ADOLAT 24

ИЛМ-ФАН — ТАРАҚҚИЁТ АСОСИ

Илм-фан ривожисиз ҳаётда юксак тараққиётга эришиб бўлмаслиги айни ҳақиқат. XXI асрнинг илм-фан, технологиялар асрига айланиши асосида ҳам айни шу ҳақиқат ўз ифодасини топган. Шу сабабли дунё мамлакатларининг аксарияти асосий эътиборни илм-фанни ривожлантиришга, илм-фан орқали ишлаб чиқаришни, саноатни ва бошқа тармоқларни юксалтиришга қаратмоқдалар. Дунё ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлиб бораётган Ўзбекистонда ҳам кейинги тўрт йилда илм-фан соҳасини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Эътибор беринг, ана шу қисқа вақт ичида маърифат, таълим, илм-фан соҳаларини ривожлантириш учун ўттиздан ортиқ қарорлар, фармонлар, фармойишлар ва қонунлардан иборат ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Фақат кейинги икки йил — ўтган ва бу йилнинг биринчи ярмида олий таълимни ривожлантиришда илмий ишланмалар, янги инновацияларни ҳаётга татбиқ қилиш билан боғлиқ 15 дан ортиқ фармон чиқарилгани, 2019 йилнинг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”, 2020 йилнинг эса “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, 2021 йил — “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилингани илм-фан, таълим ва уларни ишлаб чиқаришга татбиқ қилиш соҳаларидаги белгиланган режаларнинг кўлами ниҳоятда катта эканлигини кўрсатади.

Маълумки, илм-фанни ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсати узлуксиз таълим тизимига асосланган. Яъни, таълим боғчадан бошланиб мактаб, олий ўқув юрти, докторантура ва кейинги босқичларда давом этади. Шу сабабли, мамлакатимизда болаларни таълимнинг биринчи босқичи — мактабгача таълим муассасаларига кўпроқ жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан тўрт-беш йил аввал юртимизда болаларни боғчага қамраб олиш даражаси 28-30 фоизни ташкил этарди. Бугунги кунда республикамизда салкам 6 мингта давлат, хусусий, оилавий боғчалар ташкил этилиб, уларга кичкинтойларнинг 60 фоизи жалб этилди. Мактабгача таълим муассасаларида болаларни мактабга тайёрлаш тизимида ҳам ўзгаришлар юзага келди. Юртимизда илк бора 6 ёшли болаларни мактабгача тайёрлаш тизими яратилди. Болалар боғчаларида ўз она тилларидан ташқари хорижий тилларда ҳам сабоқ олишлари йўлга қўйил­­ди. Умуман, мактабгача таълим муассасаларининг кўплаб ташкил этилаётгани болалар қалбида илмнинг пойдеворини яратишга хизмат қилмоқда.

Ёшларга илм беришдаги, уларни маърифат билан қуроллантиришдаги навбатдаги босқич — умумий таълим тизими билан боғлиқ. Ҳозирги пайтда мамлакатимизда 9970 дан ортиқ мактабларда 5 миллион 500 мингдан зиёд болалар таълим олмоқда.

Кейинги икки-уч йил ичида умумий таълим тизимида жиддий ўзгаришлар қилинди. Бадиий ижод, санъат, маданият йўналишларида махсус мактаблар барпо этилди. Қорақалпоғистонда Ибройим Юсупов, Жиззахда Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Наманганда Ибрат, Фарғонада Эркин Воҳидов, Қаршида Абдулла Орипов, Хоразмда Огаҳий, Сирдарёда Ҳалима Худойбердиева, Андижонда Муҳаммад Юсуф номлари билан аталган адабиёт ва ижтимоий соҳа мактаблари фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, ёшларнинг бошқа соҳаларга бўлган қизиқишлари ҳам эътиборга олиниб, рес­публикамизда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ташкил қилинди. Ахборот-коммуникация технологияларига асосланган бундай мактабларни барпо этиш давом этмоқда. Шундай мактаблардан келгусида 80 дан ортиғи қурилиши ва ишга туширилиши кўзда тутилган.

