Мамлакатимизда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараён — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тобора яқинлашиб келмоқда.
Кенг жамоатчилик томонидан кутилаётган мазкур сайлов 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган ҳуқуқий демократик ғояларнинг амалдаги ёрқин ифодаси бўлади.
Сайлов жараёнининг қонуний ва халқаро стандартларга мувофиқ ўтказилишини таъминлаш мақсадида, мутасадди идоралар билан биргаликда кузатувчиларнинг, хусусан, халқаро кузатувчиларнинг иштирок этиши табиий.
Сайлов кодексига кўра, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар ўз фаолиятини тегишли комиссиялар томонидан берилган мандатлар асосида амалга оширади.
Шу ўринда сайлов жараёнида иштирок этувчи хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларига тўхталсак.
Хорижий кузатувчилар – сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда иштирок этувчи хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари саналади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 19 сентябрдаги 938-сон қарори билан тасдиқланган низомга кўра, хорижий кузатувчилар ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиши билан бирга, уларга қуйидагилар ман этилади:
– сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиш;
– фуқароларга таъсир ўтказиш, бирон-бир ташвиқот материалини ёки адабиётини тарқатиш;
– сайловчилардан улар қандай овоз берганлигини суриштириш ёки сайловчиларга сайлов бюллетенига белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш;
– сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан, сайлов қутиларини муҳрлаш, уларни очиш, овозларни санаб чиқиш жараёнига аралашиш;
– бирон-бир партия ёки номзодга тегишли рамзий тусдаги белгиларни тақиб ёки олиб юриш;
– сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир-кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш.
Мазкур низом бўйича сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинганидан сўнг МСК хорижий давлатлар сайлов органлари ва халқаро ташкилотларга Ташқи ишлар вазирлиги орқали таклифнома юборади.
Ташқи ишлар вазирлиги ўз ташаббусига кўра ёки давлат ҳокимияти органлари, вазирликлар, идоралар, илмий-тадқиқот институтлари, бошқа ташкилот ва муассасалар таклифларига кўра сайловларга халқаро кузатувчиларни таклиф этади.
Хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар ҳам сайловларда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш истагини билдириб, Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат этиши мумкин.
Сайловда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун таклиф этилган, шунингдек, бундай истакни билдирган хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ўз кузатувчиларининг рўйхати, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари нусхалари, электрон фотоларини Ташқи ишлар вазирлигига тақдим қилади.
Хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар тегишли ҳужжатларни овоз бериш кунидан камида ўн кун олдин тақдим этиши лозим.
Ташқи ишлар вазирлиги тегишли хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар кузатувчиларининг ҳужжатларини илова қилган ҳолда МСКга тақдимнома киритади. МСК беш кунлик муддатда халқаро кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Аккредитация қилинган халқаро кузатувчиларнинг рўйхати МСК нинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Халқаро кузатувчиларнинг ваколат муддати уларга мандат берилган кундан бошланади ва сайлов якунлари расман эълон қилинган куни тугайди.
Халқаро кузатувчилар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган вақтида Ўзбекистон Республикаси ҳимояси остида бўладилар ва уларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ўтказилаётган сайловларда хорижий ва халқаро кузатувчилар сонининг кўпайиши кузатилмоқда. 2016 йилда ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида 555 (2015 йилда 296) нафар чет эллик кузатувчи иштирок этган бўлса, 2019 йилги парламент сайловларида уларнинг салмоғи 825 (2014 йилда 331) нафарни ташкил этган.
Қайд этилганлардан ташқари, халқаро кузатувни амалга оширишнинг қуйидаги халқаро ҳуқуқий асослари мавжуд:
1. БМТ томонидан 2005 йил 27 октябрда эълон қилинган Сайловларни халкаро кузатиш принциплари тўғрисидаги декларацияси ва унга илова қилинган Сайловларда халқаро кузатувчиларнинг ахлоқ кодекси қоидалари;
2. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 1990 йил 29 июндаги Инсонийлик мезонлари бўйича конференцияси Копенгаген кенгаши ҳужжати;
3. МДҲ иштирокчи давлатлар Президент ва парламент сайловларида, шунингдек, референдумларида МДҲ кузатувчилари миссияси тўғрисидаги низом;
4. Президент ёки парламент сайловларида ШҲТ кузатувчилари миссияси тўғрисидаги низом.
Бугунги кунда сайлов жараёнларида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Туркий тилли давлатлар ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти халқаро кузатувни амалга оширмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари билан жорий йилнинг 24 октябрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросидан қатнашадиган кузатувчилари ва хорижий давлатлардан қатнашадиган кузатувчилар аккредитация қилинди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, авваламбор, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият сифатида эътироф этилган мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президент сайлови ҳам ўз навбатида миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро тамойилларга таяниб, юксак демократик савияда, уюшқоқлик билан ўтказилади.
Дилдора Базарова,
Тошкент давлат юридик университети
профессори, юридик фанлар номзоди
Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!