ADOLAT 24

ШАЙХ ХОВАНД ТАҲУР

Мамлакатимизда давлат ҳисобига олинган салкам 9 мингга яқин тарихий ёдгорликлар бор. Агар улар ёнига яна археологик ёдгорликларни ва ҳали ҳисобга олинмаган меъморий ансамблларни, зиёратгоҳларни, муқаддас қадамжоларни ҳам қўшадиган бўлсак, уларнинг сони бир неча бараварга ошиши аниқ. Собиқ шўролар даврида бу тарихий ёдгорликларнинг деярли барчаси эътибордан четда, вайрона ҳолда, авлодлар оёғи тегмайдиган ташландиқ жойларга айланган эди. Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин 30 йил ичида ана шу тарихий ёдгорликлардан мингдан ошиғи олис ўтмишимизни, аждодларимизнинг бунёдкорлигини, ўлмас меросини намоён этувчи гўзал масканлар сифатида қайта қурилди, таъмир қилинди. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида тарихий меъморий ансамбллардан ўндан ортиғи ўз асл қиёфасига мос ҳолда тикланди. Хас­ти Имом (Шайх Қаффол Шоший), Шайх Зайниддин бобо, Занги ота, Сузук ота, Хўжа Аҳрор Валий, Кўкалдош, Минг ўрик… Ана шулар орасида Шайхонтоҳур ёдгорлик мажмуаси ҳам алоҳида ўрин тутади. Эндиликда тарихий қиёфасига монанд равишда қайта тикланган бу ёдгорлик ва унга тақдири боғлиқ инсонлар хусусида сўз юритамиз.

Тошкент шаҳрининг марказида тарихий ёдгорликлар, кекса чинорлар қад ростлаган табаррук зиёратгоҳ бор. Бу зиёратгоҳ халқ орасида Шайхонтоҳур номи билан юритилади. Фақат зиёратгоҳгина эмас, бу ердаги даҳа, туман номи ҳам ана шундай аталади. Аслида қадимий, обод, тарихий бу маскан Шайх Хованд Таҳур номи билан боғлиқ. Тарихий асарларда ва ХХ аср бош­ларида Францияда нашр этилган “Ислом энциклопедияси”да Шайх Хованд Таҳурга Шарқнинг улуғ алломаларидан, сўфийлик тариқатининг намоёндаларидан, Мовароуннаҳрнинг етук ижодкорларидан бири, дея таъриф берилади. У “Қутб ул-авлиё” деган юксак ном билан тилга олинади. Шундай экан, ўтмишда ҳам, бугунги кунда ҳам номи ардоқланаётган бу инсон ким? Ҳаёти, фаолиятини қандай ишларга бағишлаган? Халқимиз учун қандай мерос қолдириб кетган? Юртимизда эъзозланаётган табаррук қадамжосининг тақдири қандай кечган?

Тарихий манбаларда Шайх Хованд Таҳур Шош ўлкасининг Боғистон қиш­лоғида таваллуд топгани ҳақида маълумот берилади. Аждодлари ўз даврининг имон-эътиқод ва илмда етук кишилари бўлишган. Отаси Умар Боғистоний шайхлик мартабасига эришган зот эди. Тарихий манбаларда Хованд Таҳурнинг таваллуд санаси тўғрисида аниқ маълумот учрамайди. XVII асрда яшаган Шайх ас-Сиддиқий “Ламаҳот мин нафахотил қудс” асарида Шайх Хованд Таҳурнинг отаси ва онаси Шайх Зайниддин Тошкандий зиёратгоҳига фарзанд тилаб борганларидан кейин унинг дунёга келганлиги, шу сабабли отаси ўғлига Таҳур исмини қўйганлиги тўғрисидаги ривоятни келтиради. Агар отаси Шайх Умарнинг вафоти 1291 йил бўлса, унинг таваллуди 1280 йилларга тўғри келади. Исмининг Хованд Таҳур, деб қўйи­лиши ҳам бежиз эмас. Хованд сўзи – раҳнамо, етакчи, ғамхўрлик кўрсатувчи ҳоким, Таҳур эса ниҳоятда пок деган мазмунга эга. Бундан “Ниҳоятда пок раҳнамо, етакчи” деган маъно келиб чиқади. Ота-онаси унга улуғ ниятлар билан ана шундай исм қўйишган.