2019 йилдан бошлаб юртимизда мутлақо янги мазмун ва шаклдаги 4 та Президент мактаби ишга туширилган эди. Айни кунларда мамлакатимизнинг барча вилоятлари ва Қорақалпоғистон Респуб­ликасида Президент мактабларини барпо этиш давом этмоқда. Бу мактаблар маълум фанлар бўйича ихтисослашади. Умуман, умумий таълим тизимида янгиланишлар, ўзгаришлар юзага келмоқда. Бу янгиланишлар таълим беришда сифат ўзгаришларини ҳам юзага келтирса, илм-фан тараққиёти учун янги имкониятлар яратиб беради.

Илм-фанни юксалтиришда, унинг янгиликларини, кашфиётларини амалиётда қўллашда, янги технологияларни яратишда олий ўқув юртларининг ўзига хос ўрни бор. Шунинг учун мамлакатимизда таълимнинг бу соҳасида ҳам кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Эътибор беринг, бир пайтлар республикамизда 30 дан ортиқ олий таълим муассасалари бўларди. Энди-чи? Юртимиздаги олий ўқув юртларининг сони 141 тадан ошди. Олий ўқув юртларининг ҳудудлардаги филиаллари сони 25 тага етди. Хорижий университетлар, институтларнинг 20 га яқин бўлимлари юртимизда фаолият олиб бормоқда. Республикамизда ҳар йили чет эл олий ўқув юртларидан 4-5 таси ўз филиаллари, факультетларини очмоқда. Бу эса ёшларимизнинг Ватанда туриб хорижий олий ўқув юртларида таълим олишларига имкон яратмоқда.

Олий таълим тизимида ўқув муассасаларининг кўпайиши, хорижий олий ўқув юртлари билан ҳамкорликнинг кучайиши, мамлакатимизда бу соҳада кўпдан бери юзага келган бир муаммони ҳал қилиш имконини бермоқда. Маълумки, республикамизда ҳар йили умумий таълим битирувчилари сони 600-650 минг нафар ёшни ташкил қилади. Кўп йиллар давомида ана шу битирувчи ёшлардан 60-70 минг нафари олий ўқув юртларида ўқиш имконига эга бўларди, холос. Яъни, мамлакатимизда ёшларни олий таълим тизимига қамраб олиш 9-10 фоизни ташкил этарди. Ваҳоланки, дунё­даги ривожланган мамлакатларда бу кўрсаткич 60-70 фоиздан ошади. Шунинг учун ҳукуматимиз олий ўқув юртларини ҳам, улардаги таълим ўринларини ҳам кўпайтиришга эътиборни қаратди. Натижада ёшларни олий ўқув юртларига қамраб олиш даражаси 2021 йилда 25 фоизга етди.

Олий ўқув юртлари фаолияти билан боғлиқ ўзгаришлар, янгиланишлар, ислоҳотлар давом этади. Уларга келгусида босқичма-босқич академик ва молиявий мустақиллик бериш мўлжалланган. Бу эса ҳар бир олий ўқув юртидан илмий потенциални кучайтиришни, илмий ихтиролар, кашфиётларни ҳаётга татбиқ этишни, шу орқали молиявий аҳволини яхшилашни талаб этади. Олийгоҳларда амалий натижа бермайдиган ёки кимгадир унвон учун хизмат қиладиган ноилмий изланишларга чек қўйилади. Шу билан бирга жорий йилда мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларидан 5 таси конкурс асосида танлаб олиниб, хориждаги нуфузли олий таълим даргоҳлари билан ҳамкорлик асосида трансформация ишлари амалга оширилади. Яъни, хорижий олий таълим даргоҳларининг энг яхши илмий тажрибалари танланган олий ўқув юртлари фаолиятига тўла тат­биқ қилинади, уларнинг ижтимоий ҳаёти, илмий фаолияти янгиланади.

