ADOLAT 24

Сайловолди учрашувлари якунига етди (ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИ)

— Ифтихор билан таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг бой тарих ва кўҳна маданиятга эга бўлган Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон, Тошкент, Шаҳрисабз, Қарши, Термиз, Марғилон, Андижон ва бошқа кўплаб қадимий шаҳарлари қатори Жиззах ҳам жаҳоннинг кўплаб йирик тарихчи олимлари томонидан эътироф­­га сазовор маскан, — дея сўз бошлади “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимов Жиззах вилояти сайловчилари билан бўлиб ўтган учрашувда.

— Жиззах ўзининг шонли тарихи давомида сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, темурийлар, Бухоро хонлиги ва амирлиги, шунингдек, Чор Россияси таркибида бўлган. Кўҳна Жиззах ўзининг серунум ерлари, бетак­рор табиати, хилма-хил бойликлари ҳамда стратегик жиҳатдан муҳим жуғрофий жойлашуви билан доимо чет эл босқинчиларининг диққат марказида бўлиб келган. Лекин ҳеч қачон шаҳар дарвозалари босқинчиларга осонлик билан очиб берилмаган, бу ўлкада ҳамиша ёвга қарши мардонавор кураш олиб борилган. Жанг тафсилотлари ҳақидаги тарихий маълумотларни Темур дарвозаси қояларига битилган битикларда ҳам ўқиш мумкин. Шу боис Жиззах бир неча бор инқирозга учраган, вайрон бўлган. Бироқ бу қадимий шаҳар — қўрғон қайта ва қайта тикланган. 

Жиззах ҳақида гапирганда Шароф Рашидовнинг порлоқ хотирасини эсламасликнинг иложи йўқ. Шароф Рашидов умр бўйи ўз халқига, барча соф ниятли инсонларга яхшилик қилиб, уларни улуғ мақсадлар йўлида бирлаштириб, эзгу ишларга сафарбар этиб яшади. Бу олижаноб, донишманд ва бағрикенг инсон, қандай суронли синовларга дуч келган бўлмасин, юксак гуманистик ғояларга доимо содиқ бўлиб, халқимиз қалбида яхши ном, сўнмас хотира қолдирди. 

Сизларга яхши маълумки, 2017 йилдан Жиззах шаҳрида мутлақо янгича мазмун ва шаклга эга бўлган Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаби, 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб 4 та математика фанига ҳамда ахборот технологияларига ихтисослаштирилган таянч мактаблари фаолият бошлади.

Жорий йилда Жиззах шаҳрида қиймати 70,7 миллиард сўм бўлган Президент мактаби қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Бугунги кунда вилоятда 75 та ижтимоий соҳа объектлари, хусусан, 15 та мактабгача таълим, 43 та мактаб, 15 та тиббиёт муассасаси, 2 та маданият марказини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари олиб борилаётгани ҳам бизни қувонтиради.

Шу ўринда бир таклифни айтиб ўтишни истардим: Жиззах Буюк ипак йўлининг машҳур шаҳарларидан бири бўлган. Шу нуқтаи назардан, биз, албатта, Жиззах тарихини чуқурроқ илмий асосларда ўрганишни ташкил этишимиз лозим. Вилоят тарихини намоён этувчи музей ташкил этиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Жиззахда бўлган учрашувда Президентликка номзод сайловчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берди. 

Дилбар Ҳакимова,

партия фаоли:

— “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Сайловолди дастури мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясидаги энг устувор ғояларни ўзида қамраб олгани билан эътиборимни тортди. Дастурнинг моҳият-эътиборига қарайдиган бўлсак, у мамлакатимизда сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўзаро боғлиқлигининг, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашнинг, сўз ва ахборот олиш эркинлигининг, фуқаролик жамияти қуришнинг узоқ муддатга мўлжалланган дастуриламалидир.

Айниқса, таълим соҳасини янада ривожлантириш борасида илгари сурилган истиқболли таклифлар ўқитувчи-педагог сифатида менинг алоҳида диққатимни тортди. Бу борада таълим ва тарбия соҳасида узвийликни таъминлашга қаратилган устувор вазифалар ўзининг ҳаётийлиги ва долзарблиги билан диққатга сазовордир.

Хусусан, халқ таълими тизимидаги ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида ўқитувчилик касби нуфузини ошириш, умумтаълим мактабларида ижтимоий адолат ва тенглик тамойилларининг қарор топишига эришиш, таълим муассасаларида тиббий хизмат даражасини юксалтириш каби мақсадлар айни бугунги замон талаби ва эҳтиёжларидан келиб чиққанлиги, қолаверса, электоратимизнинг асосий вакиллари бўлган педагогларнинг манфаатларини ифода этганлиги билан аҳамиятлидир.

Мен барча учрашув қатнашчиларини олдимизда турган муҳим сиёсий воқелик, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол қатнашишга чақираман. 

Фарруҳ Абдуҳамидов,

халқ депутатлари Арнасой туман Кенгаши депутати:

— Партия фаоли сифатида шуни айтишим мумкинки, номзоднинг дастурида белгиланган устувор мақсад ва вазифаларни амалиётга татбиқ қилиш учун халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари томонидан самарали фаолият олиб борилиши муҳим ҳисобланади. Бунда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дас­турларига партия ҳамда номзоднинг дастурида илгари сурилган илғор ғояларни киритиш, уларнинг ижро этилиши устидан депутатлик назоратини ўрнатиш, партия электорати ва сайловчилар манфаатларидан келиб чиқиб, мансабдор шахс­ларнинг ҳисоботларини комиссия ва сессияларда доимий равишда эшитиб боришни долзарб масала, деб ҳисоблаймиз.

Бу, ўз навбатида, давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим масалаларини ечишда энг мақбул қарорларни шакллантириш ва қабул қилиш жараёнида аҳолининг фаол иштирокини таъминлаш, ижтимоий адолат тамойилларини ҳаётга кенг татбиқ этиш, бюрократизм ва коррупциянинг ҳар қандай кўринишларини бартараф этишга ҳам хизмат қилади.

Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

Мақсадимиз — ҲАМЮРТЛАРИМИЗНИ РОЗИ ҚИЛИШ

admin

Саъдулла Ҳаким: “Қўшиқлар ёнади юлдузлар каби…”

admin

ЖАДИДЛАР МЕРОСИНИ ЎРГАНИШГА БАҒИШЛАНГАН ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ ИШТИРОКЧИЛАРИГА

admin