Хованд Таҳур дастлаб оиласида таълим олади. Мадрасада ўқийди. Отасидан зоҳирий ва ботиний илм сирларини ўрганади. Билимларини мукаммаллаштириш учун Туркистонга, Аҳмад Яссавий авлодларидан бўлмиш Тенгиз Шайх ҳузурига боради ва тариқат илмидан сабоқ олади. Кейин Бухорога келиб, ўша даврнинг машҳур алломалари Хожа Муҳаммад Бобо Самосий, Саййид Амир Кулол, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқалар билан мулоқотда бўлади. Хожагон тариқати, унинг асослари, қои­даларини ўрганади. Тошкентга қайтиб келгач, одамларни имон-эътиқод йўлига бошлаб, ислом таълимотидан таълим беради. Халқни ҳалоллик, пок­лик, адолат йўлига бошлайди. Умар Боғис­тоний ҳам, Хованд Таҳур ҳам ҳаётда хожагон тариқати қоидаларига амал қилиб, деҳқончилик ва савдо ишлари билан шуғулланишган. Али Сафий “Рашаҳот айнул ҳаёт” асарида отанинг ўғлига “Таҳур, мулло бўлма, шайх бўлма, сўфи бўлма – мусулмон бўл” деган ибратомуз насиҳатини келтиради. Хожа Аҳрор Вали бу насиҳатнинг сабабини шундай изоҳлайди: “Хожагон тариқати дарвеш­ларининг удуми шундан иборатки, улар ўзларининг ҳимматларини бирор иш билан машғул бўлишга сарф қиладилар ва инсонийликни улуғлайдилар. Бунда инсонийлик сифатлари муллалик, шайхлик, сўфилик каби даражалар билан эмас, чин мусулмонлик, инсонийлик билан ўлчанади. Ҳаётдаги энг мақбул иш бир мусулмоннинг бош­­қа бир мусулмон қалбига йўл топишидир”. Бу насиҳат ва ундан кузатилган мақсад Шайх Хованд Таҳурнинг кейинги ҳаётининг моҳиятини намоён этади.

Шайх Хованд Таҳур ҳаётда бошқаларга поклик, ҳалоллик, адолатпарварлик борасида ибрат бўлиб яшаш билан бирга кўплаб асарлар ҳам яратган. Унинг қаламига мансуб “Шариат ва тариқат масалалари ҳақида рисола”, “Ўнта шарт ҳақида рисола”, “Ислом арконлари ҳақида рисола”, “Тариқат одоби ҳақида рисола” каби асарлари бугунги кунгача етиб келган нодир намуналар ҳисобланади. Бу асарларда исломий қоидалар ва уларга амал қилиш масалалари, инсоннинг комилликка интилиши, илм-маърифатнинг жамият ҳаётидаги ўрни, тариқат арконлари сингари муаммолар тўғрисида сўз юритилган. Алломанинг бевосита тариқат масалаларига бағишланган асарлари ҳам бўлган. Афсуски, бу асарлар ҳозиргача топилмаган.

“Рашаҳот” асари муаллифи Шайх Хованд Таҳурни алломаликдан таш­қари халқ орасида шоир сифатида танилганлиги хусусида маълумот беради. Шоирнинг набираси Хожа Аҳрор Вали бобосининг:

Ёр нигоҳи сенинг кўзларингни кўзлар,

Қалбда неки сир бор ошкор айлар кўзлар,

Кўзинг бошқаларга тушса, бўл эҳтиёт,

Дилдорга ҳақиқатни сўзлар ул кўзлар,

сингари мисралари шеърият мухлислари ўртасида машҳур бўлганлигини эътироф этади.