Илм-фанни ҳаётга татбиқ этишда, уни жамият тараққиётига хизмат қилдиришда, янги технология­ларни яратишда асосий роль ўйнайдиган ва етакчилик қиладиган муассасалардан бири Ўзбекистон Фанлар академияси ҳисобланади. Сир эмас, бундан 6-7 йил илгари Фанлар академиясининг фаолияти сустлашиб, унинг тармоқлари бўлган илмий-тадқиқот иститутларидаги илмий ишланмалар ишлаб чиқаришга кам татбиқ қилинадиган бўлиб қолганди. Кейинги 4 йил ичида мамлакатимизда бу соҳага ҳам алоҳида эътибор берилди. Тизимни ривожлантириш мақсадида республика Фанлар академияси ва унинг илмий-тадқиқот инс­титутлари фаолиятини яхшилашга оид қарорлар, фармонлар чиқарилди. Академия тизими такомиллаштирилди. Унинг таркибидаги илмий-тадқиқот институтлари ва марказлар фаолияти тикланди. Академия таркиби сайловлар асосида янги аъзолар билан тўлдирилди. Илмий ишланмалар, янгиликлар, кашфиётларни ҳаётга татбиқ этиш учун олимлар билан корхоналар ўртасида ҳамкорлик ўрнатилди. Мамлакатимизда илмий ишланмаларнинг амалиётга татбиқ этилишини қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар миқдорида грант ажратилгани ҳам алоҳида эътирофга лойиқ.

2017 йилдан кейин Фанлар академияси таркибий тузилишида ҳам баъзи ўзгаришлар амалга оширилди. Илгари академия таркибида Қорақалпоғистон Республикаси филиали ва Хоразм Маъмун академияси фаолият юритарди. Эндиликда филиал Фанлар академиясининг бўлимига айлантирилди. Шу билан бирга Навоий вилоятида академиянинг янги бўлими ташкил этилди. Эндиликда Ўзбекистон Фанлар академияси илм-фан соҳасида янги кашфиётлар, технологиялар, модуллар яратувчи муассасага айланмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда илм-фан, таълим соҳасида амалга оширилган ва оширилаётган улкан ислоҳотлар юрт келажагига, истиқболига ниҳоятда катта эътибор билан қаралаётганини кўрсатади. Лекин ҳаёт давом этар экан, дунёда янгиланишлар, ўзгаришлар юз бераётган экан, илм-фан соҳасига эътиборни янада кучайтириш ҳаётий зарурат ҳисобланади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда Президентлик учун навбатдаги сайловда қатнашаётган сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодлар ўзларининг Сайловолди дастурларида илм-фан, таълим соҳалари фаолиятини янада яхшилаш, уларни ривожлантириш, илм-фан ютуқларини халқимиз ҳаётига кенг татбиқ этиш каби жараёнларга алоҳида эътибор қаратишган. Улар илм-фан соҳасида келгусида қилиниши зарур бўлган ишлар хусусида ўз мулоҳазалари ва таклифларини, мақсадларини билдиришган.

Шу маънода “Адолат” социал-демократик партиясидан Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг дастурида ҳам таълим ва илм-фан йўналишларида амалга оширилиши кўзланган кўп­лаб таклифлар ўртага ташланган. Жумладан, у ўз дастурида мактабгача таълим тизимининг фаолиятини янада яхшилаш, сифат ва самарадорлигини оширишга эъти­бор қаратиб, “Болаларни мактабгача таълим ташкилотларига ҳозиргидек уч ёшдан эмас, икки ёшдан бошлаб, ҳеч қандай нав­батларсиз, юз фоиз қамраб олинишига эришамиз. Социал-демократия ғояларига мос равишда давлат мактабгача таълим тизимини тўлиқ бепул қиламиз”, деган мақсадни ўз олдига қўяди. Номзод ўз олдига бундай мақсадни қўйиши бежиз эмас. Негаки, ҳаётда фан-техника тараққиёти туфайли бугунги кунда болалар онги ҳам юксалмоқда. Уларни ёшлигидан телеэкран, компьютер, мобил телефонлардаги ўйинлар ўзига жалб қилмоқда. Шу сабабли уларни 3-4 ёшдан эмас, 2-3 ёшдан бошлаб кичкинтойлар жамоа­ларига, мактаб­гача таълим муассасаларига жалб этиш мақсадга мувофиқ бўлади. Айни пайтда, оиладаги болаларнинг ҳаммаси ёшлигидан бошлаб боғчаларга жалб қилиниши улар онгини жамоавий муҳитда шакллантириш билан бирга, уларнинг ота-оналарининг меҳнат фаолиятларини бемалол давом эттиришига имкон яратиб беради.

