ADOLAT 24

САЙЛОВОЛДИ УЧРАШУВЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА (Бухоро вилояти)

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Бухоро вилояти сайловчилари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувни номзоднинг ишончли вакили, “Адолат” СДП Бухоро вилоят кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов кириш сўзи билан очди ва иштирокчиларни Баҳром Абдуҳалимовнинг таржимаи ҳоли билан таништирди. 

Шундан сўнг “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Баҳром Абдуҳалимов мамлакатимизда юз бераётган сиёсий жараёнлар, кейинги йилларда илм-фан соҳасида қўлга киритилаётган ютуқлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтди. 

Номзод бухоролик сайловчилар билан учрашувда адолатли жамият ва адолатпарвар давлат қуриш борасида бир қатор таклифларни илгари сурди. Ижтимоий ҳаётда адолатни таъминлаш муҳим эканлиги алоҳида эътироф этилди.

Депутатларнинг сайловчилар ва партия олдидаги масъулияти ва ҳисобдорлигини ошириш, уларнинг фаолиятини халқ ҳаёти билан узвий боғлаш чоралари борасида сўз борди. Давлат бошқарувининг барча соҳаларида, айниқса, суд тизими ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолиятида, таълим соҳасида коррупцияни йўқ қилиш асосий мақсад эканлиги алоҳида таъкидланди.

Айни пайтда дастурда тилга олинган соғлиқни сақлаш соҳасидаги аҳоли орасида тиббий маданият ва соғлом турмуш тарзининг қарор топишига эришиш, тиббиётнинг бирламчи бўғинини янада кучайтириш, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизмат сифатини оширишга қаратилган ишларни изчил давом эттириш, “Тиббий маданият” тизимини яратиб, аҳолига замонавий, юқори технология­­ли, ихтисос­лаштирилган ва малакали тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш самарадорлигини янада ошириш борасида фикрлар билдирилди.

Дастурда аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳити ва маданиятини шакллантириш, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига “Тоза қўллар” сиёсатини сингдириш, қонун устуворлигини таъминлаш чораларини кўришга жиддий эътибор қаратилган. Хусусан, ижтимоий адолатни қарор топтириш, коррупцияга қарши курашишнинг энг самарали усулларидан бири – кадрларни танлаш ва ишга қабул қилишнинг шаффоф тизимини йўлга қўйиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини, маънавий фазилатларини баҳолайдиган очиқ ва давлат бош­қарувида ошкора танлов тизимини изчил амалга оширишдир. Коррупция билан курашиш нафақат давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза этиш тузилмаларининг вазифаси, балки бутун жамиятнинг бурчи эканлигини эътироф этиб, жамиятда коррупцияга нисбатан мутлақо муросасизлик маданиятини шакллантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш зарур ва буларни кенг оммага етказиш борасида самарали тарғибот ишларини ташкил этиш керак.

Айни пайтда ўқитувчилар обрў-эътибори ва ҳуқуқий мақомини янада кўтариш, уларнинг ижтимоий мавқеини оширишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни давом эттириш мақсадида “Ўқитувчининг мақоми тўғрисида” қонун қабул қилиниши ҳаётий заруратга айланди.

Учрашув якунида номзод Баҳром Абдуҳалимов бухоролик сайловчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Рауф СУВОНОВ,

“Адолат” СДП Бухоро вилоят кенгаши раиси ўринбосари:

— Баҳром Абдуҳалимовнинг Сайловолди дастури мазмун-моҳия­­ти, устувор йўналишлари ҳамда унда илгари сурилган мақсад ва вазифалар мамлакатимиз тараққиётининг кейинги беш йиллигига ҳар томонлама мос эканига гувоҳ бўлдик.

Партия фаоли сифатида шуни айтишим мумкинки, номзоднинг дастурида белгиланган устувор мақсад ва вазифаларни амалиётга татбиқ қилишга халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари томонидан самарали фаолият олиб борилиши натижасида эришамиз. Бунда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига партия ҳамда номзоднинг дас­турида илгари сурилган илғор ғояларни киритиш, уларнинг ижро этилиши устидан депутатлик назоратини ўрнатиш, партия электорати ва сайловчилар манфаатларидан келиб чиқиб, мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини доимий комиссия ва сессия­ларда доимий равишда эшитиб боришни долзарб масала, деб ҳисоблаймиз.

Бу, ўз навбатида, давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим масалаларини ечишда энг мақбул қарорларни шакллантириш ва қабул қилиш жараёнида аҳолининг фаол иштирокини таъминлаш, ижтимоий адолат тамойилларини ҳаётга кенг тат­биқ этиш, бюрократизм ва коррупциянинг ҳар қандай кўринишларини бартараф этишга ҳам хизмат қилади.

Айниқса, номзоднинг дастурида жамиятда соғлом фикр ҳамда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштириш механизмларини яратиш, “Жамиятда юриш-туриш, одоб-ахлоқ қои­далари”ни жорий этиш каби таклифларнинг илгари сурилганлиги бизни жуда қувонтирди. Чунки фуқаролик жамиятини шакллантиришда маънавий ахлоқий нормалар, энг аввало, оилаларнинг мус­таҳкамлигига ва фарзандлар тарбиясига ўз таъсирини кўрсатади.

Абдурашид Облақулов,

Бухоро давлат тиббиёт институти кафедра мудири:

— Номзод дастурида ўзининг кўп таклиф ва ғояларини илгари сурган. Шу ўринда ушбу дастурда партиянинг энг қуйи тизими бўлган бошланғич партия ташкилотларидан ҳам таклифлар олинганлиги дастурнинг халқчилигини таъминлашда ва уни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Энг асосийси, дастурнинг ҳар бир бўлимида инсоннинг қонуний ҳуқуқларини таъминлаш партиямизнинг энг олий мақсади эканлиги эътироф этилган. Унда инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинлиги партиянинг энг олий даражадаги мақсади этиб белгиланганлиги кўриниб турибди. Шунинг учун бугунги кунда энг долзарб бўлган инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш шахсий дахлсизлик, шахсий дахлсизликда мулк дахлсизлиги, турар жой дахлсизлиги, атроф-муҳит дахлсизлиги каби масалаларнинг дастурда бўлиши ниҳоятда муҳим.

Дастурда, хусусан, давлат бошқарувининг барча соҳаларида, айниқса, суд тизими ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолиятида, таълим ва тиббиёт соҳасида коррупцияни йўқ қилиш, аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳити ва маданиятини шакллантириб, қонун устуворлигини таъминланиши мамлакатнинг ривожланиши ҳамда ҳар бир фуқаро келажаги учун ижобий натижа кўрсатишга хизмат қилади.

Барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ватанпарвар, профессионал ва фидойи инсонлар келишини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини ишлаб чиқиб ва уларни изчиллик билан амалга ошириш масаласи ҳам, шубҳасиз, бугунги куннинг долзарб муаммоларидан биридир.

Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

ҚАДИМИЙ ЁЗМА МАНБАЛАРНИ САҚЛАШ ВА ТАДҚИҚ ЭТИШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

admin

Адолатли жамият қурилиши йўлидаги дадил қадам

admin

ҚЎЙҚИРИЛГАН   ҚАЛЪАНИНГ ҚАДИМ СИРЛАРИ

admin