Хожа Ҳофиз Шерозий ғазалларидан бирида “Икки жаҳоннинг осойишталиги икки сўзнинг маъносидан, яъни дўстларга мурувват, душманлар билан муроса қилишдан иборат”, деб ёзади. Бу ғоя нафақат Шарқ шеъриятининг, балки Шарқ ҳаёти, фалсафаси, ислом дунёсининг асосий мақсадларидан бири эди. Шу туфайли бу ғоя Шарқ адабиётида бош мавзуга айланганди. Шайх Хованд Таҳур ҳам ўз асарларида “Дилбар жамолсиз бўлмас, раҳбар камолсиз”, “Тавҳид Ҳақни бир демак ва бир билмак, тариқатда қалбдан Ҳақдан ўзгани чиқариб ташламоқдир”, деб ёзади. Бундай улуғ ниятлари сабабли у Шарқ алломалари орасида юксак мавқега эришади.

Шоир, аллома Шайх Хованд Таҳур XIV асрнинг иккинчи ярмида (баъзи манбаларда 1350 йил, айримларида 1355 йил, бошқаларида 1360 йилда) вафот этади. У сўфийлар, дарвешлар йиғиладиган мас­кан, шайхнинг ўзи барпо қилдирган хонақо яқинига дафн қилинади. Археологларнинг маълумотларига кўра, бу жой IX-XIII асрларда шаҳар атрофидаги унумдор боғлардан иборат обод ерлар бўлган. Кейинчалик бу ерда, боғ ўртасида ҳар хил иншоотлар қурилган. Шайх сарв дарахти остига кўмилган. Бу дарахтнинг қабр устидаги танаси ҳозир ҳам сақланиб қолган. Манбаларда айтилишича, XV асрдан кейин аллома қабри атрофида қабрис­тон пайдо бўлади. 600 йилга яқин вақт ичида бу маскан кўп­лаб тарихий ёдгорликлар, иншоотлар, меъморий обидаларни ўз ичига олган табаррук қадамжога, зиёратгоҳга айланади. Мақбара ичида унинг авлодлари бўлмиш Юнусхўжа ва Султонхўжанинг ҳам қабри тикланади.

Тарихий асарларда маълумот берилишича, XV асрда Хожа Аҳрор Вали боболари Шайх Хованд Таҳур ва унинг ўғли, илоҳиётчи аллома Хожа Довуд қабрлари устига икки хонадан иборат, пештоқли, гумбазли мақбара қурдиради. Мақбара яқинида зиёратхона ҳамда Хожа Аҳрор Валининг чиллахонаси бўлган. Шайх Хованд Таҳур мақбарасининг шимол томонида Қалдирғочбий номи билан боғлиқ мақбара ҳам мавжуд. Тадқиқотчиларнинг фикрича, бу мақбара XIV асрда барпо этилган. Унга Хожа Аҳрор Валининг авлодларидан бўлган ҳукмдор Қалдирғочбий ва бошқалар дафн этилган. Темурийлар даврида бу қадамжо янада обод қилинган. Бу ерда XV асрнинг 80-йилларида Тошкент ҳокими бўлган Юнусхонга атаб унинг ўғли Аҳмад томонидан мақбара ва мадрасаси ҳам қурдирилади. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг она томонидан бобоси бўлган Юнусхон номи билан боғлиқ бу иншоотлар ҳақида Хофиз Таниш Бухорий “Абдулланома” асарида шундай деб ёзади: “Юнусхон шол бўлиб қолгач, 892 (1487) йилда вафот этди. Уни Шайх Хованд Таҳур мозорига яқин жойга дафн этдилар. Қабри устига ниҳоятда муҳташам, юксак гумбаз билан қопланган бир неча ҳуж­ралардан иборат иморат қурдилар. Мадраса ҳам тикланди. Мақбара эса мозорхона номи билан машҳур бўлди”.