Бугунги кундаги муаммоларимиздан яна бири мактаб таълим тизими ва ўқувчилар фаолияти билан боғлиқ кечаётганлиги сир эмас. Кўплаб мактаблар қурилаётганига, хусусий мактаблар пайдо бўлаётганига қарамай, синф­ларда ўқиётган болалар кўплиги, дарсликлар етишмовчилиги, уларнинг савияси пастлиги, ўқитувчилардан баъзиларининг мактаб, таълим тизими талабларига жавоб беролмаётгани, айрим ҳолларда ёшларнинг иқтидорини намоён этишига имкон бермаяпти. Шунингдек, кейинги йилларда ўқитувчилар обрў-эътибори, ҳуқуқий мақоми билан боғлиқ муаммолар ҳам бўй кўрсатмоқда. Шунинг учун Президентликка номзод ўз Сайловолди дастурида “Ўқитувчилар обрў-эътибори ва ҳуқуқий мақомини янада кўтариш, уларнинг ижтимоий мавқеини оширишга қаратилган ташкилий ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга оширамиз ва бу мақсадда “Ўқитувчининг мақоми тўғрисида” қонун қабул қилиниши ташаббус­кори бўламиз, таълим ва тарбия тизимини ривожланган ва шарқ маданиятига мос келадиган илғор тажрибалар ва миллий қад­риятлар асосида умумий ўрта таълимнинг янги стандартларини яратамиз, умумтаълим мактаблари учун дарсликларнинг янги, замонавий авлодини яратиш учун “Дарслик­лар бўйича илмий-тадқиқот институти”ни ташкил қиламиз”, деган таклифларни ўртага ташлайди. Дарҳақиқат, бугунги кунда янги дарс­ликлар яратиш ва уларни ўқувчиларга етказиб бериш таълим тизимидаги энг асосий масалалардан бири ҳисобланади. Шундай экан, дарсликларни яратиш, савиясини яхшилаш, уларни чоп этиш, ва ўқувчиларни янги дарсликлар билан таъминлаш масалалари билан шуғулланадиган ташкилот тузиш ҳам ҳаётий заруратга айланмоқда.

Эндиликда олий таълим тизими тубдан ўзгармоқда. Олий ўқув юртлари йилдан-йилга кўпаймоқда. Илгарилари йирик-йирик шаҳарларда фаолият юритадиган институтлар, университетлар эндиликда туманларда, корхоналар қошида ҳам очилмоқда. Ёки бўлмаса, биз мустақилликнинг дастлабки йилларида фарзандларимизни хорижнинг ну­­фузли олий ўқув даргоҳларига катта миқдорда маб­лағ тўлаб ўқишга жўнатардик. Эндиликда эса ўша хориждаги нуфузли олий ўқув юртлари мамлакатимизда ўз филиалларини, бўлимларини очмоқда. Буларнинг ҳаммаси ёшларимизнинг олий таълимдан кенг­роқ ва кўпроқ баҳраманд бўлишларига имконият яратмоқда. Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов ўз дастурида “Жамиятдаги ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар бир инсонга олий маълумот олиш имкониятини яратамиз, олий таълим квоталарини бутунлай йўқ қиламиз ва ҳар кимга олий таълим олиш ҳуқуқи эркинлиги ҳамда рейтинги юқори бўлган талабаларнинг бепул олий таълим олишини кафолатлаймиз, Олий маълумотлилар сони бўйича мамлакат даражасини кўтариш мақсадида олий ўқув юртларига кириш квоталарини босқичма-босқич ошириб бориб, сиртқи, кечки ва масофавий таълим шаклини янада кенг жорий этиш чораларини амалга оширамиз”, деган ғоя­­ни ўртага ташлар экан, бу масалага яна бир бор эъти­борни қаратади.

Маълумки, бизда ўқишга қабул олий ўқув юртига грант ва шартнома асосида ўтказилади. Қабул жараёнидаги бу ҳолат ўзгармас қонун сифатида ўқиш бошланишидан то якунлангунича, яъни талаба ўқишни битириб, диплом олгунча давом этади. Лекин амалий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, айрим ҳолларда грант асосида қабул қилинган талабаларнинг бир қисми шартнома асосида ўқийдиган талабалардан иқтидори, илмий савияси паст бўлиб қолмоқда. Иқтидорли, илмий савияси юксак бўлган талаба эса катта миқдорда маблағ тўлаб ўқишга мажбур бўлмоқда. Эндиликда олий ўқув юртларида бу адолатсиз жараёнга барҳам бериш пайти келди. Ана шунинг учун ҳам “Адолат” социал-демократик партиясидан Президентликка номзод бу борада “Олий таълим тизимига рейтинг амалиётини киритамиз ва йил якунлари бўйича энг юқори рейтинг­­га эга бўлган талабаларни грант асосида, рейтинги паст бўла туриб грантда ўқийдиган талабаларни контракт асосида ўқиш учун рўйхатларни қайта кўриб чиқиш тартибини ўрнатамиз. Биз таълим тизимида кечаётган тарқоқликлардан, қарама-қаршиликлардан воз кечиш учун Мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларини ягона — Таълим вазирлигига айлантирамиз!” деган фикрни илгари суради.

