар органлари ходимларини самимий муборакбод этаман. Юртимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида олиб бораётган машаққатли, шу билан бирга, шарафли ишларига улкан зафарлар тилайман. Гўзал, бетакрор, озод ва обод Ватанимизга кўз тегмасин! 

Суҳбатдош: 

майор Азизжон ФАЙЗИЕВ

Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

САЙЛОВОЛДИ УЧРАШУВЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА (Фарғона вилояти)

admin

Ҳуқуқ тизимида сарсонгарчиликлар барҳам топади

admin

САВДОГАР ниқобидаги ФИРИБГАР

admin