Шайх Хованд Таҳур номи билан боғлиқ қадамжода бунёдкорлик ишлари ХХ асрга қадар давом этган. Бир қанча меъморий иншоотлар тикланган. Тошкент ҳокими Лашкарбегларбегининг ўғли Эшонқул додҳо билан боғлиқ мад­раса эса ўз даврида илм марказларидан бири бўлган. Бу мадрасада XIX аср охирларида рус тузем мактаби, XX аср бошларида киностудия фаолият юритган. Булардан ташқари, бу зиёратгоҳда Занжирлик масжиди, Оврат масжиди, Хотин масжиди, Ғариббой, Саидазимбой масжидлари ҳам барпо этилган. Лангар ҳовузи, булоқлар мавжуд бўлган. XIX аср иккинчи ярмида минора тикланган. Зиёратгоҳга аввал Катта кўча, Тош кўча номлари билан юритилган, ҳозирги Алишер Навоий номидаги кўча орқали кириладиган баланд пештоқли, юксак гумбазли, маҳобатли дарвозахона қурилган. Тархи чортоқ шаклдаги бу дарвоза гўзал қилиб ишланган.

Умуман, бу табаррук қадамжода йигирмадан ортиқ ёдгорликлар, тарихий меъморий обидалар мавжуд бўлган. Улар халқимиз тарихини ўзида акс эттирган. Шу билан бирга бу зиёратгоҳ кўп асарлар давомида Тошкентда байрамлар, сайллар ўтказиладиган маданий марказ вазифасини ҳам ўтаб келган.

Шайх Хованд Таҳур ёдгорликлар маж­муасининг тақдири осон кечмади. Улар турли даврларда табиий офатлар, зилзила, урушлар, қаровсизлик натижасида неча бор бузилиб, қайта тикланган. Алломанинг Хожа Аҳрор Вали томонидан барпо эттирилган мақбараси XVII-XIX асрлар оралиғида батамом вайрон қилинади. Мақбара тархи ва сақланиб қолган пойдевори асосида яна қайта қурилади. Қалдирғочбий ва Юнусхон мақбаралари, Занжирлик масжиди аҳволи ҳам ана шундай кечади. Яна қанча обидалар харобаларга айланади. Зиёратгоҳнинг тақдири собиқ шўролар даврида янада фожеавий тус олди. 1924 йилда қадамжо одамлар кириши учун таъқиқланиб, бутунлай ёпиб қўйилади. 30-йилларда Занжирлик, Ғариббой, Саид­азимбой масжидлари бузиб ташланади. Қабристон йўқ қилинади. Чиллахона ва зиёратхона харобага айланади. Масжидлар олдидаги Лангар ҳовузи ва булоқ кўмилади. Зиёратгоҳдаги ёдгорликлар ва обидаларнинг бир қисми ўтган асрнинг 60-70-йилларида йўқ қилинган. Қадамжога кириш дарвозаси, пештоқли, гумбазли бино, минора бузилади. Эшонқул додҳо мадраса­­си, Оврат масжиди, унинг ёнидаги минора ва бошқа ёдгорликлар турли сабаб­лар билан бузиб юборилади. Умуман, зиёратгоҳдаги 20 дан ортиқ ёдгорликлардан учтасигина Шайх Хованд Таҳур, Қалдирғочбий ва Юнусхон мақбаралари вайроналарга айланган ҳолда сақланиб қолади.

Юртимиз мустақилликка эришганидан кейин бу табаррук қадамжодаги учта ёдгорлик — Шайх Хованд Таҳур, Қалдирғочбий, Юнусхон мақбаралари ҳам асл тарихий кўринишида тикланди. Обидаларнинг тархидаги ўзига хосликлар, гўзалликлар, аждодларимиз яратган нозик жиҳатлар сақлаб қолинди. Тарихий ёдгорликлар ўзининг иккинчи умрини яшай бошлади.

Зиёратгоҳ ҳудудида Тошкент Ислом университетининг ташкил этилиши аждодлар меросига нисбатан юксак эҳтиромнинг ифодаси бўлди. Бу табаррук қадамжода бугунги авлодларнинг ислом илм-фани, маданияти, маънавиятидан сабоқ олиши Шайх Хованд Таҳурдек улуғ алломаларимиз, шайхлар, валилар, тариқат намоёндалари меросидан баҳраманд бўлишига имкон яратди. 

Камол МАТЁҚУБОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

ҲАЁТ ва ИЖОД сабоқлари

admin

“Adolat” етказиб берилди

admin

Европа демократияси НИМА? 

admin