Номзоднинг бу таклифи ўринли. Негаки, шундай қилинса, таълим тизимидаги коррупцияга қарши кураш кучаяди, мамлакат таълим тизими умуминсоний қадриятлар билан уйғунлашган ҳолда ёшларимизнинг ижтимоий адолатга ишончини, билим ва маърифатга интилишини кучайтиради. Олий ўқув юртларини битириб чиқадиган етук мутахассислар кўпаяди.

Баҳром Абдуҳалимов Сайловолди дастурида илм-фан соҳасини янада ривожлантиришга ҳам жиддий эътибор қаратган. Зеро, дунёда кечаётган шиддатли рақобатга фақат замонавий илм-фан, юқори технологиялар ва инновация ютуқларини ишлаб чиқаришга кенг жорий қилиш орқали эришиш мумкин. Илм-фанда янгилик яратиш ва уни ҳаётга тат­биқ этиш катта маблағни талаб қилади. Улкан кашфиётлар нафақат мамлакатимиз тараққиётига, балки бутун инсоният ҳаёти юксалишига хизмат қилиши аниқ. Бундай илмий кашфиётларни яратишда нафақат олимлар, барча зиёлилар, мутахассислар фаол иштирок этишлари зарур. Шу боис номзод “биз нафақат олимларни, балки ҳар қандай ихтиро ва ихтирочиларни қўллаб-қувватлаймиз, рағбатлантирамиз ва уларга зарур шароитларни яратамиз. Шунингдек, иқтисодиётнинг ҳақиқий локомотиви бўлган инженер, технолог, агроном механизатор каби мутахассисларнинг сонини кўпайтириш ва малакасини ошириш чораларини кўрамиз”, деган хулосага келади.

Илм-фаннинг бугунги тараққиёти барча соҳаларда рақамли технологияларга асосланган иқтисодиётга ўтишни юзага келтирди. Дунё миқёсида ривожланган мамлакатларда амалга оширилаётган бу илмий жараён келгусида мамлакатимиз иқтисодиётида ҳам юзага келиши аниқ. Шундай экан, бу борада қандай йўл тутмоқ зарур? Президентликка номзод ўз Сайлов­олди дастурида бу хусусда шундай таклифни ўртага ташлайди: “Рақамли технологияларга асосланган иқтисодиётга ўтишда университет ва касб-ҳунар таълимининг мавжуд тизимини ислоҳ қилиш; рақамли иқтисодиётда инновациялар ва тадбиркорликнинг ўсишига жавобан, давлат идоралари, айниқса, молия­лаштириш бўйича тўлиқ қўллаб-қувватлаш тизимини яратиш; бандлик соҳасида онлайн иш билан таъминлаш каби масалаларни қамраб оладиган “Рақамли иқтисодиётда аҳоли бандлигини таъминлаш концепция­­си — 2030” дастурини ишлаб чиқамиз”.

Умуман олганда, “Адолат” социал-демократик партиясидан Президент­ликка номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Сайловолди дастурида таълимни кучайтириш, илм-фанни ривожлантириш ва уни ижтимоий ҳаётга татбиқ қилиш билан боғлиқ аниқ таклиф ва режалар бор. Бу унинг мамлакатимиз иқтисодий ҳаётини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшадиган номзод эканлигидан далолат беради.

 Камол МАТЁҚУБОВ,

журналист, партия фаоли

Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

МУСТАҚИЛЛИК — орзуларимиз рўёби

admin

Жамоатчилик назорати: Оромгоҳлар учун китоб керак эмасми?

admin

Донорлик акцияси давом этмоқда

admin